Бировнинг ҳақи

ёки ҳаром луқманинг жавоби оғир бўлади

Болалигимизда раҳматли отам доим бир гапни қулоғимизга қуйишдан чарчамасди. “Бировнинг ҳақини емагин, болам, оғир гуноҳ бўлади…” Йиллар ўтиб, ҳаётнинг пасту баландликларини кўргандан сўнг, шундай одамларга дуч келдимки, улар бировларнинг ҳақини емаса туролмас, бу — уларнинг оддий ҳаёт тарзига айланиб қолган эди…

 Биринчи ҳолат. Қишлоғимизда Одил деган йигит бўларди. У анчайин чаққон, муомалали, эпчил, рус тилини чала-чулпа биларди. У бундан 20 йил муқаддам ёш йигитларни маълум ҳақ эвазига Россияга олиб бориб ишлатадиган бўлди. Аввалига мардикорлар ишлаб топадиган пулнинг 5 дан бирини оладиган Одил бора-бора нақ ярмига кўз тикадиган одат чиқарди. Бу ҳам етмагандай, айрим сал бўшангроқ йигитларнинг иш ҳақини мутлақо бермай қўйди. Бир куни шундай мардикорлар Одилнинг дарвозаси олдида жанжал кўтарганини кўрдим. Улар ҳалол меҳнат билан топган иш ҳақини талаб қилишарди. Охири, натижа чиқмагач, Одилни қарғашди. “Илоё, бу пуллар сенга буюрмасин!” Орадан кўп вақт ўтмасдан Одил инсультга учраб, тили, оёқ-қўли ишламай қолди. 2 ойдан сўнг эса бандаликни бажо келтирди. Яқинларининг айтишича, у ўлимидан олдин гапиролмай, фақат йиғлаган экан…

Иккинчи ҳолат. Тижорат билан шуғулланадиган ишбилармон ота ўғли Анварни ёшлигиданоқ тўкин ҳаётга қараб қадам ташлашга ўргатди. “Ҳамма вақт пули кўп, чўнтаги бақувват одам яхши яшаган, ҳурмат-эътиборда бўлган. Қандай топишнинг аҳамияти йўқ, кўпроқ пул топишни ўрган, болам”, деб доим қулоғига қуйди. Катта пул эвазига Анварни олий маълумотли қилди. Олис тоғ қишлоқларидан бирида ички ишлар ходими сифатида иш бошлаган ўғил кўп ўтмай бир бечоранинг пулини пора сифатида олаётганида қўлга тушиб, узоқ муддатга қамалиб кетди.

Учинчи ҳолат. Бундан қарийб ярим аср илгари қишлоғимизда Эшонқул бобо деган оқсоқол бўларди. Бир умр тракторчилик қилиб, жўжабирдай боласини ҳалол меҳнат билан боққан бобо кексайганида ҳам томорқасида ишларди. Бир куни у киши томорқада кетмон чопаётиб, тасодифан ўсиб чиққан 2 туп кўкнори (наша)га кўзи тушади. Кампирининг “чопиб ташланг” деганига қарамасдан, “Тумовлаб қолсам дори бўлар”, деб уни парвариш қилади. Буни қарангки, кўкнори гуллаган пайти ҳовлига бир юмуш билан Олим деган участка инспектори кириб қолади ва гуллаб турган кўкнорига кўзи тушади. Тушунтириш, ҳайҳайлашга қарамай, кўкнори етиштириш оғир жиноят эканлигини айтиб, “участковой” оқсоқолга дўқ ура бошлайди. Бечора бобо нима қилишни билмайди. “Участковой”га берай деса, пули камроқ. Охири оғилда каттакон қўчқор боқаётгани эсига тушиб, инспекторни шу ёққа бошлайди. “Болам, қариганда шарманда қилма, мана шу қўчқорни олақол, розиман, шу гап шу ерда қолсин”, дейди. Олим номига бироз қаршилик қилиб, кейин рози бўлади. “Майли, оппоқ соқолингиз ҳурмати, гуноҳингизни кечирдим. Аммо бировга айтиб юрманг!” Шундай қилиб 2 дона кўкнори Эшонқул бобога битта қўйга тушади. “Ўша қўйни сотиб, болаларимга кийим-бош олиб бермоқчи эдим”, деганди бобо ўшанда.

Энди ўша мисоллар атрофида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Қармоққа илинаётган “лаққа”лар

Умуман олганда, сўнгги пайтларда пора билан қўлга тушаётган амалдорлар сони кескин кўпайди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинди, яқинда Андижонда, Жалақудуқда ижтимоий дафтарларда рўйхатда турадиган хотин-қизлар учун ажратилган қарийб 250 миллион сўм маблағни иккита амалдор тил бириктириб “туя” қилишибди.

Бундан бироз аввалроқ эса Наманган шаҳар ҳокими катта миқдордаги пора билан қўлга тушганлиги хабар қилинганди.

“Kun.uz” нашри яқинда эълон қилган яна бир хабарда эса водий туманларининг бирида ички ишлар ходимлари хусусий ошхонада очиқчасига тамагирлик қилаётгани айтилади.

Бундай далилларни истаганча келтириш мумкин. Уларни давом эттирадиган бўлсак, мақоламиз фақат мисоллар билан тўлиб қолади.

Эътиборлиси шундаки, тамагирлар учун қўйилган тузоққа илгари кичик “балиқчалар” тушаётган бўлса, эндиликда бу қопқонга бироз каттароқ “лаққалар” ҳам туша бошлади. Аммо, бизнингча, ҳали улкан “наҳанг”лар бемалол ялло қилиб юришибди.

Хўш, нимага сўнгги пайтларда порахўрлик, тамагирлик анчагина кенг тарқалиб кетди? Бу иллат мамлакатда шу даражада кўпайдики, натижада ҳукумат даражасида чоралар кўрилишига олиб келди. Хўш, бунинг илдизлари қаерда ўзи? Нега биз кўпинча иллатнинг илдизига қарши эмас, ҳосилига, яъни оқибатга қарши курашамиз?

“Қуш уясида кўрганини қилади”

Менимча, жамиятдаги деярли барча иллатларнинг илдизини, аввало, собиқ шўролар давридан, оиладан, қолаверса, мактабдан излаш керак, шекилли. Ахир халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган доно нақл бежиз айтилмаган.

Илгари қўшнисининг ҳовлисида ўсган мевали дарахт шохи девордан ошиб бу томонга ўтиб кетса, ўша шохнинг мевасини териб олиб, албатта, қўшнисига қайтаришарди. Чунки кексалар ҳамиша “Бировнинг ҳақини ейиш ҳаром бўлади, болам, ҳеч бўлмаса унинг розилигини олиш керак”, деб қайта-қайта тайинлашарди.

Ўша кексалар ҳамда отам раҳматлининг “Бировнинг ҳақини ейиш ҳаром бўлади, болам” деган гапи бизга бир умрга сабоқ бўлган.

Демак, қайси оилада катталар ҳалоллик, тўғриликка риоя қилса, ўша ерда болалар ҳам шу руҳда тарбия олиши аниқ.

Аммо, минг афсуски, ҳозирда аксарият оилаларда тескариси бўляпти. “Нима бўлса ҳам, қандай қилиб бўлса ҳам кўпроқ пул топиш керак, кимнинг пули кўп бўлса, замон ўшаники” деб баъзи ота-оналар болаларнинг қулоғига қуйишяпти.

Чунки бу ота-оналарнинг кўпчилиги шўролар давридаги тамагирлик, бировнинг ҳақи эвазига бойлик орттириш каби ҳолатларни кўриб, ўша руҳда тарбия олганлар. Оилада бундай маслаҳат олган бола эса мактабда ҳам ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган, мешчан ва лоқайд кимса бўлиб вояга етяпти.

Қишлоқдошларининг иш ҳақини уриб қолган Одил ёки икки туп кўкнори учун уялмай-нетмай битта қўйни кўтариб кетган инспекторни олинг. Бечора Эшонқул бобо бу қўйни бола-чақасининг ризқидан қийиб, ҳалол меҳнат билан топган пулига олган эди…

Бундай ҳолатларни кўрган ёки эшитганимда негадир кўз олдимга отасининг эркатойи Анвар, инсультга учраган қаллоб Одил келаверади…

“Мактабга бориб турсин-чи, у ёғи бир гап бўлар…”

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг фикрича, ҳозир мактабда ўқиётган ўқувчиларнинг аксарияти нимага ўқиётганини ўзлари ҳам билишмайди. Аниқ бир мақсади йўқ.

Мен, балки олим нотўғри айтгандир, деган хаёл билан Пайариқ туманидаги олис қишлоқ мактабларининг ўқувчилари билан суҳбатлашдим. Афсуски, Қозоқбой ака ҳақ бўлиб чиқди. “Нимага ўқияпсизлар?” деган саволимга улар “ўқиш мажбурийлиги учун”, “келажакда яхши пул топиш учун” деб жавоб беришди.

Ўқувчилар-ку савиясизроқ экан. Баъзи ота-оналарнинг жавоблари эса янаям ошиб тушди. Мана, улардан айримларининг гаплари: “Нимага ўқирди, бола мактабга бормаса, ота-онасига жарима солишяпти-ку, мажбурмиз юборишга… Бориб турсин-чи, у ёғи бир гап бўлар…”

Ҳозир ҳокимликлар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, молия-иқтисодиёт соҳалари ходимларининг иш ҳақи бошқаларникига нисбатан анча баландлиги, қўшимча даромади борлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан ҳам, мактабни битираётган ёшларнинг кўпчилиги шу соҳаларда ишлашни орзу қилишади.

Аммо бунинг учун чуқур билим, пухта тайёргарлик талаб қилинади. Афсуски, мактабни битираётган ёшларда бу жиҳатлар анча оқсаб қоляпти. Натижада улар ё репетиторга боряпти ёки пул топишнинг бошқа йўлларини излашга туш­япти…

“Бу йўлнинг охири вой…”

Самарқанднинг Регистон майдони ёнида бир кичик тор кўча бор. Бу кўчадаги мўъжаз, кўримсизгина ҳовли ва дарвозани жуда кўпчилик яхши билади.

Бу ҳовлида Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, фан арбоби, филология фанлари доктори, СамДУ профессори Ботирхон Валихўжаев яшаб ижод қилган.

Камина вилоят телевидениесида ишлаб юрган кезларим, ўтган асрнинг охирларида домла билан жуда кўп марта учрашиб, суҳбат қилганман. Устоз шундай хокисор, ҳалол, камтарин эдики, одми кийим, эскироқ папка кўтариб уйидан то университетгача пиёда борарди. Йўлда шогирдлари машинага таклиф қилишса, уларни рад қиларди.

Бир куни мен у кишидан бунинг сабабини сўрадим. Устоз шундай дегандилар: “Мен бу йўлдан қандай қилиб машинада ўтай? Регистонда ҳазрат Навоийнинг излари бор, ундан сал нарида буюк Соҳибқирон, Мирзо Улуғбек ётибди. Уларнинг ёнидан машинада ғизиллаб ўтиш бу буюкларга беҳурматлик қилишдай туюлаверади менга…”

Устоз яшайдиган 6 хонали уйнинг тенг ярми кутубхона эди. Хоналар анчайин таъмирталаб ҳолда эди. Ҳеч ким бу уйда академик, фан арбоби яшайди деб ўйламасди. Буларнинг барчаси домла умри давомида фақат ҳалол ва камтарона яшаганлигидан далолат бериб турарди.

Академик Б.Валихўжаев билан қилган суҳбатларимнинг бирида баъзи олий ўқув юртларидаги тамагирлик, порахўрлик ҳақида гап кетди. Шунда устоз: “Тўғри, бундай кимсалар орамизда бор. Аммо бир ҳақиқатни унутмаслик керак. Улар ими-жимида олаётган пуллар бировнинг ҳақи. У одам тер тўкиб меҳнат қилиб топган бу маблағни. Бировнинг ҳақини ейиш эса ёмон бўлади. Бир куни албатта тешиб чиқади. Чунки Яратган ҳаммасини кўриб турибди. Умуман, ҳаром луқманинг чегараси йўқ. Нафсини тиёлмаган баъзи одамлар шайтоннинг йўлидан юрадилар. Бу йўлнинг охири эса вой…” дегандилар.

Бўлар экан-ку…

Дарвоқе, яқинда Самарқанд вилоятининг олис Қўшработ ва Пайариқ туманларида ўқувчилар билан ишлаш борасида бир хайрли ишга қўл урилди.

Жумладан, Қўшработ туман прокуратураси терговчилари Абдусалом Жумаев ҳамда Отабек Абжалов туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлими билан ҳамкорликда 4- ва 38-умумий ўрта таълим мактабларида “Ҳалоллик ва тўғрилик инсоннинг олий фазилатлари” мавзуида давра суҳбати ўтказдилар.

Унда ҳалоллик виждон билан боғлиқлиги, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш меъёрларига асосланиши ҳамда ҳалоллик ва тўғрилик одамларнинг бир-бирига бўлган ишончининг асоси эканлиги, тамагирлик эса ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келиши ҳақида мисоллар билан сўз юритилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўшработ туман бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги вакили ҳамкорлигида эса 11-умумтаълим мактабида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомида миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан ёндашадиган, қатъий ҳаётий эътиқод ва қарашларга эга, миллий менталитетимизга ёт, зарарли таъсирларга қарши туришга қодир ёшларни тарбиялаш муҳимлиги, шунингдек, интернет тармоғи орқали тарқатилаётган маълумотлар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар нафақат ёшларга, балки катта ёшдаги фуқароларга ҳам таъсир кўрсатаётганлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтилди.

Пайариқ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ўктам Хўжамқулов эса тумандаги 72-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, 8-синф ўқувчиларига “Келажак соати” дарсини ўтди.

Мазкур дарсда у киши ўқувчилар билан самимий суҳбат қуриб, ёшларни ватанпарварлик, билим олишга интилиш ва келажакда касб танлашда тўғри йўл билан ёндашишга ундади. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим соҳасидаги ютуқлар, ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ва уларнинг ҳаётдаги ўрни ҳақида тушунчалар берди.

Яна бир гап. “Жаҳолатга қарши — маърифат!” деган гап бор эди. Дарҳақиқат, бундай иллатларнинг олдини олишда ёшлар орасида китоб мутолаасини кучайтириш катта аҳамиятга эга. Бу борада қишлоқларда деярли йўқолиб кетган кутубхоналар фаолиятини тиклайдиган вақт келди.

Зеро, китоб кирган қалбда эса ёмонликка, тамагирликка ўрин қолмайди. Қолаверса, порахўр осмондан тушмайди. У ёнимизда, оиламизда шаклланади. Шунинг учун ҳам унга қарши курашни айнан шу ердан бошлаш керак!

* * *

…Толиб деган дўстим асалари боқади. Унинг айтишича, бу ажойиб жонзот минглаб гуллардан фақат меҳнат қилиб бол йиғаркан.

Энг қизиғи, у оиласига ҳеч қачон ҳаром нарсани олиб келмас экан. Агар мабодо шундай ҳолат рўй берса, ўша ҳаром луқмани олиб келган асалари, албатта, жазоланар, уяга киритилмас экан. Мана интизом, мана қоида!

Ўйлаб қоласан киши. Наҳотки шу тилсиз жонзот англаган оддий ҳақиқатни ҳар нарсага ақли етадиган одам боласи билмаса…

Агарда ота-оналар ҳам болаларини ўша асаларидек назорат қилганларида эдими…

Ёрмамат РУСТАМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 7 =