“Юрт қайғусида 365 кун”
ёки Янги Ўзбекистон тараққиётининг йиллик солномаси
Бугунги глобаллашув даврида давлат тараққиётини фақат рақамлар ёки расмий баёнотлар эмас, балки халқ ҳаётидаги реал ўзгаришлар белгилайди. Шу маънода Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳам айнан инсон қадрини улуғлаш, адолатли жамият қуриш ва очиқ давлат бошқарувини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ана шу улкан ислоҳотлар рўёбга чиқарилаётган жараёнларнинг сўнгги бир йилликдаги, яъни ўтган 2025 йилдаги ўрни, мазмун-моҳиятини яхлит тарзда акс эттирган “Юрт қайғусида 365 кун” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуман жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тақдимот давомида китобнинг мазмун-моҳияти, унинг тарихий ва сиёсий аҳамияти ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётини ёритишдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Ушбу китоб Президентимиз олиб бораётган кенг қамровли улкан ислоҳотлар рўёби ва 2025 йилдаги салмоқли ва серқирра фаолиятининг яхлит кўзгуси десак хато бўлмайди. Унда нафақат республикамизда бўлиб ўтган тадбирлар ва воқеалар силсиласи ёритилган, балки давлатимиз раҳбарининг халқ билан ҳамфикрлиги, инсон қадрини юксалтириш йўлидаги заҳматли меҳнатлари ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси муҳрланган маънавий солнома акс этган. Китобни варақлар эканмиз, 365 куннинг ҳар бир кунига, ҳар бир соатига сингдирилган ислоҳотларнинг тарихий шиддати ва кўлами кишини ҳайратга солади. Бу — миллатнинг янгиланиш йўлидаги залворли қадамлари ва келажакка қўйилган мустаҳкам пойдеворнинг ёрқин ифодасидир, — деди Шуҳрат Орипов.
Дарҳақиқат, “Юрт қайғусида 365 кун” китоби мамлакатимиз раҳбари фаолияти мисолида бутун бир давр руҳини, халқнинг орзу-интилишлари ва давлат тараққиётининг устувор йўналишларини акс эттирувчи муҳим сиёсий-ҳужжатли манбадир. Тўпламда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил давомидаги серқирра фаолияти, давлат бошқарувидаги янгича ва бетакрор ёндашувлар, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, халқаро дипломатия, экологик барқарорлик, илм-фан, таълим, маданият ва маънавият соҳаларида амалга оширилган кенг қамровли ишлар ўзига хос тарзда ёритилгани билан диққатга молик.
Китобнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда мамлакат ҳаётида юз берган воқеаларнинг қуруқ хроника сифатида эмас, балки таҳлилий ва ҳаётий ёндашув асосида ифодаланганидадир. Саҳифаларни ўқир экансиз, ҳар бир бандда халқ манфаати, инсон қадри ва тараққиёт ғояси устуворлиги яққол намоён бўлади. Айниқса, иқтисодий ўсиш суръатлари, инвестиция муҳитининг яхшиланиши, экспорт ҳажмининг ортиши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишлар рўёбига оид маълумотлар ислоҳотларнинг аниқ натижаларини кўрсатиб беради.
Асарда Президентнинг ҳудудларга ташрифлари, халқ билан мулоқотлари, халқаро саммит ва музокаралардаги иштироки ҳамда стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида ўрин эгаллаган. Бу эса китобнинг нафақат ички, балки ташқи сиёсат йўналишида ҳам муҳим манба эканини англатади.
Китобнинг ойлар кесимида тартиблангани эса унда келтирилган маълумотларни таҳлил қилиш имкониятини янада бойитган. Ҳар бир ой аввалида давлат раҳбари фаолиятининг асосий йўналишлари қисқача жамланиб, кейинги саҳифаларда муҳим воқеалар, қарорлар, ташрифлар ва ташаббуслар батафсил шарҳланган. Бундай услуб ўқувчига мамлакатдаги ислоҳотлар динамикасини изчил кузатиш, тафаккур қилиш имконини оширади.
Замонавий технологиялардан фойдаланилгани ҳам китобнинг ўзига хос ютуғидир. Статистик маълумотлар, фотолавҳалар ва таҳлилий шарҳлар билан бирга, QR-кодлар орқали қўшимча материалларнинг тақдим этилиши китобнинг ахборот салмоғини янада оширган. Бу эса уни нафақат анъанавий китобхонлар, балки ёшлар ва тадқиқотчилар учун ҳам жозибадор манбага айлантирган.
Дарҳақиқат, “Юрт қайғусида 365 кун” китоби нафақат ўтган бир йилнинг солномаси, балки келажак авлод учун Янги Ўзбекистон тарихини ўрганишда хизмат қиладиган қимматли манбадир. Мазкур тўплам инсон қадрини улуғлашга қаратилган тараққиёт стратегиясини англашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Шубҳасиз, ушбу асар сиёсатшунослар, тарихчилар, журналистлар, талаба-ёшлар ва мамлакат тараққиётига бефарқ бўлмаган кенг китобхонлар оммаси, бутун халқимиз учун зарур манба бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, у юртдошларимизнинг бунёдкорлик йўли ва халқ манфаатига хизмат қилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Ушбу китоб барча юртдошларимизга муборак бўлсин!
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
етакчи мутахассиси.
