Маъюс матонат

У мактабда яхши ўқирди. Айниқса, аниқ фанларни тез қабул қилар, химия-физика формулаларининг жуда осон мағзини чақарди. Мабодо тақдир насиб этса, шу йўналишдаги олий таълим масканида ўқиш нияти бор эди. Аммо пешона унга бошқа тақдирни насиб этди.

Отасининг синглиси, яъни аммаси олти нафар қиздан кейин ўғил кўрган, аммо у юрак нуқсони билан туғилганди. Она барибир ўз дилбандининг келажаги бус-бутун бўлишини ўйлайди, касал ўғилга бегона одам қиз бериши қийин. У акасига келиб, шу йил мактабни битирган қизини сўради. Ота ҳам жигарчилик, ўйлаб-ўйлаб рози бўлди. Шундай қилиб, Зевар аммасига келин бўлди. Табиатан оғир-босиқ, ота-она иродасига кўниб яшашни фарз деб билган қиз тақдирга кўникди, касалманд Шавкатбек билан яшай бошлади. Куёв бухгалтерлик касбини эгаллади, туман халқ таълими бўлимида ишлаб юрди. У хотинидан мамнун, аёл бутун меҳрини бериб, уни парваришлар, рўзғор ишларига ҳам кўп уринтирмас эди. Эркакда орзулар бисёр, аммо имконият чекланганди. Қўшиқ айтарди. Ўзича роллар ижро этарди. Ҳатто пойтахтдаги катта театрнинг директорига кириб, ишга қабул қилишини сўраган, агар саҳнага чиқса, шу артистлардан ўн баробар ўтказиб роль ижро этишини айтди. Аммо…

Ҳаёт шу зайлда давом этар, Зевар далада ишлар, қўли чаққон эди. Тўй-ҳашамларда пишириқлар тайёрларди. Оила қийналиб қолганда ҳатто Тошкентга келиб, ҳар йили 3-4 ой ишлаб кетарди.

Яратган уларга тўрт қиз ато этди. Икки кўзлари тўрт бўлиб, ўғил кутишарди, бу бахт ҳам насиб этди. Умирбек оиланинг қувончи бўлиб улғая бошлади. Аммо икки ёшга тўлганда дўхтирларнинг нотўғри муолажаси туфайли шол бўлиб қолди. Қўл ҳаракатини ҳам бошқара олмасди. Кўрсатмаган дўхтир қолмади, лекин ҳеч ким даво топа олмади: бола мажруҳ бўлиб улғая бошлади.

Албатта, оиланинг ташвиши кўпайди, касалманд эрнинг ёнига ногирон ўғил қўшилди. Уни пойтахтдаги илмий текшириш институтига олиб келиб даволатиш, ҳар йили қатнаш ташвишлари онанинг зиммасига тушди. Таассуфки, бу ҳам кам экан. Учинчи қизлари Замира мактабни битириш арафасида орзуларга тўлиб, эртанинг ҳавоси билан яйраб юрганда… бахтсиз тасодиф содир бўлди. Йўл четида турган дугоналарни машина уриб кетди. Замира боши билан тушиб, эсини йўқотди ва шундан кейин ақлий ногирон бўлиб қолди. Кўринишидан соғлиғи жойида, ойдек қиз ўзини бошқара олмай қоларди. Энди уни ҳам Тошкентдаги руҳий касалликлар шифохонасига олиб келиб даволатиш онанинг зиммасига тушди.

Бу орада яна бир фалокат рўй берди: эр тўшакка ётиб қолди. Энди ўтган кунлар ҳам ҳолва бўлиб қолди. Эр шу аҳволда уч йил ётди. Бу ёқда ўғил ва қизнинг ташвиши… Яна бунинг устига рўзғор юмушлари, кекса қайнонанинг иссиқ-совуғи…

Агар кўнгил тоза, ният холис бўлса, Яратганнинг ўзи куч берар экан. Зевар ақли билан тушундики, вазиятдан норози бўлиш, оҳ-вой қилиш бефойда. Касалларга қарар, томорқасида сабзавотлар экиб парваришлар, сигир-бузоққа ҳам қарарди. Ҳар йили 2-3 марта ногирон фарзандларини Тошкентга олиб келиб, шифохоналарда қаратар, албатта, бу ташвишларига пойтахтдаги қариндошлари ҳам кўмаклашар, бошпана берар, бўш вақтида тирикчилиги учун иш топиб беришарди. Шубҳасиз, булар қониқарли бўлганда ҳам бу юмушларни уддалаш учун куч керак, қийинчиликларга чидаш учун ирода керак. Нима бўлганда ҳам Зевар опа ҳаммасини нозик елкасига олиб, чидаб келяпти. Унга яхши одамлар, айниқса, шифохоналардаги мутахассислар беғараз кўмак беряпти, мададкор бўлишяпти.

Бу орада эри ёруғ дунёни тарк этиб кетди. Ўғил ва қизи эса ҳамон доимий даволанишда. Умирбекнинг мўйлаблари сабза уриб қолибди, бу улғайиш онага далда беради, тўйлардан, ақли расо келиндан умид қилади. Ушбу мунгли ҳикоямиз тўқима эмас. Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчилар бу фидойи аёл — Зевар Сафарбоевани яхши билишади, матонатига қойил қолишади. Унинг мунис чеҳраси бир кун бахтдан мунаввар бўлишини дилдан исташади…

Мунир РАҲИМОВ,

талаба.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − fifteen =