Ҳурлик тимсоли бўлган аёл

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” романи ҳақида

“Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, деган эди буюк адиб Абдулла Қодирий. Дарҳақиқат, аждодларимиз тарихини, уларнинг фаолиятини ўрганиш, тарих воқеаларидан сабоқ олиш бизнинг бугунги кунимиз равнақи, ёшлар тарбияси, келажак режаларини белгилаб олишда жуда муҳимдир. Аждодларимизнинг кўп минг йиллик тарихини билиш эса тадқиқотчи ижодкордан ўта синчковлик, сабр-бардош, таъбир жоиз бўлса, йиллаб уйқусиз тунларни талаб этади. Нина билан қудуқ қазиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу йўлда тинимсиз ижод заҳматини чекиш минглаб ижодкорлардан бармоқ билан санарли кишиларгагина насиб этади. Аслан ижод учун яратилган, халқимиз тарихини бадиий қиёфада авлодларга етказиш вазифаси пешонасига битилган ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алини халқимиз тарихимиз билимдони, ўнлаб нодир китоблар муаллифи сифатида билади.

Яқинда ижодкор ўзбек адабиётини янги бир асар — “Клеопатра” тарихий романи билан бойитди. Роман ҳозир қўлма-қўл ўқилмоқда, жойларда унга бағишланган учрашувлар бўлмоқда. Бу — қувонарли ҳодиса.

Асрлар давомида номи тилдан-тилга ўтиб, афсонага айланган Миср маликаси Клеопат­ра тўғрисида Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам кўп­лаб бадиий асарлар, саҳна асарлари, кинофильмлар яратилган. Ўзбек адабиётида тарихий мавзуда, яқин асрларга оид айрим ишлар мавжуд бўлгани ҳолда мазкур мавзуга қалам урилмаган эди. “Клеопатра” романи бу борада адабиё­тимизнинг салмоқли ютуғи бўлди. Асарнинг мавзу кўлами кенг, романнинг ҳажми ҳам салмоқли. Муаллиф нега айнан бу мавзуни танлади, асар биз учун нимаси билан аҳамиятли, деган иштибоҳлар билан асарни қўлига олган китобхон дастлабки саҳифалардаёқ мозийга йўл олади ва шовқин-суронли қадим Миср мамлакатига тушиб қолади. Бора-бора ўқувчи ажойиб янгилик — Клеопатранинг ватанпарвар миллий қаҳрамонимиз Спитамен авлоди эканлигидан ҳайратга тушади. Бу китобхоннинг асарга бўлган қизиқишини янада кучайтиради. Ҳа, шундоқ, Миср маликаси Клеопатра — Спитамен, аниқроғи, Спитаменнинг жанговар ўтюрак қизи Апаманинг ўнинчи авлоди бўлади! Тарихнинг олис йўллари бизни ана шундай мўъжизага олиб келади.

Асар бошланишидаёқ китобхон кўз ўнгида қадимги Искандария, турли савдогарлару ҳунармандларга тўла шаҳар, Птолемейлар саройи ва маъбуда Исида ибодатхонаси, турли тилларда сўзлашувчи қурама одамлар шовқин-сурони, мусиқа садолари эшитилади, денгизнинг нам ҳавосини сезгандай бўласиз. Асар персонажлари тавсифи, муносабатлари асносида мамлакатда ҳукм сураётган сиёсий вазият, ҳукумат бошқаруви ойдинлаша боради. Ўқувчи романни ўқиш жараёнида давр руҳига мослашиб олгач, секинлик билан асар қаҳрамони бўлган Клеопатра билан танишади ва асар охиригача у билан бирга: қувонса қувонади, ташвиш чекса, бирга қийналади. Шуниси характерлики, китобхон асар воқеалари ривожида иштирок этар экан, ўзи излаган нарсани — Клеопатрада Спитаменга хос хусусиятларни, яъни қўрқмаслик, ватанпарварлик, миллатпарварлик, фидойилик, севгига садоқат, бош­қарувчанликни кўради ва ўз қаҳрамонининг йиллар давомида жангу жадаллар, турли воқеалар силсиласида тобланиб, мамлакатни бошқарувчи ҳукмдор малика сифатида шаклланганлигига гувоҳ бўлади.

Адибимизнинг маҳорати шундаки, асарда Рим ва Миср, Эрон ва Турон каби мамлакатларда содир бўлган воқеа-ҳодисалар шунчаки баён қилинмайди, балки Спитаменнинг суюкли қизи Апаманинг авлоди бўлган Клеопатра ҳаётининг ўта рангин ва рангсиз кунлари тарихий воқеликка асосланган ҳолда бадиийлик бўёғи ила китобхон ҳукмига ҳавола этилади.

Клеопатра Миср маликаси сифатида жаҳон тарихи зарварақларидан ўрин олган. Томирида буюк аждодимиз Спитамен қони оққан бу ҳукмдор аёл ўз Ватанининг озодлиги учун курашади, унинг Рим босқинчилари оёқлари остида топталишини истамайди, ватанпарварликнинг тимсолига айланади. Унинг зиддиятли шахс эканлиги асарда турли кишилар билан бўлган муносабатларида яққол намоён бўлади. Клеопатра ўша давр фарзанди сифатида ахлоқсиз жамият томонидан белгилаб қў­йилган тартиб-қоидаларга бўйсунишга, саройнинг фаҳш, фитна, фисқу фасодга йўғрилган таомилларига амал қилишга мажбур бўлади. Аммо даврнинг бир ҳовуч ҳукмдорларига хизмат қилувчи қонунлар занжирини узишга унинг қурби етмайди. Клеопатранинг Ватани ҳисоб­ланмиш Мисрнинг мустамлака мақомига эгалиги, римликлар томонидан халқнинг азобланиши, ҳуқуқларининг чеклаб қўйилиши, зулмнинг ҳаддан ошиши туфайли асар қаҳрамони юртни асраш, мустақилликка эришиши учун курашга бел боғлайди. Бунинг учун у ўз эркидан, ғуруридан ҳам воз кечишга мажбур бўлади. Бу кураш йўлида умри поёни ҳам фожиали тугалланади.

Унинг ҳаёт йўли буюк император Юлий Цезарь ва Марк Антонийлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечади. Бу икки шахс ҳам умр бўйи Рим империяси ҳудудларини кенгайтиришга қаратилган босқинчилик сиёсатини олиб борадилар ва ички зиддиятлар қурбонига айланадилар.

Асарда Клеопатра турли қиёфаларда юз кўрсатади. Уни отанинг севимли қизи, вафодор аёл, меҳрибон она, сарой тутқуни, Ватан ҳи­моячиси сифатида кўрамиз.

Клеопатранинг ҳаёт йўли ўша давр олий табақа аёллариники каби оилавий зиддиятлар қуршовида кечади. Анъанага кўра, ота вафотидан сўнг унинг укаси Птолемейга турмушга чиқиб, ўзаро келишмовчилик туфайли Сурияга кетишга мажбур бўлади. Рим саркардаси Гай Юлий Цезарь аралашуви билан тахтни қайтариб олади ва Цезардан ўғилли бўлади. Шу вақтларда у юрт тинчлигини ва Миср мустақиллигини сақлаш мақсадида тин билмайди. Сенат мажлисида Цезарнинг ўлдирилиши унинг орзуларини йўққа чиқаради. У ўғлини Мисрга ҳоким қилиб тайинлайди. Марк Антоний билан танишиш унинг ҳаётида янги саҳифани очади. Бу орада Цезарнинг қотиллари жазоланади. Антоний Клеопатрага уйланади. Аммо бу Антоний учун муваффақиятсиз бўлади ва у билан қайин оғаси Октавиан ўртасидаги зиддиятлар кучайишига олиб келади.

Искандарияга Октавианнинг қўшинлари кириб келиши Антонийнинг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлади. Суюклиси Антоний ҳалок бўлгандан кейин, душман қўлида азобланишдан кўра ўлимни афзал кўрган Клеопатра ҳам мардона ўз жонига қасд қилади.

Шу тариқа Клеопатранинг жангу жадал, сарой фитналари орасида ўтган умри аянчли якун топади.

Асар тарихий фактлар асосида ёзилган бўлиб, қизиқарли ўринларга бой. Муаллифнинг бу асарни ёзиш учун кўплаб илмий манбалардан, турли тилларда нашр қилинган адабиётлардан фойдаланганлиги, воқеалар тавсифига тарихий ва бадиий ҳақиқатни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда ёндашганлиги сезилиб туради. Адиб моҳирлик билан замонларни, тақдирларни, асрларни бир-бирига боғлай олади ва ўқувчининг эсида қоларли ҳаётий манзаралар яратишга эришади.

Клеопатранинг руҳий олами, ҳис-туйғулари акс этган лавҳалар бадиий-эстетик таъсирчанлиги билан ўқувчи хотирасида муҳрланиб қолади.

Асарда ҳар бир образнинг қиёфаси аниқ тасвирланганидан, уларни яққол кўриб турасиз. Апама, Персефона, Ирада, Хармиона, Мелисса, Фульвия, Цезарь, Антоний, Деллий, Аполлодор сингари ва бошқа тарихий шахс­лар, образлар шулар жумласидандир. Адиб бадиий образни чизишда маҳорат кўрсатади. Биргина мисол: Клеопатранинг жорияси Мелисса — чиройли, одобли қиз, лекин тили аччиқроқ… Ёзувчи, бу қиз бежиз унақа эмас, чунки унинг исми Мелисса — лотин тилида “асалари” дегани, деб қизнинг тили аччиқлигига ишора қилади. Бу ўқувчининг ёдида сақланиб қолади.

Муаллиф Клеопатра образини ёритиб бериш билан адабиётимизга янги қутлуғ мавзу олиб кирди. “Клеопатра” тарихий романи Ватан озодлиги учун курашган аждодларимизни бизларга яқин қилиб қўйди, уларнинг эзгу дард-ниятларига шерик этди. Клеопатра ўз Ватани мус­тақиллиги учун курашган, ҳуррият тимсолига айланган сиймо эди. Бу асар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш вазифасини узоқ вақтлар давом эттириши шубҳасиз. Зеро, чинакам ижодкорнинг, ҳаққоний бадиий ижоднинг олдига қўйиладиган талаб ҳам, аслида, мана шу!

Зуҳра БЕГИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =