“Журналистикага сунъий интеллект даври”

Беруний АЛИМОВнинг шу номли китоби соҳага оид кўплаб саволларга

жавоб беради

Бугунги дунё кечаги дунё эмас. Ўтмишда афсона, ривоят деб билинган нарсалар бугун кўз ўнгимизда ҳақиқатга айланмоқда. Ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида инсоният яратаётган шундай мўъжизалар борки, уларнинг олдида баъзи ҳолларда одамзоднинг ҳам ақли, тафаккури лол қолаётгани қанчалик ғайритабиий бўлса, шу қадар табиий ҳолдек кўринади.

Ҳозирги замонда интернет ва роботлардан фойдаланиш оддий ҳолга айланиб бораётгани сир эмас. Жамиятнинг ҳар бир кўринишида, шу жумладан, журналистика соҳасида ҳам сунъий идрок маҳсули бўлмиш замонавий технологиялардан самарали фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш долзарб масала ҳисобланади. СИ технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда замонавий технологияларнинг жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллектни кенг жорий қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш, бу йўналишга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш мақсадида қатор ишлар белгилаб олинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу соҳани ривожлантиришга мўлжалланган қарори қабул қилинди.

Демак, сунъий иқтидор имкониятларидан ўз ўрнида фойдаланиш ҳар томонлама ривожланишнинг муҳим имкониятларидан бирига айланмоқда. Бу борада кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам катта аҳамиятга эга.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва “Ёшлар овози” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида таниқли ижодкор, филология фанлари доктори (DSc), доцент Беруний Алимовнинг “Журналистикада сунъий интеллект даври” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ёшлар ишлари агентлиги пресс-клубида ташкил этилган мазкур анжуманда дастлаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбари Шуҳрат Орипов сўзга чиқди. У мазкур китобнинг аҳамияти, бугун оммавий ахборот воситаларида, журналистикада СИ имкониятларидан фойдаланиш қулайликлари ва ўзига хос жиҳатлари хусусида атрофлича фикр юритди. Муаллифнинг мазкур китоби ҳар томонлама пишиқ, пухта тайёрлангани, айниқса, бўлажак журналистлар учун катта дастур, қўлланма вазифасини ўтай олиши муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар доктори Шерзодхон Қудратхўжа, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, филология фанлари доктори, профессор Амрилло Каримов, педагогика фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бош директори Умида Тешабоева, таниқли тележурналист Ҳамза Жумаев сингари зиёлилар мазкур китобнинг ўрни, СИ имкониятларидан журналистикада фойдаланиш истиқболлари, қулайликлар ва чегаралари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Мазкур китоб муаллифи Б.Алимов ушбу изланиш маҳсулини яратишдаги меҳнати, тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Муаллиф фикрича, сунъий интеллектни оддий технологик янгилик сифатида эмас, балки журналистика моҳиятини ўзгартираётган омил сифатида кўриб чиқиш мумкин. Яъни китобда ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш жараёнларидаги трансформациялар босқичма-босқич таҳлил қилинган. Технологик имкониятлар қандай қилиб журналистнинг кундалик ишига кириб бораётгани ва бу жараёнда касбнинг ўзи қандай ўзгараётганини очиб беради.

Тақдимот давомида соҳа вакиллари бугунги медиа маконидаги асосий муаммолардан бирига эътибор қаратди: хусусан, тезкорлик ортидан қувиш сифат ва ишончлилик масаласини иккинчи даражага суриб қўйиши мумкин. Шу нуқтаи назардан сунъий интеллект икки томонлама баҳоланди. Бир томондан, у катта ҳажмдаги маълумотни тез таҳлил қилиш имконини берса, иккинчи томондан эса, нотўғри ёки текширилмаган ахборот тарқалиш хавфини ҳам оширади.

Китобда айнан шу қарама-қаршилик марказий ўринни эгаллайди. Унда сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган контент, автоматлаштирилган янгиликлар, алгоритмлар орқали шаклланаётган ахборот оқими каби масалалар кенг ёритилган. Шу билан бирга, муаллиф бу жараёнлар ортида пайдо бўлаётган янги саволларни ҳам очиқ қолдирмайди: муаллифлик ҳуқуқи кимга тегишли, ахборотнинг асл манбаси қандай аниқланади, журналистнинг роли қанчалик ўзгаради?

Тақдимот маросимида яна бир жиҳат алоҳида қайд этилди: бугунги кунда журналист учун асосий устунлик фақат ёзиш ёки ахборот топиш эмас, балки технологиялар билан ишлай олиш кўникмасига боғлиқ бўлиб бормоқда. Яъни сунъий интеллектни билган ва ундан тўғри фойдалана олган мутахассислар янги медиа муҳитига тезроқ мослашмоқда.

Тақдимотда китобнинг амалий аҳамияти ҳам кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар уни журналистика соҳаси учун йўналиш берувчи манба сифатида баҳолаб, айниқса, ёшлар учун муҳимлигини таъкидлади. Чунки бугунги талаба эртанги журналист сифатида нафақат анъанавий билимларга, балки замонавий технологияларни тушунишга ҳам эга бўлиши керак.

Учрашув давомида иштирокчилар томонидан берилган саволлар сунъий интеллектнинг реал қўлланилиши, унинг чегаралари ва келажакдаги ўрни ҳақида бўлди. Бу эса мавзунинг нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам қизиқиш уйғотаётганини кўрсатди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур китоб Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва “Ёшлар овози” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида тайёрланган. Уни оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва журналистика йўналишидаги олий таълим муассасаларига етказиш режалаштирилган. Бу эса китобнинг фақат муҳокама даражасида қолмай, амалий қўлланилишини ҳам таъминлашини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, журналистика бугун янги даврга кириб боряпти. Бу даврда устунлик ахборотни биринчи бўлиб етказишда эмас, балки уни тўғри, ишончли ва масъулият билан талқин қила олишда намоён бўлади. Сунъий интеллект эса бу жараёнда восита сифатида қолади. Ҳал қилувчи омил эса барибир инсоннинг фикрлаши ва ёндашуви бўлади.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =