Тил – қалбларни бирлаштирувчи кўприк

14 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга амалий ташрифи ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашуви икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди.

Музокараларда аввал эришилган келишувлар ижроси, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 30 фоизга ошгани, геология, энергетика, транспорт, логистика ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани муносабатлар аниқ амалий натижалар билан бойиётганидан далолат беради.

Бу каби мулоқотларда иқтисодий кўрсаткичлар, инвестициялар, транспорт йўлаклари ва қўшма лойиҳалар хусусида сўз юритилиши табиий. Бироқ давлатлараро алоқаларнинг яна бир муҳим жиҳати борки, уни фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Бу — халқларнинг бир-бирини яқиндан билиши, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигидир.

Назаримда, икки мамлакат ўртасидаги дўстликнинг бардавомлиги, аввало, инсонлар қалбида намоён бўлади. Ўзбекистонлик ёш озарбайжонлик тенгдошининг тилини ўрганса, унинг адабиётига қизиқиб, тарихи билан танишса, қардош юрт ҳақидаги тасаввури янада бойийди. Озарбайжонлик талаба ўзбек тилини ўзлаштириб, Алишер Навоий асарларини мутолаа қилса, халқимизнинг маънавий оламини теран англайди. Ана шундай самимий инсоний яқинлик сиёсий ва иқтисодий шериклик учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.

Шу сабабли давлат раҳбарларининг учрашувларида маданий-гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётганини теран мантиққа эга ташаббус деб биламан.

Зотан, иқтисодий битимларни мутахассислар амалга оширади, илмий ҳамкорликни олимлар илгари суради, халқлар ўртасидаги дўстликни эса, энг аввало, бир-бирини чин дилдан тушунадиган ва ўзаро қадрлайдиган инсонлар мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва Озарбайжонни асрлар давомида боғлаб келаётган тарихий ришталар бугун ҳам ўз аҳамиятини асло йўқотгани йўқ. Аксинча, замонавий таълим ва илм-фан имкониятлари мазкур яқинликни янги авлодга етказиш, уни замон талаблари билан бойитиш учун кенг йўл очмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида озарбайжон тилини ўқитиш йўлга қўйилгани ҳамда Озарбайжон тили ва маданияти маркази фаолият бошлагани ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Аждодлар мероси — бугунги авлоднинг маънавий бойлиги

Ўзбек ва озарбайжон халқларининг қардошлиги хусусида сўз борганда, аввало, умумий тарихимиз, муштарак маданиятимиз ва бой адабий меросимиз кўз олдимизга келади. Бироқ бу яқинликни фақат ўтмиш ҳодисаси сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Аждодларимиздан мерос маънавий хазина бугун ҳам бизни мулоҳаза юритишга, янги изланишларга ва бир-биримизни янада чуқурроқ тушунишга ундайди.

Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий номларини ёнма-ён тилга олишимиз бежиз эмас. Уларнинг ҳар бири ўз даврида юксак бадиий тафаккур, инсонпарварлик ҳамда маърифатнинг ёрқин тимсоли бўлган дурдоналарни яратди. Низомий Ганжавийнинг бой адабий мероси озарбайжон халқи маънавиятининг бебаҳо бўлаги ҳисобланса, Алишер Навоий ижоди ўзбек халқининг миллий ўзлигини, она тилига муҳаббатини ва юксак фалсафий қарашларини намоён этади.

Бу буюк зотларни бирлаштириб турувчи асосий жиҳат фақатгина туркий халқлар адабиётида тутган улкан ўрни эмас. Мутафаккирлар инсонни улуғлаш, адолатни қарор топтириш, илм-маърифатга интилиш ва эзгуликни тараннум этиш каби умуминсоний ғояларни илгари сурган. Уларнинг асарларига бугун ҳам эҳтиёж сезаётганимизнинг боиси шундаки, замонлар ўзгариб, турмуш тарзи янгиланса-да, инсонни комилликка бошловчи эзгу қадриятлар ўз моҳиятини йўқотмайди.

Навоий ўз ижоди билан туркий тилнинг нақадар кенг имкониятларга эга эканини исботлаган бўлса, Низомий Ганжавий Шарқ адабий тафаккурининг юксак чўққиларини забт этди. Муҳаммад Фузулий эса туркий шеърият анъаналарини ўзига хос маҳорат ва нафосат билан янги босқичга олиб чиқди. Уларнинг асарларида сўз гўзаллиги, фикр теранлиги ва инсон руҳиятининг мураккаб кечинмалари мужассамдир.

Бу сиймолар меросини ўрганиш орқали биз нафақат адабиёт тарихини ўзлаштирамиз, балки ўз маънавий илдизларимизни ҳам теранроқ англаймиз. Қардош халқнинг буюк ижодкорини эъзозлаш, унинг асарларига ҳурмат билан ёндашиш юксак маънавий етуклик белгисидир. Низомий Ганжавийни озарбайжон халқининг ифтихори сифатида қадрлаш баробарида, унинг асарларидан муштарак маънавий хазинамиз сифатида баҳраманд бўлишга ҳақлимиз. Худди шунингдек, Алишер Навоий ижоди ҳам ўзбек халқининг миллий фахри бўлиш билан бирга, бошқа халқлар учун ҳам битмас-туганмас маърифат булоғидир.

Аждодларимизга бўлган чинакам эҳтиром фақатгина юбилей тадбирлари, ҳайкаллар пойига гул қўйиш ёки тантанали маросимлар билан чекланмаслиги лозим. Уларнинг асарларини мутолаа қилиш, мағзини чақиш, ёш авлодга етказиш ҳамда бугунги ҳаёт талаблари билан уйғунлаштириш орқалигина бу эҳтиромни амалда намоён эта оламиз.

Бокуда Алишер Навоийга, Тошкентда Низомий Ганжавий шарафига қад ростлаган муҳташам ҳайкаллар икки халқнинг бир-бирининг маънавий меросига бўлган юксак эҳтироми тимсолидир. Бундай рамзлар, шубҳасиз, муҳим. Аммо ёш авлод Навоий ва Низомийнинг шахсияти, бебаҳо асарлари ва уларда илгари сурилган теран ғояларни чуқур англагандагина бу рамзларнинг асл мазмуни тўлиқ намоён бўлади.

Шу боис университетлар олдида улкан вазифа турибди: тарихий яқинликни шунчаки ёдга олиш билан чекланмай, уни ёшлар тафаккурида яшайдиган, кундалик ҳаётида акс этадиган ҳаётий қадриятга айлантириш керак. Бу мақсадга эса сифатли таълим, китобхонлик, тил ўрганиш ва маданий мулоқотни кенгайтириш орқали эришилади.

Тил — бошқа халқни англашнинг энг табиий йўли

Ҳар қандай халқнинг тили унинг тарихи, дунёқараши ва асрий ҳаётий тажрибасини ўзида акс эттиради. Тил воситасида инсон нафақат ўз фикрини ифодалайди, балки ўз халқининг тарихий хотираси, қадриятлари ва маънавий олами билан узвий боғланади. Шу боис хорижий тилни ўрганиш шунчаки грамматик қоидаларни ёд олиш эмас, балки муайян халқнинг руҳиятини англаш демакдир.

Ўзбек ва озарбайжон тилларининг муштарак жиҳатлари беқиёс. Уларнинг илдизлари бир, кўплаб сўз ва иборалари, грамматик хусусиятлари бир-бирига ҳамоҳанг. Бу ҳолат мазкур тилларнинг бирида сўзлашувчи инсонга иккинчисини ўрганишда катта қулайлик яратади. Бироқ тилларимизнинг яқинлиги уларни бир хил деб тушунишга асос бўлмайди. Ҳар бир тилнинг ўзига хос талаффуз меъёрлари, ифода назокати, маъно товланишлари ва нутқ маданияти мавжуд.

Тиллари қардош бўлган инсонлар оғзаки мулоқотда бир-бирларининг асосий фикрини осонгина тушуниб олгандек туюлиши мумкин. Аммо касбий фаолият, таржима, илмий мунозара ёки расмий учрашувларда умумий тушунчанинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда ҳар бир сўзнинг асл маъносини теран билиш, фикрни нозик фарқлари билан англаш ва уни иккинчи тилда бехато ифодалаш талаб этилади.

Айниқса, журналист, таржимон, дипломат ёки халқаро муносабатлар соҳаси вакили учун тилнинг энг нозик қирраларини ҳам пухта эгаллаш ўта муҳимдир. Зеро, биттагина сўзнинг нотўғри қўлланиши ёки нотўғри талқин этилиши бутун бир матн моҳиятини ўзгартириб юбориши мумкин. Демак, қардош тилни эъзозлаш, уни пухта ўрганиш ва амалий мулоқотда тўғри қўллаш ҳам қардош халққа бўлган чин ҳурматнинг ёрқин ифодасидир.

Тил ўрганиш инсонни ўз она тили ва маданиятига ҳам янгича назар билан қарашга ундайди. Озарбайжон тилини ўрганган талаба ўзбек тилидаги кўплаб сўзларнинг маъно қатламлари ва этимологиясига кўпроқ эътибор қарата бошлайди. У икки тил ўртасидаги муштаракликларни кўради, фарқларни илғайди ва ҳар икки тилнинг бетакрор жозибасини кашф этади. Ўзга маданиятни ўрганиш орқали инсон ўзлигини ҳам теранроқ англайди.

Шу нуқтаи назардан, қардош ва қўшни мамлакатлар тилларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш замонавий таълим тизимининг устувор йўналишларидан бири бўлиши даркор. Зеро, географик яқинликнинг ўзигина ҳар доим ҳам маънавий бирдамликни тўлиқ таъминлай олмайди. Бир-бирининг тилини билиш эса тўсиқларни бартараф этади, нотўғри қарашларнинг олдини олади ва самарали ҳамкорлик учун кенг уфқларни очади.

Тил ўрганишнинг яна бир бебаҳо жиҳати шундаки, у инсонни сабр билан тинглашга ва суҳбатдошини тушунишга ўргатади. Янги тилни ўзлаштираётган талаба ўзгалар фикрини диққат билан тинглайди, сўзлар мағзини чақишга интилади ва ўз мақсадини равон етказиш устида тинимсиз ишлайди. Бу кўникмалар нафақат тил дарсларида, балки инсоннинг бутун ҳаётий фаолияти давомида асқотади.

Шу боис тил таълимига фақатгина касбий кўникма ҳосил қилиш воситаси сифатида қараш янглиш фикрдир. Тил инсон дунёқарашини кенгайтиради, унда бошқа миллат ва элатларга нисбатан самимий қизиқиш ва эҳтиром уйғотади. Бу эса ёшларни халқаро ҳамкорликка тайёрлашнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Университет — маънавий яқинлик шаклланадиган маскан

Олий ўқув юртининг бош вазифаси талабага чуқур билим бериш, уни танлаган касбининг етук мутахассиси этиб тарбиялаш ва мустақил фикрлашга ўргатишдан иборат. Бироқ замонавий олий таълим мазмуни бу чегаралардан анча кенгдир. Университет ёшларни турли маданиятлар билан ошно этувчи, уларда юксак инсоний фазилатларни камол топтирувчи ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашувчи ижтимоий муҳитдир.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида кўплаб хорижий тиллар ўқитилади. Талабаларимиз жаҳон халқлари тарихи, маданияти ва адабиётини ўрганиш учун барча шароитларга эга. Мана шундай қутлуғ даргоҳда озарбайжон тилининг ҳам ўқитила бошлагани таълим муассасамизнинг кўп тилли таълимга қаратилган илғор ёндашувини янада бойитди.

2025-2026 ўқув йилидан бошлаб озарбайжон тилининг учинчи хорижий тил сифатида дастурларга киритилиши талабаларимизга қардош мамлакат тилини тизимли равишда ўрганиш имконини берди. Университетимизда Озарбайжон тили ва маданияти марказининг ташкил этилиши эса бу жараённи шунчаки академик машғулотлар билан чеклаб қўймай, кенг қамровли маърифий тадбирлар билан боғлашга мустаҳкам замин яратди.

Марказнинг аҳамияти, аввало, унинг амалий мазмуни билан белгиланади. Бу ерда талаба янги лексикани ўзлаштиради, тўғри талаффуз устида ишлайди, асл нусхадаги матнларни ўқиб, ўз фикрини равон баён этишни машқ қилади. Шу билан бирга, Озарбайжон адабиёти, тарихи ва маданиятига доир манбалар билан бевосита танишиб, ўрганаётган тилининг ҳаётий аҳамиятини теран ҳис этади.

Тил ўрганиш машаққатли бўлиб, юксак сабр ва изчилликни талаб қилади. Дастлаб талаба содда жумлаларни тузишни ўрганса, бора-бора мураккаб матнларни тушунишга, ўз фикрини кенг ва асосли баён қилишга интилади. Вақт ўтиши билан у илгари нотаниш туюлган мураккаб иборалар мағзини чақа бошлайди. Қўлга киритилган ҳар бир кичик ютуқ унинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Педагогнинг маҳорати эса ана шу сўнмас қизиқишни қўллаб-қувватлашда ва талабанинг салоҳиятини босқичма-босқич камолга етказишда намоён бўлади.

Биз учун таълим масканимиздаги бу каби ташаббусларнинг энг муҳим самараси талабанинг дунёқараши ва муносабатида рўй берадиган ижобий ўзгаришлардир. Агар у тил ўрганиш баробарида қардош халқнинг адабиётига меҳр қўйса, бой тарихини ўрганишга интилса ва маданиятини эъзозлай бошласа, демак, таълим тизими ўзининг чинакам инсоний ва тарбиявий миссиясини шараф билан адо этмоқда.

Ўтган ўқув йилида талабаларимизга Озарбайжон тиллар университети ўқитувчиси Севинч Мусаева сабоқ берган бўлса, жорий ўқув йилида машғулотларни Шабан Ҳусейнов муваффақиятли давом эттирмоқда. Устозлар алмашганига қарамай, ўқув гуруҳлари, режа ва амалий машғулотларнинг узлуксизлиги таъминланган. Бу эса Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Озарбайжон тиллар университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида бошланган ташаббуслар изчил ва бардавом эканининг яққол исботидир.

Шу боис университетимизда шунчаки тил қоидаларини ўргатиш билан чекланмасдан, талабаларни ўрганилаётган тилнинг жонли маданий муҳити билан ошно қилишга устувор аҳамият қаратамиз. Зеро, тил ва маданиятни бир-биридан айро ҳолда тўлақонли идрок этиб бўлмайди. Сўз маъносини билиш муҳим, аммо унинг қайси вазиятда, қандай оҳанг ва маъно нозиклиги билан қўлланишини тушуниш ҳам тил билиш маданиятининг ажралмас бўлагидир.

Тошкент ва Боку ўртасида қурилаётган маърифий кўприк

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг эътиборга молик жиҳати — унинг том маънода тенг ҳуқуқли ва икки томонлама ривожланаётганидадир. Тошкентда озарбайжон тилини ўрганиш учун кенг шароитлар яратилаётган бўлса, Бокуда ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу — асрий маънавий яқинликнинг мантиқий ва табиий давомидир.

2026 йил 3 февраль куни Озарбайжон тиллар университетида Ўзбек тили ва адабиёти марказининг тантанали очилиши ана шу эзгу йўлдаги навбатдаги улкан қадам бўлди. Марказнинг мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги арафасида ташкил этилиши мазкур тадбирга алоҳида рамзий маъно бағишлади. Унда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Элдор Иброҳимов, Озарбайжон тиллар университети ректори, академик Камол Абдулла, шунингдек, олий таълим вакиллари ва таниқли олимлар иштирок этди.

Бу каби марказлар ҳақида фикр юритилганда, уларнинг қадрини шунчаки ташкил этилган сана ёки тантанали очилиш маросими билангина баҳолаб бўлмайди. Асосий мезон улар воситасида қандай билим ва тажриба алмашинилаётгани, қанча ёшларнинг янги тилни ўзлаштиришга илҳомланаётгани ҳамда бу интилишлар келажакда қандай амалий самара бериши билан ўлчанади.

Бокуда ўзбек тилини қунт билан ўрганаётган ёшлар Алишер Навоий ғазалларини мутолаа қила бошлар экан, унинг қаршисида ўзбек адабиётининг чексиз ва сеҳрли олами очилади. У сўзларимизнинг теран маънолари, бадиий ифода гўзаллиги ва халқимизнинг маънавий қарашлари билан танишади. Худди шу тарзда, Тошкентда озарбайжон тили сирларини эгаллаётган талаба Низомий Ганжавий ва Муҳаммад Фузулий меросини бутунлай янгича нигоҳ билан кашф этади.

Шу тариқа иккала марказ бир-бирининг фаолиятини тўлдириб, яхлит маънавий муҳит яратади: Тошкентда озарбайжон тили ва маданияти ўрганилса, Бокуда ўзбек тили ва адабиёти эъзозланади. Бу — бир халқнинг ўз маданиятини танитиш баробарида қардош элнинг маънавий дунёсини ҳам чуқур ҳурмат билан англашга бўлган интилишидир.

Бизнингча, чинакам маърифий кўприклар айнан шу тарзда бунёд этилади. Уларнинг мустаҳкамлиги баландпарвоз нутқлар билан эмас, балки дарсхоналарда ўқилган китоблар, ўрганилган янги сўзлар, уюштирилган илмий баҳслар ҳамда ёшлар ўртасидаги самимий мулоқотлар билан кафолатланади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун имкониятлар жуда кенг. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар академик алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, бадиий таржима лойиҳалари, ижодий учрашувлар ҳамда халқаро илмий-амалий конференциялар ана шу муносабатларнинг амалий мазмунини янада бойитади. Энг муҳими, мазкур ташаббуслар мунтазам давом этиб, талаба ва тадқиқотчиларнинг кундалик илмий-ижодий фаолиятига чамбарчас сингиб бориши зарур.

Аждодларимизга ҳурмат – улуғ меросни давом эттириш

Алишер Навоий ёки Низомий Ганжавий номларини тилга олганимизда, одатда, уларнинг тарихдаги беқиёс ўрни ва даҳосини таъкидлаймиз. Бу, шубҳасиз, ҳаққоний ҳақиқатдир. Аммо буюк аждодларимизга бўлган чин эҳтиром уларнинг муборак номларини шунчаки ёдга олиш билангина чекланмаслиги керак. Уларнинг асарларини синчковлик билан ўқиш, илгари сурган ғояларини тўғри англаш ва маърифатга интилиш руҳини ёш авлод қалбига сингдириш ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ҳазрат Навоий ўз она тилининг беқиёс имкониятлари ва нафосатини намоён этиш йўлида улкан ижодий жасорат кўрсатди. Унинг бебаҳо мероси бизга она тилимизни қадрлаш, ҳар бир сўзга юксак масъулият билан қараш ва фикрни теран ифодалаш масъулиятини эслатиб туради. Низомий Ганжавий ижодида ҳам инсонпарварлик, адолатпарварлик ва илмга ташналик ғоялари марказий ўринда туради. Бундай асарлар ўқувчини нафақат юксак адабий дид билан қуроллантиради, балки ҳаёт моҳияти ҳақида теран мушоҳада юритишга чорлайди.

Қардош халқнинг буюк сиймоларини эъзозлаш ўз аждодларимизга бўлган эҳтиромни асло камайтирмайди, аксинча, муштарак маънавий мероснинг қадрини теранроқ англашга хизмат қилади. Биз Навоий ижодини қанчалик ардоқласак, Низомий Ганжавий меросини ҳам шунчалик эҳтиром билан ўрганамиз. Озарбайжон ёшлари ҳам Фузулий шеъриятини севган ҳолда, Навоий меросидан завқ олади. Адабиётнинг мўъжизаси ҳам аслида шунда: у халқларни ажратмайди, балки қалбларни бир-бирига туташтиради.

Университетларда хорижий тилларни ўқитишнинг юксак маънавий қиймати ҳам айнан шу жараёнда намоён бўлади. Талаба ўзга тилда битилган дурдонани аслиятда ўқир экан, муаллифнинг тафаккур тарзи, ўша давр ижтимоий ҳаёти ва халқнинг асрий қадриятларини тушунишга интилади. Бу жараён уни ўз қарашларини қайта таҳлил қилишга, ўзгалар фикрини ҳурмат билан тинглашга ва умуминсоний маънавий бойликларни эъзозлашга ўргатади.

Бугунги навқирон авлод учун аждодлар меросини замонавий ҳаёт билан боғлай олиш ниҳоятда муҳим. Навоий ва Низомий асарларидаги илм-фанга интилиш, адолатпарварлик, инсон қадри ва ижтимоий масъулият хусусидаги ўгитлар ҳозирги кунда ҳам ғоят долзарбдир. Агар ёшлар бу бебаҳо меросни шунчаки имтиҳон топшириш учун эмас, балки ҳаётий зарур дастуриламал сифатида мустақил фикрлаб ўрганса, тарихий мерос уларнинг шахс сифатида шаклланишига кучли ижобий таъсир кўрсатади.

Шу нуқтаи назардан, қардош халқ адабиётига ошно бўлиш ўз тарихимиздан узоқлашиш эмас, балки маънавий оламимизни янада бойитиш, миллий қадриятларимизни қардош халқлар мероси билан қиёсий ўрганиб, уларнинг умуминсоний аҳамиятини теран англаш демакдир.

Таълим ҳамкорлиги — келажакка киритилган сармоя

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда иқтисодиёт, транспорт, энергетика, логистика ва бошқа кўплаб соҳаларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бундай шароитда иккала мамлакат ҳаётини яхши биладиган, ҳар икки тилда эркин мулоқот қила оладиган ва миллий-маданий хусусиятларни тўғри тушунадиган мутахассисларга эҳтиёж тобора ортиб бориши табиий.

Аммо бу эҳтиёжни фақатгина бугунги кун меҳнат бозори талаблари доирасида чеклаб тушуниш бирёқлама бўлар эди. Таълимга йўналтирилган сармоянинг энг улкан ва бардавом самараси йиллар ўтиб бўй кўрсатади. Бугун тил ўрганаётган талаба эртага малакали таржимон, таҳлилчи журналист, фидойи ўқитувчи, изланувчан олим ёки халқаро лойиҳалар раҳбари бўлиб етишади. Унинг билими ва тажрибаси эса икки давлат ўртасидаги амалий мулоқотни янада самарали ва мазмунли қилади.

Озарбайжон тилини мукаммал биладиган журналист қардош мамлакат матбуотини тўғридан-тўғри кузатиб, ахборотларни холис таққослай олади ва воқеа-ҳодисаларни кенг контекстда чуқур таҳлил қилади. Таржимон адабий-илмий алоқалар ривожига беқиёс ҳисса қўшади. Туризм соҳаси мутахассиси меҳмонлар билан уларнинг она тилида сўзлашиб, мамлакатимиз ҳақида самимий таассурот қолдиради. Илмий тадқиқотчи эса иккала тилдаги ноёб архив ва манбаларни ўрганиб, фан учун янги ва қимматли хулосалар яратади.

Буларнинг барчаси тил билиш яратадиган касбий имкониятлардир. Бироқ бунинг яна бир муҳим тарбиявий самараси бор: ёшлар ўзга маданият вакиллари билан ишлаш ҳамда мулоқотга киришишдан чўчимайди. Улар ўртадаги тафовутларни тўсиқ эмас, балки янги билим ва тажриба орттириш имконияти сифатида қабул қилади. Бундай кенг фикрлаш ва бағрикенглик эса глобал дунёда самарали фаолият юритишнинг бош мезонидир.

Шу боис олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик расмий меморандумлар ва келишувлар доирасида қолиб кетмаслиги керак. Талабаларнинг бевосита амалиёти, қўшма илмий изланишлар, ёзги мактаблар ва академик алмашинув дастурлари тизимли йўлга қўйилсагина, халқаро ҳамкорлик ёшлар ҳаёти ва фаолиятининг ажралмас бўлагига айланади.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Озарбайжоннинг етакчи олий ўқув юртлари ва илмий марказлари билан муносабатларни мустаҳкамлашда ана шу ёндашувга таянади. Биз учун ҳамкорликнинг бош натижаси талабаларнинг чуқур билим эгаллаши, педагогларнинг тажриба алмашиши ҳамда истиқболли илмий тадқиқотлар кўлами кенгайишида намоён бўлиши лозим.

Илм-фан ва таълимнинг беқиёс кучи шундаки, улар бугунги муаммоларга самарали ечим излаш билан бирга, келажак тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади. Икки университет ўртасида йўлга қўйилган самимий мулоқот эртага қўшма илмий тадқиқотлар, янги авлод ўқув дастурлари ҳамда муваффақиятли касбий ҳамкорликларга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Дўстликнинг бардавомлиги ёшлар қўлида

Давлатлараро муносабатлар етакчиларнинг олий даражадаги учрашувлари, расмий келишувлар ва стратегик лойиҳалар орқали ривожланиб боради. Бироқ бу муносабатларнинг чинакам барқарорлиги ва узоқ муддатлилиги халқлар, жамиятлар ўртасидаги ўзаро ишончга боғлиқдир. Чин ишонч эса бир-бирини яхши билиш, тушуниш ва эъзозлаш орқали шаклланади.

Шу боис ёшларнинг қардош тилларни ўзлаштириши, ўзга халқлар адабиёти билан ошно бўлиши ҳамда халқаро таълим лойиҳаларида фаол иштирок этиши оддий ўқув жараёнидан анча юқори турувчи стратегик мазмунга эгадир. Бу жараёнда улар нафақат билим олади, балки келажакда ҳамкорлик қиладиган тенгдошлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатади, турлича қарашларни тушунишни ўрганади ва ўз тафаккур уфқларини кенгайтиради.

Назаримда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маънавий яқинликни янада юқори босқичга олиб чиқишда олий ўқув юртлари зиммасидаги улкан масъулият айнан шундан иборат. Биз навқирон авлодга қардош элнинг тилини ўргатиш билан бир қаторда, унинг адабиёти, санъати ва миллий қадриятларини теран ҳис этиш имконини беришимиз лозим. Ўз навбатида, хорижда ўзбек тили ва адабиёти сирларини эгаллаётган ёшлар учун ҳам зарур шароитлар яратиш, миллий меросимизни кенг тарғиб этиш муҳим вазифамиздир.

Тошкентдаги Озарбайжон тили ва маданияти маркази ҳамда Боку шаҳрида фаолият бошлаган Ўзбек тили ва адабиёти маркази ана шу ўзаро интилиш ва амалий саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижасидир. Бундай марказларнинг асл қиймати уларнинг фаолияти самарадорлигида, ёшлар эгаллаётган билим сифатида ва куртак отаётган самимий инсоний муносабатларда акс этади.

Биз буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Навоий, Низомий ва Фузулий каби даҳолар қолдирган меросни юксак қадрлаймиз. Бугунги вазифамиз — ушбу хазинани келажак авлодларга бекаму кўст етказиш, ёшларнинг уни мутолаа қилиб, теран англашига кўмаклашишдан иборат. Қардош халқ адабиётини ўрганиш ҳам, ўз бой маданиятимизни дунё бўйлаб танитиш ҳам ана шу муқаддас мақсадга хизмат қилувчи эзгу ташаббуслардир.

Давлат раҳбарларининг мулоқотларида стратегик шериклик, иқтисодий интеграция ва маданий-гуманитар алоқаларнинг яхлит ҳолда муҳокама этилиши чуқур мантиққа эга. Зеро, давлатлар тараққиёти фақатгина моддий ва иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки унинг замирида турган билимли инсонлар, ўзаро ишонч ва порлоқ келажакни биргаликда бунёд этишга бел боғлаган кучли авлод салоҳияти билан белгиланади.

Университетимизда озарбайжон тилини ўргатар эканмиз, биз фақатгина янги бир тилни ўзлаштириш билан чекланиб қолмаяпмиз. Талабаларимизга қардош халқ билан яқиндан ошно бўлиш, унинг миллий руҳиятини англаш ва келажакдаги кўп қиррали ҳамкорликка муносиб тайёргарлик кўриш имконини тақдим этмоқдамиз. Боку шаҳрида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилаётганида ҳам ана шу эзгу мақсадлар кўзланмоқда.

Бир-бирининг она тилини биладиган, адабиётидан баҳраманд бўладиган ва тарихини чин кўнгилдан эъзозлайдиган авлод учун дўстлик шунчаки қуруқ ибора бўлиб қолмайди. Бу дўстлик кундалик мулоқотда, биргаликдаги касбий фаолиятда ва самимий инсоний муносабатларда ҳаётий кучга айланади.

Тил халқларни бирлаштирувчи энг самимий ва мустаҳкам кўприклардан биридир. Тилни ўрганиш ўзга халқни англашга, унинг маънавий дурдоналарини қадрлашга ва ўз аждодларимиз меросини янада теранроқ тушунишга йўл очади. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги абадий қардошлик ришталарини келажак авлодларга соф ва бардавом етказишнинг энг ишончли йўли ҳам аслида шу: сифатли таълим, юксак маърифат ва ўзаро самимий ҳурмат-эҳтиромдир.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон

тиллари университети ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =