Матонатли қўмондон

Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. ХХ аср бошларида халқимизни озодлик ва илм–маърифат учун курашга чорлаган жадид боболаримизни эслайлик.
…Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Ўзбекистон Республикасининг миллий армиясини тузиш ва унинг тадрижий ривожланишига маънан ўзак бўлган ва ҳисса қўшган ҳарбий жадидларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, айниқса, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар эътиборига асосли ҳамда тўлақонли маълумотларни етказиш, юртдошларимизда собиқ Иттифоқ давридаги миллий ҳарбий кадрларнинг машаққатли фаолияти ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш, ёш мутахассисларда миллий ифтихор, бурчга садоқат ва жасорат туйғуларини кучайтириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топтириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида бу соҳа учун бир қатор концептуал фикрлар ҳамда топшириқлар берган эди. Айни бир пайтда буюк боболаримизнинг ҳарбий тарихий мероси ва мустақиллигимиз истиқболи ҳақида сўз юритиб, вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси”да жадидчилик ҳаракатининг ҳарбий соҳадаги фаолиятини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида изланишлар олиб бориш ҳақида кўрсатмалар берган эдилар.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатағон йилларида ноҳақ судланган, турли оғир жазоларга ҳукм этилган ҳарбийларнинг фаолиятини архив манбалари, тегишли ҳужжатлар орқали ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу тадқиқотлар натижаси ўлароқ ўрганилган миллий ҳарбий кадрлардан бири Ризо Абдуллаевич Ёқубов 1898 йил 5 майда Зомингузар (Самарқанд вилояти) қишлоғида косиб оиласида туғилган . Унинг отаси рус саноат корхонасида иш юритувчи ва тилмоч бўлиб ишлаган ва фарзандларининг замонавий илмларни ўзлаштиришларига алоҳида эътибор берган.
Ризо Ёқубов аввал Самарқанддаги жадид, сўнгра Тошкентдаги рус-тузем мактабларида ўқиб, рус тили ва дунёвий илмларни ўзлаштиради. Бироқ Тошкентдаги реал (касб-ҳунар билим юрти) мактабига қабул қилинмайди. 1912 йилда Марв шаҳрига боради ва у ердаги чилангарлик устахонасида ўқувчи, Қизилқия шахтасида вагонетка ҳайдовчиси, пахта тозалаш заводида машинист ёрдамчиси ва бошқа оғир юмушлар билан шуғулланади.
Тошкентда 3-артиллерия қўмондонлик курсини битиргандан сўнг, 1923 йил декабрь ойидан миллий ҳарбий қисмлар учун пиёда ва отлиқ ўрта қўмондонлик таркибини тайёрловчи Ўрта Осиё миллатлари ва элатларидан ташкил топган бирлашган миллий мактабининг раҳбари этиб, яхши тажриба ва малакага эга бўлган Ризо Ёқубов тайинланади.
Таъкидлаш жоизки, у 1924 йилнинг январидан 1927 йил 22 августигача бўлган даврда Тошкент шаҳридаги бирлашган ҳарбий мактаби раҳбари лавозимида ҳарбий миллий кадрларга хос жасоратли ва мардона тарзда фаолият юритади. Хусусан, “Туркистон” газетасида ушбу мактаб ҳақида Ризо Ёқубов шундай деб ёзган: “Миллий ҳарбий мактаб Ўрта Осиёда миллий қизил қўшин қўмондонлари етиштириб чиқарадиган бир мактабдир. Шўролар ҳукумати ерли халқни қуроллантиришдан чўчимайди. Россия империяси даврида ерли халқ ўз ёнида бир пичоқ ҳам олиб юролмас эди” .
Шу йилларда анча чиниққан матонатли қўмондонни ўша даврда Ўрта Осиё Ҳарбий округи қўмондони бўлган К.А.Авксентьевский: “Ўртоқ Ёқубов Олий қўмондонлик таркиби малака ошириш институтини тамомлаган, ўқиш даврида ўзининг назарий ва сиёсий билимларини анча такомиллаштирган. Педагогик маҳорати катта эканлиги унинг ҳарбий мактаб раҳбари сифатида курсантлар тайёрлаш ишига таъсир этган. Ўртоқ Ёқубов Ўрта Осиё ҳарбий мактаби раҳбарлари орасида ажралиб туради… У ҳамиша билим олишга интилади ҳамда мустақил бошқариш қобилиятига эга”, — дея таъриф берган эди.
Ризо Ёқубов ўша даврнинг бир неча олий орден ва унвонлари билан тақдирланган ҳамда унинг номи ўзбек ҳарбийлари орасида жуда машҳур бўлиб, 1920 йилларда ўзбек миллий матбуот нашрлари — “Туркистон”, “Қизил байроқ”, “Ер юзи” саҳифаларида тез-тез тилга олинади.
Очиғини айтганда, Ризо Ёқубов матонатли қўмондон сифатида олий миллий ҳарбий кадр даражасига эришган эди. У 1927 йил 1 октябрдан Инқилобий Ҳарбий Кенгаш (РВС)нинг 247/39-сонли буйруғига кўра, алоҳида ўзбек миллий отлиқ дивизиясида командир ҳамда комиссар этиб тайинланади. Икки йил ўтгач, 1929 йилнинг августида собиқ Иттифоқ Ҳарбий академияси асосий факультетининг икки йиллик курсига тингловчи сифатида қабул қилинган. 1931 йил академияни тамомлагач, 30-Иркутск ўқчи дивизиясига командир ёрдамчиси, шу йилнинг ноябрь ойида Қизил Армия Олий Ҳарбий Кенгаши томонидан 35-авиабригада командири этиб тайинланади. У ўқишда давом этади. 1932 йилда Н.Е.Жуковский номидаги Ҳарбий-ҳаво академияси қошидаги Олий ҳарбий кенгаш қўмондонлар малакасини ошириш курсини тамомлаб, “Ҳарбий учувчи-кузатувчи” унвонига сазовор бўлади.
Ризо Ёқубов бир қанча муддат Конотоп аэропортида раҳбар, кейинроқ эса 206-енгил бомбардимон қирувчи авиабригадага командирлик қилган. Тақдир тақозосига кўра, 1933 йилнинг декабридан 1936 йилнинг охиригача Вольск шаҳридаги Қизил Армия Олий Ҳарбий Кенгаши 2-сонли ҳарбий техника мактабида раҳбар ва ҳарбий комиссар бўлиб фаолият юритган.
Собиқ Иттифоқ Халқ Комиссарлар Кенгашининг 1935 йил 22 сентябрдаги “Қизил Армия раҳбарлик таркибидаги шахсий ҳарбий унвонлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ризо Ёқубовга комбриг ҳарбий унвони берилади ҳамда мамлакат Мудофаа Халқ Комиссариатининг 1936 йил 26 ноябрдаги 2484-сонли шахсий таркиб тўғрисидаги буйруғи билан Ўрта Осиё Ҳарбий округи Олий Ҳарбий Кенгаши раҳбари этиб тайинланади.
Маълумотларга кўра, Ризо Ёқубов жанговар ва мардлик жасоратлари учун 1928 йил 22 февралда Ўзбекистон Республикасининг 65-рақамли “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган. 1933 йилда 63-рақамли “Қизил Байроқ”, 1936 йилда эса 2027-рақамли “Ҳурмат белгиси” каби орденлар билан мукофотланган. Бундан ташқари, у Ўрта Осиё Ҳарбий округи томонидан бир неча бор пул мукофоти билан ҳам рағбатлантирилган.
…Аммо дунё чархпалаги — “Катта қирғин”дан Р.Ёқубов омон чиққан бўлса-да, Собиқ Иттифоқ НКВД ҳузуридаги махсус кенгашнинг 1939 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида матонатли қўмондон ва маърифатпарвар ҳарбий саркарда Ризо Ёқубов ҳарбий суиқасдда (аммо қачон ва кимга қарши ҳарбий суиқасдда иштирок этганлиги архив ҳужжатларида келтирилмаган) ва Польша фойдасига жосуслик қилганликда ноҳақ, яна асоссиз айбланади. Мажлис қарорига кўра, у 8 йил муддатга Шимолий темирйўл лагери (Севжелдорлаг)га, кейинроқ эса Сибирга ахлоқ тузатиш меҳнат лагерига сургун қилинади.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида собиқ Иттифоққа профессионал ҳарбий мутахассислар сув ва ҳаво каби зарур бўлиб тургани учун Ризо Ёқубов олий ҳарбий малакали нозиктаъб ҳарбий мутахассис 1943 йил апрелидан Молотов (Пермь) шаҳридаги 172-сонли заводга қарашли алоҳида конструкторлик бюроси (1-сонли махсус қамоқхона)да бош конструктор сифатида ишлайди.
Белгиланган муддатни ўтаб бўлгач, Ризо Ёқубов 1946 йил 28 майда озодликка чиқади. Лагердан қайтгач, Россия Федерациясининг Владимир вилоятидаги Александровск шаҳрида яшайди ва Владимир вилояти қурилиш-монтаж бошқармасида иш бошқарувчи (прораб) бўлиб меҳнат қилади. Ушбу қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи А.И.Соловьевнинг унга берган тавсифномасига кўра: Ризо Ёқубов бу лавозимда 1946 йилнинг 30 августидан иш бошлаган ва ўз вазифасига ҳамиша сидқидилдан ёндашган.
Ҳали ҳам қатағон сиёсати давом этаётган бу даврда матонатли инсон Ризо Ёқубов “халқ душмани” деган номдан тўлиқ халос бўлмаган эди. Орадан 3 йил ўтгач, 1949 йилнинг 30 мартида у яна қамоққа олинади. Собиқ Иттифоқ Давлат Хавфсизлиги вазирлиги қошидаги махсус кенгашнинг 1949 йил 18 июлдаги қарори билан Красноярск ўлкасига сургун қилинади.
Алқисса, 1956 йилдан ноҳақ айбланган, қатағон сиёсати қурбони бўлган шахсларни оқлаш (реабилитация) жараёни ҳақли равишда бошланган эди. Бу вақтгача ноҳақликни кўп бора бошидан кечирган адолатпарвар Ризо Ёқубов ўзининг асоссиз равишда айблангани ва бу тамға ундан олиб ташланиши борасида илгари тегишли масъул раҳбарларга бир неча бор ёзма тарзда қилган мурожаатлари кўриб чиқилмаган эди. У собиқ Иттифоқ Ҳарбий коллегиясининг 1956 йил 18 июндаги ажримига кўра оқланади.
Оқланганидан сўнг Ризо Ёқубов қайта аттестациядан ўтказилиб, унга барча мукофотлари қайтарилади ва полковник унвони берилади. Аммо қайта-қайта қамоқда бўлиш, қуруқ туҳмат ва сохта кўрсатмалар, узундан-узун тергов жараёнлари унинг жисмонан ва руҳан зўриқишига сабаб бўлганди. Умрининг сўнгги йилларини нафақада ўтказган ҳарбий бобомиз, матонатли ўзбек миллий ҳарбий кадрларидан бири, мустабид сиёсатнинг жабрини тортган истеъфодаги полковник Ризо Ёқубов 1957 йил 23 апрелда вафот этади.
Дарҳақиқат, замонавий ўзбек армиясининг илк вакилларидан бўлган Ризо Ёқубов нафақат иқтидорли миллий қўшин қўмондони, балки ўзбек миллий ҳарбий кадрларининг янги авлодини етиштириб бериш борасида катта хизмат қилган. У ўз замонасида ўзбек ёшларининг ифтихорига айланганди. Улкан қалбли ҳарбий жадид бобомиз — матонатли ва жасур қўмондон Ризо Ёқубовнинг сермазмун ва серҳосил фаолияти ёшлар учун улкан ибрат мактаб бўлиб қолди.
Қарийб олтмиш йилдирки, унинг жасоратли ва матонатли ҳаёт йўли бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз учун намуна бўлиб келмоқда. “Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари, — деган эди Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев. — Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”.
Бабур ШАЯКУБОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Қуролли Кучлар Академияси
бошлиғи, полковник.