Китоб — беминнат устоз
Инсон умрининг энг гўзал дамлари, шубҳасиз, унинг ёшлик палласидир. Ёшлик китоб ўқиш, билим олиш учун берилган катта имконият. Шу боис ҳам донишмандлар “Ёшликда олинган билим — тошга ўйилган нақшдир”, деб бежиз айтишмаган. Бугунги кунда халқимиз, айниқса, ёшларни оммавий китобхонликка жалб этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, мутолаа маданиятини шакллантиришга хизмат қиладиган кутубхоналар кўплиги, китобхон-ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол.
Миллий қадриятлар руҳида ёш авлодни тарбиялашда эса китобдан кўра қудратлироқ куч йўқ. Шу ўринда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: “Китобхонлик маданиятини юксалтириш буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир. Китоб — беминнат устоз. Билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, деб таъкидлаганида ҳам чуқур маъно бор. Зотан, келажак авлоднинг камолоти унинг илм олиши, билимли, комил инсон бўлиши билан белгиланади. Бугунги кун замонамиз ёшлари қимматли вақтларини кўпроқ фойдали китоб мутолааси учун ажратиши, кўплаб китобхонлик танловларидаги муваффақиятлари, илм чўққиларини забт этиши ҳам китоб ва китобхонликка қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги исботи, десак, муболаға бўлмайди.
Тарихга назар ташласак, китобни улуғлаш, ёшлар ўртасида илм-маърифатни тарғиб этиш, кутубхоналар ташкил этишда жадидчилик ҳаракати вакиллари ҳам ибрат кўрсатишгани маълум. Бу борада маърифатпарвар бобомиз Исҳоқхон Ибрат ўз уйида “Кутубхонаи Исҳоқия” деб номланган нурхона ташкил этган. Ушбу жой нафақат ўқувчилар, балки қишлоқ аҳлига ҳам хизмат қилган. Буюк аждодларимиз Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Бойсунқур Мирзо каби алломаи замонлар улкан кутубхоналар ташкил қилганликлари тарихий манбаларда ҳам кўрсатилган.
Бугун эса ахборот-кутубхона марказлари томонидан китобхонликни “Экспресс кутубхона” орқали тарғибот қилиш усули чекка ҳудудлардаги аҳоли қатламини китоб мутолаасига янада яқинлаштириш имконини бермоқда. Китобхонларнинг кутубхонамизга уюштирган саёҳатлари уларнинг китобга бўлган қизиқишларини оширибгина қолмай, балки, кутубхонада ташкил этилган мўъжазгина ўлкашунослик музейи ёшларни туманимиз қишлоқлари тарихини ва бугунини ўрганишга ёрдам бермоқда.
Азалдан халқимиз китобни азиз санаган, китобхонлик кечалари, мушоиралар уюштирилиб, оилаларда бадиий асарлар мутолаа қилинган, асарлар ҳақида мулоҳазалар билдирилган. Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, ҳозирги пайтда кўпгина оилаларда оилавий кутубхона мавжуд. Қай бир хонадонга кирманг, мўъжазгина китоб жавонларидаги китобларга кўзингиз тушади. Шубҳасиз, китобхонлик муҳитидаги оилаларда оила катталарининг ёшларни китоб ўқишга чорловчи тарбиявий ўгитлари, панд-насиҳатлари, сўзлари оилада улғайиб келаётган ёшлар онгига сингиб, уларнинг китобга бўлган меҳрини орттиради, оиладаги мутолаа майдони кенгайиб бораверади. Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоий болаликданоқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини наинки ўқигани, балки қалбига муҳрлаб олганини эсга олмоғимиз жоиз. Oилавий китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган “Kитобхонлик оиладан бошланади, китобхон она — китобхон бола” ғоясини ҳудудларда кенг тарғиб қилиш мақсадида кутубхонамизда мунтазам бўлиб ўтадиган “Китобхон оналар куни” тадбирлари барча оналарни мутолаага чорламоқда. Мутолаа кунида китобхон оналар ўзбек, мумтоз ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўқиб, асар ҳақида фикрларини баён этадилар, қизиқарли баҳс-мунозаралар юритадилар, асарлардан иқтибослар берилади. Чиндан ҳам, ёшларга улуғ аждодларимиз оилавий муҳит туфайли буюк мутафаккирлар бўлиб етишганини сингдириш, алломаларнинг ҳаётига доир китоблар мутолаасини йўлга қўйиш яхши самара беради.
Жамила ПЎЛАТОВА,
Уйчи туманидаги ахборот-кутубхона марказининг ахборот-библиография хизмати раҳбари.