Шабнамлар кўнглимни чайсалар…

Гулчеҳра ШАҲОБИДДИН қизи

Муаллиф ҳақида:

Гулчеҳра ШАҲОБИДДИН қизи — Жиззах шаҳрида туғилган. Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Шоирнинг “Соғинч”, “Янги ой чиққан кеча”, “Дилда дардинг бўлмаса”, “Қалдирғочим”, “Жон ичра жондир Ватан”, “Садарайҳон ифори”, “Онажон, кечир”, “Бахт хумори”, “Сизни соғиндим”, “Сўз зарби”, “Қақнус қўшиғи” каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

 

ЭРТАГИНГНИ АЙТ

 

Кўзларимга уйқу бегона,

Умид дилга ҳамроҳ, дугона,

Ёрни кутиб бўлдим девона,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Хали қирқ кун, тонгу тунлар бор,

Юрагимда маҳзун унлар бор,

Кўзларимда кетмас мунглар бор,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Майли, кунни тунларга улаб,

Отар тонгдан толеим тилаб,

Ҳижрон тоғи тушмасдан қулаб,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Шаҳризодам, чўпчагинг ёлғон,

Ёлғонлардан юрагим толган,

Ўшал бедил, беишқ, бедарднинг

Тош кўнглини тош санам олган.

 

Айтсанг унинг  қайтишидан айт,

Менга дилроз айтишидан айт,

Висол сўзин дилга этдим қайд,

Шаҳризодам, сен ростидан айт.

 

Кун ботмоқда, ёрдан хабар йўқ,

Изтиробдан юрагимда чўғ,

Хиёнатдан тегмасин деб ўқ,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Субҳидамдан умид ростлар қад,

Ҳажр сўзин айлабон қаҳат,

Бахт фаслидан келибди тўйхат,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Дил ишқидан яралмоқда байт,

Кунми, тунми, у қандайин пайт,

Энди фақат бахтдан эртак айт,

Шаҳризодам, эртагингни айт.

 

Айт, бўлмаса тугайди бу байт!

 

* * *

Китоб ўқимаганнинг

Юзлари нурсиз бўлар,

Кунларининг файзи йўқ,

Қалби ҳузурсиз бўлар.

Сўзлари ҳам маънисиз

Гаплари “туз”сиз бўлар

Китоб ўқимаганнинг.

 

Ўқирман бор, бори – оз,

Бу дардки, куйдирар боз.

Қўлни қўлга берсак соз,

Жам бўлиб ҳамма ҳамроз,

Телефонлардан кечиб воз,

Китобга бўлсак пешвоз,

Қандайин соз, қандай соз,

Ҳар бир китоб — бир устоз!

 

АЖР

 

Кўнглим, сен айлама бунчалар оҳ-зор,

Банданинг бергани бандага озор.

Не сўрсанг биргина Ўзидан сўра,

Аввалу охиринг бўлмас асло хор.

 

Бошинг саждага қўй, сўрайвер бот-бот,

Биргина беминнат бергувчи ул зот.

Дуога қўл очиб этгил муножот,

Ҳақдан ўзга ҳеч ким беролмас нажот!

 

Ҳар кимга яраша беради ажр,

Кимга ишқ бергувси, кимгадир хажр.

Не сўрсанг биргина Ўзидан сўра,

Берса мукофотдир, бермаса хайр.

 

…Аввалу охиринг бўлсин бахайр!

 

БИР МУҲАББАТ ИЗЛАДИМ

 

Ҳаловат топмадим

бир лаҳза ёрсиз,

Васлингга етмадим

тунлар бедорсиз.

Ишқда бахт бормикан

Азоб-озорсиз —

Бир муҳаббат изладим такрорсиз.

 

Муҳаббат бормикан

маломат, хорсиз?

Ё висол бормикин

ҳижронсиз, зорсиз?

Истадим бир гўша

бўлса ағёрсиз,

Бир муҳаббат изладим такрорсиз.

 

Чўққида виқор йўқ,

бўлса гар қорсиз,

Сиз менинг дилимга

қайтмас баҳорсиз.

Бу гўзал бўстонда

наҳот мен ёрсиз,

Бир муҳаббат изладим такрорсиз.

 

ГУЛЛАШГА УЛГУРДИМ

 

Баҳор бўлгим келди,

гул бўлгим келди,

Лоладек қирларга

югурдим.

Шабнамга чайилган

дил бўлгим келди,

Гулладим, гуллашга

улгурдим.

Яшиллангим келди,

кўкаргим келди,

Қўшиқлар куйласам

зангори.

Қаддимни сарвдайин

кўтаргим келди,

Йўлларим бўлсалар

анвори.

Шабнамлар кўнглимни

чайсалар,

Ёмғирлар ювсалар

юзимни.

Барқ уриб яшнаса

майсалар,

Чечаклар қопласа

изимни.

Очилсам, гул бўлиб

очилсам,

Ифорим сочилса

ҳар томон.

Тоғларга, боғларга

шошилсам,

Ниҳоллар барг ёзса

соғ-омон.

ахир мен баҳорман,

гулман,

чечакман,

кетсам-да, ҳар фасл

бир келажакман,

кокиллари яшил,

қўшиғи зангор,

куртакдек қиқирлаб,

шод кулажакман.

 

…мен фасли баҳорман,

чаманман, гулман.

 

МЕН ЎША

 

Тошни ёриб унган гул,

Дарё бўлиб тинган дил,

Чўғи ўчиб сўнган кул —

Мен ўша.

 

Хиёнатларга ёвман,

Ёндиргувчи оловман,

Шундай юраги довман —

Мен ўша.

 

Ул исёнкор, ул ёмон,

Ранги заъфарон, сомон,

Шунча ғамдан ҳам омон —

Мен ўша.

 

Яшаса-да изи йўқ,

Оташ-олов сўзи йўқ,

Дарди бор-у, бўзи йўқ —

Мен ўша.

 

Ойман — қўлинг етмаган,

Ишқи дилдан кетмаган,

Аламлари битмаган —

Мен ўша.

 

Муҳаббатдан дил яксон,

Ўн гулим бари хазон,

Қалбида ишқдан тўзон —

Мен ўша…

 

ГУЛ

 

Сени очилмоққа қўймадилар, гул,

Сенга зулм қилиб тўймадилар, гул,

Алафни гул дея бошга қўйдилар,

Сени Гул ўрнида суймадилар, гул.

 

Уларни маст қилмас сендаги ифор,

Улар ўта баднафс, ўта зулмкор.

 

Фақат сен бош эгма, барг ёз умидвор,

Улар гуллигингни билмадилар, гул.

 

Улар шундай касдир, кўз ёшлар бекор,

Ўзидан ўзгани айларлар инкор.

Уларда юрак йўқ, бир парча гўшт бор,

Сени очилмоққа қўймадилар, гул.

 

Хоҳласа бошингда қорлар ёғдирар,

Баргларингни юлар, эсдан оғдирар.

Алар ёмонлик-ла кўнгли чоғ турар,

Сени бир гулчалик суймадилар, гул.

 

Улар ёмонлигин қўймадилар, ГУЛ,

Сенга азоб бериб тўймадилар, гул.

Бечора гулим-а, чорасиз гулим,

Сенинг дардинг чекиб йиғлайди кўнглим.

 

Сени баҳорингга бермадилар, гул!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =