“Самарқандим” журналини ўқиб…
Бир йил аввал “Самарқандим” журналининг нишона сони билан танишгандим. Ўшанда жиддий, салмоқли материаллар эътиборимни ўзига тортганди. Рости, ўша пайтда мазкур нашрни варақлаётиб, бирон-бир тадбирга бағишлаб фақат бир марта чоп этиладиган нашрлар ҳақида ўйлагандим, хаёлимдан “Самарқандим” — ҳам шундайлар сирасидан эмасмикан” деган ўй ўтганди.
Йўқ, бундай бўлиб чиқмади. 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида “Самарқандим” — “My Samarkand” журналининг иккита сони босмадан чиқиб, кенг жамоатчилик — устоз журналистлар, сиёсатчилар, зиёлилар-ижодкорлар қўлига етиб ҳам борди. Эътиборли жиҳати, журнал жорий йилдан бошлаб нафақат ўзбек, балки инглиз тилида ҳам нашр этилмоқда. Демак, “MY SAMARKAND”ни энди дунё аҳли ўқимоқда.
Чет элликлар билан кўп бор мулоқотда бўлган журналист сифатида биламанки, хорижликлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда, жумладан, Самарқандда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни ишончли манбалардан олишни истайди. Эндиликда улар бу жараёнда “MY SAMARKAND”дан ҳам фойдаланади, деб ўйлайман.
Техника, интернет журналистикаси ривожланган, ижтимоий тармоқлар орқали ҳамма ўз фикрини бемалол билдираётган, сунъий ақл имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб бораётган даврда яшаяпмиз. Айни кунда телефондан, компьютердан, планшет ёки ноутбук каби замонавий техника воситаларидан бўшамаётган аҳоли эътиборини босма оммавий ахборот воситалари — газета ва журналларга қаратиш осон иш эмас. Маълумки, миллий медиа майдонимизда юзага келган кучли рақобатга ҳамма газета ва журналлар ҳам дош беролмаяпти.
Миллий ва дунё медиа оламида ана шу каби янгиланиш ва рақобат таъсири ҳукм сураётган бир пайтда янги газета ва журналларнинг чоп этила бошлагани, улар ўз ўқувчиларини топаётгани кўнгилни равшанлаштиради. Ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп “Самарқандим” — “My Samarkand” журнали бунга бир мисол.
Мазкур нашрга, журнал таҳрир ҳайъатига Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродовнинг раҳбарлик қилаётгани, журналистика назарияси ва амалиёти бўйича катта тажрибага эга журналист Фаррух Ҳамроевнинг “Самарқандим”га бош муҳаррирлик қилаётгани, журнал таҳрир ҳайъати таркибида маҳаллий ва хорижлик академик ва олимлар, сиёсатчи ва экспертларнинг борлиги ҳам унда чоп этиладиган материаллар савияси не чоғлиқ эканидан сўзлайди.
“Самарқандим” — “My Samarkand”нинг жорий йил 1- ва 2-сонларидан ўрин олган “Президент Шавкат Мирзиёевнинг озод тафаккур ғояси ҳақида ўйлар”, “Ватан ва виждон”, “Самарқанд қалби…”, “Қалбимда абадий из қолдирди…” сарлавҳали материаллар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййид ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматнинг ижод намуналари билим ва маънавиятингизни янада бойитишга ҳисса қўшади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. “Самарқандим” — “My Samarkand” СамДУ муассислигида чоп этилмоқда. Назаримизда, “Самарқандим”га камида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги даражасида эътибор зарур. Чунки мамлакатимизда шу пайтгача бирор-бир тарихий шаҳар номида журнал чоп этилгани йўқ. “Самарқандим” — “My Samarkand” бу борада биринчи. Аслида, жаҳон тажрибасида тарихий шаҳарлар номи билан нашр этиладиган нашрлар бор. Бунга “Истанбул”, “Рим” каби журналларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Нима бўлганда ҳам ўз ўқувчисини топаётган ушбу чиройли журнал ижодий жамоасига омад тилаймиз.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси раиси в.б.
