Тошдан қоғоз ишлаб чиқарилмоқда

Мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида кўпдан-кўп тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлди. Шулардан бири Фарғона шаҳрида самарали фаолият кўрсатаётган “Сайқал” хусусий корхонасидир. Ушбу корхона кўп тармоқли, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мазкур тадбиркорлик субъектига тажрибали ва ташаббускор тадбиркор Абдураҳмон Ниёзов раҳбарлик қилиб келади. Бугунги кунда корхонада ногиронлар аравачалари, ногиронлиги бор фуқароларга турли мосламалар, ўт ўчириш кукунлари, бетон тўшамалар, қамиш ўриш ускунаси, кам айланишли электрогенератор, ақлли сув дарвозаси каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, корхона Президентимиз фармонларини бажариш юзасидан бугунги кунда ариқ ва каналларни осон бетонлаштириш учун “Фарбетон” тўшамасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Аҳамиятлиси, ушбу ўрама бетонни ўрнатиш тез ва осонлиги билан ажралиб туради. Шу вақтга қадар 36,5 минг квадрат метр ўрама бетон экспорт қилишга эришилди ва давом этмоқда.

Аҳоли фаровонлигини ошириш, яшаш шароитларини янада яхшилаш ва қўшимча иш ўринларини яратиш бобида мазкур корхонада ибратли ва хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда “Сайқал” корхонасида 100 нафардан зиёд аҳоли учун иш ўринлари яратилиб, ишлаб чиқариш сифати янада ошмоқда. Корхонада кунига 100-150 дона ногиронлар аравачаси, аналог эшитиш аппаратлари, болалар велосипедлари, кўчма лаборатория жиҳозлари, турли кўринишдаги ҳассалар, таянч ва ҳаракатланиш воситалари, ортопедик маҳсулотлар, ходунок ва реабилитация воситалари — шу каби жами 30 дан ортиқ маҳсулот турлари ишлаб чиқарилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу каби маҳсулотлар шу кунга қадар кўплаб хорижий давлатларда ишлаб чиқарилади, аммо уларни харид қилиш учун ортиқча маблағ ва харажатлар талаб этиларди. Бугун эса ана шундай маҳсулотлар ўзимизда, Фарғона шаҳрида ишлаб чиқарилаётгани қувонарли. Хусусан, бу ерда ишлаб чиқарилаётган “Трансформер” таянч ҳаракати мосламаси сўзимиз исботи. У бир жойда ётиб қолган беморларнинг секин-аста ҳаракатланиб, юриш учун бўлган истак ва орзусини рўёбга чиқаришда ёрдам берадиган мослама.

Олиб борилаётган шу каби ишлар салмоғи йилдан-йилга ошаётгани янада қувонарли, албатта. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган йили 27,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий 2026 йилнинг шу даврига қадар 7,8 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилган.

— Мен 9 йилдан буён ушбу корхонада тикувчи бўлиб ишлайман, – деди корхона ишчиларидан бири Барчиной Жумаева. — 3 нафар фарзандим бор. Мен ҳам бахтли она, ҳам жамиятда ўз ўрнига эга аёлман. Корхонада барча шароитлар яратилган: юқори маош, салқин ва шинам хоналар. Биз ногиронлик аравачалари учун ўриндиқлар, юмшоқ тўшаклар ва шу каби буюмларни тикиб, етказиб берамиз. Энг муҳими, жамоамиз аҳил.

Корхонада маҳсулот тури ошгани сайин, иқтисодий кўрсаткичлар ва самарадорлик янада яхшиланмоқда. Эътиборлиси, эндиликда бу ерда тошдан қоғоз ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарилган қоғоз маҳсулотлари Россия ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонада 4 миллион долларга ускуна ва технологиялар сотиб олинган. Корхонада бир йилда 9 минг тоннадан зиёд тошдан қоғоз ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Қайд этиш лозимки, 2025 йилда 121 тонна, яъни 1,73 миллиард сўмлик қоғоз ишлаб чиқарилган бўлса, бундан 108 тоннаси, яъни 1,54 миллиард сўмлик маҳсулот экспортга йўналтирилган. Жорий 2026 йилда эса жами 61 тонна, яъни 826 миллион сўм қийматдаги қоғоз ишлаб чиқарилган бўлиб, шулардан 59 тоннаси экспортга йўналтирилган. 2 тонна маҳсулот ички бозорга сотилган. Асосан, Россия, Туркия ва Болгария каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришнинг атроф-олам, инсониятга бўлган фойдаларини кўплаб келтириш мумкин. Унинг асосий афзалликлари дарахтларни сақлаш, сув сарфини камайтириш, ва кимёвий моддалардан фойдаланиш бир неча баробарга камаяди. Энг катта фойдаларидан бири — анъанавий қоғозга бўлган талабнинг бир қисмини экологик жиҳатдан самарали усул билан қоплаш имкониятидир. Бир сўз билан айтганда, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш ҳам экология, ҳам инсоният учун катта фойда ва натижалари борлигини таъкидлаш жоиз.

Фотима МАНСУРОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + eight =