Журналистлар боғи барпо этилди

“QIZILQUMSEMENT” заводининг йиғилишлар залида Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида мазкур корхонада ташкил этилган медиа-тур — матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда корхона бош директори ўринбосари А.Саломов  акциядорлик жа­миятининг ўтган бир йиллик фаолияти, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда экология билан боғлиқ лойиҳалар юзасидан ахборот берди.

Ҳозирда корхона ҳудудида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташлайдиган 303 та манба мавжуд бўлиб, уларнинг 116 таси чанг ушловчи воситалар билан жиҳозланган. Ҳавога асосан углерод оксиди, шунингдек, азот, олтингугурт оксидлари, клинкер ва цемент чанглари  кўтарилади. Барча цехларда экологик хавфсизлик масалаларига етарли даражада эътибор қаратилгани туфайли мазкур ташланмаларнинг 98 фоизи ушлаб қолинади. Айни пайтда юртимиз қонунчилигида белгиланган меъёр бўйича бир тонна цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш жараёнида 8 килограммгача чанг ҳавога кўтарилиши мумкинлиги меъёр сифатида белгиланган бўлса, “QIZILQUMSEMENT”да бу кўрчсаткич ҳар тонна маҳсулот учун 2,5 килограммни ташкил этяпти.

Таъкидлаш керак, 3400 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган гигант корхонада нафақат цемент, балки 10 дан зиёд бошқа қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Цемент маҳсулоти бир неча йиллар илгари Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинган бўлса, кейинги йилларда юртимизда қурилиш ишларининг жадаллашуви эвазига ишлаб чиқилган маҳсулотлар тўлиқ ички бозорга етказилиб берилмоқда. Фақатгина, оҳакнинг 90 фоизи ҳозирда Қозоғистон давлатига экспорт қилиняпти.

— Завод ҳудудида икки мингдан зиёд дарахтлар экилган, — дейди акциядорлик жамиятининг Меҳнатни муҳофаза қилиш ва экология бошқармаси бошлиғи О.Ражабов. — Айни пайтда кўкаламзорлаштириш ишлари кенгайтирилиб борилмоқда.

Медиа-тур давомида журналистлар корхона ҳудудида арча кўчатларини ўтқазишди. Рамзий маънода мазкур кўкаламзорлаштирилган ҳудудга “Журналистлар боғи”, дея ном берилди.

Озод Мустафоев,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси Навоий вилояти бўлими мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 2 =