Аслида ким кимни боқар эди?
Ёхуд собиқ Иттифоқ даврида мамлакатимиз бойликларини аёвсиз ташиб кетиб, юртимизни “боқиманда эди” деганларга жавоб
Собиқ шўролар даврида унинг марказий вазирлик, идораларида ўтказиладиган йиғилишларда, телевидение, радио ва газета-журналларда “славян республикалари наинки ўзларини, балки Марказий Осиё, Кавказ ва Болтиқбўйи республикалари халқларини ҳам боқади. Агар биз ёрдам бермасак, мазкур республикалар аҳолиси жуда қийналиб қолган бўларди. Улар ҳаммаси боқиманда” деган гап-сўзлар жуда кўп айтилиши оддий бир ҳол эди.
Славян республикаларининг машҳур ёзувчи, журналист ва олимлари ҳам ОАВда шундай мазмунда тез-тез чиқишлар қилиб туришарди. Мен 1990-1992 йилларда Санкт-Петербургда докторантурада таҳсил олган пайтларимда бундай ҳолатларни ичидан кузатганман.
Собиқ СССРнинг охирги йилларида бундай хатти-ҳаракатлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Чунки бу даврда иттифоқдош республикаларда собиқ коммунистик тузумдан қочиш, мустақил бўлиб яшашга интилиш хатти-ҳаракатлари бошланган ва улар тобора кучайиб бораётган давр эди. Ана шундай вазиятда мустақилликка эришиш учун ҳаракат қилаётган халқларга қарата: “Мустақил бўлсанглар, сизларни ким боқади? Бизнинг молиявий ёрдамсиз оч қоласизлар-ку”, қабилидаги чиқишлар ҳаддан ташқари ортиб кетганлигининг сабаблари шунда эканлиги бу масаладан хабардор инсонлар учун бугун сир эмас.
Бу тахлит иддаолар ҳамон давом этмоқда
Бундан 30-40 йиллар аввалги бу нохуш воқеалар ҳақида эсламаслигимиз мумкин эди. Чунки бу масала ўз вақтида нотўғри кўтарилганлиги, Ўзбекистон ҳеч қачон боқиманда республика бўлмаганлиги, аксинча, у яратган бойлик ва даромадларнинг катта қисми собиқ Иттифоқ ҳукумати томонидан доимий равишда ўз ихтиёрига олиб қўйилиб келганлиги аллақачон исботланган.
Лекин, бахтга қарши, айнан айрим хорижий оммавий ахборот воситаларида “СССР даврида биз сизни боқар эдик” қабилидаги чиқишлар ҳозирга қадар давом этиб келяпти.
Ана шундай чиқишлардан бирига мисол сифатида жорий йилнинг 29 июнь куни интернетнинг “masterok.livejournal.com” сайтида Алексей Балиев номли муаллиф ёзган “Уникальность Узбекистана обошлась России в 700 миллиардов долларов” номли мақолани қайд этишим мумкин (мақолада ишлатилган барча рақамларнинг расмий манбалари таҳририятга тақдим этилган – муаллиф).
Балиевнинг мақоласидан иқтибос: “Иттифоқ марказининг (яъни собиқ Иттифоқ марказининг республикага (Ўзбекистон назарда тутиляпти) киритган капитал қўйилмалари, бугунги жорий курс ва нархларда қайта ҳисобланган тўғридан-тўғри ва билвосита субсидиялари 700 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва минтақа (Марказий Осиё) даги бошқа республикаларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишида Россиянинг роли ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди”.
Бунга жавобан кўпчиликка тушунарли шаклда кўрсатиб бериш учун энг самарали усул — Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги давлат бюджетининг таркибини таҳлил қилиб чиқайлик. Шунда ҳамма нарса дарҳол ойдинлашади.
Ўзбекистон давлат бюджети мустамлака давлат бюджети шаклида ташкил этилган эди
Собиқ СССР мустамлакачилик сиёсатининг туб моҳияти Ўзбекистон давлат бюджети даромадларини шакллантириш жараёнида ҳам яққол кўринар эди. СССР пайтидаги Ўзбекистон давлат бюджети даромадларини ташкил этиш тартиб-қоидалари мустамлака давлат бюджетининг айнан ўзи эди. Ўзбек халқи яратган бойликларнинг катта қисми собиқ Иттифоқ ихтиёрига олиб кетилар ва шу сабабли у Ўзбекистон давлат бюджетига тушмас эди.
Масалан, шўролар даврида мулк 3 та гуруҳга бўлинган: Иттифоқ мулки, республика мулки ва маҳаллий ҳокимият мулки. Муайян бюджетнинг даромадлари, биринчи навбатда, шу бюджет хизмат қиладиган ҳукумат тасарруфидаги мол-мулкдан тушадиган солиқ ва тўловлардан ташкил топади. Собиқ Иттифоқда ишлаб чиқариш корхоналарига эгалик масаласи эса ҳақиқий мустамлака тузумига хос равишда ташкил қилинган эди. Яъни Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатадиган корхоналарнинг энг йирик ва даромадлилари Иттифоқ мулки ҳисобланарди. Жумладан, Чкалов номли Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси, Навоий тоғ-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Навоий кимё комбинати (бугун “Навоийазот”), Бекобод металлургия комбинати, Чирчиқ электрокимё комбинати, Тошкент трактор заводи, Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи, “Фарғона азот” заводи каби Ўзбекистон саноатининг асосини ташкил қилувчи энг улкан корхоналар Иттифоқ ҳукумати “мулки” ҳисобланарди.
Бу корхоналарда ишлайдиган юз минглаб ўзбекистонлик ишчиларнинг топган даромадлари тўлалигича тўғридан-тўғри Иттифоқ бюджетига тушарди. Улар қилган меҳнатлари учун фақат иш ҳақи олишарди, холос.
Ҳолбуки, мазкур корхоналар жуда катта даромад яратишарди. Лекин бу даромадлар ўзбек халқига тегмас, Иттифоқ ҳукумати ва бюджетини бойитишга хизмат қилган. Масалан, Тошкент авиация бирлашмаси 1970 йилларнинг охири — 1980 йилларнинг бошида ойига 5-6 та ҳарбий-транспорт самолёти ишлаб чиқарар ва уларни сотишдан келган даромад Иттифоқ ҳукумати ихтиёрига олиб қўйиларди.
Ўзбекистон табиий бойликларга бой маскан, лекин уларнинг аксарияти Иттифоқ ҳукуматининг тасарруфида бўлган. Шу боис улардан келадиган даромаднинг асосий қисми ҳам республика бюджетига эмас, Иттифоқ бюджетига тушган.
Республикада ўша пайтларда йилига ўртача 80 тонна олтин қазиб олинар ва у тўлалигича собиқ Марказ ихтиёрига олиб кетиларди. Катта миқдорда мис, вольфрам, молибден каби рангли металлар қазиб олиниб, у қайта ишлаш мақсадида Ўзбекистондан Россия, Украина ва Қозоғистонга олиб кетилган. 1990 йилнинг ўзида республикадан олиб кетилган мис, вольфрам ва молибденнинг баҳоси 570 млн АҚШ долларига тенг бўлган. Собиқ Иттифоқда фаолият кўрсатган атом электр станциялари ёқилғиси ва ядро қуроли ишлаб чиқариш хомашёсининг 40 фоизи Ўзбекистоннинг Навоий тоғ-металлургия комбинати маҳсулоти эди.
Энг йирик мол-мулк ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда табиий бойликларни Иттифоқ ҳукумати ва бюджети ихтиёрига олиб қўйиш Ўзбекистонни “биринчи талаш” эди.
Солиқларнинг асосий қисми Иттифоқ бюджетига йиғилган
Шўролар даврида СССР давлат бюджети икки қисмдан иборат бўлган: Иттифоқ бюджети ва иттифоқдош республикалар давлат бюджетлари. Маблағларнинг катта қисми Иттифоқ бюджетига йиғилган. Жумладан, 1988 йили СССР ҳудудида йиғилган барча даромадларнинг 53,4 фоизи, 1989 йилда эса 50,7 фоизи Иттифоқ бюджетига тушган. Иттифоқ бюджети маблағлари СССР ҳукуматининг, иттифоқдош республикалар давлат бюджетлари эса ўз ҳукуматларининг вазифа ва тадбирларини молиялаштирган.
СССРнинг охирги йилларига қадар амал қилган қонунчилик бўйича қуйидаги солиқ, тўлов ва даромадлар Иттифоқ бюджетига тушар эди:
— корхона ва ташкилотлардан олинадиган оборот солиғи (иттифоқдош республикалар давлат бюджетларига бериладиган қисмидан ташқари);
— Иттифоққа бўйсунадиган давлат бирлашмалари (корхоналари), хўжалик ташкилотларидан олинадиган ишлаб чиқариш фондлари учун тўловлар, маблағларнинг эркин қолдиғи взнослари (бадаллари), қатъий тўловлар, фойдадан ажратмалар;
— аҳолидан олинадиган даромад солиғи (иттифоқдош республикалар давлат бюджетига бериладиган қисмидан ташқари);
— божхона даромадлари;
— давлат ижтимоий суғурта маблағлари (пенсия тўлаш учун иттифоқдош республикалар давлат бюджетига бериладиган қисмидан ташқари);
— геологоразведка ва геологик қидирув ишлари бўйича харажатларни қоплаш учун олинадиган ажратмалар;
— давлат ички ютуқли заёмини сотишдан келган маблағларнинг 50 фоизи;
— СССР қонунчилигида кўзда тутилган йиғимлар ва солиқ характерига эга бўлмаган турли даромадлар.
Иттифоқдош республикаларнинг давлат бюджетларига тушадиган солиқ, тўлов ва даромадлар рўйхати:
— СССР давлат бюджети тўғрисидаги қонунида ҳар йили белгиланадиган иттифоқдош республикалар ҳудудида йиғиладиган оборот солиғидан ажратмалар;
— республика ва маҳаллий бўйсунувдаги бирлашмалар (корхоналар), ташкилотлардан йиғиладиган фойдадан тўловлар;
— кооператив, жамоат корхоналари ва ташкилотларидан олинадиган даромад солиғи;
— аҳолидан олинадиган даромад солиғининг 50 фоизи;
— давлат ички ютуқли облигациялари ва пул-буюм лотереяларини сотишдан йиғилган тушумларнинг 50 фоизи;
— колхозлардан тушадиган даромад солиғи;
— қишлоқ хўжалиги солиғи;
— турмуш қурмаган, ёлғиз ва оила сони кам фуқаролардан солиқ;
— ўрмон даромади;
— давлат ижтимоий суғурта маблағларидан пенсия тўлаш учун иттифоқдош республикалар давлат бюджетига бериладиган маблағлар;
— давлат божи, кинофильмлар намойиш қилишдан йиғиладиган даромадлардан олинадиган солиқ, маҳаллий солиқлар;
— ижара даромадлари ва шаҳар ер участкаларини сақлаш ва яхшилаш харажатларини қоплаш учун йиғиладиган тушумлар;
— мақсадли маблағлар тушумлари;
— йиғимлар ва солиқ характерига эга бўлмаган турли даромадлар.
СССР ҳудудида йиғиладиган солиқ, тўлов ва даромадларни Иттифоқ ва иттифоқдош республикалар бюджетлари ўртасида тақсимлаш тартибидан кўриниб турибдики, уларнинг энг йирик ва асосий турлари СССР давлат бюджетига тушар эди.
Ўзбекистон мулки ва аҳолисидан йиғиладиган солиқларнинг асосий қисми ҳам олиб қўйилган
Бундан ташқари, Ўзбекистонга тегишли мулкдан йиғиладиган солиқ ва тўловлар ҳамда аҳоли тўлайдиган солиқларни тасарруф қилишда “иккинчи талаш” амалга ошириларди. Яъни Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатадиган ва республикага тегишли мулк ҳисобланадиган корхоналар тўлайдиган солиқларнинг энг йириклари ҳам Иттифоқ даромади ҳисобланарди.
Давлат бюджети даромадларини ташкил қилишнинг тартиби шундай эдики, ҳатто иттифоқдош республика аҳолиси тўлайдиган солиқларнинг ҳажми бўйича энг катталари ҳам Иттифоқ бюджетининг тасарруфида эди. Жумладан, аҳолидан олинадиган даромад солиғининг 50 фоизи, давлат ички ютуқли облигациялари ва пул-буюм лотереяларини сотишдан йиғилган тушумларнинг 50 фоизи, давлат ижтимоий суғурта маблағларининг катта қисми ҳам Иттифоқ бюджетига олиб қўйиларди. Соғлом фикр нуқтаи назаридан иттифоқдош республика аҳолиси тўлайдиган солиқларнинг катта қисмини Марказга олиб қўйишни тушуниш қийин эди.
