Саодат буржидаги Ватан

Йигирманчи аср… Тарих. Асрий зулмат қоплаган она замин ингроқлари:

– Ота, нега ғамгинсиз?

– Кутяпман қуёшни.

– Она, нега маъюссиз?

– Синаяпман бардошни.

– Ака, тоғдек елкангиз

Нега ғамдан букилган?

– Чексиз пахтазорларга

Менинг умрим экилган.

– Опа, ҳув тутлардаги

Чайқалаётган нима?

– Шамол туққан болалар…

Бошқа ҳеч нарса дема…

– Синглим, рангингда қон йўқ…

Кечир, йўлингни тўсдим.

– Ука, жон кетиб борар,

Пахтазорда қон қусдим…

Йигирма биринчи аср… Учинчи Ренессанс пойдеворига қўйилган олтин ғиштлар шуъласи руҳни яйратади. Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам меъморий мўъжизасидан таралаётган Қуръони карим нурлари беором дунё қалбига малҳам қўймоққа шошилади. Мен нима учун хаёлларда бир аср нарига кетдим? Чунки липиллаган керосин чироқ шуъласида болалик тонгини умидсиз кутган қизалоқ бугун юлдузлар шуъласида шуълаланиб, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири деган юксак Давлат мукофотига сазовор бўлиб турибди. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида жаннатларга айланаётган, эсаётган насимлари беҳишт шамолларини эслатувчи, бутун дунё ҳайрат кўзи билан қараб, бир кўришга интизор бўлган Янги Ўзбекистонимда фахр ва шукуҳ билан юрибди.

 

Янги Ўзбекистон – буюк Уйғониш,

Учинчи Ренессанс тарихга кирди.

Ўтаётган кунлар салтанатида

Ўзбекистон дунё томон юз бурди.

Сарҳадлар очилди. Очилди йўллар,

Янада ёрқинроқ порлади офтоб.

Она аллалари ҳаётга қайтди,

Саҳро қумларига сингиди сароб.

 

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев маданият, санъат ва адабиёт намояндаларидан бир гуруҳига Давлат мукофотларини тантанали равишда топширар экан, иштирокчиларга шундай юзланди:

– Давлатни иқтисод кўтаради, қонун бошқаради, армия ҳимоя қилади. Лекин қайси мамлакат адабиёт ва маданиятга эътибор берса, келажаги мустаҳкам бўлади. Қайси жамият ижод ва санъатни қадрласа, ўша халқнинг маънавий иммунитети кучли бўлади.

Шунингдек, Президентимиз устоз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси ўша оғир замонларда халқ руҳига қанчалар маънавий қувват ва куч бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бугунги ижодкорлар олдида ушбу шеърий жанрга бўлган нуқтаи назар ва уни тиклаш вазифаси турганлигини эслатдилар. “Менинг ниятим – ҳар бир хонадонга мусиқа чолғуси кириб борсин, ҳар бир ўғил-қизимиз мусиқа чалишни ўргансин. Чунки санъатни, мусиқани севган боланинг қалби тоза, тафаккури кенг бўлади”, – деди Президентимиз.

Юртбошимизнинг “ўзбек халқи ғижжак санъатини дунёга ёйиш тўғрисида”ги фикрлари ҳам анжуман қатнашчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Куннинг иккинчи ярмидаги ижодий мулоқот ҳар бир қатнашчининг руҳиятида бир олам эврилишлар ясади. Очиқ, эркин, мардона фикр алмашувлар Янги Ўзбекистоннинг янги инсонлари фикратида улуғ ўзгаришлар содир бўлаётганини Вақт кўзгусида кўрсатди. Инсон қадри, қалби, омили учун давлат бюджетидан ажратилаётган, рақамлари ҳайратга солаётган моддий имкониятлар режаси ҳаммани лол қолдирди. Масалан, адабиёт соҳаси вакиллари учун муносиб ижодий муҳит, шароит яратиш ва рағбатлантириш бўйича ҳам қатор янги имкониятлар режаси тақдим этилди. Энди шоир ва ёзувчиларга йилига камида 50 та энг сара асар учун ижодий давлат буюртмаси бериш йўлга қўйилади. Ҳар йили ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинади ва муаллифлари иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказилади. Бундан буён Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларнинг қоғоз билан боғлиқ харажати давлат томонидан қопланади. Шунингдек, ёш истеъдодларнинг шеърият билан санъатни уйғунлаштирган шеърий концертлар ташкил этиш ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланди. Кўнгилга хуш ёқадиган яна бир жиҳат – ушбу йўналишда тақдим этиладиган энг сара 100 та лойиҳа давлат ҳисобидан молиялаштирилади. Эндиликда ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчи, маданият ва санъат вакиллари, музей ходими ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган ижодкорларга уй-жой ижараси учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача харажатини қоплаб бериш йўлга қўйилади. Ижодий ташкилотлар, маданият ва санъат муассасаларига бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган соҳа вакиллари ҳам кўп. Уларга ҳам уй-жой ижараси учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача харажатини қоплаб бериш жорий этиладиган бўлди. Булар ҳаммаси эмас! Эътибор қилинг, ҳар йили фаолиятида яхши натижага эришган 1 минг нафар соҳа ходими давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади. Яна 2 минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил ишлаган ходимларга санаторийларга бепул йўлланма берилади. 15 июндан халқ артисти, халқ шоири, халқ ёзувчиси каби юксак фахрий унвонга эга ижодкорларнинг аэропорт ва вокзаллардаги “ВИП” заллардан бепул фойдаланиши таъминланади…

Қудратли уммон сувини ўлчайдиган имконият йўқ. Тарихий жараён иштирокчиси сифатида мен ушбу уммондан бир томчигина олдим, холос. Бироқ томчида қуёш акс этганидек, муҳтарам Президентимиз бошчилигида мислсиз тараққиёт шиддати билан илгарилаётган Янги Ўзбекистоннинг бетимсол суврати акс этиб турибди. Саодат буржидаги она Ватанимиз учун тунни кунга улаб, оромдан воз кечиб, қатъий сиёсий ирода билан мамлакатни бошқараётган қадрли Президентимиз учун кўкка ўрлаётган эл дуоси ҳаммамиз учун ҳам ниҳоятда ёқимлидир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =