Касбнинг таги насиба

Сўнгги йилларда мактаб битирувчиларининг аксари меҳнат бозорига ҳеч қандай касб-корга эга бўлмасдан кириб келишаётгани ҳеч кимга сир эмас. Пировардида улар ҳаётда ўз ўрнини тополмай аросатда қолишмоқда.  Жамиятимиздаги мана шу кемтикни тўлдириш мақсадида  жорий ўқув йилидан бошлаб мактаб ўқувчиларини битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа қилиб белгиланди. Ушбу кенг қамровли лойиҳани амалга ошириш учун  барча туман ва шаҳарларда биттадан мактаб танлаб олиниб, касбга ўргатиш юмушлари йўлга қўйилди. Сирдарё вилоятидаги энг катта туман – Боёвутда бу масъулиятли вазифа 22-умумий ўрта таълим мактаби чекига тушди.

Хўш, битирувчи синф ўқувчиларини касб-ҳунар ўргатишга йўналтириш учун нега туманда айнан шу мактаб танланди? Бу саволга жавобни мактаб директори Облоқул Исановнинг гапларидан англагандай бўлдик.

— Мактабимиз 2021 йилда тўлиқ капитал таъмирдан чиқди. Шу аснода технология фанини ўқитиш учун бир комплект дурадгорлик асбоб-ускуналари берилди.

Ҳа, биродарлар, мана шу фактор мактабда ўғил болалар эгаллаши лозим бўлган битта касбга асосий номзод этиб, дурадгорлик касбини танлашга замин яратди. Олий тоифали технология фани ўқитувчиси Эркин Мирзаевнинг айтишича, устахонада тушгача технология дарс­лари, тушдан кейин эса дурадгорлик касбига қизиқувчи ўқувчилар билан машғулотлар олиб бориларкан.

— Битирувчи синф ўқувчилари дурадгорлик касбини пишиқ-пухта ўрганишлари учун барча шароитлар етарлими? — деб сўраймиз мусоҳибимиздан.

— Йўқ! – дейди Э.Мирзаев. — Устахонамиздаги ускуналар фақат технология фанини ўргатишга мўлжалланган. Дурадгорлик касбини ипидан-игнасигача ўргатиш учун эса махсус дастгоҳлар керак.

— Демак, бу йигитчалар мактабни битиргандан кейин меҳнат бозорида ўрнини тополмас экан-да?!

— Шундай деса ҳам бўлади.

Аслида, Президентимизнинг топшириғига биноан ҳокимлик­лар танлаб олинган мактаб­ларда касб-ҳунар устахоналарини ташкил этишлари, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлашлари белгилаб берилган. Ушбу масъулиятли юмушга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилиши назарда тутилган. Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтириш кўрсатиб ўтилган.

Афсуски, туман ҳокимлиги осон йўлни танлаган. Капитал таъмирдан чиқарилган мактабда барча ша­роитлар етарли, деб ҳисоблаб, касб-ҳунарга йўналтириш вазифасини 22-умумтаълим мактабига юклаб қўя қолган. Мавжуд муаммолар ҳақида ҳеч ким бош қотирмаган.

Устахонани кўздан кечириш асносида ўқувчиларнинг турли буюмлар ясашлари учун хомашё – ёғоч билан таъминланмагани ойдинлашди. Мактаб ўқувчиларига дурадгорлик касбини ўргатиш мақсадида ёғочни мактаб маъмурияти бозордан ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олмоқда. Қолаверса, дурадгорлик билан шуғулланадиган ўқувчи ўрни ҳам кам. Болалар навбат кутиб қолишларига тўғри келмоқда. Шундай бўлса-да, ўқувчилар устозлари ёрдамида кичик-кичик рўзғор ашёлари – полювгич, душхоналар учун таглик, сабзитахта, кийим илгич, лавҳ, ўқлов,  шахмат тахтаси каби буюмларни ясашмоқда. Арзон-гаров бўлса-да, бу ашёларнинг сотуви йўлга қўйилган.

— Устахона иш бошлаганда асбоб-ускуналар ҳамда тадбиркорларга иш ҳақлари учун маҳаллий бюджетдан 450 миллион сўм маблағ ажратилади, деган гап чиққанди, –  дейди О.Исанов. – Бу ҳозирча чўпчак бўлиб турибди. Қизиғи, мактабимизда касб-ҳунар ўрганиб чиққан ёшларга сертификат берилмас экан. Айтинг-чи, ҳужжатсиз ёшларни бирор жойда ишга қабул қилишадими?!

Аслида, мактабларда бирорта касбнинг бошини маҳкам ушлаб, унинг устаси бўлган ёшларни жамиятимиз мунтазирлик билан кутаяпти. “Ҳозир тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларни шу масала қийнаяпти: бўш иш жойи кўп, ойлиги ҳам яхши, лекин уқуви ва кўникмаси бор ишчи йўқ. Агар бу тизим тўғри ташкил қилинса, биздаги демографик ўсиш билан катта натижаларга эришса бўлади”, – деб бежиз айтмаганди давлатимиз раҳбари.

Мактабда қизлар учун тикувчилик касби танланган. Бу вазифани якка тартибдаги тадбиркор Насиба Шарипова олиб бормоқда. Ўқув цехида Жанубий Кореянинг “RATL” русумли 7 та тикув ва 1 та чок босадиган машинкаси бор экан.

— Тикув машинкаларимизнинг сони кам, — дейди Н.Шарипова. — Қизларнинг бир вақтда шуғулланишлари учун имконият йўқ.

Шундай бўлса-да, Насибахоннинг қизлари ҳаж ва умра сафарига отланаётган юртдош­ларимиз учун буюртма асосида 7 минг дона сумка тикиб берибди. Ҳар бир сумка учун ўқувчи қизлар 3-4 минг сўмдан маблағ ишлаб олибди. Қўллари пул кўрибди. Чевар қизлар яна буюртма асосида болалар учун аскар формалари, халтачалар, аёллар кўйлаклари тикишмоқда. Имкониятлар яратилса, иш жабҳаси ҳам кенгайишига шак-шубҳа йўқ.

Мактаб маъмуриятининг ташаббуси билан якка тартибдаги тадбиркор Санжарбек Мавлонов устахона корпусида сартарошхона очибди. Бир хонага ўзининг асбоб-ускуналарини олиб келиб ўрнатибди. Қизиққан ўқувчи-ёшларга ўз касбини астойдил ўргатишни бошлабди. Ёш сартарошлар ўқитувчи ва ўқувчиларнинг соч-соқолларини арзон нархларда қиртишлаб қўйишмоқда.

— Сартарошликка жуда қизиқаман, — дейди Мусулмонқул Зокиров. — Бу касбга анча қўлим келишиб қолди. Уйда ҳам қўни-қўшниларнинг соч-соқолини олиб турибман.

Ҳар қандай лойиҳа иқтисодий жиҳатдан тўла қўллаб-қувватлангандагина самара беради. Битирувчига битта касбни ўргатиш лойиҳаси мамлакат миқёсида амалга ошиши учун катта маблағ керак. Ҳозирча туман, шаҳарларда биттадан мактабда касб устахоналари таж­риба тарзда фаолият олиб бормоқда. Республикамизнинг 10 мингдан зиёд мактабларини бу лойиҳа билан қамраб олиш учун ҳали анча иш қилиниши керак. Асбоб-ускуна, хомашё дегандай.

Бизнингча, бу муаммонинг ечими бор. Мамлакатимизда бунёд этилган кўпгина касб-ҳунар коллежлари бугунги кунда бошқа муассасаларга айлантирилмоқда. Ҳар бир туманда собиқ коллеж бинолари заминида ҳудудининг катта-кичиклигига қараб бир ёки иккитадан ўқув ишлаб чиқариш комбинатлари ташкил этилса бўлмайдими? Навбати билан мактаб битирувчилари шу комбинатларга бориб ўзи танлаган битта касбни пишиқ-пухта  эгаллар эдилар. Чунки, бу коллежларда устахоналар учун барча шарт-шароитлар, қолаверса, мутахассислар етарли.

Кимларнингдир қулоғига ўқув ишлаб чиқариш комбинати деган атама ўтмиш воқелиги сифатида эшитилиши мумкин. Бироқ, ўтмишдаги яхши нарсалардан ҳам тузук фойдалансаккина бирор самарага эришамиз.

Халқимизда: “Касбнинг таги насиба” деган мақол бор. Ўз ишининг устаси бўлган кишининг насибаси доим бутун бўлади. Бас, шундай экан, бу масалага жиддий муносабатда бўлмоғимизни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =