Ёниқ юрак алангаси

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Жуманазар БЕКНАЗАР сурати ва сийратига чизгилар

Жуманазар ёшлигида ғоят жўшқин ва хаёлпараст бола эди. У оламга ҳайрат билан боқар, бошқалар бемалол ёнидан бепарво ўтиб кетаверадиган нарса-ҳодисалар унга жуда қаттиқ таъсир қилиб, танг қолдирарди. Ўта кузатувчан, қизиқувчан ва уқувли бола ҳамма нарсани билгиси, тушунгиси, қилгиси келарди. Жуманазар болалигидан улуғларга ҳавас қилиб, улардай бўлишга интилиб ўсди.

Иккинчи синфни тугаллаётганида бўлса керак, ўша давр “доҳийлари”дан бирининг ҳамиша идора олдида қимирламай турадиган ҳайкалини кўриб, унга ўхшагиси келиб қолди. Кўп ўйлаб, ниҳоят, бир қарорга келди. Уйга келиб лой қориди, тандирнинг ёнбошидаги гуваладан ташиб, ҳайкалга таглик қилди. Тайёргарликни авжи туш пайти тугатди. Май охирларидаги “қизғалдоқ қуёши” жуда куйдирувчи бўлади. Жуманазар ўзи тайёрлаган баландгина постаментга чиқиб, доҳийга ўхшаб ўнг қўлини олдинга узатганча қотиб турди. Катталар ишда, укалари боғчада бўлгани боис уйда: “Нима қиляпсан?” — дейдиган одам йўқ эди. Вақт ўтиб борар, чўл қуёши забтига олар, “доҳий”нинг юз-кўзидан шаррос тер қуйилар, узатилган қўли толиб, чидаб бўлмас даражада оғрир, лекин у ҳамон ҳолатини ўзгартирмай қотиб турарди. Чунки у ҳавас қилган доҳий колхоз идораси олдида неча вақтлардан буён қилт этмай турар, бошига қўнган қушларни ҳайдаш учун ҳам қўлини қимирлатмасди. Бир вақт амакиси нимадир излаб келиб қолди ва кун тиғида жизғанак бўлиб турган Жуманазардан: “Нимага бундайчикин турибсан?” — деб сўради. Ичи-ю тоши ёниб бораётган бола олдинига ҳайкал гапирса бўлармикан деб бирпас ўйланиб турди. Лекин амакининг жаҳли тезлигини, саволи жавобсиз қолса, “доҳий”лигига қараб ўтирмай, адабини бериб қўйиши мумкинлигини билгани учун ўзининг Ленин бўлмоқчи эканини айтиб минғирлади. “Ҳе, сендақа доҳийдан ўргулдим!” — деди амаки ва ўзидан кетиб қолай деган “ҳайкал”ни тагликдан тортиб тушириб, сояга олди. Аммо анча вақт қуёш тиғида туриб қолган болани иссиқ уриб бўлганди. Унинг териси шилиниб тушди ва бир неча кун мактабга бормай, қатиққа беланиб ётишга тўғри келди.

Қўл урган ишига астойдил берилиш, юқори даражадаги максимализм Жуманазарни кейинчалик ҳам тарк этмади.

Тошкент тиббиёт институтига кирганида, уни бирорта тўрт баҳосиз битиришга аҳд қилганди. Учинчи курсда бўлса керак, “Патанатомия” фани ўқитувчиси унга тўрт баҳо қўйди. Жуманазар бу муҳим фанни бешга билишини исботлашга уринди, лекин домла: “Патанатомия”ни ўзим ҳам “аъло”га билмайман”, — дея қўйган баҳосини ўзгартирмади. Жуманазар ортиқча тортишиб ўтирмай, бошқа ҳамма фанлардан баҳоси беш бўлишига қарамай, ўша биргина тўртни “аъло”га ўзгартириш учун келаси йили қайтадан… учинчи курсда ўқиди.