Ўзбекистон иқтисодиёти кўпроқ хомашё ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Қайта ишлаш эса бошқа республикаларда амалга ошириларди.
Масалан, рус мутахассисларининг фикрича, 1990 йили Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1,637 миллион тонна пахта толасининг 70 фоизи бошқа иттифоқдош республикаларга экспорт қилинган. Бу нотўғри рақам. Негаки, расмий статистика маълумотларига кўра, 1990 йили Ўзбекистонда пахтадан 104,4 минг тонна ёки республикада етиштирилган барча толанинг 6,4 фоизи миқдорида калава ип ишлаб чиқарилган.
Демак, мустақилликка қадар бўлган даврда пахта хомашёсининг 6-8 фоизигина бор-йўғи Ўзбекистонда қайта ишланиб, унинг 92-94 фоиздан ортиғи бошқа республикаларга жўнатиларди.
Ипак мато ва қоракўлчиликда аҳвол бундан ҳам оғир эди. 1990 йилда СССРда ишлаб чиқарилган ипак мато (деярли 144 миллион квадрат метр) ва қоракўл терининг (2,5 миллион дона) деярли ҳаммасини Ўзбекистон етказиб берган ҳамда унинг 70 фоизи тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун Россия ва Украина саноат корхоналарига жўнатилган.
Нарх сиёсати ҳам иттифоқ фойдасига хизмат қилган
Собиқ СССРда нарх сиёсати мустамлака давлатга хос ташкил қилинган. Унинг муҳим жиҳати шунда эдики, хомашё ва ундан тайёрланадиган тайёр маҳсулотларнинг фойда нормаси бир-биридан 5-15 баравар ва ундан кўпроқ фарқ қиларди. Яъни қайта ишловчи корхоналар хомашёни етиштирувчиларга нисбатан анча баравар кўп фойда олишарди.
Ўзбек деҳқони 1 тонна пахта толаси учун 2000 рублга яқин пул олса, шу миқдордаги хомашёни қайта ишлашдан 30 минг рублдан кўпроқ, яъни 15 баравардан кўпроқ суммада маҳсулот олиш мумкин эди. Масалан, пахта хомашёсини бирламчи қайта ишлашда ундан мато олинарди. Мато ишлаб чиқарувчи корхона бир бирлик маҳсулотдан пахтани етиштирувчига нисбатан 7-9 ва ундан кўп баравар фойда оларди ва у фойда оборот солиғи шаклида бюджетга тушарди.
Матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда олинадиган фойда бундан ҳам кўп бўларди ва у ҳам оборот солиғи таркибида бюджетга олинарди. Пахта хомашёсидан мато ишлаб чиқарадиган ва тайёр кийим тикадиган корхоналарнинг энг йирик ва асосий қисми Россия, Украина ва Белоруссия республикаларида жойлаштирилганлиги учун у тармоқлардан олинадиган улкан миқдордаги фойда корхонанинг бўйсунув даражасига қараб Иттифоқ ва ўша республикалар бюджетларига йиғилар эди. Бу орқали Ўзбекистонни “учинчи талаш” юз берарди.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш корхоналари томонидан яратилган даромад ва республика аҳолиси тўлайдиган солиқ ва тўловларнинг асосий қисми Иттифоқ ва бошқа республикалар бюджетига олиб кетиларди.
Натижада республика бюджетига даромад етмасди
Ана шундай қайта-қайта талаш оқибатида Ўзбекистонда қолдирилган даромад унинг бюджети даромад қисмини ташкил этишга етмаслиги табиий эди. Масалан, қуйида келтирилган жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, 1987-1989 йилларда Ўзбекистон давлат бюджети даромадлар қисмининг ўртача 23,5 – 28,4 фоизи собиқ Иттифоқ бюджетидан республикага бериладиган субвенция ва турли мақсадли тадбирлар ўтказиш учун республика ҳудудида йиғилган солиқларнинг бир қисмини гўё Марказнинг марҳамати сифатида республика бюджетига қайтариб бериладиган қисмидан иборат эди.
СССРнинг охирги йили, яъни 1991 йилда Ўзбекистон учун янада оғир молиявий аҳвол юзага келди. Иттифоқ раҳбарияти билан муросасиз кураш йўлига ўтган Россия Федерацияси ҳукумати СССР давлат бюджетига Россия ҳудудидан йиғиб олинадиган маблағларнинг Иттифоққа тегишли қисмини ўша пайтда амал қилган қонунчиликка зид равишда бермай қўйди. Мазкур ҳолат СССР Иттифоқ бюджетидан Ўзбекистонга қайтиши режалаштирилган субвенция ва бошқа маблағларнинг бутунлай тўхтаб қолишига олиб келди.
