Зилзилани ўрганмаса ҳам бўлаверадими?

ёки Ўзбекистон Миллий университети тадқиқотчи олимлари нимадан норози бўлишмоқда?

Бутун бир шаҳар, ҳатто бутун бир мамлакат(лар) аҳолисини доғда қолдирадиган табиий офатлардан бири зилзиладир. Унинг қачон, қаерда, қай вақтда, қандай кучланиш билан рўй беришини олдиндан аниқ айтиш устида кўплаб мамлакатларда илмий-тадқиқотлар изчил олиб борилаётган бўлса-да, ҳали бу борада бир тўхтамга келинганича йўқ. Дунёнинг у ёки бу жойида ер силкиниб, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмганини, қанчадан-қанча бинолар вайрон бўлган мудҳиш хабарни эшитганимизда,  даҳшатга тушамиз.

Зилзила офати нималарга қодирлигини, одамлар бошига не-не кулфату жабру жафолар солишини биламиз. 1966 йилги Тошкент зилзиласи нуронийлар ёдида. Бу ҳам огоҳ бўлишга даъват этиб туради. Мамлакатимизда сейсмология соҳасига эътибор қаратиш, унинг ҳар жиҳатдан бугунги кун талабларига мос келишига эришиш аҳамияти муҳим. Фан ютуқларини амалиётда жорий этиш, салоҳиятли кадрлар тайёрлаш замон талаби. 1966 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибида ташкил этилган Сейсмология илмий-тадқиқот институти ўтган салкам олтмиш йил мобайнида бой тажриба тўплади. Дунёнинг йирик марказларидан бирига айланди. Институт олим ва мутахассисларининг узлуксиз саъй-ҳаракатлари билан республикамиз ҳудудларининг сейсмик хавфсизлиги муаммоларини илмий тадқиқ этиш борасида амалга оширилган самарали ишлар янги-янги йўналишларда давом эттирилмоқда.

1976 йилги Газли, 1977 йилги Товоқсой, 1980 йилги Назарбек ҳудудларидаги зилзилалар мазкур соҳани янада ривожлантиришни, юклатилган вазифаларни аниқ-тиниқ бажаришда замонавий илмий ёндашувларни кенг қўллашни, изланиш ва янгиликка интилишни кун тартибига олиб чиқди. Институт олимлари жаҳоннинг йирик сейсмик илмий марказлари билан тажриба алмашиш йўлида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ундади.

Сейсмология фанидаги ҳар бир кашфиёт республикамиз сейсмик хавфсизлигини таъминлашга қўшилган муносиб ҳисса бўлса-да, бу — зилзила муаммолари енгиллаштирилди дегани эмас. Президентимиз томонидан 2021 йилнинг 13 сентябрида “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2022 йил 30 майда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 144-сонли Фармони, 2023 йил 16 майда эса “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Республикамиз ва халқимиз сейсмик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бу муҳим ҳужжатлар соҳани нафақат янада ривожлантириш, такомиллаштириш, балки унга амалий ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш лозимлигига чорлаши билан ҳам ғоятда қимматлидир. Айниқса, уларда акс этган:

— зилзилаларнинг вужудга келиш механизми ва табиатнинг ҳамда бу офат даракчиларининг турли геодинамик жараёнларда намоён бўлишини тадқиқ қилишни такомиллаштириш;

— бино ва иншоотлар, сув омборлари, тўғонларининг зилзилабардошлик даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;

— автоматлаштирилган мажмуавий-прогностик станцияларни кўпайтириш ҳисобига республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имкониятини яратиш;

— миллий сейсмик кузатувлар тармоғининг халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан доимий алоқаларини таъминлаш.

Бу изланиш ва тадқиқотларни ривожлантириш давлат сиёсати.

Бундан қарийб қирқ йил аввал Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи” ҳудудидан оқиб ўтадиган Чотқол дарёсининг Чорвоқ сув омборига қуйилиш жойига яқин қирғоқ ҳукумат томонидан сейсмик ҳолатни ўрганиш мақсадида (тектоник ёриқлар кесишадиган ҳудуд) танлаб олиниб, илмий-амалий тадқиқотлар учун маҳаллий ҳокимиятнинг қарори билан 3,1 гектар ер майдони Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)га фойдаланиш учун берилган. Университет шу майдонда радиофизика полигони ташкил этиб, Чорвоқ сув омбори ҳудудида ер қобиғининг деформацияларини юқори аниқликда ўлчаш, ер қобиғининг силжиши ва тебранишларини қайд этиш, илмий хулосалар асосида юз бериши мумкин бўлган зилзиланинг жойи, қуввати ва вақтини прогнозлаш тадқиқотларини бошлаганди. (бу жараён ривожланган мамлакатларда фаол давом этмоқда).

Университет радиофизика полигонининг тектоник ёриқлар кесишадиган ҳудуддаги шахта зилзилани қайд этадиган ва ўлчовни юқори даражада таъминлайдиган Марказий Осиёда ноёб геоманзил объект ҳисобланади.

Сейсмик хавфлилиги саккиз баллни ташкил этадиган ҳудудда олийдаргоҳ илмий ходим ва талабалари Ўзбекистон Фанлар академиясининг Сейсмология илмий-тадқиқот институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогноз маркази, мутасадди ташкилотлар ҳамда хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда сейсмик хавфни аниқлаш ва баҳолаш, зилзилани прогнозлаш, ернинг чуқур ёриқларини ўрганиш борасида узоқ йиллардан бери илмий изланишлар олиб боришмоқда. Ҳамкорлик доираси ривожланган давлатларнинг мазкур йўналишдаги илмий марказлари ҳисобига йилдан-йилга кенгайиб, самарали натижаларга эришилмоқда. АҚШнинг “Мichegan state” университети билан биргаликда Оқсоқ-ота дала полигонида ўрнатилган замонавий сейсмик станция илмий ходим ва талабалар учун янги замонавий имкониятлар уфқларини очди. Чорвоқ сув омборига туташ бўлган Бурчмулла ўқув-дала полигонида ҳам сейсмик ҳаракатларни олдиндан кўра билиш, ҳолатини баҳолаш, зилзила хавфини прогноз қилиш учун керакли станцияларни ўрнатиш, шунингдек, бу ерда илмий ишларни мунтазам олиб бориш баробарида университетда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан очилган сейсмология ва сейсмометрия таълим йўналиши талабаларининг ўқув амалиётини ўташи режалаштирилганлиги соҳани истиқболли ёшлар билан мустаҳкамлашга бўлган эътибордан далолатдир.

Шунингдек, полигонда ўқув ва илмий ходимлар лабораториялари, муҳандислик ва яшаш биноларини жойлаштириш имконияти ҳам бор.

Чорвоқ сув омборида ҳар йили катта ҳажмдаги “оби ҳаёт” икки марта йиғилиб, сарф қилиниши ер қобиғи юқори қисмининг табиий кучланганлик — деформация ҳолатига сезиларли таъсир кўрсатади. Табиийки, бу геодинамик жараёнларнинг фаоллашишига олиб келади. Геодинамик фаоллашувнинг намоён бўлиши тоғ-тектоник таъсири (кўчкилар), техноген ва индукцияланган сейсмиклик, шунингдек, бошқа динамик ҳодисалар бўлиши ҳам мумкин. Уларни прогноз қилиш долзарб ва мураккаб. Кейинги йиллар изланишлари шуни кўрсатадики, 1977 йил 6 декабрдаги Товоқсой (М-5,3), 1980 йил 11 декабрдаги Назарбек (М-5,5), 2008 йил 22 августдаги Тошкент (М-5,5) зилзилалари, шу ҳудудларда қайд этилган бошқа кўплаб магнитудаси паст зилзилаларнинг ҳосил бўлиши Чорвоқ сув омбори сув сатҳи ўзгариши билан ҳам боғлиқлиги ўрганилган. Радиофизика полигони Бурчмулла надвиги (чуқур ер ёриғи) мавжудлиги бу ҳудудда юз бериши мумкин бўлган кучли зилзила ўчоғи ҳосил бўлиш эҳтимоли катталигидан дарак беради.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ижроия комитети раисининг 1984 йил 25 майдаги 195/10-сонли қарорига асосан бугунги Ўзбекистон Миллий университетига геофизик тадқиқотлар олиб бориш учун қурилмаларни жойлаштиришга 0,30 гектар ер майдони ажратилган. Унинг 1986 йил 16 январда қабул қилинган “Давлат актини бериш тўғрисида”ги 11/1-сонли қарорига асосан университетга Б № 005717-рақамли “Ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат акти” ҳам берилган. Шунингдек, университетга 3,1 гектар ер ажратиш бўйича 1993 йилнинг 27 июлида Бўстонлиқ туман ҳокимияти ва унинг таркибига кирувчи барча ташкилотлар, жумладан, “Бурчмулла” ўрмон хўжалиги  раҳбарлари розилиги ва иштирокида “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Бурчмулла ўрмон хўжалиги ҳудудидан радиофизика ўлчов полигони қуриш учун ер танлаш ва ажратиш тўғрисида”ги ўзаро далолатнома имзоланган.

Радиофизикавий илмий тадқиқотларни олиб бориш, талабалар ва докторантларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш мақсадида 1984 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Бурчмулла қишлоғида “Бурчмулла” радиофизика полигони ташкил этилган. Полигон 2 қисмдан иборат бўлиб, ғор томондан 1,1 гектар (“Бурчмулла” ўрмон хўжалиги ерлари) ва дарё ёқасидан 2 гектар ер ажратилган эди. Ушбу 2 гектар ер майдон атрофи университет ҳисобидан темир панжара билан ўраб олиниб, профессор-ўқитувчилар томонидан юзлаб мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, боғ ҳам барпо этилди.

Полигоннинг собиқ мудири бу ердаги имкониятлардан ўз шахсий мақсадларида фойдаланишни кўзлаб, яқин қариндошларини ёнига олиб, аста-секин қинғир ишларга қўл ура бошлаган. Ҳатто ўрмон хўжалиги ва бошқа маҳаллий ташкилотлар раҳбарларининг турли йўллар билан розилигини олишга эришиб, полигон ерларини, бино ва вагонларини талон-торож қилади. Дам олувчилар учун уйлардан тортиб, чойхоналар қуриб вазият шу даражага бориб етадики, университет профессор-ўқитувчилари-ю талабаларининг полигондаги вазифаларни бажаришларига халақит қила бошлашади. Ноқонуний хатти-ҳаракатлар зўравонлик кайфиятида кучайгани туфайли университет доимий фаолият кўрсатувчи сейсмик, геомагнит майдон вариацияларини ўлчаш ва “GPS-GNSS” станцияларини ўрната олмаяпти. Сейсмик хавфни жаҳон андозалари бўйича замонавий усуллар билан ўрганишда мазкур станцияларнинг ёзувлари узлуксиз давом этиши зарур. Радиофизика полигони жойлашган ҳудуд аҳоли яшаши учун хавфли, сейсмик фаоллиги 8 баллик ҳудудга киритилган. Сув омбори қирғоқларида катта қияликда ётган бўшоқ жисмлардан иборат. Кўчки ҳосил бўлганда (бу эҳтимол доим бор) жисмларнинг минглаб кубометр ҳажмда ўчирилиб тушиши қирғоқдаги уй-жой ва бошқа иншоотларга жиддий зарар етказади-ку! Наҳотки, илмий изланишлар олиб бориладиган, ҳаёт учун сейсмик хавф-хатарли “тадбиркор”га бериб юборса? Бу ҳолатда коррупция аломатлари сезилаётгандай туйилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетига тегишли бўлган радиофизика полигонини ўзиники қилиб олганлар фаолияти қонунийми? Университет вакиллари мазкур масала бўйича туман ва вилоятнинг тегишли идораларига мурожаат қилиб, адолатли ечим сўрашмоқда.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 2 =