Одамлар китобда ўзини кўради

(Иккинчи мақола)

Ўжар далиллар гувоҳлик берадики, ҳеч қачон одам китоб устида ёки китоб мутолаасидан кейин жиноятга қўл урмаган.  Бу ҳақиқатни китоб мўъжизасини ҳаётида синаб кўрганларга тушунтириш ортиқча. Авомга айтиладиган гап шуки, китобда жами ҳикматлар жам ва ҳаммаси эзгулик ҳақида, чунки китоб яратиш эҳтиёжи дунёни асраш ва унинг биринчи шарти – эзгуликларни тарқатиш мақсадидан юзага келган (зидди – дунёни эгаллаш нияти одамларни қиришни талаб этади ва унинг воситаси сифатида турли қирғин қуроллари яратилган). Икки манзара, икки муносабат! Китоб ва қурол ҳаёт ва ўлим каби бақамти яшаб келаверади, худди жон талвасасидаги жонивор ва зулмкор овчи каби. Мантиқ шундаки, одам насли мағлуб бўлишдан, яъни ўлиб кетишдан қанча қочса, тирик қолишнинг маънавий воситаси – китобга шунчалик интилади. Буюк муҳаддис бобомиз Муҳаммад Исмоил Бухорий ҳазратлари таъкидлаганларидек, “Нажот фақат илмдадир ва бундан ўзга бўлиши мумкин эмас”. Илоҳий китоб – Қуръони каримдан кейин  шариатни танишнинг иккинчи манбаи – мукаммал ҳадисларни тўплаган мўътабар зотнинг, эҳтимол, ҳаётдан чиқарган энг муҳим хулосаси шудир. Илмнинг манбаи эса китобдир.

Муқова ичида сидирға тахланган варақларда аллақачон ер юзидан йўқ бўлиб кетган салтанатларнинг шукуҳи, буюк зотларнинг овози, йиллар синовидан ўтган ақл ва тафаккур маҳсуллари – умуман, борлиқнинг жами синоати яширинганки, ҳақиқатан бир мутафаккир таъкид­лаганидек, “Китобсиз олам ёввойилар оламидир” (Н.Морозов, сиёсатчи). Агар китоб бўлмаганида, одамзод  кўҳна тарих ўрмонзорида ҳамон соч-соқоли оқарган гўдак тарзида яланғоч эмаклаб юрган, қўтос ёки балиқ овлаб, тирикчилигини кечираётган ярим ёввойи ҳолдан нарига ўтолмаган бўларди.  Инчунин, замонлар эврилишида ҳам китобга яқинлик, китоб ўқиш тараққиётда ўринларни тақсимлашда асосий омил бўлади. “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади” (Э.Лабуле, публицист). (Таъкид бизники. Ҳ.С.)

Шу мантиқдан келиб чиқсак, тарихимизда юксак тараққиётга эришилган йилларда китоб энг мўътабар буюм бўлганини, энг нуфузли мас­канлар қироатхоналар саналганини, жамиятнинг энг обрўли одамлари илм аҳли аталганини тасаввур қилиш қийин эмас. Масалан, Соҳибқирон бобомиз юришларида муҳим юмушлардан бири – энг сара китобларни йиғиб, пойтахт Самарқандга жўнатиш бўлганини тарихий далиллар тасдиқлайди. Бу ҳол Александр Македонс­кийга ҳам бегона эмас. У ташкил этган Александрия кутубхонаси бутун бир цивилизацияга туртки берган.  Ҳозирги замондош­ларимизнинг катта авлоди ҳам бир қиш­лоқда бир неча: қиш­лоқ советида, мактабда, район марказларида катта-катта кутубхоналар бўлганини эслайди…

Ҳар ҳолда китоб мутолааси асосий машғулотлардан бири бўлганини  ва шу орқали шахсиятимиз камол топиб, улғайганини ўзимиз яхши биламиз.  Юксак инсоний одоб-ахлоқдан ташқари меҳрибонлик, сахийлик, иноқлик, ўзаро дўст-биродарлик, бир-бирига ғамхўрлик сингари кўплаб фазилатларни китобдан ўрганганмиз. Китоблар орқали ер юзида қишлоғимизнинг тўпори, умри от-эшак орқасидан ўтган одамларидан ташқари буюк инсонлар борлигини, улар илмда юксак кашфиётлар қилганини, романлар ёзганини, ҳатто космосга учганини билганмиз. Китоблар ҳалолликка ўргатган, жасоратга илҳом берган, ватанпарварликни сингдирган. Китоблар устида юм-юм йиғлаганларимизни, гоҳ ҳаяжонланиб, дунёга сиғмай кетганларимизни, воқеаларга асир бўлиб, бир неча кун уларнинг таъсирида юрганларимизни бугун ширин хотира сифатида эслаймиз.

Ўша лаҳзалар қишлоқнинг сокин, анчайин зерикарли ҳаётидан ўзга олам эди. Бундай таассуротлар бепоён орзулар ҳадя этган, ўша орзулар қанотида парвоз қилганмиз, адабий қаҳрамонларга тақлид  қилиб, бола дунёмизни жозибали қурганмиз. Болалик биз учун маърифатга ошнолик, маънавий юксалиш фасли бўлган. Ярамас қилиқлардан ўзимизни онгли равишда тийганмиз, чунки бундай ишларнинг оқибати китоблар орқали ишончли кўрсатиб берилган ва шунинг учун улардан қочганмиз.

Ҳа, бугунги натижаларимизнинг пойдевори ана шундай тахланган эди. Қалбимизда гўзалликка, санъатга буюк иштиёқ бор эди. Бу фазилатларни ҳеч муболағасиз китоблардан ўргангандик. Ахир атрофимизда аксарият қиш­лоқдан нарига чиқмаган, ҳали уруш азобларини унута олмаган аламзада одамлар, сиртдан ўқиб, нари-бери дипломни қўлга киритиб,  ўқитувчилик кафолатини олган қишлоқ муаллимларидан бошқа маънавий олам йўқ эди. Аммо ана шундай муҳитда ҳам тасаввуримизга бутун оламни сиғдира олардик. Чунки биз муттасил китоб ўқирдик!! Китоб энг содиқ дўст ва маслаҳатчи эканини англаб етгандик.

Таассуротлар ана шундай ёруғ бўлгани учун ҳам бугун китобларни “Китобжон” дея эъзоз­лаймиз! Қаерда ул зоти шарифни кўрсак, камида қўлимизга олиб сийпалаб қўямиз, баъзан кўзимизга суртамиз. Китоб бизни эътиқодга ҳам ўргатди, муқаддас нарсаларни танишга, уларни эъзозлашга даъват этди. Хуллас, ота-­онамиз дунёга келтирган бўлса, китоблар бизни Одам қилди, балки Ҳазрати инсон мақомига кўтарди. Бугун ана шундай ҳис билан кимлар мақтана олади?! Яратганга шукроналар бўлсинки, биз китобларда ўзимизни кўраяпмиз ва бундан ифтихор қиламиз. Ҳар ҳолда кам бўлмадик. Яна дилни равшан қиладиган бир жиҳат – ана шу бойлик қаторида ўзимизнинг ҳам ижод маҳсулларимиз бор!

Ана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, таъсирланган ҳолда бугун китоб билан хоҳлаб-хоҳламай, ижирғаниб “дўст бўлаётганлар”ни кўз олдимизга келтирамиз. Уларнинг енгил-елпи, беписанд муносабатидан ғижинамиз.  Инсонларни  юксак даражада ўзгартириб юборган ва эъзоз топган мўъжиза унча-бунчада сирини ошкор қилавермайди, қалбини очавермайди. Китобнинг илтифотига сазовор бўлиш учун уни севиш керак. Бу севги эса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолавермайди. Қолаверса, гўдак ҳали эсини танимай, китобларни таниши, унинг ўзига хос ҳиди димоғига тегиши лозим. Бешикдаги бола жавондаги китобларга термулиб, уйқуга кетсин, унинг ўйинчоқлари қаторида чиройли безатилган китоблар бўлсин.  У тетапоя бўлиши билан ўзининг “китоблари” бўлсин,  уларни елкалаб юрсин, қучоқлаб кўрсин. Китобни асрашни гўдаклик ҳислари билан дунёни таниши жараёнида ўзлаштириб борсин. (Сиз тажриба қилиб кўринг, китоблар ичида улғайган шу гўдагингиз бир кун келиб дунёга чиқа олади!).

Шу тарзда бутун инсоният камолга етди, ҳақиқатан, боланинг қўлига нондан кейин китоб бердилар. Энди ҳаётда нимагадир эришган ҳар бир зот китобдан миннатдор. Демак, китоб­лар борлиғимизнинг бир қисми, у билан боғлиқ хотиралар онгли ҳаётимизнинг безаги. Биз китобда ўзимизни кўрамиз, унга кўзимиз тушганда тотли хотиралар тилга киради. Ҳа, биз ўзимизни китобларда кўрамиз!

Афсуски, ана шу кайфият баъзиларда китобдан йироқлашиш, ундан бегоналашишга олиб келаркан. Тасаввур қилинг (олдин, юқорида эслатганимиздек), турли йўллар (майли, ҳозирча уларни “қинғир” демай турайлик; сабаби – тирикчилик, одам нима кўйларга тушмайди) билан кун кечираётган ва кўнгил (аслида – қорин) талабларини қондириш учун бирон марта китобга мурожаат қилмаган замондошимиз қўлига китоб оладими? Йўқ, албатта. Негаки, шусиз ҳам бинойидек яшаяпти. Аслида, шу ўринда унинг кимлиги намоён бўлади.

Китоблар эзгуликдан сўз юритади, ҳар саҳифада нуқул ҳалоллик, тўғрилик, мардлик  ва бошқа ижобий фазилатлар ҳақида гап кетади. Очиғи, бундай хислатлардан аллақачон йироқлашиб кетган (Бир тижоратчи, яъни тадбиркор “Китоб ўқисам, ишим юришмайди?” деб очиқ эътироф этганди) ва “Ҳар куни ёлғон гапирмасам, куним ўтмайди!” деган пуч ақидага муккасидан берилган одам китобни кўрса, қандай ҳолга тушади?! Камида зулматдан кучли ёруғликка чиқиб олган одам кўзини яширгандек, китобдан юз буради. Уни кўргиси келмайди, чунки “онг ости”даги сезимлар, ўжар “қози” уни чимчилаб олаверади, дашном бераверади, кимлигини, қандай йўл билан пул топаётганини юзига солаверади. Албатта, ҳеч ким бундай ҳолга тушгиси келмайди. Юртдошларимизнинг китобдан узоқлашиб кетганининг, китоб ўқимай қўйганининг яна бир сабаби шу эмасми?!  Нопок турмуш тарзи, ҳалол-ҳаромни фарқламаслик кишини эзгуликлардан мосуво қилади, маърифатдан йироқлаштиради, ҳатто уни душман қилиб қўяди, маънавиятдан бегона кишига  айлантириб қўяди.

Китоб жами мўъжизаларнинг хазинабони сифатида ўз эшигини “чертган” ёки очиб, ичкарига кирган одамни тафтиш қилади. Китоб мутолаасига киришган киши  дастлаб худди қўрқинчли ғорга кириб қолгандек ўзини ноқулай ҳис қилади. Ҳарфлар чалкашиб қолаверади, унча-бунчада гап нима ҳақида бораётгани кўз олдига келавермайди, гўёки сирпанчиқ жойга тушгандек, тойиб кетаверади. Агар ўзини қўлга олиб, китоб мўъжизаси ичига кира олмаса, зерикади, чарчайди ва уйқу босади. Ухлайди, балки узоқ ухлаб қолади. Эҳтимол, кўзи очиқ ҳолда бир умр ухлаб ўтади. У китоб билан ҳеч “чиқиша олмайди”, ўзини оқлаш учун китобга туҳматлар қила бошлайди: “зерикарли экан”, “ҳаммаси эски гаплар”, “олиб юриш ноқулай!”.  Ва охирида дангалига кўчади: “Китобдан воз кечиш керак!”.  Бу ҳол энди жами ақл эгаларининг эътирофларини оёқ ости қилиш ва “ёввойилик олами”га қайтиш бўлади.

Муқобил гап: Жуда кўп хамир маҳсулотлари кашф қилинди. Улар ҳар жиҳатдан  афзал бўлиши мумкин, аммо ҳеч бири тандирда ёпилган нон ўрнини боса олмайди. Бу энг жўн таққос, ҳолбуки, китоб ўзида инсониятнинг камолга етган давридан бошлаб ҳозиргача эришган жами ютуқларини жамлаб келаяпти. Унинг ўрнини телефон ҳам, аудиоёзувлару бош­­қа ашёлар боса олмайди! Унда ҳали кашф қилинмаган сир-ас­рорлар қанча?!  Китобдан воз кечиш, ундан юз ўгириш мислсиз фожиа. Мутафаккир зотлар бугунги дунёнинг қиёфасини (зулмкорлик, фаҳш, маънавий айниш, ахлоқий бузилиш ва ҳоказо) китобдан узоқлашишдан кейинги таназзул, инқироз  деб баҳолашмоқда.

Кейинги йилларда турмушимизга кўплаб янгиликлар кириб келди. Шулар қаторида одатга айланган йиғинларни қораламоқчи ҳам эмасмиз. Ёки одамларнинг бўш вақтини қандай ўтказаётгани, ошхўрликлар, “чойнахона”чиликларни эслатиб, ҳеч кимни ранжитиш ниятимиз ҳам йўқ.  Жамоавий турмуш тарзи қарор топиши учун неча ўн йиллар керак. Эҳтимол, бугун халқимиз маиший ҳаётини безаб турган данғиллама тўйлар, турли расм-русумлар  ҳам 20-30 йилларнинг кашфиётидир, инчунин, уларни энди бир кунда йўқотиб бўлмайди. Улар турмуш тарзида кенг томир отиб, бақувват дарахтга айланиб улгурди.

Фақат бир  мулоҳаза:  тўйхоналар, емакхоналарнинг кириш йўлакларида китобларга тўла жавонларни териб қўйиш урфга айлантирилса, эриш туюладими? Балки бу ҳол кимларнингдир иштаҳасига ёмон таъсир қилар, балки томоғидан нон ўтмай қолар, аммо мазали таом­­ни кавшаш жараёнида дунёда китоб деган маънавий неъмат борлигини бир қур эслаб қўярмиди, маишатдан ёғ босган кўнг­лининг аллақаерида мутолаа истаги уйғонармиди?  Ахир мечкайлик касалига чалиниб, топ­ган-тутганини даволанишга сарфлаб юргандан кўра,  кам еб, кам ичиб, озиб юргани, шу аснода бир-икки китобни ўқиб қўйгани яхши эмасми ҳурматли замондошларимизнинг?!

Ҳаким САТТОРИЙ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + twelve =