Пойтахт йўлларида… тақиқловчи белгилар нега тўлиб тошган?
Тошкент шаҳар ҳокими диққатига!
Яқинда Кореядан келган бир сайёҳ билан шаҳар айланишга тўғри келди. Такси буюртма қилиб, саёҳатни бошладик. Сайёҳ ҳайратда! Баъзан кўзларини пирпиратиб қўяди. Мен эса ўйланиб қолдим: нега бу меҳмон йўлларга, светофорларга, йўл четидаги белгиларга бунчалар тикилади? Нима, бу одам умрида светофор ёки йўл белгиларини кўрмаганми? Аввалига истиҳола қилиб сўрамадим.
Аммо сабрим чидамади:
— Кечирасиз, жаноб тинчликми?
— Ҳа, тинчлик. Лекин таажжубдаман,— деди у. – Нега тақиқловчи белгилар йўлларингизда бунча кўп? Светофорларда ҳам узундан-узун тирбандлик. Ҳайдовчилар бир-бирига йўл бермайди. Ўтган куни мени олиб юрган йигит ҳам қандайдир қоидани бузган экан, тўхтатиб жарима ёзишди. Мен жуда хижолат бўлдим. Машина менинг буюртмам билан бир жойга бораётган эди. “Айб менда ҳам бўлса керак”, деган фикрда жариманинг бир қисмини тўлаб бердим.
— Нега тўлайсиз? Ҳайдовчи айтдими?
— Йўқ, йўқ. У “Олмайман, одамни хижолат қилманг”, деди. Ўзим бердим. Ўзи арзимаган пулга келишган эдик. Икки баробар жарима эса уни қийнаб қўярди, албатта.
Меҳмоннинг бу гапларидан уялиб кетдим. Эҳтимол, ўша жарима учун тўлаб берган пули унга арзимас чой-чақадек кўрингандир, эсидан ҳам чиқиб кетар. Аммо йўлларимиздаги аҳвол ҳақидаги ўй-фикрлари унинг ёдидан чиқармикан?
— Мен ҳам Сеулда ҳайдовчилик қилганман. Лекин бизда бошқача, – дейди ҳамроҳим гапини давом эттириб. – Бизда светофорларда тўхтаб туриш, тирбандлик деярли учрамайди. Йўллар шу даражада аниқ механизм асосида қурилганки, йўловчилар ҳам, ҳайдовчилар ҳам бир-бирига халақит қилишмайди. Азбаройи 200 метр оралиғида 8 та “тўхтаб туриш мумкин эмас” белгисини кўрдим. Хўш, қаерда тўхтаб турилади унда?! Ахир бу жуда ғалати-ку!
— Мулоҳазаларингиз тўғри, лекин буларнинг ҳаммасини кўчаларда транспортларнинг эркин ҳаракатланиши, қоидаларнинг камроқ бузилиши учун соҳа мутахассислари ишлаб чиққанда, – деб ҳолатни “андавалаш”га ҳаракат қилдим ўзимча…
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда йўллар инфратузилмаси бўйича катта ишлар қилинди. Бу албатта бир томондан қувонарли. Одамларимиз кундан-кунга даромади ошаяптики, машина сотиб олаяпти. Буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо шаҳарсозлик тузилмамиз бунга тайёрми?
Тошкенти азимда йил сайин, кун сайин машиналар кўпайиб бормоқда. Лекин бинолар, иншоотлар, ишхоналар олдида автотураргоҳлар қани? Аслида аввалроқ улар бор эдику, қаёққа гумдон бўлди? Кўплаб ишхоналарда автотураргоҳлар йўқ. Ишга келганлар машинасини қўйиш учун узоқ масофа босиб қаергадир ташлаб келиши керак. Бу қайси мантиққа тўғри келади? Йўл четига қўяй десак тақиқ белгиси.
Бор-е, деб автоуловингизни қўйсангиз “отнинг калласидек” жаримани ёзиб кетишади.
Очиқ айтиш керак, йўл масаласи бизда энг оғриқли ва доим гапириладиган мавзу. Айниқса, қишдан чиқар-чиқмас кўчаларимизнинг аҳволи хароб бўлади. Қишлоқ ва туманларни қўя туринг, пойтахтдаги ҳолат ҳам пеш эмас.
— Деярли ҳар бир кўчада ўнлаб чуқурлар пайдо бўлган. Баъзилари ҳатто шу даражада катталашиб кетганки, мабодо битта “Тико” ёки “Матиз” адашиб тушиб қолса, индамай устидан кўмворса ҳам бўлаверади, – дейди бир танишим киноя билан. —Шахсан ўзим бугун йигирматадан кўпроғига йўлиқдим. Аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди. Қочишга жой йўқ. “Ух” дедим, “воҳ” дедим, сўкиндим, оғриндим. Бундай пайтда одам ўзини тутиб туролмайди. Темир бўлса ҳамки машинамга раҳмим келиб кетди.
Нега йўлларимиз битта мавсумдан нарига ўтмайди? Мутасаддилар “Ёғингарчилик кўп бўлди” деб ўзини оқлайди, албатта. Нима, бошқа юртларда ёмғир ёғмаяптими? Нима учун уларда бу масала кун тартибига кўтарилмайди? Саволлар кўп, жавоблар эса йўқ!
Эсимда, ўтган йили собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Шаҳардаги таъмирга муҳтож йўллар 10 кун муддатда таъмирланади, жараён қатъий назоратга олинади” деганди. Шундан кейин аҳвол ўнгландими? Йўқ. Ҳар ўн кунда, ҳар чоракда йўл қилаверсак, қилаверсак, қилаверсак… пул сарфлайверсак, сарфлайверсак, сарфлайверсак… Ўн кунда қилинган ишнинг сифати ҳам ўн кунлик бўларкан-да.
Шу йўлларимизни сифатли сақлаш учун деб ҳайдовчи пул тўлайди. Аммо абгор аҳволдаги жойлардан юриб, балони йиртилса, “ходовой”и кетса, дардини кимга айтади? Унга ким ёрдам беради? Ҳеч ким. Яна чўнтагидан харажат қилади. Ҳайдовчиларимизнинг ягона орзуси шу: йўл масаласи ҳам қатъий назоратга олинса. Ҳар бир сўмнинг сўрови бўлса. Халқаро тажриба амалиётга татбиқ этилса. Қисқаси, йўл деса бўладиган йўл бўлса…
Маълумотларга кўра, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги 5 та янги радар ўрнатишга 320 миллион сўм маблағ ажратибди. Энг қизиғи, шаҳар ИИБ хатида бу маблағнинг бир ойга қолмай оқланиши асослаб берилган. Радардан бир кунда ўртача 45 миллион, 1 ойда 1 миллиард 350 миллион маблағ тушиб, ҳокимият ҳам улардан 464 миллион сўм маблағ “ишлашига” ишора қилинган. Демак, янги ўрнатилаётган 5 та радардан бир ойда ўртача 6 ярим миллиард сўмга яқин жарима пуллари келиб тушади. Қаранг, буни “тадбиркорлик” деса бўладими? Шу ўринда бир савол: мамлакатимизда радарлар ёрдамида жиноятчилик ва қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсад қилинганми ёки бу даромад воситаси, холосми?
Келинг, ушбу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз. Куз-қиш мавсуми келди, дегунча мамлакатимизнинг кўп йўллари оғир аҳволга келиб қолади. Бу ҳолатлар деярли ҳар йили содир бўлади. Буни сезмаслик, кўрмасликнинг иложи йўқ. Лекин мутасаддилар юзага келган аҳволни зудлик билан бартараф этиш ўрнига “яма”ларни тупроқ аралашган шағал билан тўлдиришни афзал билишади. Афсуски, бу “усул”да тўлдирилган ўйиқлар икки-уч кунда аввалги ҳолига тушиб қоляпти. Нега мутасаддилар замонавий камералар ўрнатишни аъло даражада бажаришади-ю, бироқ керакли ё кераксиз белгиларни ўрнатиш борасида, жумладан уларни хавфсиз ва автомобиль ҳамда йўловчилар учун қулай қилиш борасида ўйлаб ҳам кўрмайди? Нега тарози палласи тенг тутилмаяпти? Қачонгача энг таъмирсиз йўлларга энг сўнгги русумдаги замонавий камераларни ўрнатамиз?
Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган йили мамлакатимизда ўн мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган ва тўққиз мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. 2,5 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг 263 нафарини болалар ташкил этган. Бу ғоятда ачинарли эмасми?! Бу ҳолат нима учун камаймаяпти? Хўш, бунга ким айбдор ва ким жавоб беради? Албатта, ноқулай йўлларимиз ҳам шундай автоҳалокатларга сабаблардан биридир. Йўл транспорт ҳодисалари содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни жиловлаш мумкин эмасми? Саволлар кўп, аммо уларга жавоб бериш, вазиятни ўнглаш ишлари, афсуски, талаб даражасида эмас, назаримда.
…Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ вазият халқимизни қаттиқ ташвишга солаётганини алоҳида таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бу соҳага ҳам илмий, таҳлилий ёндошилса, кутилган натижага эришиш мумкинлигини айтганди. Пойтахтимизнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда тўртта автоҳалокат содир бўлган бўлса, бир дона светофор ўрнатиш орқали ўтган йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг Лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилганини мисол қилиб келтириб ўтганди. Чиндан ҳам ўринли ва керакли жойларда ўрнатилган йўл белгилари, светофорлар кўплаб кўнгилсизликларнинг олдини олади. Шу боис ҳам айрим кўчаларимизда қалашиб ётган кераксиз белгиларни зарур ҳудудларимизга ўрнатиш, тартибга солиш эҳтиёжи мавжуд.
Охирги пайтларда “қопқон” вазифасини ўтаётган камералар, белгилардан асосий мақсад нима ўзи? Ростдан ҳам жаримами, тартибми ёки аксинча ҳамён шилишми? Шу масалани ҳам мутасаддиларимиз халқ томон бўлиб, бир ўйлаб кўришларини истардик.
Ҳа, йўлларимиз сўнгги йилларда юқорида айтганимиздек, анча ўзгарди. Қулайликлар яратилди, кенгайтирилди. Аммо… борган сари машиналар қатнови, сони ҳам ҳаддан зиёд ошиб бормоқда. Афсуски, пойтахтдаги аксарият автотураргоҳлар сотиб юборилди — кўп қаватли уйларга айланиб кетди у жойлар. Ҳар қадамда эса тақиқловчи белгилар: “тўхташ мумкин эмас”, “тўхтаб туриш мумкин эмас” ва ҳоказо…
Хўш, унда ҳайдовчилар қаерда тўхтаб туришсин, қаерга уловини қўйишсин? Ким буни ўйлайди? Шуми инсон омили?
Тўғрисини айтганда, бундай “тартиблар” атай, жарима солиш учун ўйлаб топилаётганга ўхшайди.
ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўл белгиларини ўрнатишга масъул идоралари эса бу ҳолатга лом-мим дейишмайди. Уларга қолса, “юқори қаватнинг тепасига ҳам бирор белги қўйилса”да норози бўлишмаса керак!
Энди ҳайдовчиларнинг даражаси, аҳволи ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Қолаверса, бу алоҳида бошқа бир мавзу. Лекин пойтахтимиз Тошкентга яқинда ҳоким бўлган Ш. Умрзоқов йўл ва йўловчиларга қулай, хавфсиз бўлиши учун қандай чора-тадбирлар кўрмоқчи? Айниқса, “атай” қўйилган, яъни ўринли-ўринсиз ўрнатиб ташланган белгиларни олиб ташлаши, ҳеч бўлмаганда камайтириши қўлидан келармикан?
Айтмоқчи бўлганимиз — асосан ана шу гап эди.
Ислом АСИЛБЕКОВ,
журналист