Кино Олий ўқув юрти мукаммаллашуви омилларини биламизми?

Биринчи мақола

МУҚАДДИМА

Ижод, кино, аудиовизуал маданий алифбоси, техникаси, эстетикаси, имкониятлари ва чегараларини махсус билим юртида ўрганмаган, ўзлаштирмаган бирор санъаткор жаҳон миқёсида шуҳрат қозонмаган. Бундан биз кўп ва узоқ ўрганган хоразмлик ҳамкасбимиз Худойберган Девонов истисно. Тангри берган иқтидорнинг куч-қуввати, қобилиятнинг ноёблиги ва у истиқомат қилган даврнинг ёрқин сиймолари ўз фаолиятлари билан яратган муҳит кино санъатимизнинг қалдирғоч арбоби аудитория, росмана экран, видео, овоз ва ранг, электрон техника ва ихчам камералар бўлмаганда ҳам ХХ аср санъати — кинематограф мўъжизаси сирларини англаб, унинг кўмагида бир-бир ярим аср муқаддам содир бўлган воқеалар, эндигина барпо этилган миноралар, мачитлар қуббалари, хиваликларнинг кўринишлари, кундалик ҳаётини кино тасмасига муҳрлаш имконига эга бўлди.

Мавлоно Огаҳий шоҳ ва шоир Феруз саройида эндиликда барчамиз хиргойи қилиб юрадиган “Феруз” ашуласини тинглаган, унинг ажойиб куйи, дурустгина ёзилган мисраларини ҳам қабул қилган. Лекин санъатнинг жонкуяр ҳомийси, адиб ва хоразмшоҳ Феруз Огаҳийга сарой аҳли гувоҳлигида сўз айтган: “Йўқ, домла, оҳанг дурустдур, лекин шеърни сиз ёзинг. Шу куйга тушар ёзганингиз”, деб буюк “Феруз” ашуласи мукаммаллашувини таъминлаган давр эди. Х.Девонов шоир Огаҳийдан илҳом олиб, тарихнавис Огаҳийдан тарихий воқеаларни, кундалик ҳаётни қай тарзда, Бобур айтганидек, бетакаллуф, ҳаққонийлик мезонларини ҳис этиб тасвирни ҳаракатда, ўзаро боғлиқ ҳолда, узлуксиз бир тарзда тасмага муҳрлаган. Зеҳни ўткир, Европа ва Шарқ тилларини ўрганиб, қўллаб, телескоп, граммофон, велосипед ғилдираги айланиб электр энергиясини пайдо қилишини кўриб, ҳайратомуз ҳолатда бу янгиликлардан фойдаланиш йўлларини излаган, топган ҳам. Унинг биринчи устози Вильгельм Пиннер (уни ёш Худойберган “Пинар бува” деб атаган) ҳамда бу немис билимдони истиқомат қилган Хива яқинидаги қишлоққа бориб турган.

Ўзбек киноси тарихидаги энг мукаммал ишланган овозсиз фильм “Тонг олдидан”нинг муаллифи, режиссёри, бош роль ижрочиси Сулаймон Хўжаев кино техникаси, эстетикасини Москвада, буюк С.Эйзенштейн дарсларида ўрганган. Унинг асарларидан озиқ олган, уларнинг бевосита таъсирида сценарий ёзган, фильмнинг ҳикоя мақомини, мажозий ифодаларни қўллаш йўлларидан илк бор воқиф бўлиб, тажрибани ўзлаштириб борган.

Шу боис “Тонг олдидан” тарихий драмасида бирорта нуқсон учрамади. Лекин асарни, унинг буюк ижодкорининг самарали меҳнатини шўролар даври қабул қилмади. Ваҳоланки, бу асарлар — сценарий ҳамда унинг кинотасвирдаги ифодаси Москвада, Эйзенштейн сабоқларини, ўгитларини ўзлаштириш натижасида туғилган эди. Биргина тафсилот — кино ўқув юртида Сулаймон Хўжаев фарзанди Ҳамид Сулаймонов билан бирга, бир аудиторияда ўқиган, уққан ҳам.

Наби Ғаниев Вхутемас ўқув даргоҳида таълим олиш даврида Москвада кино аҳли, адиб Абдулла Қодирий билан учрашиб турган. Дўстлик, иноқлик узоқ давом этган. Қатағон йиллари бу ҳамкорлик самара беришига тўсқинлик қилган. Фақат Иккинчи жаҳон уруши йиллари назорат бироз сустлашган ҳамда Наби ака бир йўла бир вақтнинг ўзида икки дурдона — “Тоҳир ва Зуҳра” ҳамда “Насриддиннинг саргузаштлари” асарини яратган. Кейинчалик режиссёр, актёр, сценарийнавис сифатида танилган Наби Ғаниев юртимизда мустақил фаолияти, чоризм адолатсизлигига қарши фаолияти билан танилган: пьесалар, жажжи сценарийлар ёзган, мусаввир сифатида танилган. Самарқанд атрофида Намоз исмли халқ қаҳрамонининг ҳаёти лавҳаларини тўплаб, газетада эълон қилиб, катта фильм тайёрлашга тараддуд кўрган. Бу ҳолни биз атайлаб таъкидлаб ўтмоқдамиз. Чунки Москвада ўқиган айрим ватандошларимиз юрт билан узвий алоқада бўлмагани, меросимизни ўрганмагани сабабли айрим нуқсонларга йўл қўйганлари ҳам маълум. Бинобарин, таълим жараёни менталитет, ўзига хослик, меросни барҳаёт деб билиш билан ҳам боғлиқ деб биламиз.

Олий таълим зарурати

Шуҳрат Аббосов, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Рашид Маликов каби миллий режиссуранинг кейинги авлоди вакиллари гуманитар соҳадаги уқувларини юртимизда бошлаб, ўзга юртда — Россиянинг олий режиссёрлик курсларида давом эттириб, камол топиб, “Сен етим эмассан”, “Тошкент — нон шаҳри”, “Чашма”, “Илова”, “Фариданинг 2000 қўшиғи”, “Қор қўйнида лола” каби дурдоналарни яратгани, Қамара Камолова ва Рашид Маликов ҳам шу даражадаги олий кино таълимидан баҳраманд бўлиб, “Йўл бўлсин”, “Матонат” дурдоналарини яратганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Бу асарлар яратилиши даврида ўнлаб, ҳатто юзлаб заиф, нурсиз тасмалар ҳам экран сари йўл олганини тилга олганимизда, кино таълимини олий ўқув юртларида, сценарийнавислар ва режиссёрларнинг олий курсларида (Москвада) таҳсил кўрмаганларга малака, билим, маҳорат етишмаганини қайд этамиз. Йиллар, ўн йилликлар давомида муаммога айланиб келаётган мазкур ижодий, техник, кино ишлаб чиқаришнинг маъмурий, молиявий, техник соҳаларида мутахассислар етишмаслиги эмас, умуман йўқлигига қарамай давом этаётган фаолиятнинг кемтик жойлари йил сайин ортиб бораётгани табиий ҳол бўлиб келяпти. Кўп миллатли, кўп меҳнатли, кўп харажатли кино маҳсулотини шу соҳани эгаллаган адиб, санъаткор иқтисод ва техника ходими билан биргаликда ижоднинг деярли барча тармоқлари билан ҳамкорликда яратади. Бу жараён ойлар, йиллар давомида ақлий, ижодий, жисмоний, ташкилий, иқтисод соҳасидаги меҳнат эвазига фильм деб аталадиган бадиийликка даъвогар бўладиган маҳсулот барпо этилиши билан якунланиши кўзда тутилади. Бундай мутахассисларнинг ўзи борми бугунги кино даргоҳида? Агар бўлса, уларнинг сафи муттасил тўлдириб бориляптими? Бадииёт, электрон техника тайёргарлиги даражаси талаб даражасида бўлмаганлар билан кимлар ишлаяпти?

