Ўзбекистон – Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори

Ўзбекистонга ташриф буюрган Польша қишлоқ хўжалиги вазири Стефан Краевский эксклюзив интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги аграр соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонга хуш келибсиз. Ташрифингиз якунлари бўйича Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги аграр ҳамкорликнинг қайси йўналишларини энг истиқболли, деб ҳисоблайсиз?

— Тошкентга биринчи марта келишим. Ҳақиқатан, бу ерда ташкилотчилик даражаси аъло даражада. Самимий қабул ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича мазмунли муҳокамалар ташкил этилди. Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги муҳим шериги ҳисобланади ва биз бу муносабатларни тизимли ва изчил ривожлантириш ниятидамиз.

Польша қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда катта салоҳиятни кўрмоқдамиз. Булар сабзавотлар, мевалар, энг аввало, поляк олмалари, гўшт ва сут маҳсулотлари, қандолатчилик маҳсулотларидир. Шу билан бирга, биз ўзбек товарлари импортига ҳам очиқмиз, бу ўзаро савдони мувозанатлаштириш имконини беради.

— Мамлакатнинг ўсиб бораётган экспорт салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича Польша инвестицияларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқдами?

— Польшада ҳам, Ўзбекистонда ҳам савдо уйларини ташкил этиш музокара дастурига киритилган. Бундай шериклик алоқалари товар айирбошлашни тезлаштириш ва барқарор етказиб беришни таъминлаш имконини беради. Ҳозирча, умумий маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда, аммо, аниқ қарорлар ва режалаштириш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳлар шакллантирилмоқда.

Польша Ўзбекистонга истиқболли ҳамкор сифатида қарайди. Бизни ўхшаш муаммолар, жумладан, иқлим ўзгариши, ёғингарчилик ва сув танқислиги бирлаштиради. Буларнинг барчаси янги барқарор ечимларни, қўшма илмий лойиҳаларни талаб қилади.

Олий таълим муассасаларимиз ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ва мутахассислар алмашинувини амалга ошириш, самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашдик.

— Польша ўзбекистонлик ҳамкорлар билан агрологистика, сертификатлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида технологиялар алмашиш имкониятларини қандай баҳолайди?

 

— Польшада юқори сифатли, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга эътибор катта. Бу ҳамкорларга стандартлар ва сертификатлаштириш учун қатъий талаб қўяди. Биз савдо-сотиқни кенгайтиришда бу нормаларнинг ҳар икки томон  ҳам бажаришини таъминлашни муҳокама қилдик.

Агрологистика алоҳида мавзу. Шу маънода, Польша ўзбекистонлик ташувчиларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўриб чиқишга тайёр. Яқин кунларда ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро самарадорликни ошириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олиш учун Польша инфратузилма вазири билан музокаралар ўтказаман.

— Сизнингча, қандай қилиб Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг Польша ва умуман Европа Иттифоқи бозорига чиқишини тезлаштириши мумкин?

 

— Муҳим йўналиш – икки мамлакат маҳсулотларига киришнинг марказий нуқталарига айланадиган савдо уйлари. Польша бозорини таҳлил қилиш, Ўзбекистондаги эҳтиёжларни ўрганиш ва мувозанатли етказиб беришни шакллантириш зарур. Гап, ҳар бир томон сунъий рақобат яратмасдан, балки талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиб бериши ҳақида бормоқда.

Шунингдек, эркин савдо, қўшимча тўсиқларсиз амалга ошириш учун ветеринария ва санитария талаблари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги нормаларини мувофиқлаштириш керак.

 

— Катта раҳмат, яна бир бор Ўзбекистонга хуш келибсиз!

— Сизга ҳам ташаккур.

Ҳ.МЕЛИҚЎЗИЕВ суҳбатлашди.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − fourteen =