Насри мусажжаъ
Дурбек ҚЎЛДОШЕВ
Муаллиф ҳақида:
Дурбек Қўлдошев — 1949 йили Пахтаобод шаҳрида таваллуд топган. 1971 йилда собиқ Андижон Пахтачилик институтининг “Гидромелиорация” факультетини тамомлаб, инженер-гидротехник мутахассислигини эгаллаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги тизими ташкилотларида муҳандис, турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
1981-1983 йиллар мобайнида Мозамбик Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, “Суғориш масалалари бўйича катта маслаҳатчи” сифатида фаолият олиб борган.
Кўп йиллардан буён бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Муаллифнинг “Кўк қарғалар қайтиб келмади” ҳикоялар тўплами, “Тафаккур – ақл қамрови” рисоласи, Улуғ ватандошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даври қаламга олинган “Императорнинг туғилиши” тарихий-бадиий қиссаси, яқин ўтмишимиз ҳақида “Ломоносов келармиш?!” номли қиссалар тўплами ва “Бобур ҳаётидан лавҳалар” рисолалари чоп этилган.
Қарға
(Тажнис)
Қалин қорлар ёғиб, қаҳр билан қилич кўтариб, кириб келса аёзли кунлар, гўё қишни чақиргандай: “Қар-р, қар-р” қила бошласа бир гала қарға, бил, улар оддий парранда, бу ишга мутлақо алоқаси йўқ! Шул сабаб, қарғани — хоҳла, дуо қил, хоҳласанг, қарға!
Бўса-бўлмаса…
(Ибҳом сўз санъати)
Ёрдан келди ажиб хушхабар: Ошиқлиқ мақомиға бўлиб муносиб, борар эмишман унинг қошиға, тўққиз тош йўлни пиёда босиб.
Шайдоларин сафида васф этармишман яна фазлу камолин, шу баҳона томоша айлар эмишман унинг ҳусни жамолин!
Эшитибоқ муждани, мен ошиқ банда етиш учун Лайлиға, шоша-пиша йўлга чиқдим, кириб кўнгул майлиға.
Бироқ ақл шартта тўсиб йўлимни, айтди: Шошма, эй телба, қайт! Тўғрисини айт! Қанча бўлса-да ёмон, эсиз-эсиз, кўнгул кўйиға кириб, хўп қатнадинг ул томон… Эсингдаму, қолиб кетди кўчаларда чориғингнинг таглари, боз устиға, мусофир деб аямади, талади, маҳалласин саклари!
Шу зайл кўп бор кўрсатсанг-да гўзалға муҳаббатнинг кучини, тутқазмади қурғур “ёсуман”, лоақал бир бор бармоғининг учини!
Энди босим ошиб, сабринг тошиб, зинҳор кўнглинг тўлмаса, гапимға кир, етиб борма, яна дикиллаб, бўса-бўлмаса…
* * *
Кўтармайдур…
Мен кўнгул қўйғон санам, лағуни кўтармайдур,
Ҳазил-ҳузул қаёқда, қабоғин кўтармайдур.
Тенгсиз ҳусни-жамоли кўкда Ойни лол этур,
Мен ошиққа бир бора ҳижобин кўтармайдур.
Муддаоингиз айтинг, дедим ёрға зорланиб:
Чимириб олди қошин — “сирка сув кўтармайдур”.
Юравериб ортидан, сабрим ҳам нураб борар,
Бундайин абгор ҳолни кўнглим ҳам кўтармайдур.
Юрак ютиб тунов кун, бир бўса шарт сўрадим!
(деди): “Барчаси тўйдан кейин, шариат кўтармайдур!”
(яна айди): “Ўзни урманг ҳар ёнға, астойдил китоб ўқинг!
Бировнинг юкин биров қуруққа кўтармайдур!”
Бу кетишда қўрқамен, тўйдан кейин ҳам гўзал
Ипсиз боғлаб ўзиға, пойини кўтармайдур!
“Муҳаббатнинг йўли тор”, ағёр айтар: ортға қайт!
Дурбек асло қайтмағай — нуфузи кўтармайдур!
“Самимий” қутлов
“Қадрли Чори Чориевич! Сизнинг муборак таваллуд айёмингизга ярим аср тўлиши муносабати билан бу қутлуғ кошонада ҳозир бўлган меҳмонлар даврасида самимият ила мендек бир садоқатли (қулингизга, дейишдан ўзини тийиб) шогирдингизга сўз берилганидан бағоят хурсандман. Раҳмат! Рухсатинглар билан энди, азизларим, диққатингларни аввал сўзга чиққан акаларимиз ҳали айтмаган муҳим бир деталга қаратмоқчиман! Ушбу қўлимдаги асли арзимас совға, бироқ бебаҳо либосни Сиздек пурҳикмат ва диди нозик кишимга ёқиб тушадиган русум ва рангдагисини танлаш учун, нокамтаринлик бўлса ҳам айтишга жазм қиламан… бироз тер тўкишга тўғри келди”.
Баширжон Зайнишевич қўлида тутиб турган (целлофан халта ичидаги) матоҳни илмоғидан ушлаб, силкиб-силкиб қўяркан, сўзида давом этди: “Баралла айта оламанки, бу либос ҳурматли шефимизнинг сарвдек қоматларига тўла-тўкис мос тушади!”
Бундай хушомадлардан мумдай эриб ўтирган Чори Чориевич ҳар замон-ҳар замонда илжайганча, қозондай қорнини силаб, тебраниб қўярди…
Юбилярга жуда кўп истаклар, шу жумладан: 150 йил умр, динозаврнинг ҳайбати, филнинг соғлиғи, наҳангнинг иштаҳаси каби афсонавий тилаклар билдириб, табрик сўзини тугатаркан, худди қумнинг ичидан ёмби топиб олгандай: “Яна бир деталь, яна бир деталь” деб қолди оғзининг таноби қочиб. “Ҳа айтгандай, бунинг ичидаги бўйинбоғ, яъни галстук, катталар ёқтирадиган рангда бўлиб, қип-қизил шойидан! Лозим топсангиз, Чори Чориевич, уч кундан кейин нишонланадиган касб байрамимизга худди шуни тақиб чиқишингизни сўраймиз!”
Баширжон Зайнишевич “табрик сўзини қотириб қўйдимми”, дегандай, олқиш олиш учун меҳмонларга юзланган эди, улар нотиқнинг сўзини маъқуллагандай бўлиб, қўл учида енгил қарсак уриб қўйдилар…
Жилмайди…
Ёр ишқида оҳлар чекиб қилсам нолалар,
Етиб борғон кўринадур ул маҳлиқоға…
Раҳм айлаган бўлиб дилдор ийманибгина,
Кўз учида нигоҳ ташлаб, аста жилмайди!
Бир пўрим ағёр, чин ошиқ санаб ўзини,
Чертиб-чертиб сўзини,… узолмасдан кўзини,
Кўрсатмоқ бўлдими савлатини жўрттаға,
Сохта виқор била чиқиб келиб ўртаға,
Саннаб: “Ай, телба! Нечун энди бир қарашға
Шунчалар сен ўздин кетиб хомтама бўлдинг?!
Ёдда тут! Ҳажрида куюб ёнсанг ҳам, санам,
Хотиржам бўл, сани зинҳор кўзга илмайди,
Биздан кечиб, сен томонға асло жилмайди!”
Ўтум чиқиб, ғазабимни ютуб ичимға,
Ҳай бериб шайтонға, билакдағи кучимға,
Дедим: “Ҳей елвизак! Тўхта! Бу сўзингдин қайт!
Тушгинангни тўғри бориб, дарёларға айт!
Жондин кечмак бор бизда, лек жонондин эмас!
Ўзингни урма ўтға, бу йўл сенга эмас!”
Дағдағамдан чўчиди чоғи, у жими-иб қолди,
Бир ўқрайиб қўйганча, сафдан ўзини олди…