Бу каби риторик саволларга жавоб олиш амримаҳол бўлса керак. Олий даражада кино таълимини олган истеъдодли мутахассисларнинг янги авлоди студиямиз остонасини ҳатлаб ўтмай қўйганига неча йил бўлди? Мақоламиз дебочасида жаҳон миқёсида танилган ўзбек ўғлонлари (улар орасида биргина қобилиятли аёл бор — режиссёр Қамара Камолова)нинг барчаси Москвада ВГИКда, режиссёрларнинг, сценарийнависларнинг олий курсида таълим олганини бежиз айтиб ўтмадик. Режиссёрлар, уларнинг хизматида бўладиган фильм директори, ассистентлар, ёрдамчилар, маъмурларнинг сони эса юздан ортади. Ўртамиёна асарлари билан кун кўрганларнинг бирортасини эслаш ҳам амримаҳол. Айрим мисоллар билан фикримни тасдиқлашга уриниб кўрай. Икки буюк қалам соҳиби Абдулла Қодирий ҳамда Чингиз Айтматовнинг асарлари бўйича суратга олинган икки фильм бамисоли кино соҳасида бесаводлар томонидан ясалганга ўхшайди. “Сарвқомат дилбарим” қиссаси тўртинчи марта экранлаштирилишида Ч.Айтматовни “тўғрилаб” қўйиш ният қилингандек. Севиб уйланган Илёс Асалга хиёнат қилиши, кайфу сафога берилиши, Хадича билан интим муносабатда бўлиши тафсилотлари билан кўрсатилади-да, унинг оғзига кино аҳли Асал билан қолишни истаганини билдирувчи сўзларни “солиб” қўйиши Чингиз Айтматов асарига ёт-ку! Асал — тоғ қизи. Тинимсиз эсадиган тоғ шамоли, йироқлардаги кимсасиз дала-даштдаги бир-икки хонадонда кўпроқ танҳо қолиб, тоғ қизи сифатида шаклланган қизни довонлар оша олиб келиб гавжум, серхонадон, сержаҳл аёлга яқинлаштириб қўйиш кимсасиз ўлкада шаклланган характерга мутлақо зид кўринади… Мажозий ифода бевосита воқеалар моҳияти, Асал драмаси билан мутлақо боғланмаган. Актёрларнинг бирортаси Айтматов чизган, бадиий таърифлаган қаҳрамонларга ўхшамайди ҳам. Фильмда қиссанинг шоирона руҳи, топталган севги-садоқат драмаси очилмай қолган. Оддий, анъанавий учбурчак, саёз мелодрама даражасига тушиб қолган.

Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи руҳига, образлар таърифи, ечимига мос келган, муҳими, катта эпик асарда илгари сурилган мангу севгисига содиқ қолгани, уларнинг нафис портретлари, ишқ ўтининг турли вазиятдаги ифодаларининг ҳаётийлиги, ўша зиддиятларга тўла даврнинг аянчли кўринишлари фильмда намоён бўлмади. Балоғат ёшига етган қиз кўчада, бозорда юзи очиқ юришига нима дейсиз? Қодирий қаламга олган давр аёллари паранжига ўралган, 12-13 ёшли қизалоқлар кичик бир эчки, қўй, мол тўдасига алмаштирилган вақт эмасмиди?

Киностудияда, суратга олиш майдончаларида, айниқса, янги фильм кўриклари ва муҳокамаларида маърузаларни тинглаб, ўзаро суҳбатларда савол бериб ҳайрон бўлганман кўпинча. Сабаби, олий кино таълимининг бошланғич курсларидаги талабалар ҳам аллақачон кино қонуниятларини, атамалар ҳамда уларнинг маъноси “талабларини” ўзлаштирган бўладилар. Бизда бир қатор фильмларнинг режиссёрлари билиши, амал қилиши зарур бўлган, фақат кинога, унинг ишлаб чиқаришига тегишли тушунчалардан воқиф бўла олмаганлари мени ҳайратга солади ҳар гал. Масалан, Эйзенштейн ҳамкасблари билан ихтиро қилган контрапункт овозни тасвирга зид қўйишни тақозо этади. Уни бир суҳбатдошим (режиссёр) билмас экан. Демак, у ўз қаҳрамонига таъриф беришда овоздан, мусиқадан фойдаланишда зўр ифода воситасини ишлатишни билмайди. Яна бири физиогномика — субъектнинг ташқи қиёфасидан уни билиш, англаш, бинобарин, роль тақсимланишида бу талабдан келиб чиқиш имконияти ҳам бўлади. Бу физиогномиканинг кўринишлари адабиётда, театрда учраб туради. Лекин кино, унинг йирик плани (деталь деймиз) (у йирик пландан ҳам йирик), ёшланган кўзлар, масалан, қаҳрамон характери ва ижросининг руҳий кечинмалари ўртасидаги тафовут кўзга ташланади дарҳол. Бу услуб ўзлаштирилмаган.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Демак, кинодаги бесаводликни олий кино таълим даргоҳлари ҳамда кино хизматида бўлишни орзу қилганлар умр жараёнида, мустақил мутолаа дамларида билиши, ўрганиши зарурлиги ўз-ўзидан маълум.

Шу боисдан ҳам ТВда, ОАВда, китобларимизда кино-теледорилфунуни ташкил этилишига катта эҳтиёж борлигини йиллар давомида айтиб, ёзиб келмоқдамиз. Ҳатто бўлажак машғулотларнинг илмий асослари, дастурлар мазмунан теран, бугунги кун даражасида бўлишини, айни бир вақтда электрон техника кўмагида талабага равон, қизиқарли шаклда етказилиши жараёнлари ҳақида мушоҳада қилдик. Ўша дамда Тошкент халқаро фестивалининг ташкилий қўмитаси, Бош дирекцияси аъзоси сифатида ваколат олиб, бўлажак кино академиясининг таркиби, жойлашуви, маърузалар ва амалиёт дарслари (практикум) концепциялари мазмуни, олий вазифалари ҳақида маслаҳат тариқасида (ўша вақтдаги Бош вазир ўринбосари А.Азизхўжаев маслаҳати билан) дорилфунун таркиби, педагоглар фаолияти концепцияси ҳақида суҳбатлашган эдик.

Чегара билмас тажриба

Ўз асарлари билан қирғиз киноси туғилиши, ривож топа бошлашини таъминлаган Чингиз Айтматов билан ҳам кун давомида бирга бўлганимизда, бир мулоҳазамни, таклифимни айтиб, у кишининг жавобларини эшитиб мамнун бўлган эдим:

— Чингиз Тўрақулович, Тошкентда Туркистон кино-телеакадемияси таъсис этилишига қандай қарайсиз?

— Яхши янгилик! Тошкент ўзининг кино ва телевидение олий ўқув юртига эга бўлиши!

Дарҳол сўрадим:

— Режа амалга ошса, бир ойга юртимизга келиб маъруза ўқишга, амалий машғулотларни ўтказишга вақтингиз бўладими? Фақат кино, унинг эстетикаси, айниқса, адабий асоси ҳақидагина эмас, Европа, Осиё адибларининг кўҳна анъаналарини қамраб олишингизни назарда тутиб истагимни билдиряпман.

— Бораман. Ўзбекистон буюк давлат. Фақат, фикримча, Туркистон эмас, Ўзбекистон ёки Тошкент давлат кино университети деб номлаш керакмикин? Қўшни мамлакатларга ҳам маъқул бўлар, менимча, — деб оқил ва одил маслаҳат берган эдилар.

Бу масала билан Пекинда ҳам шуғулландим. Пекин олий кино мактаби аудиториясида машғулотлар ўтказилиши, талабалар мустақил равишда навбатдаги дарсга тайёрланишини узоқ кузатиб бордим: 20 дан ортиқ талаба сиғадиган катта аудиторияга шунча — 20 та ихчам ячейка (алоҳида хона) ўрнатилган. У ерда монитор, видеомагнитофон, кўрикни бошқариб борадиган иккита пульт бор. Қулоққа эшитгич-наушникни тақиб олиб, экранда тасвирни кўриб, зарур бўлса, ҳар бир эпизод (ҳатто кадр)ни қайта-қайта кўриб, қайси нуқтадан суратга олинганини, чироқлар — электр ёғдулари қайси томондан нур таратиб турганини, хуллас, бақувват фильмни батафсил таҳлил қилиш учун зарур бўлган тараддудни узоқ томоша қилдим. Талабалар ва педагоглар қизиқишимни кўриб, ўқув жараёни билан бевосита устахонада танишаётганимдан хурсанд бўлганларини айтдилар.

