Ният ва амал

Ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ишонч телефони” китобини ўқиб…

— Алло, бу “Ишонч телефони”ми?

— Ҳа, оператор Динара Ирматова эшитади.

— Ирматова? Эрматова, денг.

— Энди битта сиз қолувдингиз “замечания” қилмаган. Паспортимда шундай ёзилган. Кимсиз, нима гапингиз бор?

— Мен Баҳромжон Қултўраевман.

— Адресингизни айтинг.

— Ўзбекистон…

— Ўзбекистонлигини биламан. Қайси вилоят, қайси туман, шаҳар, қишлоқ, кўча?

— Анкета тўлдирасизми?

— Тартиб шунақа. Нима шикоятингиз бор?

— Шикоятим йўқ.

— Нимага қўнғироқ қилаяпсиз бўлмаса?

— Сизларнинг тўғрингизда бир китоб чиққан экан, шуни қаердан олсам бўлади?

— Мен қаёқдан билай? Бу ер китоб дўкони эмас.

— Биламан…

— Билсангиз, вақтни олманг.

— Намунча қўполсиз? “Ишонч телефони” китобида сизларни жуда бошқача таърифлаган-ку.

— Я одна, вас много. Мақсадга ўтинг, илтимос.

— Мақсадга ўтсам, мен фермерман. Лекин ўзим Тошканда тураман. Шерободда эллик гектар еримиз бор. Пахта экамиз, ингичка толали. Бир холам Шерободга тушган. Шулар билан бирга ташкил қилганмиз фермер хўжалигини. Сурхондарёга поездда тез-тез қатнаб тураман.

— Хўш?

— Хабарингиз бордир, Бойсун орқали темир йўл қурилган. Борганмисиз?

— Йўқ, бормаганман.

— Бир келинг, кўриб ҳайратга тушасиз. Тоғларни кесиб шундай йўл қурганки… Э, ҳукуматга қойил-э, лекин. Фермер хўжалигимизда пахтадан ташқари ғалла экамиз, қовун-тарвуз… Ҳамма нарса бор-да, ишқилиб. Шерободнинг буғдойи ҳам зўр бўлади. Қовун-тарвузини-ку айтмай қўя қолай, асал дейсиз, асал. Баҳром фермер десангиз, Шерободда ҳамма билади. Бурноғи йили Президентимиз орден бердилар. Бутун хўжалигимизда байрам бўп кетди, десангиз…

— Муборак бўлсин, лекин, узр, бизга нима мақсадда телефон қилаяпсиз?

— Яқинда поездда Сурхонга кетаётиб, бир киши билан танишиб қолдим, битта купеда кетдик-да. Кўп одамохун, шинаванда киши экан. Ўзи шоир экан. Йўл бўйи гурунг қилиб бордик. Шу одам бир китобни кўрсатиб, роса мақтади, зўр китоб, деди. Нимани ёзган, десам, э, сўраманг, бир жойини ўқисангиз куласиз, бир жойини ўқисангиз жилайсиз, деди. Китобни олиб, мундай қарасам, устига “Ишонч телефони” деб ёзилган. Ҳайрон бўлиб, олдига суриб қўйдим, телефон ҳақида экан-ку, телефонди нимаси қизиғу нимасига жилайсиз, дедим. Шоир кулди.

Сиз аввал буни ўқиб кўринг, деди. Кейин ўзи ёнбошлаб уйқуга кетди.