Натижада Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилда давлат бюджетининг камомади (дефицити) унинг умумий харажатларига нисбатан 44 фоиздан зиёдни ташкил қилди.
Ўзбекистон давлат бюджети бундай кутилмаган ҳолатга тайёр эмасди, шу сабаб унинг иқтисодиёти ва бюджет тизими бутунлай издан чиқиб кетиш хавфи остида қолди.
СССРнинг охирги йилларида вазият янада мураккаблашди
1990 йилдан СССРнинг парчаланиши тезлашди, давлатни бошқаришнинг узоқ йиллардан бери амал қилиб келган тизими бузила бошлади, инфляция даражаси кўтарилиб кетди. Натижада СССР давлат бюджетининг 1990-1991 йилги кўрсаткичлари объектив реалликни ифодалай олмай қолди. Негаки, инфляция жуда юқори эди ва унинг ўсиш даражасига қараб, давлат бюджети кўрсаткичлари йил давомида қайта-қайта ўзгартириб борилди. Шу сабабларга кўра бу мақолани ёзишда ана шу йиллардаги давлат бюджетига тегишли рақамлар ишлатилмади, чунки йил давомида бир неча ўн марталаб ўзгарган рақамларни ишлатишнинг мантиғи йўқ эди.
Юқорида келтирилган жадвал шоҳидлик беряптики, Иттифоқ бюджетидан Ўзбекистон бюджетига бериладиган молиявий кўмакларга доир рақамларнинг ҳаммаси СССР давлат бюджетининг харажатлар ва Ўзбекистон давлат бюджетининг даромадлар қисмида аниқ кўрсатиб қўйиларди. СССР ва Ўзбекистон давлат бюджетлари кўрсаткичлари очиқ эълон қилинганлиги учун бу рақамларни кўпчилик билиши табиий эди.
Шу тариқа “биз Ўзбекистонни боқяпмиз. Ўзбекистон ўзини ўзи боқа олмайди”, деган асоссиз “ақида” ўйлаб топилган ва у собиқ Иттифоқ халқларининг руҳига сингдириб юборилган эди. Шунга ўхшаш бошқа бир мақоланинг муаллифлари Парамонов ва Строковлар фикрича, СССР даврида Россия ва Белоруссия “донор” республикалар бўлган. Молдавия, Украина ва Қозоғистон деярли ўзини ўзи боққан. Ўзбекистон ва бошқа республикалар эса ўзи ишлаб чиқарган маҳсулоти ва яратган даромадига нисбатан кўпроқ маҳсулот истеъмол қилган, яъни боқиманда бўлган. Собиқ СССР даврида бундай мақолалар жуда кўп ёзилган, бу ҳолат ҳозиргача давом этиб келяпти.
Аслида ким кимни боқарди?
Бу фикрлар асоссиз эканлигини юқоридаги далиллар ҳам кўрсатиб турибди. Бу масала бўйича яна бир мисол келтириш мумкин. Академик И.Искандеровнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистондан 1988 йилда олиб кетилган хомашё ресурслари уларни қайта ишловчи республикаларда 40 миллиард рубль миллий даромад олиш учун моддий асос яратиб берган. Ўзбекистонда эса ўша йили олинган миллий даромаднинг умумий миқдори 23 миллиард рубль бўлган.
1988 йили Иттифоқ бюджетидан Ўзбекистонга берилган молиявий кўмакнинг умумий суммаси эса 2,8 миллиард рубль, 1989 йили эса 3,4 миллиард рубль бўлган. Мана шу рақамлардан ҳам Ўзбекистонга Москвадан берилган ёрдамга қараганда бу юртдан Иттифоққа ташиб кетилган ва олиб қўйилган бойлик ва даромадлар анча баравар кўп эканлиги кўриниб турибди.
Бу рақамлар фақат қишлоқ хўжалиги хомашёлари бўйича келтирилди. Хомашёлар Ўзбекистондан собиқ Марказга ташиб кетилган бойликлардан бир бўлаги, холос. Ўша пайтларда юртимиздан олиб кетилган бойликлар бундан анча баравар кўп эканлиги юқорида қайд этилди. Лекин биргина қишлоқ хўжалиги хомашёларини қайта ишлашдан олинган даромад Иттифоқ бюджетидан Ўзбекистонга бир йилда берилган молиявий ёрдам ҳажмидан 12-15 баравар кўп эканлиги собиқ Иттифоқ Ўзбекистонни боқмаганлигидан яққол гувоҳлик беряпти.
Аксинча, Иттифоқ билан Ўзбекистон ўртасида мол-мулк адолатли тақсимланиб, солиқларни Иттифоқ (СССР) ва республика (Ўзбекистон) бюджетларига тақсимлаш тартиби адолатли ўрнатилиб, ҳисоб-китоблар ҳам тўғри ташкил қилинганда, аслида, республикамиз “донор” эканлиги яққол кўринган бўларди.
Шундай қилиб, мустақилликка эришиш арафасида Ўзбекистоннинг давлат бюджети ўта оғир аҳволга тушиб қолганди. Юқорида бундай ҳолат юзага келганлигининг сабаблари кўрсатиб берилди.
Ўша даврда Ўзбекистон давлат бюджетининг шундоқ ҳам мураккаб ҳолатини қаттиқ оғирлаштирган яна бир нохуш воқеа юз берди. Яъни Ўзбекистон 1990 йили 12 миллиард АҚШ доллари миқдорида экспорт қилган. Унинг 15 фоизи Польша, Чехословакия, Венгрия, Болгария каби собиқ социалистик давлатларга тўғри келган. Бу 1,2 миллиард АҚШ долларига тенг суммани ташкил қиларди.
* * *
1991 йил 24 декабрда Россия Федерацияси ҳукумати барча ҳисоб-китоблар бўйича ўзини СССРнинг ҳуқуқий мероси, деб эълон қилди ва унинг барча активларини ўз тасарруфига ўтказди. Собиқ СССРдан қолган барча мол-мулк, даромадларни ҳам Россия олиб қўйди.
Шу тариқа, Ўзбекистон экспортчи корхоналарининг ҳисобварақларидаги валюта тушумлари ҳам Москва ихтиёрига ўтиб кетди. Бу ишни ташкил қилиш жуда осон эди, чунки у пайтда СССРдаги барча корхона ва ташкилотларнинг ташқи савдо ва халқаро ҳисоб-китоблари битта банкда, яъни “Внешторгбанк”да амалга оширилар эди.
Тўғри, СССРнинг бошқа давлатлардан қарзлари ҳам бор эди. Уларга жавобгарлик ҳам Россия Федерациясига ўтди. Лекин 1991 йил охирига ҳисоблаганда, СССРнинг ташқи қарзидан бошқа давлатларнинг СССРдан қарзи кўпроқ бўлган. Демак, Россия олиб қўйган валюта даромадлари ўша пайтда оғир аҳволда бўлган Ўзбекистон давлат бюджети учун муҳим молиявий кўмак бўлиши мумкин эди.
Мухтасар айтганда, шўролар даврида ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик ҳамда қатъий марказлаштирилган режалаштириш ва тақсимлаш механизми, энг йирик ва сердаромад мол-мулк ва корхоналарнинг Иттифоқ тасарруфида эканлиги, уларнинг даромадлари ва табиий бойликлар СССР ҳукумати ихтиёрига олиб кетилганлиги, Марказ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг мустамлакачилик сиёсатига хос ишлаб чиқилганлиги, республика иқтисодиёти бирёқлама ривожлантирилганлиги, асосан, хомашё етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилганлиги, пахта яккаҳокимлиги каби омиллар “Ўзбекистон ўзини ўзи боқа олмайди” деган бутунлай асоссиз ва ёлғон гап ўйлаб топилишига асос бўлган ва у ҳақида ҳамма ёқда жар солишарди.
Мазкур мақолада бу фикрнинг ҳеч қандай асосга эга эмаслиги собиқ шўролар даврида эълон қилинган расмий статистик ахборот ва рақамлар ёрдамида исботлаб берилди. Алексей Балиев ёзган “Россия Ўзбекистонга 700 миллиард долларлик ёрдам кўрсатган” деган фикр мутлақо пуч эканлиги, аксинча, Ўзбекистоннинг бойлиги ва даромадини олиб юрганлиги аниқ мисол ва рақамлар ёрдамида кўрсатилди.