Олий кино мактабида Европа, Африка, Осиё мамлакатларидан келган кўп йигит ва қизлар жуда иноқ экан. Менга жуда маъқул бўлгани — талабалар диққати адабий ва маданий меросга: Конфуцийга, шеъриятга, ўзига хос театр анъаналарига, вокал санъатига қаратилгани бўлди.

Делегация таркибида Куала-Лумпурга ҳам бордим. “Мени Малайзия киноакадемиясига ташлаб кетинглар, эртага меҳмонхонада сизларни излаб топаман”, деб илтимос қилдим. Кўнишмади. Кун ботгунига қадар ўргандим ўқув дастурларини. Ўқув фильмларини эрта тонгда келиб кўрадиган бўлдим. Жажжи ўқув кинотасмаларида Малайзия академияси талабалари Европа, айниқса, Ғарбий Европа киносига тақлид қилаётганларини сездим. Одоб сақлаб, ёш ҳамкасбларимга меҳр улашгандек бўлиб, миннатдорлик ҳис-туйғулари орасида танқидни ҳам айтишга уриндим.

Малайзия киноакадемиясида ўқув қисми фильмлар яратадиган киностудия, тайёр маҳсулотни ижарага берадиган савдо-сотиқ бўлинмаси, маркетинг, илмий бўлим — булар яхлит организмни: киноакадемияни ташкил этишини ўрганишга лойиқ деб билдим. Яна бир менга маъқул бўлган кўриниш — ўқув дастури ҳар куни мукаммаллашиб бориши кўзда тутилган. Бизга ҳам бажонидил ўша бойиб, ўзгариб бораётган ўқув дастурларини кўрсатишди.

Хитой Халқ Республикаси Олий кино мактабида тартиб ўзгача экан. Ўқув дастури съезддан съездгача ўзгармас экан. Хитой Компартияси съездида тасдиқдан ўтган дастур навбатдаги съездда янгиланиши, тўлдирилиши мумкин экан.

Илмга ташна талаба (ҳатто абитуриент) Аҳмад Фарғонийдангина эмас, унинг — юртдошимизнинг сатрларини ўқиб, қойил қолиб, билимига билим қўшилиб, маънавий бойлик орттираётган дамлардан воқиф бўладилар. Ақлга ақл қўшилишининг бу йўлларидан юртимиздаги кино ўқув юртларида фойдаланишармикин? Шарқшунослик институтининг бой фондидан маданий, кино малакасини бойитиш, мукаммалликни таъминлашнинг етакчи йўлларидан бири ҳақида мушоҳада қилмоқдамиз.

Оксфорд университетининг катта, ҳамиша сукунат ҳукм сурадиган илм даргоҳида фақат китоблар, ноёб қўлёзмалар варақланиши сержило мусиқа тўлқинларини эслатади. Бу файзли маконда икки кутубхона вакили каттагина ғилофга, сўнгра, қалин матодан ясалган қутига солинган “Шоҳнома”ни табассум билан, таъзим ва тавозени бу гал ҳам канда қилмай, тенги йўқ, баҳоси ҳам йўқ экспонатни столга қўйиб аста варақлаб, ҳаяжонланиб бизни ҳам кузатиб турганларни тасаввур этинг! Ахир улар — бири эронлик, паридек файзли, кўримли, меҳр-муҳаббатли эканлигини ўша куни мулоқотда бўлиб билдик, ишондик. Миниатюрада Парвардигоримизнинг тенги йўқ чеҳралари нозик парда ортида. Барча маҳлиё. “Суратга олмасангиз, илтимос”, деб илтифотларини, эътиборларини билдирдилар бизга. Фирдавсий даври муҳрланган бундай миниатюранинг ўзига тортиш, мафтун этиш кучини сўз ила таърифлаш осон эмас. Лекин олтин билан ёзилган матнли бу асар ёшлар маконида — жаҳонга машҳур Оксфорд университети кутубхонасида сақланиши, бинобарин, беғубор ёшлар, ғазалхон талабалар шу мафтункор, файзли қироатхонада Фирдавсийдек забардаст адиб қаҳрамонлари билан ғойибона учрашиб, паҳлавон Рустамнинг армонлари, Тахминанинг оламга сиғмас фарёди, Гурдофариднинг жасорати билан бирга ишқ ўтида ёниши, бу бир ҳаёт ва бадииёт ҳақиқати, навқирон ёшда ўзгача қабул қилинишининг ҳам эстетик, ҳам таълим-тарбиявий аҳамияти беқиёс бўлар. Афсонавий истеъдоди, билими билан жаҳонга танилган, киноназария ва амалиёти пири Сергей Эйзенштейн Фирдавсий дурдонаси — “Шоҳнома”ни болалигида ўқиб, умр бўйи унинг таъсирида бўлган, “Фарғона канали” сценарийсида эса “Шоҳнома”нинг сюжет қурилишини ижодий ўзлаштирганидан воқиф бўлганмиз.

Кино илми, таълими, бу — анча мураккаб ижодий, педагогик, ўқув соҳаларидаги мулоҳазалар яқин ўтмишда ижодий устозлик жасоратини кўрсатган Россия фуқароси С.Эйзенштейн шахсиятига, қолдирган бой назарий ва амалий меросига олиб келгани табиий ҳол бўлди. У мураббийлик, устозлик қилган, машғулотларни ҳам олим, ҳам бадиий ижод алломаси сифатида олиб борганини стенограммаларда тўлиқ сақланиб қолган маърузалар матнидан биламан. Унинг бирорта тадқиқоти, илмий-назарий очерки, сўз билан чизган портретлари ўзбек тилига таржима қилинмаганини кино таълими кун тартибига қўйилганида баралла айтиш, тадбир қўллаш зарур эмасми?! Умуман, бир-бирини илмий-амалий, ижодий-назарий жиҳатдан тўлдирадиган кино таълими маркази ВГИК ҳамда сценарийнавислар ва режиссёрлар олий курсининг самарали фаолияти жаҳон миқёсида тан олинган. Уларнинг тажрибаси кўп жилддан иборат асарларда ёритишга арзийди, фойда келтиришини комил ишонч билан айтиш мумкин. Бу ўқув даргоҳларининг бирида кино борасида бесавод, лекин истеъдоди сезилиб турадиган ёшларга катта ижод — кино оламига йўлланма бериб келиняпти. Олий курсларда эса (аввал сценарий ва режиссура бўйича икки алоҳида курсга қабул эълон қилинарди. Биз аспирантлар икки олий курс машғулотларидан баҳраманд бўлганмиз. Эндиликда икки олий курс бирлаштирилган) моҳир сценарийнавис ва режиссёрлар тайёрланади.

Юртимизда кино таълимига оид масалалар (асосан, ҳал этилишини кутаётган муаммолар)га бағишланган бирорта рисола, илмий очерк, ҳатто кенгайтирилган ахборотни учратмаганман. Лекин Наби Ғаниев ва Абдулла Қодирий, Сулаймон Хўжаев ва Худойберган Девонов долзарблигини йўқотмаган бу мавзуга урғу бериб ёзганлари, ваъз қилганлари маълум. Кинонинг табиати, таркиби, катта имкониятлари, озроқ чегаралари ҳақида тушунча беришни, ҳаваскор ижрочиларга кинонинг алифбосини ўргатиб, бу соҳадаги бесаводликка чек қўйишни мақсад қилган актёрлар студияси уруш йиллари, айниқса, 20-йилларда эса бироз жўнроқ вазифани — “тасмасиз фильмлар”ни яратиш жараёнида ўрганганлари олий кино таълими жараёнларини ёритишда тадқиқотчига қўл келар. Ана шу ўқув жараёни, саҳнада, суратга олиш майдончаларидаги панд-насиҳатлар, амалий машғулотларни тиклаб, таҳлил қилиб, биз мурожаат этган мавзуга илмий ёндашув йўлларини излаш паллаларини иккинчи мақоламизда қаламга олиш ниятидамиз. Бу илмий-ижодий-педагогик фаолият, ҳаракат самара бериши қийин бўляпти. Сабаби, бирорта ўзбек режиссёри илмий фаолият нашидасини татиб ҳам кўрмаган. Бинобарин, бугунги кинода, унинг таълимотида мавҳумот ҳукмронлиги давом этмоқда.

Ҳамидулла АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − two =