Ўрозбой оғанинг совғаси

Ёши улуғлар бошдан кечирганларини гапириб беришни хуш кўришади. Шу баҳона улар ўз умрини сарҳисоб қилгандай бўлишса, не ажаб. Онажоним ҳам менга кўрган-кечирганлари ҳақида кўп ҳикоя қиларди. Улардан бири қорақалпоқ адиби Ўрозбой оға Абдураҳмонов ҳақида эди. Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” асарини ўқиб онамнинг ҳикояси ёдимга тушди.

Онамнинг асл касби бошқа бўлса ҳам, 1982 йил — ёшлик даврларида уйга яқин деб, ҳозирги кундаги “Дўрмон” ижод уйига кир ювувчи бўлиб ишга киради. Ишлаб юрган кунларнинг бирида ишга келмаган фаррош опанинг ўрнига хона тозалашга боради. Онам ораста қилган хоналарнинг биттасида қорақалпоқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов дам олиб, ижод қилаётган экан. Онам хонани тозалаб бўлгач, тўсатдан Ўрозбой оға уни саволга тутади:

— Ҳой, сен кимсан ўзи?

— Жумагул, — дейди онам хавотирланиб.

— Хўп, отинг Жумагул экан. Ўзинг кимсан?

— Қайси маънода кимман?

— Касб маъносида, — дейдилар Ўрозбой оға.

— Кир ювувчиман. Нега сўраяпсиз, хонангизни яхши тозалай олмадимми? — онам қўрқиб кетади.

— Йўқ, хонани жуда яхши тозаладинг, раҳмат. Лекин ўзингни тутишинг, муомалангдан кўриниб турибди, касбинг бошқа бўлса керак сени.

— Шундай демайсизми? Сал бўлмаса йиғлаб юборай дедим-ку, — бу гапдан кейин онам хотиржам тортади. — Тўғри, асл касбим ҳамшира. Олдинги ишим шаҳар марказида бўлганлиги сабаб, ҳарна уйга яқин бўлсин деб, шу ерга ишга кирдим. Ёш болаларим бор…

— Ҳа, айтдим-ку, зиёли эканинг билиниб турганди. Адабиётга яқин кўринасан?

— Тўғри айтасиз, китоб ўқишни яхши кўраман, адабиётга жуда қизиқаман, оға.

— Жуда соз, кел, сенга китоб совға қиламан, — дея устоз адиб дастхат ёзиб, онамга бир китобларини совға қиладилар.

— Менга умримда биринчи маротаба китоб совға қилган одам сиз бўлдингиз, оға, катта раҳмат, мен учун бу совға жуда азиз бўлиб қолади, — миннатдорчилик билдирадилар онам.

Шунда Ўрозбой оға:

— Сен, Жумагул, ортиқ бундай юрма. Қўлингда ҳунаринг бор экан, бундан фойдаланиб, ўз касбингда ишла. Яхши ишлаб, одамларда ўзинг ва касбингга нисбатан ҳурмат уйғотсанг, ҳали кўп китоблар совға қилишади. Билсанг, ҳар банданинг касби одамлар орасида эъзоз топишига бир имкон, — деб маслаҳат беради ёзувчи.

Онам Ўрозбой оғанинг гапини “Дўрмон” ижод уйининг раҳбарига етказиб, у киши совға қилган китоб ва унга ёзилган дастхатни кўрсатади. Сўнгра ҳамшираликка ишга ўтади ва шу ишда ўттиз йилга яқин вақт ишлаб, нафақага чиқадилар. “Ўттиз йил ишлаб, қанчадан-қанча ёзувчилар билан кўришдим, уларни даволадим. Ҳақиқатан ҳам, бу ёзувчилар менга кўплаб китоблар совға қилишди. Аммо Ўрозбой оға совға қилган китоб олган совғаларимнинг ичида энг қадрлиси бўлиб қолаверди. Чунки у менга ким эканимни, аниқроғи, ҳаётдаги вазифам нима эканини эслатган, яшаш борасида тўғри йўлга етаклаган эди. Аслида, яхши ёзувчилар шунақа бўлади. Қандай инсон эканингни дарров танийди. Нафақат ёзган асарлари, балки айтган икки оғиз гаплари билан ҳам сенинг ҳаётингни ўзгартира олади”, деб айтардилар онам. У киши биз фарзандларини ҳам зиёлиларга ҳурмат руҳида, қалбимизни адабиётга, илмга мойил қилиб тарбияладилар.

Онамдан эшитганим ушбу воқеа эсимга тушса, ҳар сафар Ўрозбой Абдураҳмоновдан чексиз миннатдор бўламан. Ахир ўйлаб қарасам, у киши берган совға нафақат онамнинг ҳаётини ўзгартирган, балки биз фарзандларининг ҳам қалбимизда зиё чироғини ёққан экан…

Элмира ИМАНҚУЛОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + seven =