Жуманазар Бекназарнинг илмда ҳам, ҳаётда ҳам босиб ўтган йўли осон ва текис бўлмади. Ўзи эзгуликнинг йўли равон келмайди, шекилли. Сабрли ва ўзига талабчан бўлгани учун номзодлик тадқиқоти тайёр бўлишига қарамай, уни ёқлашга шошилмади. Номзодлик ишини Ленинградда ҳимоя қилди. Унинг диссертациясига оппонентлик қилган олим: “Ихтиёр менда бўлса, Бекназаровга докторлик илмий даражасини берган бўлардим”, — деди ҳимояда. Чинданам, ўттиз етти ёшли моҳир мутахассис қилган умумлашмалар, чиқарган илмий хулосалар докторлик диссертацияси даражасида эди.

Жуманазар Бекназар табиатан синчков ва қизиқувчан одам бўлгани учун ҳаётдаги бирор нарсага: “Ҳа, шунақа экан-да”, — деб қараб кетолмайди, ҳамиша нима учун шундай бўлганини аниқлашга интилади. Билимдон олим сифатида ҳодисанинг ўзидан кўра, уни юзага келтирган сабабиятни илғаб олишга кўпроқ эътибор берарди. Шунинг учун ҳам унинг “Гипоспадик нуқсонларни хирургик йўл билан даволаш” мавзусидаги докторлик диссертацияси тиббиёт мутахассисларининг қизғин баҳсига сабаб бўлди. Тиббиёт соҳасида биринчи бор ўзбек тилида ёзилган бу иш айрим кимсаларнинг “ёрдами” билан биринчи бор тасдиқланмай қайтарилди. Изланувчан олим бундан умидсизликка тушмади. Унинг йўлига кимлар тўсқинлик қилганини аниқлашга ҳам уринмади. Бунинг ўрнига, яна бирон йил тайёрланди-да, ишни иккинчи марта ёқлаб қўя қолди. Ҳақиқат барибир қарор топишига ишонадиган некбин Жуманазар Бекназар 1996 йилда тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини олди. Ундан ҳам муҳими, диссертацияда илгари сурилган ғоялар тиббиёт амалиётига татбиқ қилиниб, юқори самара бераётган эди. Бу нарса олимнинг докторлик иши фақат илмий даража учун ёзилган бўлмай, катта амалий аҳамиятга ҳам эгалигини кўрсатди.

Гипоспадия деган хасталик тушунарлироқ тил билан айтиладиган бўлса, жинсий аъзоларнинг нотўғри ривожланиши оқибатида бир жинсдаги одамнинг бошқа жинсга ўтиб қолиши касаллигидир. Йиллар давомида ўзи ҳам, ота-онаси-ю атрофидагилар ҳам қиз бола деб юрган одам, аслида, ўғил бола экани ёки аксинча бўлиши каби аномал ҳолатлар гипоспадиянинг кўринишлари. Профессор Жуманазар Бекназар шу вақтгача гипоспадия касалига йўлиққан юзга яқин кишини операция қилиб, уларнинг юз фоиз муваффақиятли чиқишига эришган. Яъни юзга яқин одам Жуманазар доктор туфайли ўзининг табиат ато этган асл жинсини топган. Қувонтирадиган жиҳати шундаки, дунёдаги тиббиёти энг ривожланган деб ҳисобланадиган давлатларда ҳам бундай операцияларда ижобий кўрсаткич олтмиш фоиздан ошмас экан.

Оқибатдан кўра сабабни, ҳодисадан кўра қонуниятни аниқлашни яхши кўрадиган Жуманазар Бекназар гипоспадик хасталикка йўлиққанларни даволашдан ташқари, бу касаллик ҳақида ота-оналар орасида тинимсиз тарғибот олиб боради. У турли нашрларда бу ҳақда ўнлаб мақолалар ёзди, радио ва телечиқишлар уюштирди. Унинг “Меҳр қуёши”, “Изтироблар комида” китобларида бу касалликнинг келиб чиқиши, белгилари, давоси ўта қизиқарли ва тушунарли йўсинда кўрсатиб берилди. Чунки олимнинг айтишича, бу хасталик қанчалик эрта аниқланиб, тез даволанса, шунча яхши самара беради.

Шуни ифтихор билан айтиш мумкинки, ҳозирда АҚШ, Буюк Британия ва Франция, Олмония сингари мутараққий давлатларда болалардаги гипоспадик хасталиклар “Бекназаров методи” билан операция қилинади. Республикамизда ҳам шу усулда даволаш кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Чандиқсиз юрак орзусида…

Болаликдаги самимият, интилувчанлик, қўл урган ишига тўлиғича берилиш тиббиёт доктори, профессор Жуманазар Бекназаровга ҳозир ҳам йўлдош. У ҳар бир беморнинг ҳаёти учун астойдил, худди охирги имконияти қолаётгандай курашади. Олимнинг “Меҳр қуёши” китобида: “Шифокор ўзи даволаётган беморнинг ўлимига ҳеч қачон кўника олмайди. Кўникдими, тамом, бу — шифокорнинг маънавий ўлгани. Ҳар бир ўлим шифокор юрагида катта чандиқ қолдиради”, — дея ёзгани тўла самимий эди.

Жуманазар ака шифокорликни касб эмас, қисмат деб билади. Шунинг учун ҳам тиббиётга иш вақтини эмас, умрининг ҳаммасини бағишлайди. У ҳар бир операцияни худди сўнгги бор қилаётгандай, астойдил тайёрланиб, амалга оширади. Шу боис ҳам олимнинг: “Терига охирги чокни қўйган заҳоти танимда аллақандай жимирлаш пайдо бўлди. Худди сон-саноқсиз чумолилар баданим бўйлаб ўрмалаётгандай эди. Жароҳатни боғлаб, жарроҳлик хонаси олдига қўйилган тахта каравотга ўтирдим. Бошим айланиб, кўз олдим қоронғилашди. Кейин нима бўлганини билмайман. Бир вақт кўзимни очсам, шифокорлар хонасида ётибман”, — тарзидаги иқрорида заррача сохталик йўқ.

Тиббиёт учун касалликнинг ўзи эмас, унинг сабабини аниқлаш муҳимлигини яхши билган Ж.Бекназар бир умр касалликни бартараф этиб, соғломликни таъминлайдиган омилларни топиб, одамларни ўшандан хабардор этишга интилиб яшайди. “Меҳр қуёши” китобидан олинган қуйидаги кўчирма шифокор олимнинг инсон жисми ва руҳиятининг имкониятларини қанчалик теран билиши ва ундан моҳирона фойдаланишнинг энг керакли йўлларини кўрсатиши билан характерлидир: “Инсон ёшлигини эслаганда, бирпасга бўлса-да, болалигига қайтади. Бу пайтда ички секреция безлари энг фаол кимёвий моддаларни қонга шитоб билан чиқара бошлайди, яъни гормонларнинг қондаги миқдори кескин ошади. Шу сабабли ёшликдаги дўстларни кўрганда ёқимли илиқлик, янги ғайрат, кўтаринки руҳ пайдо бўлади. Сабаб — ички секреция безларининг мудроқликдан уйғониши. Улар қанча тез уйғонса, умримиз шунча узаяди. Демак, ёшликка тез-тез қайтиш зарур экан”. Докторнинг ўзи ҳамиша ёшлик туйғуларига қайтиб иш кўришга уринади. Шунинг учун ҳам саксонга кирганига қарамай, ундаги куч-қудрат, жўшқинлик, изланувчанлик йигит пайтидагидан камайган эмас.

Ж.Бекназар моҳир жарроҳгина эмас, балки ўзи ва ўзгаларнинг руҳиятини синчковлик билан кузата оладиган, сезимлардаги кичик ўзгаришлар сабабини-да англашга уринадиган руҳшунос ҳамдир. Шу боис у одам туйғулари товланишини нозик ҳис этади. “Меҳр қуёши” китобида ўз ишидан қониққан врач ҳолати тасвирининг: “Бажарган ишимга ўзим ҳам қойил қолиб, атрофимдагиларга қараб қўяман. Шу қарашимнинг ўзи ўртадаги таранг вазиятни юмшатади. Ҳамма бирданига енгил нафас олади”, — йўсинида ғоят ишонарли берилиши бежиз эмас. Сўз кам-у, маъно тиғиз бўлган шу тасвирнинг ўзида операция жараёнининг оғир ва асабийлиги, шифокорлар ўртасидаги ҳадик-хавотирга тўла таранг руҳий вазият ҳамда унинг енгиллашувига сабаб бўлган кичик туртки айтилмасдан акс эттирилган.

Муаллиф илкис хатога йўл қўйган шифокор руҳиятини янада таъсирли чизади: “Хаёлим чалғиди. Сал қалтисроқ, йўқ, бармоқларим билан сал қўполроқ ҳаракат қилдим. Шу заҳоти бармоғим атрофидан қон отилиб чиқа бошлади! Мен катта қон томирини шикастлаб қўйган эдим. Юрагимни аллақандай тушуниб бўлмас таҳликали, хавотирли, шунингдек, қўрқинчга ўхшаш сезги чулғади. Бутун баданимдан дув этиб совуқ тер қуйилди. Миям билан юрагимни боғлаб турган томир гўё “чирт” этиб узилгандек бўлди. Оёғимдан дармон кетиб… вазнсизлик ҳолатига тушдим. Кўз олдим қоронғилашди”. Жуманазар ака китобда ўз ҳаётини, кўнглини ёзгани, юрак пучмоқларида рўй бераётган энг нозик тебранишларни ҳам аниқ ифода эта олгани учун бемор танига бехосдан озор етказиб қўйган жарроҳ ҳолатини энг нозик тўлғанишларига қадар бера билган.

Кундалик оддий вазиятларда одамнинг асл қиёфаси тўлиқ намоён бўлиши қийин. Одамнинг кимлиги фавқулодда вазиятларда, экстремал ҳолатларда яққол кўринади. Жуманазар Бекназар руҳшунос ва шифокор сифатида китобларида қалтис вазиятга тушиб қолган киши руҳиятини ҳаётий, таъсирчан ва чин тасвирлай олганлиги билан кишини ром этади. Муаллиф руҳий босим остида қолган, ҳаёт-мамот олишувида барча масъулият бўйнида бўлган жарроҳ ҳолатини чизар экан, унга йўқ фазилатларни тупуклаб ёпиштирмайди, балки унинг ҳам оддий инсон эканлигини билдирадиган чизгилар ёрдамида ўзгалардан фарқ қиладиган шахслигини кўрсатиб беради: “Шу пайт Эркин сал қимирлаб қолди.

— Қимирлама! Қимирлашга бало борми? Нафас олма! Кўриб турибсан-ку нима қиляпман!

Бу сўзларимсиз ҳам у нима қилаётганимни тушунади. Аммо нимадир дейишим керак-да ахир! Бу зўриқишимни озгина бўлса-да кетказиш учун атайин айтаётган гапларим. Бундан кейин операция майдонидаги турғун ҳолат тикланади. …Елкамдаги оғир юк оёқларим тагига ағдарилиб тушади. Қувноқлик билан гап бошлайман:

— Эркин, энди нафас олавер!”

Бу тасвирлар Жуманазар Бекназарнинг машҳур жарроҳгина эмас, балки ўзига хос шахс ва инсон руҳияти товланишларини тасвирлаш ҳадисини олган моҳир ёзувчи ҳам эканлигини намоён этади.

Бир умр адабиётга, халқ тилининг минг тусда товланувчи жилоларига меҳр қўйиб келаётган профессор Жуманазар Бекназарнинг ўзга кўпчилик шифокорлардан фарқи шундаки, у тиббий жараёнлар ҳақидаги илмий кузатишларини одамлар тушунадиган тилда ифода эта билади. Ҳолбуки, нима деяётганини оддий мижоз тугул, ҳамкасблари ҳам тушунмайдиган шифокорларга ҳаётда кўп бор дуч келганмиз.

Очундаги ҳамма нарса ўзаро боғлиқдир. Жумладан, бирор мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти шу мамлакатда яшаётган миллатнинг соғломлигига, соғломлик эса миллат аҳлининг тиббий маданияти юксаклигига, тиббий маданиятлилик интеллектуал савиянинг баландлигига, интеллектуал савиянинг баландлиги эса, этноснинг китобхонлик даражасига боғлиқ. Ўзбекни соғлом миллатга айлантириш учун саломатлик тиббиётчиларнинг эмас, ҳамманинг юмушига айланиши керак. Ҳар бир одамнинг биринчи шифокори унинг ўзи бўлиши керак. Бунинг учун энг аввал тиббий адабиётларнинг эл тушунадиган тилда ёзилишига эришмоқ керак. Жўнгина маслаҳатни инсон англамайдиган мушкул иборалар кўпигига ўраб бериш ёки ўзга тилдан моҳиятни эмас, балки сўзларнигина таржима қилиш билан миллат тафаккурини юксалтириб бўлмайди. Жуманазар аканинг илмий китоблари ҳам бадиий асар каби шавқ билан ўқилади. Маълумки, шавқ билан ўқилган нарсагина эсда қолади.

Жуманазар Бекназар “Изтироблар комида” китобида ёзади: “…инсонда ижобий ҳислар ҳукмронлик қилганда организмнинг ўта нозик ҳужайраларида эндоморфинлар синтези кучайиб, унинг қондаги миқдори тезда ошади. Эндоморфинларнинг мия ҳужайраларига бўлган таъсири, айниқса, катта бўлиб, у инсоннинг кайфиятини белгилайди”. Бу ифодалардан яхши ҳислар одам кайфиятини кўтариши, кўтарилган кайфият ақлий фаолият самарадорлигини ошириши мумкинлиги очиқ-ойдин англашилади. Олим эндоморфинлар ҳақида ахборот берибгина қўя қолмоқчи эмас. У кўтаринки кайфият ёрдамида тиббий тадбирлар самарадорлиги қанчалик ошиши мумкинлиги тўғрисида оддий ўқирманда тасаввур уйғотмоқчи. Шунинг учун ҳам унинг қуйидаги фикрлари янада эътиборга сазовордир: “…ижобий ҳис-туйғулар қонда эндоморфин миқдорини оширади. Эндоморфинлар эса миядаги оғриқ марказини касал аъзодан келаётган импульс — турткиларни қабул қила олмайдиган даражага олиб келади. Натижада оғриқ йўқолади. Эндоморфинлар миқдори камайган сари оғриқ ҳам сезилиб, тобора кучаяверади. Организмда эндоморфинлар миқдори қанча кўп бўлса, лаззатли онлар шунчалик кўп давом этади. Ҳатто руҳиятга таъсир қилиб, эндоморфинлар синтезини ўн баробар ва ундан ҳам кўпроқ кучайтириб, организмни оғриқни мутлақо сезмайдиган ҳолатга тушириш ва жарроҳлик муолажасини ҳам бемалол бажариш мумкин”. Гўзал ҳис-туйғулар ва кўтаринки кайфият ёрдамида жарроҳлик ишларини бажара оладиган даражадаги руҳий эффектга эришиш ҳақида ўзбек тилидаги бирор тиббий адабиётда ҳанузгача бу қадар тушунарли ва ишонарли қилиб айтилмаган эди.

Олим турли жинс вакиллари ўртасидаги айирмаларни сизу бизга ҳам англашимли йўсинда изоҳлайдики, кўпчиликка шу вақтга қадар сирли бўлиб келган ҳодисаларнинг асл сабабларини бу қадар осон тушунтириш мумкинлиги кишини ҳайратга солади. “Аёллар организмида эндоморфинлар синтези жуда тез бўлади ва сарфланади. Аёллар кайфияти тез ўзгарувчан бўлишининг асосий сабаби шундан. Бирон-бир ҳодисанинг салбий таъсиридан ҳам, ижобий таъсиридан ҳам аёл ҳатто ҳушидан кетиши мумкин. Тажрибаларда тасдиқланганки, ижобий ҳис-туйғулардан уларнинг юрак уриши эркакларникига нисбатан 1,5 баравар кўпроқ бўлар экан. Бунинг сабаби аёл юрагининг нозик тузилмаларида эндоморфинлар таъсирига сезгирлик жуда юқори. Бу аёлларга Аллоҳ томонидан берилган инъом!” — деб ёзади Жуманазар Бекназар “Изтироблар комида” китобида. Кўринадики, аёлларнинг сертаъсир, кайфиятлари ўзгарувчан эканлиги уларнинг инжиқликлари натижаси эмас, балки Яратган томонидан кодланган ҳолатлиги, эркаклардан ҳамиша буни ҳисобга олиб иш тутиш талаб этилиши ғоят билгичлик билан жўяли баён қилинган.

Бизнинг ўзбек оилаларида азалдан ўғил болаларнинг мартабаси баландроқ келади. Ўғил кўрмаслик ота-она учун катта бахтсизлик ҳисобланади. Шу вақтга қадар ўғил туғмаганлиги учун аёллар айбдор қилиб келинарди. Профессор Ж.Бекназар бу борада аёлни айблаш тамомила асоссиз эканлигини илмий жиҳатдан ҳамма тушунадиган йўсинда исботлаб берадики, шунчалар улкан ҳақиқатни қарор топтиргани учун олимга таҳсин айтиш керак бўлади: “…фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлиши фақат эркакка боғлиқлиги ҳозирги пайтда фан томонидан аниқ исботланган. Маълумки, одам ҳужайрасининг ядро қисмида хроматин деб аталган модда бўлади. Ҳужайра… кўпайиши олдидан ана шу хроматин алоҳида таначалар ҳосил қилади ва улар хромосомалар деб аталади. Хромосомалар инсонда 23 жуфт бўлади. Уларнинг охирги бир жуфти эркакларда бошқача, аёлларда бошқача бўлади… Эркакларда бу жуфт иккита ҳар хил хромосомадан ташкил топади, уларнинг бири “Х”, иккинчиси эса “У” хромосома деб аталади. Аёлларда “У” хромосома йўқ. …Уруғланиш натижасида хромосомалар сони 46 тага етади. Агар сперматозоидда “Х” хромосома бўлса, бўлажак фарзанд қиз бўлади, агар “У” хромосома бўлса, ўғил бола дунёга келади. Демак, “ХХ” — қиз, “ХУ” — ўғил бола дегани. Бу қонун”. Олимнинг бу хулосаси ўзбек оилаларида минг йиллардан буён давом этиб келаётган янглишувга бутунлай чек қўяди. Негаки, илк бор фарзанднинг қайси жинсга мансублиги фақат эркакка боғлиқлиги илмий жиҳатдан асосли, ифода жиҳатдан тушунарли баён этилган.

Жуманазар ака халқ табобатига эҳтиром билан ёндашади. У билан ҳамкорлик қилиш, эътиборга молик жиҳатларини замонавий медицинага татбиқ этиш керак деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам: “…халқ табобати ва расмий тиббиёт бир-бирига халақит бермайди, аксинча, бир-бирини тўлдиради”, — дейди у. Олимнинг фикрича, касалликнинг функционал, яъни бошланғич даврида халқ табобатидан фойдаланиш жуда қўл келиши мумкин. Хасталикнинг органик (хуруж) даврида эса илмий тиббиёт ютуқларидан фойдаланган маъқул. Оғир даври ўтган касалликнинг асоратини бартараф этиш учун халқ табобати амалларини қўллаш самара беради. Негаки, халқ медицинасида кимёдан фойдаланилмайди, табиат неъматларига таяниб иш кўрилади.

Жуманазар Бекназар — серқирра истеъдод эгаси. У фақат жарроҳ, фақат олим, фақат педагог эмас, балки жўшқин шоир, истеъдодли ёзувчи ва куюнчак публицист ҳамдир. Жуманазар аканинг “Қамай” достони тилининг равонлиги, тасвирнинг самимийлиги, сюжетнинг қизиқарлилиги билан адабиёт мухлисларининг эътиборини қозонган. Олимнинг чин хоббиси бўлмиш шеърият унинг кўнгил дардлари ифодасидир. Жуманазар ака ҳеч қачон шоирлик ёки ёзувчилик даъво қилмайди. Ёзмаса бўлмайдиган ҳолатга келмагунча қўлига қалам тутмайди ҳам. Лекин юрак безовта, кўнгил сертаъсир бўлгач, қўл ўз-ўзидан қаламга бориб қолаверар экан…

Жуманазар ака тарихга доир асарларни кўп ўқийди. Тарих китоблари орасида Абулғози Баҳодирхон, Ҳасан ота Абуший, Алихонтўра Соғуний, Бўрибой Аҳмедов битикларига алоҳида меҳр қўйган. Олим учун тарихни билишдан ҳам кўра, ундан хулосалар чиқариш муҳимроқ. Тарихдан хулоса чиқаргани учун ҳам профессор Ж.Бекназар: “Шундай буюк миллатда иттифоқ туйғусидан кўра, бўлинишга мойиллик кўпроқ бўлгани”дан астойдил куюнади.

Меҳр кенгликлари

Жуманазар Бекназар — тамомила ўзига хос шахс. Одамнинг аслида ким эканлиги йўлда, яъни сафар юришларида яхшироқ билинади. Жуманазар аканинг юрагида доим эзгулик ўти ёниб турадиган одам эканига биргаликдаги сафарларда кўп бор тониғ бўлганман. Машҳур адабиётшунослар: Бегали Қосимов, Пирмат Шермуҳаммедов, Адҳамбек Алимбеков, Абдусаттор Жуманазар, Нурбой Жаббор; таниқли ижодкорлар: Муҳаммад Али, Абдусаид Кўчим, Икром Отамурод, Ўроз Ҳайдар, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Рауф; журналистлар; Абдурасул Жумақул, Абдухолиқ Абдураззоқ, Арслон Эшмурод, Олим Тошбой; молиячи Мирзамаҳмуд Жалилов; дўхтирлар: Алишер, Эркин, Фозил, Абдурашид каби эларо кўпчилик биладиган кишилар ҳамда докторнинг касбдошу шогирдлари қатори мен ҳам Жуманазар аканинг қишлоғига кўп борганман.

Машҳур докторнинг юртига бориши фақат қариндошлар учун эмас, балки бутун қишлоқ аҳли учун катта воқеа. Олимни уйида меҳмон қилиш қишлоқ кишилари учун шараф саналишини ўзим кузатганман. Баъзан бу борада қишлоқдошлар орасида маҳаллий миқёсда келишмовчиликлар ҳам бўлганига гувоҳман. Қамайга неча марта борган бўлсак, Жуманазар Бекназарнинг ота ҳовлиси олдида тонг саҳардан ўнлаб беморлар навбатда турганини кўрганмиз. Дўхтир эргаштириб борган меҳмонларини ҳам унутгандай бўлиб, турли-туман касалликлардан чора излаб келганларни синчиклаб текширади ва даво тайин қилади. У муҳтож бўлиб келганларни текшираётганда, ўзини бошқа ташвиши йўқдай тутадики, бу беморларга дардларини бемалол айтиш имконини беради.

Жуманазар Бекназар одамларга интилиб, уларнинг ташвишлари билан яшайди. Лекин бундан малолланмайди. Бу кишининг қирқ мингга яқин операцияда қатнашгач, ундан у ёғини санамай қўйганига ҳам кўп бўлди. Жарроҳнинг шунча дўстлару қариндошлар билан борди-келди қилиш, ҳафтанинг деярли ҳар шанба-якшанбасида вилоятларга чиқиб, кўргазмали операциялар ўтказиш, буларнинг орасида гоҳ тиббиётга, гоҳ тарихга, гоҳ фантастикага оид китоблар ёзишга қандай фурсат топаётганига ақл бовар қилмайди.

Олимни фарзандлари: Зоир, Зариф, Нурдил; укалари: Юнус, Анвар, Баҳром, Комил, Олим ва бошқа жигарлари даврасида яйраб ўтирганларини, умрнинг тотли дамларини мароқ билан хотирлашганини кўп бор кузатганимдан қувониб юраман. Бундай вақтларда доктор яшариб, янада хаёлчан, янада романтик бўлиб, кайфияти кўтарилиб кетади.

Жуманазар ака — жуда қўли очиқ одам. Шунинг учун ҳам кўп йилдан бери “Оқгузар” қишлоғидаги мактабнинг ҳар бир синфидан иккитадан йигирма икки аълочи ўқувчига Йилбоши байрами куни ўз ҳисобидан стипендия топширади. Шу мактаб кутубхонасига ҳар йили бир талай ўқув қуроллари, бадиий китоблар ҳам совға қилади. Бизлар ҳам ўша куни унинг ёнида бўлиб, стипендиантларни тақдирлашда қатнашамиз. Олим ўзи бераётган китобларни бизнинг номимиздан топширади. Қўли гул жарроҳ, туйғулари покиза ижодкор, амаллари эзгу олим, кўнгли тоза жўра, ҳиммати баланд одам бўлган дўстимиз Жуманазар Бекназарга узоқ йиллар омонлик тилаймиз.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + twelve =