Маърифат чинори
Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий-Ажзий нега уйини сотиб мактаб қурган эди?
Қадим Самарқанд заминида не-не улуғлар, алломаларнинг табаррук излари бор. Бугун биз уларнинг номини маърифат чинорлари, миллатимиз улуғлари сифатида ёд этамиз. Ана шундай фидойилардан бири — буюк маърифатпарвар аллома Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий-Ажзийдир.
У уйини сотиб, мактаб қурган эди…
Вилоятнинг Жомбой туманидаги Ҳалвойи маҳалласида жойлашган 19-мактабда бир эскироқ бино бор. Манбаларда келтирилишича, бу бинони мактаб сифатида маърифатпарвар аллома ўз уйини сотиб қурдирган экан.
У киши 1864 йили шу қишлоқда камбағал оилада туғилган.
Болалигида эрта етим қолганига қарамай Сиддиқий-Ажзий эски мактабда ўқишни давом эттирган. Уни, асосан, бобоси ва холаси тарбиялаган. Кейинчалик Саидаҳмад соатсозлар билан ишлади. Бироз камолотга келиб, Бухорога катта мадрасага ўқишга боради. Орадан уч йил ўтгач, Ажзий моддий қийинчиликлар туфайли Бухоро мадрасасида ўқишни тўхтатиб, турли жойларда, жумладан, қозида котиб бўлиб ишлади.
1901 йилда Сиддиқий отасидан мерос қолган уй-жой ва ерни сотиб, олинган даромад ҳисобига ўз қишлоғида мактаб қуради ва Маккага, муқаддас Ҳажга жўнаб кетади.
Сиддиқий ҳаж зиёратини адо этиб бўлгач, саёҳат қилишни бошлаб, Арабистон ярим оролининг мамлакатлари, Туркия, Ироқ, Эрон, Афғонистон, Кавказ, Россия империясининг шаҳарлари, жумладан, Боку, Тифлис, Москва, Санкт-Петербург, Нижний Новгородда бўлди.
1900 йилда у Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) Россия империясининг элчихонасида таржимон бўлиб ишлаган. У нафақат педагог, балки ҳуқуқшунос, ёзувчи, ўқитувчи, таржимон бўлиш билан бирга, ўзбек, араб, форс ва турк тилларини яхши билган.
Ажзий саёҳатлари давомида Бокуда Кавказ жадидлари билан учрашади. Ватанга қайтгач, у яна бир жадидчи Исҳоқхон Ибрат билан Самарқанддан унча узоқ бўлмаган ўзи туғилиб ўсган Ҳалвойи қишлоғида ўзининг маблағига янгича таълим услубидаги мактаб ташкил этади. У асос солган мактаб бугунги кунгача сақланиб қолган.
“Миллатни фақат илм, маърифатгина қутқаради…”
Ажзий “Майна”, “Гинагина”, “Шашпар”, “Гумном”, “Олмос” каби турли тахаллуслар билан ҳажвий асарлар ҳам ёзган. Мустабид шўро ҳокимияти тизимида рўй бераётган ўзгаришлар унга ёқмас, Саидаҳмад ўз халқининг келажаги ҳақида қайғурарди.
Шу боисдан ҳам ҳам С.Ажзий ота ҳовлисини сотиб, унинг пулига қишлоқда янги типдаги мактаб қурди. Маърифатпарвар томонидан 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида бунёд этилган янги типдаги мактаб бугун ҳам мавжуд.
— Самарқандда ягона бўлган бу мактабни кўриш учун Туркистоннинг турли ҳудудларидан одамлар кела бошлади, — дейди Ажзий ижодининг тадқиқотчиси Сирожиддин Хўжақулов. — Ёруғ, кенг хона. Гилам ўрнига қўйилган парталар, бу ерда муайян ўқув дастури бўйича дарслар олиб борилиши, умумий, миллий география, тарих, математика, геометрия, табиатшунослик фанларини ўргатиш, кўргазмали қуроллардан кенг фойдаланиш кўпчиликни лол қолдирди.
Дин мутаассиблари ва уламолар кўз олдида, мавжуд тузумнинг қоидаларига зид равишда ўша даврда бундай зиё масканини қуриш фавқулодда катта жасорат эди. С.Ажзийнинг фикрича, миллатни жаҳолат ботқоғидан фақат илм, маърифатгина қутқара олиши мумкин эди.
Шубҳа йўқки, бу мактаб нафақат савод, балки ҳуқуқшуносликка ўргатиш маскани ҳам бўлган.
1916 йилда бутун Самарқандни ларзага келтирган Даҳбед қўзғолонининг кўплаб иштирокчилари айнан Сиддиқий мактабида ўқиган, дейишга асос бор. Чунки Даҳбед мавзеси бу ердан атиги 10 чақирим узоқликда жойлашган.
Айрим мутахассисларнинг айтишича, Ажзий мактаби таълимотининг нафақат Даҳбед билан, балки машҳур Жиззах қўзғолони билан ҳам маълум даражада алоқаси бор.
Самарқанд Адлия комиссари лавозимида…
Ажзий 1916-1917 йилларда Биринчи жаҳон урушининг ғайриинсоний моҳиятини очиб берган, чор ҳукуматининг миллатчилик, босқинчилик сиёсатини қўрқмасдан фош этган туркистонлик зиёлилардан бири бўлгани яхши маълум.
Ажзийнинг 1917 йилда “Ҳуррият” газетасида эълон қилинган “Ажойиб сўз” ва “Қаёққа кетяпмиз?” номли мақолалари фикримизнинг ёрқин далилидир.
— Сиддиқий ўша даврда йирик маърифатпарвар, жадид сифатида даврий нашрларда фаол қатнашган, — дейди филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори Маҳкамой Турсунова. — Қозон, Оренбург, Кавказдаги газета ва журналлар саҳифаларида унинг Ватанга, фан-маърифат тараққиётига бағишланган ўнлаб мақолалари чоп этилган. Маърифатпарвар олим 1917 йилги февраль инқилобидан кейинги ижтимоий-сиёсий ҳаётда бевосита фаол иштирок этди. 1918-1921 йилларда у Самарқандда вилоят адлия комиссари лавозимида ишлаган.
1922 йилда у барча давлат лавозимларини рад этди ва мактаб ўқитувчиси сифатида аввалги ишига қайтди.
Кейинчалик “Машраб” ва “Мулла Мушфиқ” сатирик журналлари, ўзбек ва тожик тилларида “Зарафшон” газетасини таъсис этишда фаол қатнашди. 1920 йилларда Ажзий республика маориф ва маданиятининг асосий намояндаларидан бирига айланди.
1917 йил февраль инқилобидан кейин Ажзий халқ ҳаракатида қатнаша бошлади. 1918-1921 йилларда Самарқанд вилояти адлия комиссари бўлиб ишлади.
1926 йилнинг қишида Ажзий қаттиқ касал бўлиб, тез орада 1927 йилнинг июлида Самарқандда вафот этади.
Маърифатпарвар дунё билан ҳамнафас яшашга чақирди
Миллий уйғониш даврининг мутафаккир, донишмандлари сингари Ажзий ҳам адабиётнинг асосий вазифаси оммани тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқларини ифода этиш деб билган. У ўз миллати аҳволини тушунишга ва дунё билан ҳамнафас яшашга ундади.
— Сиддиқий-Ажзий ўзбек, тожик, форс, араб, турк ва озарбайжон тилларини яхши билган, бироздан кейин рус тилини ҳам мукаммал ўрганган, — дейди филология фанлари доктори, Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий. — Бундан ташқари, Ажзий қатор буюк ёзувчи ва шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Хусусан, 1908-1910 йилларда Лев Толстой асарлари, Иван Крилов эртаклари, Николай Гоголнинг “Шинель” қиссасини ўзбек ва тожик тилларига ўгирган. Шунингдек, Сиддиқий-Ажзий Ўрта Осиё мактаблари учун махсус дарсликлар ҳам ёзган. 1880 йилларда эса у шеър ёзишни бошлади.
Ажзийнинг 10 га яқин китоблари, жумладан, “Айн ул-адаб” — (“Одоб чашмаси”), “Ганжинаи ҳикмат” (“Ҳикмат хазинаси”), “Миръоти ибрат” — (“Ибрат ойнаси”), “Анжумани арвоҳ” — “Арвоҳлар йиғини” каби шеърий тўпламлари, достонлари нашр этилган.
Ажзийнинг кўплаб ҳикоялари, шеърлари турк, озарбайжон, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Муаллиф ўз асарларида инсонларни маънавий камолотга даъват қилди, Бухоро амирлигидаги эски тузумни, шўро сиёсатини жиддий танқид қилди.
Овчи, тўқувчи ва уста…
Ажзийнинг замондошлари унинг улкан истеъдоди ва илм олиш қобилиятини алоҳида таъкидлайдилар.
Хусусан, машҳур педагог Вадуд Маҳмуд шундай ёзади:
“Улкан истеъдод эгаси бўлган Ажзий кўп ҳунар устаси. Масалан, Сиддиқий яхши техник. У соатлар ва машиналарни таъмирлашни жуда яхши билади. Бундан ташқари, у яхши тўқувчи ва тикувчи ҳамдир. У узоқ йиллар шу ҳунар билан яшади. Шунингдек, Ажзий яхши овчи, мусиқани ҳам жуда яхши билади”.
1914 йилда С.Ажзий Самарқандда “Зарафшон” китоб дўконини очди ва турли тарихий даврларга оид форс, тожик, ўзбек, турк, рус ва бошқа тилларда ёзилган китоблар савдосини йўлга қўйди.
Жомбойдаги 19-мактабда аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи музей ташкил этилган.
— Сиддиқий-Ажзий отасидан қолган ҳовли ва боғни сотиб, пишиқ ғиштдан замонавий мактаб қурганлиги ва бу мактабнинг довруғи Марказий Осиё бўйлаб кенг тарқалганлиги яхши маълум, — деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. — Мана фидойилик, мана миллат ва унинг келажаги учун қайғуриш! Шу гапдан сўнг ўзимга ўзим савол бериб кўрдим. Сиддиқий-Ажзий жуда қийин замонда юртнинг келажагини ўйлаб, жуда катта ишлар қилган экан. Хўш, биз-чи, биз нима қиляпмиз? Юртимиз тинч, устимиз бут, қорнимиз тўқ. Худога шукр, пулимиз, бойлигимиз ҳам етарли. Аммо мактаб таълимимиз ҳамон муаммолардан тўлиқ қутула олгани йўқ. Баъзи бир ўқитувчиларимиз ўз устида ишлаб, билимини оширмайди. Фарзандларимизни фалон мингдан сарфлаб репетиторнинг қўлига берамиз. Нега шундай-а? Негаки биз Ажзий каби алломаларимизнинг ҳаётини, фаолиятини тўлиқ билмаймиз. Уларнинг ишлари ўзимиз учун кераклигини тушунмаяпмиз. Жуда ўзига тўқ катта сармоядорлар-чи, улар қаерда?
“Илм-фан, тил, давлат ва қонун миллат келажагини белгилайди. Мана шу тўртта нарсага эришмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир” деган фикрни Ажзий доимо илгари суриб яшади. Маориф соҳасидаги фаоллиги учун унга 1926 йилда биринчилардан бўлиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонини беришган.
1 250 йиллик чинор
Ҳалвойи маҳалласида бир чинор бор. У 2012 йил 4 апрель куни табиат ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ва дарахт атрофи обод этилиб, сайёҳлик масканига айлантирилган. Бугунги кунда чинор соясида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб турилади.
— Жомбойда яшаб ижод қилган буюк алломалар, жумладан, маърифатпарвар олим, жадидчилик ҳаракатининг намояндаларидан бири Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий ҳам ушбу чинор остида маърифат кечаларини ташкил этган, — деди туман “Жомбой тонги” газетаси муҳаррири, шоир Исомиддин Пўлатов. — Чинор экилганига 1 250 йилдан кам эмаслиги тўғрисида олимлар томонидан хулоса берилган.
Менинг назаримга эса бу чинор С.Ажзийдек буюклар каби маънавият, маърифат дарахти бўлиб кўринди.
1989 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Сиддиқий-Ажзий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланган эди.
1999 йилда “Маънавият” нашриётида шоир, устоз ва педагогнинг “Танланган асарлар”и нашр этилган.
Ёр МУҲАММАД.
