Мутолаа, илм — бахт калити
“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхонасида Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси қарори билан Тошкент шаҳар “Соғлом она ва бола” аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш маркази нодавлат нотижорат ташкилотига берилган “Мутолаа, илм — бахт калити” номли давлат грантининг якуний тадбири бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Президентининг: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда”, деган сўзларида улуғвор ҳақиқат мавжуд. Давлат гранти ёрдамида Учтепа туман ахборот-кутубхонасига 40 та стеллаж ва 6 та компьютер олиб берилди.
Лойиҳа доирасида ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультети талабалари ўртасида яшил иқтисодиётга бағишланган видеолавҳалар танлови ҳам ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди. Бунинг учун талабаларнинг иқтидорини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб, уларни қимматбаҳо китоблар билан тақдирлаган факультет декани Алишер Матякубовга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали “яшил” иқтисодиётга бағишланган онлайн савол-жавоб тарзида танлов ҳам уюштирилди, фаол қатнашганлар рағбатлантирилди.
Тадбирда “Гулхан”, “Ғунча” журналлари ҳамда “Тонг юлдузи” газетаси вакиллари ҳам қатнашиб, ўз газета ва журналларини даврадошларга ва танлов ғолибларига ҳадя этишди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлинмаси, ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультети ҳамда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот- кутубхонаси билан ҳамкорликда ўтган тадбир ҳамкорлар ҳамда иштирокчилар ўртасида фаол фуқаролик ёндашувини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Раъно ЗАРИПОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист,
ННТ раҳбари.