Йўл узоқ эмасми, ҳай, бир ўқисам ўқийин, деб тўғри келган жойидан ўқишга туштим. Бир ерида мени бўламди ёзипти. Фақат отини Худойберди, деб ўзгартирипти-да, мени бўламди оти Худойқул. Бегмат Ражабович дегич киши мени бўламди қаёқдан танийди, шунисига ҳайронман. Худди ўзи, бир туки кам эмас, ё, товбангдан кетай! Худойқул бўламам эртаю кеч уйда ётади. Ҳеч қимирлагиси келмайди. Фермада қанча иш бор. Трактир ҳайданг десам, энди қора мойга ботиб трактирни тириллатиб юраманми, дейди. Олтита боласи бор, қизларининг бўйи етиб қолган, эрта-индин чиқариши, катта улини аллақачон уйли қилиши керак. Бу гаплар хаёлигаям келмайди. Ўзи ёш, девдай кучи бор. Телевизорди олдига танда қурган. Футбол жинниси, бир улининг оти Марадона, яна бири Роналдо, бу икки “футбол юлдузи”нинг ҳам мўйлови сабза уриб қолган. Шуларни ўйлаб, нима бўлсаям қариндош деб, янги “Нексия”ни бердим. “Шуни ҳайдаб ферманинг ул-бул ишини қиласиз, ҳам рўзғорингизга қарайсиз”, дедим. Ишонасизми, жон синглим, бир ой минди, бир ойда яп-янги машинани уч марта уриб олди. Нима эмиш, радиодан футболни эшитиб кетаётган экан, Роналдо гол урипти, суюнганидан икки қўлини осмонга кўтариб бақирипти, машина симёғочга бориб урилипти. “Э, бўла, — дедим, — шу футбол нима беради сизга, болаларингиза қарасангиз-чи”, десам, кўзини лўқ қилиб нима дей­ди денг: “Болаларимга нима қипти, Худога шукур, эсон-омон журипти, ўйнаб-кулиб” дей­ди. Эртаси куни машинани эшигимиз тагига ташлаб кетипти. “Олсин матоҳини, менга керакмас”, депти хотинимга. Ғурурлари баланд. Ўзим кал, кўнглим нозик, деганлари айнан шу кишимга тегишли. Э, синглим, айтаберсам, гап кўп. Худо ўзи инсоф бермаса қийин экан, бандасининг қўлидан келмас экан бировни ўзгартириш. Бегмат Ражабовичдай одам бўласини ўзгартиролмапти-ку, бизга йўл бўлсин. Бўлмаса, мен ҳам Худойқул бўламга Бегмат Ражабовичдан кам ёрдам кўрсатмадим. Рўзғоримга олмасам ҳам бўламникига ташидим, ўзимнинг болаларимга кийим олмасам ҳам унинг ўғил-қизларига олдим…

— Яхши, лекин мақсадга ўтсангиз яхши бўларди.

— Мақсад шуки, менинг қариндошим билан Бегмат Ражабовичнинг бўласини ўйлаб, шуларгаям Худо инсоф бериб қолармикан, деб… шу гапларни айтаяпман-да.

Шуйтиб, поездда кетиб бораяпмиз, денг, шоир ҳадеганда уйғонмади. Китобни анчасини ўқиб қўйдим. Аввал бўлам, кечирасиз, Бегмат Ражабовичнинг бўласи ҳақидагисини ўқидим, кейин, қани, бунисида нимани ёзган экан, деб бошқасига ўтдим. Ўқиган сари бош кўтаролмай қолдим. Тельман аканинг тақдирига ачиндим. Э, бечора, э, бечора, ҳеч кимнинг бошига солмасин бу кўргиликни. Бошқа бир бетида, мундай қарасам, ўзимиз томондан Чориқул деган мухбир жигит дарди-ҳас­ратини тўккан экан. Айниқса, Беҳрўз Ҳожиқуловга юрагим ачиди. Э, шўрлик жигит-а. Оллоҳ йўлдан адаштирмасин экан-да одам боласини. Отани норози қилган кимсанинг тақдири не бўларди… Китобга қизиқиб, сезмай қолибман. Бир маҳал қарасам, шоир уйғониб, лаш-лушларини йиғиштиряпти. “Ҳа?”, десам, “Мен Бойсунда тушаман. Узр, китобни берасизми?” дейди. Йўқ, деёлмадим. “Жуда яхши китоб экан, охиригача ўқиёлмадим-да. Қаердан топсам бўлади?” дейишим билан, ишонасизми, синглим, шоир қизишиб кетди-ку. Китобнинг орқа бетини очиб: “Мана бунга қаранг, — деди, — адади уч минг! Кўраяпсизми, Баҳромжон, 3000! Аҳолимиз ўттиз етти миллиондан ошди! Шуларнинг ўн миллиони, боринг, беш миллиони ўқисаям, уч минг дона китоб урвоқ ҳам бўлмайди-ку?! Қанча мактаб бор, техникум, коллеж, лицей бор, олий ўқув юртлари қанча, кутубхоналар! Эҳҳе, санайверсам охири кўринмайди… Китобни оз чиқариб, яна халқ китоб ўқимайди, деб ёзғирамиз. Бизнинг ёшлигимизда китоб­лар олтмиш минг, юз йигирма минг, ундан ҳам кўп нусхада босилар эди. Ҳолбуки, у пайтда аҳолимиз йигирма миллионга ҳам бормасди. Бугун давлатимиз раҳбари жон куйдириб одамлар, айниқса, ёшларимиз китоб ўқисин, деб барча шароитни яратиб бермоқда. Кўп китоб ўқиган ёшларга ҳатто машина совға қилинмоқда…” Шоир шуларни жавраб, қўлимдан китобни олди-да, сумкасига солди. “Бу китоб ўзимга жуда керак, бўлмаса, сизга совға қилиб юборардим, — деди. — Мен инс­титутда дарс ҳам бераман, талабаларга маъруза ўқишда шундай китоблардан фойдаланаман. Айбга буюрмайсиз, бирон жойдан излаб топарсиз”, деди-ю хайр-маъзурни насия қилиб, тушиб кетди…

Мен бу китобни аввал Шерободдан, сўнг Термиздан изладим. Йўқ. Китоб магазинидагилар ҳатто номини эшитмаган. Умидим Тошкентдан эди, афсуски, бу ердан ҳам тополмадим. Балки ўша китобни топишга ёрдам берарсизлар, деб сизга қўнғироқ қилдим. Вақтингизни олганим учун узр, Динарахон.

— Ҳечқиси йўқ. Афсуски, китоб топиб бериш бизнинг функциямизга кирмайди. Хайр!

ҲАБИБА

— Алло, “Ишонч телефони”ми бу?

— Ҳа, мен оператор Динара Ирматова, эшитаман.

— Опажон, менинг исмим Ҳабиба, Шарқшуносликда ўқийман.

— Шарқшунослик институтидами?

— Институтмас, университет…

— Хўш, нима хизмат?

— Менга Маҳбуба опанинг телефон рақамини топиб беринг.

— Ким у Маҳбуба опангиз?

— Сизларга қўнғироқ қилган экан-ку. Манави “Ишонч телефони” деган китобда ёзилган.

— Мурожаат қилганларнинг телефон рақамини, адресини беролмаймиз. Мумкин эмас.

— Бўлмаса, ёзувчи Хайриддин Султоннинг телефонини топиб берсангиз.

— Такрор айтаман, бу ер маълумотлар бюроси эмас. Бизда ёзувчиларнинг телефон рақами бўлмайди. Жуда керак бўлса, ана, Ёзувчилар уюшмасига қўнғироқ қилинг.

— Қўнғироқ қилдим уларга, бир эмас, бир неча марта. Доим битта жавоб: бизда у кишининг телефон рақами йўқ. Сизлар ҳамма нарсани биласизлар-ку, ёрдам беринг, опажон.

— Ғалати қиз экансиз-ку. Ёзувчида нима ишингиз бор?

— Мен китоб “жинниси”ман. Ойим, мунча кўп ўқийсан, сал дам ол, бунақада касал бўлиб қоласан, дейдилар. Хўп, дейман-у, яна китоб ўқишга тушаман. Баъзан ишларим ҳам қолиб кетади. “Ишонч телефони” деган китобни ўқидим-у яна тинчим йўқолди. Биласизми, опажон, сизга қандай тушунтирсам экан, китоб ўқийвериб, унинг қаҳрамонларига ачиниб йиғлайвериб, кўзларим шишиб кетди. Ойим қўрққанидан дўхтирга олиб бордилар. Мана шу китобдаги Маҳбубанинг тарихини ўқиб, шундай таъсирландим, шундай таъсирландим… Ҳаётда шунақа муҳаббат бўлиши мумкинми? Айниқса, бизнинг замонда. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Отабек ва Кумуш, Ромео ва Жульетта… Буларнинг бари ёзувчиларнинг фантазияси, ҳаётда бундай бўлмайди, деб ўйлардим. Энди билсам, бўлар экан. Улардан ҳам зиёда бўлар экан. Маҳбуба билан Жўрабекнинг муҳаббати ҳеч кимникига ўхшамайди. Шу қадар соф, шу даражада тиниқ, ҳеч қандай таъмаю илинжсиз муҳаббат! Бир-бирининг ҳатто қўлини ҳам ушламай пок туйғулар ила севиш… Ё, Оллоҳ, шундай одамлар ҳам бор экан-да орамизда. Бу, Жўрабек аканинг ҳаракатлари, сўзлари… Шу қадар олижаноб йигит бўладими?! Жўрабек акадай келишган, мавқеи баланд йигитлар қизларга қанақа муносабатда бўлиши барчага маълум. У эса Маҳбубага бирон ножўя ҳаракат қилиш у ёқда турсин, ҳатто севгилисидан тортинади, ийманади. Шунчалар одобли, маданиятли… Менимча, у Оллоҳ таолодан ҳаё қилади. Маҳбуба опа тўғри айтган: “У кишига энг аввал Азроилнинг суқи кирган”.

Маҳбуба опа бизнинг университетда ўқиган экан. Университетдан суриштирдим, фамилиясини билмаганим учун ҳеч ким танимади. Балки ёзувчи телефон рақаминими, адресиними билар. Шуни сўрамоқчи эдим. Агар Маҳбуба опани топиб, гаплашсам армоним қолмасди.

— Кечирасиз, сизга ёрдам беролмайман. Саломат бўлинг, хайр.

МАҚСУДА ОПА

— Алло, “Ишонч телефони”га тушдимми?

— Оператор Динара Ирматова эшитади.

— Қизим, мен Бодомзордан Мақсуда опангизман, ўргилай, Юсупжонова. Сизга олдин ҳам қўнғироқ қилган эдим. Ўғлим Турғунжон масаласида, эсингиздами, болам?

— Қачон эди?

— Аниқ эсимда йўқ, уч ойлар бўлди-ёв.

— Ҳа, у пайтда бу ерда бошқа қиз ишлаган. Нима хизмат?

— Хизмат йўқ, болам. Ўғлим Турғунжоннинг масаласида қўнғироқ қилиб, адолат қилишларини сўраган эдим. Арзи-додим раҳбаримизга етиб борипти шекилли, адолат қарор топди. Болам қуруқ туҳмат балосидан қутулиб, юзи ёруғ бўлди, жон қизим. Неварам Нажотбек кечагинда битта китоб кўтариб келди: “Буви, бўтда Сизни ёзишипти”, деди. “Вой, болам, мени нимамни ёзади?” десам, “Мана, ўқинг”, деб “Ишонч телефони” деган китобни қўлимга берди. Бундай варақласам, китобнинг бошида менинг исмим турипти-да. Моҳидил қизимга нима деган бўлсам, оқизмай-томизмай ҳаммасини ёзипти, барака топкур ёзувчи. Ҳайронлар бўлдим, қойил қолдим. Бу ёзувчи мени танимаса, мен у кишини танимасам, қаёқдан олиб ёзганига ақлим етмайди. Қувонганимдан сизга қўнғироқ қилаяп­ман-да, жон қизим. Ҳақиқат юзага чиққанини элу юрт билиб қўйсин, дедим-да. Ҳозир адолат йўқ, ҳақиқат йўқ, деб нолийдиганлар кўп. “Ишонч телефони”га ҳам ишониб бўлмайди, дейишади. Отингиз нима эди, қизим?

— Динара.

— Динара қизим, ҳақиқат бор, адолат бор. “Ишонч телефони”га ишонса бўлади. Мана, ўғлим Турғунжон бунга яққол мисол-ку! Пайғамбаримизнинг сўзлари бор, “Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга қараб бўлади”, деган. Шу гапни эсдан чиқармайлик. Яхши ният билан ҳаракат қилган одам кам бўлмайди, ўргилай қизим. Турғунжонимнинг бошидан туҳмат аригандан кейин азбаройи суюнганимдан миннатдорлик билдириш ҳам ёдимдан кўтарилган экан, қарилик-да энди, болам. Айтмоқчи, Моҳидил қизим қаёқдалар? Сизлардан бир умр миннатдорман, ҳаммаларингга узоқ умр, бахт-саодат, соғлик-омонлик тилаб, беш вақт намозимда дуо қиламан. Илоё, раҳбаримизнинг ҳам олтин бошлари омон бўлсин, дунё тургунча турсинлар, омин!

— Омин. Сиз ҳам соғ-саломат бўлинг.

— Менинг раҳматимни раҳбаримизга албатта етказиб қўйинглар, хўпми?

— Хўп, опажон, хайр.

Телефон қўнғироқларини

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

қоғозга туширди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 15 =