Алгоритм ва тил: ким ғолиб?

Бугун ижтимоий тармоқлардаги видеоларга бирор шарҳ ёки изоҳ ёзмаган, кимнингдир постига жавоб қайтармаган одам камдан-кам топилса керак. Бетакрор ва бетартиб ахборот оқими иштирокчиси бўлмаганлар эса жуда ноёб. Чунки аллақачон ҳаммамиз — каттаю кичик ушбу талатўпнинг бир заррасига айланиб улгурдик. “Telegram”-каналлар, “Instagram”-изоҳлар, “TikTok”-шарҳлар энди шунчаки “интернет” эмас. Бу миллионлаб одамларнинг кундалик мулоқот тили шаклланаётган янги майдондир. Ва у тилимизни ўзгартирмоқда. Секин, лекин ишончли.

Бундан бир аср муқаддам маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний бонг урган ҳақиқат бугун янада долзарб. Тил миллатнинг шунчаки алоқа воситаси эмас, унинг борлиғини кўрсатувчи ҳаёт кўзгусидир. Шундай экан, рақамли дунё глобаллашуви гирдобида миллий тилнинг руҳини йўқотиш — миллатнинг ўзлигидан, ўз мустақил овозидан маҳрум бўлиши демакдир.

Мошкичири метафораси

Авлоний ўша пайтда тилга шунчаки ёт унсурлар кириб келаётганидан хавотир олиб: “Зиғир ёғи солиб, мошкичири каби қилиб аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”, — деган эди. Афсуски, бугун биз ўша “мошкичири”ни бирданига хорижий ва “рақамли тиллар” билан пиширмоқдамиз. Ижтимоий тармоқлар ва кундалик мулоқотимиз гибрид тилга айланиб улгурди. Сўзимизни ўзбек тилида бошлаб, рус тилида давом эттирамиз ва инглизча термин билан якунлаймиз. Энди бу ҳам камлик қилгандай, турли ҳиссиётларни ифодаловчи белгилар билан фикр баён этишга ўргандик — 2010 йилдан бошлаб ана шундай махсус белгилар телефонларимизни тўла эгаллади.

Лекин муаммо фақат тиллар қоришиб кетганида эмас. Унинг ўзаги чуқурроқ: тафаккур структурасининг ўзгаришидадир. Қисқа пост — қисқа фикр. Ҳиссиётларни ифода этувчи расмли белгилар кенгайтирилган тушунчалар ўрнини эгаллади. Бир жумлали, мураккаб масаланинг тўлиқ ифодасига даъво қилувчи ҳукмлар пайдо бўлди. Тил аралашса, фикр ҳам аралашади. Авлонийнинг “мошкичири” метафораси бугун янада ўринли: энди биз учта тилни бир қозонга солиб, устига алгоритмик тезлаткич қўшиб пиширмоқдамиз.

Бу шунчаки сўзлар қоришуви эмас, балки миллий тафаккурнинг парчаланишидир.

Кулгили йўқотиш

Ҳазрат Навоий беш юз йил муқаддам шундай ёзган эди: “Кўнгул махзанининг қулфи тил ва ул махзаннинг калитин сўз бил!” Бу фикр ҳам бугун янгича янграмоқда. Ижтимоий тармоқларда сўз кўнгил хазинасининг калити бўлиш ўрнига, кўпинча қулфга айланмоқда. У одамларни жим қилиш, қадр-қимматини топташ ва масхара қилиш учун ишлатилмоқда.

Навоий яна шундай деган эди: “Катта кишилар ёшларни масхара ва кулги қилса, улар қошида ўзи шунча обрўсиз ва бачкана туюлади; ёшлар ҳам катталарга нисбатан ҳазил ва енгилтаклик қилса, унинг қошида уятсиз ва эътиборсиз бўлади”. Бу сўзлар худди бугунги ижтимоий тармоқлардаги сўз майдонига қарата айтилгандек туюлади.

Дарҳақиқат, бугун “мем” форматидаги контентлар орқали кимнидир оммавий масхара қилиш, кулгига олиш авжига чиқди. Айниқса, оилавий муносабатлар мавзуси қизигандан-қизиди. Илгари кўзига тик қарай олмай, гапимизни оналаримиз орқали отамизга етказар эдик: инсоний уят, ҳурмат ва нозиклик бу мулоқотда ўз ўрнини биларди.

Бугун эса худди ўша муносабатлар бемаъниларча оммага намойиш этилиб, аудитория тўплаш воситасига айланди. Бундай контентлар қанчалик кулгили туюлмасин, шунчалик ачинарли ва аянчлидир. Сабаби унда нафақат тарбия ва қадриятлар, балки тилимиз — ўзлигимиз йўқолмоқда.

Танганинг икки томони

Жозибали ва мафтункор нутқлар, самимий мулоқотлар фақатгина илмий давраларда янграяпти, холос. Сир эмаски, маданий суҳбат иштирокчилари ижтимоий тармоқ аудиториясининг жуда кам қисмини ташкил этади. Муаммо мана шу ерда. Тил бузилган, қадриятлар топталаётган интернет денгизидан ёш авлод ҳам, катталар ҳам бирдек “сув ичмоқда”.

Бугун ижтимоий тармоқларда сўз кимнидир масхара қилиш, обрўсини тўкиш, аудитория йиғиш ва рақибни ерга уриш учун ишлатилмоқда. Бундан фойдаланишнинг бир томони алгоритмик жиҳатдан манфаатли, ижтимоий жиҳатдан “самарали”, лекин маданий жиҳатдан ҳалокатлидир.

Иккинчи томонда эса сўз ва тил қалқон вазифасини ўтайди. У миллий ўзликни ҳимоя қилиш, адабий тилни сақлаш, маданий хотирани, Амир Темур, Алишер Навоий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпонни янги форматда янги авлодга тушунтириш учун хизмат қилади.

Бу имкониятдан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти. Чунки рақамли майдон ўз-ўзидан бир кўзгудир: унда нима кўрсатилса, ўша кўпаяди. Агар миллий тилда чуқур, мазмунли ва гўзал контент яратилса, алгоритм уни ҳам тарқатади. Чунки алгоритм мазмунга эмас, эътиборга қарайди. Эътиборни эса қизиқарли, жонли ва ҳиссиётга бой контент тортади. Демак, савол шунда: миллий тилни, миллий тафаккурни интернетда қизиқарли қила оламизми?

Навоий ўз даврида ҳам худди шундай муаммога дуч келган: форс тили нуфузли, ўзбек тили эса “оддий” ҳисобланган. У шунчаки қуруқ даъво билан эмас, буюк асарлари билан жавоб берди; шу тилнинг қудратини кўрсатиб қўйди. Бугун бизда ҳам ўша имконият бор: фақат саҳна ўзгарди. Саҳна энди китоб эмас, экрандир.

Тилга ҳурмат — аввало, ўзингга ҳурмат

Муаммо шундаки, бу икки йўл ўртасидаги танлов ҳар доим ҳам онгли равишда амалга оширилмайди. Платформанинг “ҳийла”ларини тушунмай туриб, одамлар ўзларини “шунчаки ҳазил қиляпман” ёки “рост гапни айтяпман” деб ўйлашади. Ҳолбуки, улар, аслида, улкан бир машинанинг кичкина ғилдираги сифатида хизмат қилмоқда: ўз тиллари ва мулоқот маданиятини емирувчи машинанинг. Тушунарлироқ айтганда, кимдир айтган ҳар қандай ножоиз, нотўғри сўз, бачкана жумла ва ҳақоратомуз гаплар ортидан ана шундай беҳаё мулоқотлар лентаси оқиб келаверади. Унга берилган эътибор ва билдирилган изоҳ эса унинг янада кўпайишини таъминлайди.

Муаммонинг илдизини фақат техникага боғлаш ҳам нотўғри: унинг бир учи ўзимизга бориб тақалади. Аниқроғи, тилга бўлган ҳурматнинг йўқолишига. Ўз она тилида ёзаётганда жумлани тўғри ифодалашга уриниш — сўзнинг мантиғи ва қийматини ҳис қилиш, биргина ҳиссиётни ифодаловчи расмли белги (эможи) билан чекланиб қолмаслик демакдир. Бу — тарбия масаласи, мактаб масаласи, оила масаласи. Лекин, аввало, шахсий ўрнак масаласидир.

Миллат зиёлилари бўлган журналистлар, олимлар, ёшлар етакчилари ва таниқли шахслар қандай сўзлашса, аудиториянинг катта қисми ҳам шундай гапиради. Бу масъулият ҳеч қайси қонунда ёзиб қўйилмаган бўлса-да, жуда аниқ ва табиий жараёндир. Ҳазрат Навоий ўзи ёзди, ўзи намуна кўрсатди: неча асрлар ўтиб ҳам ўша тил тирик. Авлоний мактаб очди, газета чиқарди: унинг тили бугун ҳам ўқилади.

Рақамли майдонда ҳам худди шундай занжир ишлайди. Бир миллион кузатувчиси бор канал эгаси миллий тилда тўғри, мазмунли чиқишлар қилса, бунинг таъсири ўнлаб мактаб дарсликларидан кучлироқ бўлиши мумкин. Чунки у ихтиёрий кўрилади. Чунки у қизиқарли. Чунки уни ёш авлоднинг ўзи танлайди.

Тилини йўқотган халқнинг ўзлиги ҳам, келажаги ҳам бўлмайди. Тил фақат мулоқот воситаси эмас, балки хотира ҳамдир. Усиз авлодлар ўртасида кўприк бўлмайди. Усиз кимлигимизни бошқалар тугул, ҳатто ўзимизга ҳам тушунтириб беролмаймиз.

Ижтимоий тармоқлар бу жараённи тезлаштириши ҳам, секинлаштириши ҳам мумкин. У бир вақтнинг ўзида миллий тил учун энг катта таҳдид ва энг катта имкониятдир. Бу имкониятдан фойдаланиш ёки уни бемаъни оқимга топшириб қўйиш айнан бизнинг қўлимизда.

Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази ходими.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + four =