Доим Ҳақ сўзинг айт, Ҳақ йўлини тут…
Шаҳодат ИСАХОНОВА
Ёзувчи ва шоира Шаҳодат Исахонованинг қатор насрий асарлари ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган. Унинг қаламига мансуб ҳикоялар, қиссалар ва романлар кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
Дунё интернет тармоғига қарашли машҳур “Амазон” китоб савдоси дўконларида “Турон маликалари” сериясида чоп этилган “Чингизхон тузоғига тушган малика”, “Бибихоним”, “Нодираи даврон”, “Гавҳаршод бегим” каби тарихий романлари, ҳикоя ва қиссалар тўплами инглиз тилли китобхонлар ҳукмига ҳавола этилган.
“Чечаклар ифори…” номли тўплам шоиранинг илк шеърий тўплами.
Шоиранинг назмий изҳорлари ҳам насрий асарлари каби ўз ўқувчисини топишига ва мухлисларининг кўнглини ром этишига ишончимиз комил. Сизга завқли ва ҳайратли мутолаалар тилаб қоламиз.
Қасида
Устоз ОЙБЕКка бағишлов
У кунлар тарихга айланди энди,
Қадрли, қимматли, армонли бироз…
Кўзимга қувончдан юлдузлар инди,
Кўришмоқ истабсиз мен билан, устоз…
Ҳайрат, ҳайронликда лол қолдим бир он,
Ҳатто англолмадим, ўнгимми, рўё?
Чунки бизлар учун қўл етмас осмон,
Қуёшдан ҳам олис эдингиз гўё.
Мен ўқиб, улғайдим китобларингиз.
Бола Алишерни дўстимдай суйдим.
Шеърларингиз эди гўзал ва тенгсиз,
Наъматак гулларин ифорин туйдим.
Йўлчию Гулнорга бўлолдим ҳамдам,
Ўргандим нелигин Адолат, Ҳақ Сўз,
Аслида ҳаёт ҳам мард ила номард
Кураши эканин билдим юзда-юз…
Битдингиз мозийни, асл тарихни,
Сизга шараф эди аждодлар шаъни.
Истеъдодсиз каслар терс буриб чархни,
Сотдилар, дедилар, “Миллат душмани…”
Тамғалар босишди, осишди ёрлиқ,
Ва олиб ташлашди музаффар йўлдан.
Кўзингизга тордай кўриниб борлиқ,
Ҳақ Сўзни айтолмай қолдингиз тилдан…
Қизлар фахри эди Зарифахоним,
Меҳр фариштаси, садоқатли ёр.
Тил бўлди, Сўз бўлди, жон бўлди жони,
Лаҳзаси Сиз билан ўтди бахтиёр…
…Менга қанот берди шул оддий мужда,
Сўзнинг қудратини ҳис қилдим илк бор.
Кўкка ҳаволандим ва учдим қушдай,
Кўришмоқ кунини кутдим интизор.
Лек эртакка дўнди ширин хаёллар,
Ё кунлар панд берди ё вақт бўлди кам,
Кўришмоқ муддати кетди ҳаяллаб,
Ёки унутдингиз ваъдангиз Сиз ҳам…
Ҳа, Сизни ҳаётда кўрмадим бир бор,
Суҳбатингизга ҳам бўлмадим шерик.
Бормоқ истагандим, дедилар “Бемор…”
Сиз яшаб ўтдингиз ёнимда, тирик…
Ҳаёт ташвишлари сабаб бўлар гоҳ,
Сабабдир баъзида яқинлар, дўст, ёр,
Сўнг йўлга кузатмоқ насиб этди, оҳ…
Қиёматга қолди суҳбату дийдор.
Омонат сўзингиз етказди домлам ,
Дебсиз: “У истеъдод, асрамоқ керак.
Бизни йиққан каслар бир кун уни ҳам
Аяшмас, йиқарлар, сезмоқда юрак…”
Башорат қилибсиз, устоз, аслида,
Ва менга сўрабсиз Тангридан паноҳ.
Чиндан ижодимнинг қайноқ фаслида
Бошимга булутлар ёғилди ногоҳ.
Дўсту ёр қушдайин учди-ю кетди,
Гавжум маконларим қолди ҳувуллаб.
Орзу-умидларим тушдайин битди,
Фақат руҳим таскин берди шивирлаб…
“Йиғлама… Аллоҳнинг даргоҳи кенгдир,
Умид эшиклари ёпилмас ҳеч вақт,
Бандасин айирмас, барчаси тенгдир,
Мазлумлар аҳлига муруввати нақд…”
Чиндан ҳам ноумид қилмади Ўзи,
Менга инъом этди ўзга бир олам,
Оламки, таърифга етмайди сўзим,
Тасвирга ҳам ҳатто ожиздир қалам.
Унда кўрганларим ажиб эди хўб,
Балки эртакдир у, балки афсона.
Суҳбат қуришарди малаклар тўп-тўп,
Орада йўқ эди ғаним, бегона.
Тўмарис момомиз эди улуғи,
Даврабоши эди ёвқур, раҳнамо,
Ёнида жанговар нур ёлли туғи,
Сўзлари қиличдай кескирдир ҳамон.
Тўрда ўтирарди Бибихоним ҳам,
Ҳилолга ўхшарди тиллақошлари,
Ухларди Улуғбек Мирзо ўшал дам
Бибисин тизига қўйиб бошларин.
Сал паришон эди Гавҳаршод бегим,
Бошида минг савдо, давлат ишлари…
Салтанат тақдирин ўйлар эди жим,
Яхшиликка йўйиб, кўрган тушларин…
Давра гули эди Нодира даврон,
Ғазаллар ўқирди ишқ майидан маст,
Увайсий лаҳзада тўқирди чистон,
Замон найрангларин битиб, қасдма-қасд…
Зебуннисо бегим куйларди маҳзун,
Юраклар бермасди ноласига дош,
Тонггача кўзларин юммас эди тун,
Уйғониб кетарди бечора қуёш.
Устоз, ҳар кун шундай кечар ҳаётим,
Бул олам фаноми, бақоми, билмам,
Лекин ҳақни битди достон, баётим,
Бунда жамулжамдир, жаннат, жаҳаннам…
Дуо қилмоқ қолди Сизни, устоз, дил,
Шаънингизга не дей, айтайми сано?
Қай тарзда мадҳ этай, алқайин қай хил?..
Муносиб Сўз берсин, Ўзи, Роббано!
* * *
Муғанний, қўлингга олгил созингни,
Чорлагил, фидойи мард, жонбозингни!
Ноғоранг сасидан титрасин олам,
Кўрсатгил ёғийга, кучинг, бозингни!
Борлигу йўқликнинг маъноси — Лазги!
Ҳаёту мамотнинг биноси — Лазги!
Бирлашсанг, каттаю кичик қўр бўлсанг,
Бирдамлик кўрсатсанг, элга жўр бўлсанг,
“Айрилган айрилар” нақлин ёд тутиб,
Тупроқни, юртни деб бардам, зўр бўлсанг,
Мардлар майдонига йўллайди Лазги!
Қувват, қудрат бўлиб қўллайди Лазги!
Хоинлар сотилар, ёв бўлар доим,
Йўлингга тўғону ғов бўлар доим,
Ўзагингни узиб, ўзингникилар
Хонумонингга ўт, олов бўлар
доим,
Хевақийлар ёнган оловдир Лазги!
Кубро қўлидаги яловдир Лазги!
Мардлар эрксизликка бошламас асло,
Юртин, элин ёвга ташламас асло,
Ўлмагай, тирикдир Мангубердилар,
Оналар кўзини ёшламас асло…
Ойчечаклар чўккан дарёдир Лазги!
Ноладир, воладир, фарёддир Лазги!
Минг шукур, тўзмади, озод бўлди юрт,
Интиҳодан қайта имдод бўлди юрт,
Туғилди Куброю Темур Маликлар,
Озоду фаровон, обод бўлди юрт…
Бугун санъатимиз эъзози Лазги!
Бахтиёр элимиз дил рози Лазги!
ВАТАНДОШЛАРГА
Айри тушдингми Ватандин
ё айри тушди Ватан?
Учдингми ё сен Ватандин
ё сендан учди Ватан?
Эрта баҳор боғларига
яна қайтар турналар,
Э, воҳ, энди қайтмагайдир,
ул Ҳумо қушдир Ватан…
Ўзга юртнинг шамоллари
тўфон бўлар, ел бўлмас,
Аллалари нағма бўлар,
Забон бўлмас, тил бўлмас,
Ошноларинг оға-инмас,
ёбон бўлар, эл бўлмас,
Кўксингга солган жароҳат
ханжари нишдир, Ватан…
Инсонликнинг маънолари,
мезонлари йўқ унда,
Яратганнинг иймонлари, эҳсонлари йўқ унда,
Ҳамжинсликни раво дерлар,
нуқсонлари йўқ унда,
Ашки дарё, дарди дунё,
ҳажи, бепуштдир, Ватан…
Салтанати, саройлари,
ҳурлари не дунёнинг,
Олмослари, ганжлари не,
дурлари не дунёнинг,
Султонлари, шоҳлари не,
зўрлари не дунёнинг,
Искандардай сўнг лаҳзада
қўллари бўшдир, Ватан…
Боболаринг маконлари
сенга суянч, тоғ бўлар,
Момоларинг пойи теккан
ерлар жаннат, боғ бўлар,
Ўзга юртда шоҳ эсанг-да,
шараф эмас, доғ бўлар,
Гар тупроғи кўзларингни
ёпмаса, тушдир, Ватан…
МУВАШШАҲ
Дўстим Хосият Бобомуродовага
Аҳли толиб эдик, биз учрашган дам,
Замину замоннинг эрка гуллари…
Ижоду ҳаётда бўлолдик ҳамдам,
Зиё-ла безатдик толе йўлларин…
Давронимиз ўтди билдирмай бизга,
Ўтди давримиз ҳам жонимиз ҳалак.
Саноқдан адашдим мен қараб Сизга,
Турибсиз етмишмас, навниҳол малак…
Интиҳо фаслими, ё фасли имдод,
Мозий қайтардими ортга чархини?
Худойимнинг ўзи қилгайдир исбот,
Осий бандасининг қиймат, нархини…
Суйиб инъом этди бизларга қалам,
Илҳому илоҳий Сўз берди нурдан.
Яна азоб қўшди, ранж ила алам,
Топарсан деб ўзни, зўр чиқсанг, зўрдан…
Бебаҳо кунларни уладик йилга,
Оромлардан кечдик каломлар излаб,
Бахш этиб тунларни фақат кўнгилга,
Ой билан тиллашди ой каби юзлар…
Меҳрлар улашдик дилдан, бетама,
Узмадик садоқат ришталарини.
Рақибга дўнганда дўсти ёр… Ҳамма…
Аллоҳга юкундик, ютдик барини…
Довонлар ошдик биз йил-ла басма-бас,
Орзу қанот берди, бўйладик кўкка.
Ва ўйин қилганда ҳаёт, қасдма-қасд
Айландик лочинга, учдик юксакка…
Гўзал Йўлнинг сўнги ҳали олдинда,
Авлодлар уйғонар Ҳақпараст-
янги!
Шарафли Сўз қадри ортар олтиндан,
Илоҳий бу боғида қолурмиз мангу!
МЕНИНГ ОНАМ…
Бовлисанг ботир бўлар,
Тергасанг тентак бўлар…
Мақол
Ҳамманинг онаси ўзига азиз,
Ҳамманинг онаси улуғ, мўътабар.
Дўстлар, қирилмасин кўнглингиз ҳаргиз,
Онамни ошириб мақтасам агар.
Менинг мунис онам бошқача эди,
Ҳеч кимга ўхшамас эди феъллари.
Қўшнилар “мулойим, ширин сўз…” дерди,
Чиндан ҳам болдайин эди тиллари.
“Бойдавлат” дер эди кучугимизни,
Мушугимиз номи “Мошхоним” эди.
Қандай эркаласа, суйсалар бизни,
Суярди, “Улар ҳам дўстимиз…” дерди.
Менинг номим эса жуда кўп эди.
“Офтобхон” дер эди қуёшга менгзаб.
Ҳамма исмларим гўзал, хўб эди.
“Дугонам” ҳам дерди ўзига тенгсаб.
“Оймомомсан” дерди силаб бошимни,
“Ойдан ҳам ойдиним…” дер эди суйиб.
Ҳилолга ўхшатар эди қошимни,
Сўнг қўшиқ тўқирди ўсмалар қўйиб.
Сочларимни елга кўз-кўз қиларди,
Олтин тароғини берарди шамол.
Зулфларимга зарли баргак уларди,
Сувларга кокилин ёйган мажнунтол.
Мени учирарди арғимчоқларда,
Бўйлашгин дер эди сен осмон билан.
Мен кўкка ҳаволаб, қўрққан чоғларда,
Дерди: “Мен сен билан, сен посбон билан…”
“Қўрқма бу ҳаётнинг ўйинларидан,
Доим Ҳақ сўзинг айт, Ҳақ йўлини тут…
Ўтарсан бешикаст қуюнларидан…
Чеккан андуҳларинг бўлади унут…”
Ҳатто танбеҳлари эди ғаройиб,
Дуога ўхшарди койишлари ҳам.
“Яхшиликка…” дерди, йиқилсам тойиб,
“Қадамингни синаб кўрмоқда Эгам…”
Осмонга бўйлашдим, кўкка бўйлашдим,
Бағрига чорлади осмон, фалаклар.
Гул билан гуллашдим,
Ой-ла тиллашдим,
Дугона бўлдилар ҳурлар, малаклар…
Фақат онам йўқдир, посбон, меҳрибон.
Энди қувонмайди онамдай ҳеч ким.
Унинг сўзларини қўмсайман пинҳон,
Обиҳаёт каби келади ичгим…
Ана, ўша сўзлар! Қаранг, бозорда!
Маъноли… Ҳикматли… Мулойим… Ширин…
Пулдори қувончда, пулсиз озорда,
Олишар талашиб, суриб бир-бирин…
Онамнинг сўзларин сотмоқда маддоҳ,
Доналаб… Майдалаб… Йўқ унга фарқи…
Юксалмоққа эмиш воситаи жоҳ,
Ҳатто ўзгарармиш дунёнинг чархи…
Сўз бозори томон учаман елдай,
Пештахта, расталар мўл, тўкин эди!
Нархи эса… Оқар кўз ёшим селдай.
Оҳ… Онам сўзлари сувтекин эди…
Шундай… Менинг онам бошқача эди…
