“Гулистон” – тилла сандиқ экан…

Болалигимдан акаларимга қўшилиб, катталарнинг китобларини ўқирдим. 4-синфдалигимда синфдошларим болалар нашрларига обуна бўлса, мен “Фан ва турмуш” ва “Гулистон”га обуна бўлганман. Бошқа газета ва журналларга қолган оила аъзоларимиз обуна бўлгани сабаб ҳар куни қучоқ-қучоқ газета ва журналлар олардик. Алмашиб ўқирдик… Менинг журналларим келган кунлар байрам эди. Ҳозир эсласам, ҳайрон қоламан, синфда зўрға учга ўқийдиган болалар ҳам газета, журнал ўқирди, фикр алмашарди.

Журналимизнинг юз йиллиги муносабати билан “Гулистон”нинг “Ер юзи” бўлиб чиқа бошлаганидан бери бугунги кунгача архивни титкилаб, ўқиб чиқдим. Олис ёшлигимда ўқиган баъзи ҳикоялар, деярли унута бошлаган мақолалар хотирамда қайта бўй кўрсатди. Яхшиям юз йилликка тадорик бошлангани, деб хурсанд бўлдим. Эҳҳе, “Гулистон” — тилла сандиқ экан. Илк шеърлари, илк ҳикоялари чиққан улуғларимизга пиллапоя бўлган журнал бисотини ҳали кўп ўргансам керак.

Тақдир тақозоси билан мен “Гулистон” журналига 2002 йил январь ойида амалиётга келдим. Ўша пайтдаги бош муҳаррир Тилаб Маҳмудовнинг ҳузурига мени шоир Асқар Маҳкам олиб кирди. Тилаб ака “масъул котиб Маъпура Набиева амалиёт раҳбарингиз бўлади”, деб кўрсатма берди. Маъпура опанинг хонасида файласуф олим, бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган Маҳкам Маҳмуд бор экан. Маъпура опа менга таҳрир қилинган бир жилд мақолаларни бериб, таҳрирни ўрганиб туришимни тайинлади. Маҳкам ака эса “Аргументы и факты” газетасидан бир материални ўзбекчага ўгириб келишимни тайинладилар. “Ҳар куни келишингиз шарт эмас, шу сизга топшириқ, ўн кунда таржимани етказасиз”, деди. Амалиётчига бундан ортиқ мукофот борми? Уйга — Самарқандга кетдим. Бир ҳафтадан кейин таржимани Маҳкам акага олиб борсам, ҳамма безовта, шивир-шивир. Янги бош муҳаррир келибди.

Хафа бўлиб кетдим. Менга Тилаб Маҳмудовнинг муомаласи ёққан, мен билан худди ҳамкасбидай гаплашган эди. Азим Суюн деган шоир “Ўзбекистон овози” газетасидан “Гулистон”га раҳбар бўлиб келибди.

Таржимани секин Маҳкам акага топшириб чиқаётсам, гулдураган овоз келди. Эшикдан Азим Суюн кириб келди ва Маҳкам ака, Маъпура опага юзланиб, “Хоналарингиздан жой берасизлар, бизга ажратилган хона сал таъмирталаб экан…” деди. Мен хайрлашиб чиқиб кетмоқчи эдим, у киши “Сиз ҳам шу хонада ўтирасизми?” деди. Ўрнимга Маъпура опа жавоб берди: “Амалиётга келган”. “Ўтиринг”. Ўтирдим.

Энди мен амалиётга ҳар куни бораман. Шоирдан қўрқа-писа бир четда Маъпура опа берган йиғма жилдни очиб ўқиб ўтираман. Ўша таржимамни Маҳкам Маҳмуд бош муҳаррирга берди. Азим ака мақтади. Сезиб турибман, Маҳкам ака таҳрир қилган. Хуллас, ўша кичик таржимам Азим Суюн муҳаррирлигидаги илк сонда чоп этилди.

Тилаб Маҳмудов кетгач, кўпчилик ходимлар бўшаб кетибди. Азим Суюн ходимлар ўрнини тўлдириш учун бир қатор шогирдларини, шу билан бирга мени ҳам ишга олди. Маъпура опа кейинчалик айтиб берганди: “Анови ерга қараб юрадиган қизни шогирдликка олинг, ярим ставка ишлаб турсин”, деган экан Азим ака. Азим Суюн билан ўн йил бирга ишладик. Синглим, деб гап бошларди бирор вазифа айтмоқчи бўлсалар.

Хулласи калом, шундан бери “Гулистон”даман. Бугун фахр билан айта оламанки, журналимиз пешонаси ярқираган экан. Қанча бош муҳаррир алмашди, ходимлар келди. Бирорта ёмон одам кўрмадим. Ҳар бир бош муҳаррирнинг услуби, йўналиши бўлади. Ўргандик, пишдик, ҳамон ўрганяпмиз. Адабиётшунос Жалолбек Йўлдошбеков сўзга хасисликни сингдирди. Мақолага кириш гап қилишни ёқтирмасди. Бошланишдан мақсад аниқ бўлсин, дерди. Жамоага аҳиллик олиб кирди. Шоир Минҳожиддин Мирзо бош муҳаррирлиги даврида анча ижобий ўзгаришлар бўлди. Катта адабиёт ва санъат дарғалари билан ўша даврда яқиндан танишдим. Темур Аъзам билан кам вақт ишлаган бўлсак-да, у тадбирли, ташкилотчи журналист эканини кўрсатди.

Шу ўринда ҳозир ҳам эсласам, тўлқинланиб кетадиган бир гапни айтиб ўтишни жоиз кўрдим. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳаётлик чоғида журналимиз учун шеър сўраганимда уйларига таклиф қилганди. Ўшанда боргунимча янги шеърларини алоҳида кўчириб ўтирган эканлар. Қўлёзманинг бир четига “Манзурага. “Гулистон” деганда сизни эслайман”, деб ёзиб қўйган эканлар. Шоира менга катта баҳо берганидан учиб юрганман ўша кезлар.

Ҳалима опа ижодий учрашувларда шоира қизлардан, шогирдларидан фаолияти, қаерда ишлаётгани ҳақида кўп сўрардилар. Менга келгач: “Гулистон”дамисиз? Ўзгартирманг ишингизни”, деб қўярдилар.

Бугун ўтган йилларга назар ташлаб, тарихни ўрганиб, “Гулистон” катта мактаб экан, деган хулосага келдим. Иброҳим Раҳим мактаби, Асқад Мухтор мактаби, Мирмуҳсин мактаби… Ҳатто бу ерда ходим бўлиб ишлаган ёзувчилар, журналистлар мактаби ҳам шаклланган. Маҳмуд Саъдий мактаби, Эркин Аъзам мактаби, Хайриддин Султон мактаби, Абдулла Шер мактаби… Бугунги кунда ардоқли устозимиз Маматқул Ҳазратқулов мактаби ҳақида ёзсам, алоҳида мақола бўлади. Зеро, Маматқул муаллимнинг “Гулистон”и — ўзи бир тарих.

“Гулистон” — менга энг кўп сабоқ берган мактаб. Бу мактабнинг ўқувчиси бўлиб ўрганиб бораётганимдан, устозларимдан бир умр миннатдорман. “Гулистон”нинг бир асрлик йўлида йигирма уч йил меҳнатим, насибам қўшилганидан хурсандман.

Манзура ШАМС

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + ten =