Сунъий идрок ва замонавий матбуот: Тажриба ва тенденциялар

Ахборот инқилоби ХХI асрнинг энг муҳим геосиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий ҳодисаларидан бири сифатида инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ўзгартирмоқда. Ҳатто анъанавий матбуот бугунги рақамли экотизимда ўз ўрнини сақлаб қолиш учун СИ билан интеграциялашувга мажбур бўлмоқда.

Матн асосидаги таҳлилий ва изчил ёндашувлар автоматлаштирилаётгани матбуот таҳририятларининг иш услубини янгиламоқда. Жумладан, маълумотлар таҳлили ва предиктив журналистика йўналишини олайлик. “Big Data” технологияларидан фойдаланган ҳолда СИ юз минглаб саҳифаларни бир неча сонияда таҳлил қилиб, аудитория учун долзарб мавзуларни аниқлайди. Шу ўринда предиктив журналистика (ёки башорат журналистикаси) ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсак. Журналистиканинг бу тармоғи сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлилига асосланган янги йўналиш бўлиб, ўтган воқеалар ва ҳозирги тенденциялар асосида келажакдаги эҳтимолий ҳолатларни сунъий интеллект даври олдиндан айтиб беришга хизмат қилади. Унинг асосий хусусиятларига эътибор беринг.

Маълумотлар таҳлилига таянади. “АИ”, “big data”, алгоритмлар ва статистик моделлар ёрдамида прогнозлар беради.

Фактга асосланган башорат. Тахминлар ҳис-туйғулар ёки мулоҳазаларгагина эмас, тарихий ва реал вақт маълумотларига ҳам асосланади.

Жамоатчиликни огоҳ қилиш. Яқинлашаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ёки экологик инқирозлар ҳақида олдиндан хабар беради.

Чуқур таҳлил ва модель қуриш. Воқеалар ривожининг эҳтимолий сценарийлари тасвирланади.

Мисол учун, АҚШда “The Washington Post” ёки “ProPublica” маълумотларига таянган ҳолда сайлов натижаларини олдиндан таҳлил қилган. Буюк Британияда “ББC” миграция оқими ва иқлим ўзгаришининг таъсири бўйича предиктив материаллар тайёрлаб келади.

Ўзбекистонда бу йўналиш энди шаклланмоқда. Айтайлик, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган мавзулар асосида сиёсий-ижтимоий тенденциялар ҳақида прогноз берилиши мумкин. Замонавий журналистиканинг бундай функцияси қарор қабул қилувчи (раҳбар)лар учун ниҳоятда фойдали. Шу билан бирга, у журналистикани долзарблаштиради, ижтимоий онг ва муҳокамани фаоллаштиради. Аммо унутмаслик лозимки, бундай башоратлар ҳақиқатдан йироқ бўлиши, манипуляцияга йўл очиши, ахборот хавфсизлиги ва маълумотлар махфийлигига путур етказиши мумкин.

Матбуот учун автоматик контент яратиш тизимлари тез ривожланяпти. “Associated Press” (“АP”) агентлиги ҳар йили 3000 дан ортиқ молиявий ҳисоботларни “Wordsmith” дастури орқали матнга айлантиради. Бу – инсон омилидан холи, лекин аниқ ва тез ишлайдиган контент ишлаб чиқариш моделидир.

Персонализацияланган, яъни ҳар бир ўқувчининг қизиқишига мосланган контент ишлаб чиқиш масаласи ҳам бугунги журналистиканинг олдида турган муҳим масалалардан. Эътиборлиси, бундай тажриба аллақачон амалиётда синаб кўрилди. “The Washington Post”нинг “Heliograf” платформаси фойдаланувчининг қизиқиш доирасини аниқлаб, унга мос контентни шакллантиради. Бу ўқувчига мослаштирилган журналистикани ҳаётга татбиқ этишда илк қадамдир. Таҳлилларга кўра, 2016 йилнинг ўзида “Heliograf” ёрдамида 850 дан ортиқ мақола ёзилган.

Матбуотда “faktcheking” ва дезинформацияга қарши кураш масаласи ҳам ҳар қачонгидан муҳим. СИнинг асосий ижтимоий вазифалардан бири – ёлғон хабарларни аниқлашда фаол иштирок этиш. Британиядаги “Full Fact” ва АҚШдаги “ClaimReview” каби платформалар реал вақт режимида сиёсий ва ижтимоий баёнотларнинг фактологик аниқлигини текширади.

Замонавий матбуот қайси жиҳатлари билан сунъий идрок технологияларига уйғунлашаётгани ёки шунга мойиллиги жуда муҳим жиҳатлардир. Келинг, уларни кўриб чиқамиз.

Матнга асосланган контент. Матбуотда асосий ахборот шакли матн бўлгани сабабли “Natural Language Processing” (“NLP”) технологиялари соҳада энг самарали ишлайди. Яъни матнни таҳлил қилади, сарлавҳалар яратади, калит сўзлар танлайди ва мақолага қисқача аннотация тайёрлай олади.

Архивли хотира. Матбуотда нашрнинг тарихий тахламлари архиви мавжуд, бу ўрганиш ва таҳлил қилиш учун жуда фойдали. Бу рақамли журналистика учун улкан тажриба базаси демакдир. Узоқ муддатли таҳлил, ретроспектив мониторинг ва сўз таҳлили айнан матбуот архивлари орқали амалга оширилади.

Соҳада таҳрир ва этик чекловлар масаласи. Матбуот анъанавий этик меъёрларга содиқлигини сақлаган ҳолда, СИни айнан шу қоидаларга мослаштирган ҳолда қўллайди. Алгоритмлар журналистнинг ўрнини босмайди, балки уни тўлдиради. Таҳририятлар учун СИ бир восита, лекин журналистиканинг моҳиятини белгиловчи эмас.

Умуман, жаҳонда СИ ва матбуот интеграцияси қандай кечмоқда? Мамлакатлар матбуотида СИ технологияларининг интеграцияси уларнинг иқтисодий, маданий ва сиёсий шароитларига қараб фарқланади. Айтайлик, “ББC” ва “The Guardian” “Juicer” платформаси орқали янгиликларни автоматик тоифалаш ва таҳлил қилишни йўлга қўйган. “Full Fact” эса реал вақт режимида фактчекинг қилади. Бу орқали сиёсий чиқишлар ва ижтимоий баёнотлар аниқ ва тез текширилади.

Германияда “Spiegel” ва “Die Zeit”  ўқувчилар хатти-ҳаракатини таҳлил қилиш орқали контентни мослаштиради. “Deutsche Welle” эса журналистларга СИ билан ишлаш этикаси бўйича тренинглар ўтказади.

АҚШда “The New York Times” СИни реклама ва мақола тарғиботида фаол қўлламоқда. “ProPublica” эса катта ҳажмдаги ҳужжатларни СИ орқали таҳлил қилиб, суриштирув журналистикасини илгари сурмоқда.

Ҳиндистонда “Times of India” ва “Dainik Bhaskar” таҳририятлари СИ ёрдамида минтақавий тилларда мақолалар ёзишни, таржима ва график визуализацияни йўлга қўйди. Масалан, Ҳиндистонда сайлов натижалари графикалар билан тезкор тақдим этилган.

Демак, СИ замонавий матбуотни соддалаштирмайди. Аксинча, унинг контентини чуқурлаштиради ва кенгайтиради. Ахборот оқимини тезкор бошқариш, факт ишончлилигини ошириш ва аудитория билан интерактив мулоқотни таъминлашда СИ журналистиканинг муҳим воситасига айланади.

“Журналистикада сунъий интеллект даври” китобидан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =