“Кеча ҳам инсон эдим!..”

ёхуд Дэниел Кизнинг “Элжернонга аталган гуллар” асари ҳақида

“Сенинг зулматингдан менинг ёруғлигим яхши деб ким айтди?”

Бахт инсон интилишларининг марказида туради. Аммо баъзан жамият эътироф этмагунча, унга эга бўла туриб, англамаслигимиз мумкин. Ёши 32 га борган, арзимас пул эвазига новвойхонада пол артувчи бўлиб ишлайдиган ақлан заиф йигит Чарли Гордон, қайсидир маънода, мана шундай одамлардан бири эди…

 Америкалик адиб ва адабиётшунос Дэниел Киз (1927-2014) Нью-Йорк­нинг Бруклин шаҳарчасида туғилган. Савдогар денгизчи, таҳририятда бадиий муҳаррир, мактабда ўқитувчи, Оҳаё университетида профессор каби касбларда фаолият юритган. 2000 йили Оҳаё университети томонидан “Хизмат кўрсатган профессор” унвони билан тақдирланган.

Дэниел Киз 87 йиллик умри давомида 8 та асар ёзади. Бугун сизни таништирмоқчи бўлаётганимиз “Элжернонга аталган гуллар” асари улардан энг машҳури. Муаллиф уни дастлаб ҳикоя тарзида ёзади ва ўн тўрт йил мобайнида ҳаётидаги воқеалар билан бойитиб боради. Асарнинг “Ҳюго” ҳамда “Небула” адабий мукофотларига лойиқ кўрилиб, Американинг адабиёт бўйича мактаб дарсликлари дастурига киритилгани бежиз эмас, албатта…

Асар Чарли Гордоннинг қайдлари билан бошланади. Ундан бу кечинмаларни ёзиб боришни инсонларнинг фикрлаш даражасини жарроҳлик ёрдамида ўстириш устида изланаётган бир гуруҳ шифокорлар сўрашган эди. Яъни, улар Чарлининг кунлик қайд-ҳисоботларини бир-бири билан солиштириш натижасида беморнинг жарроҳликдан кейинги ақлий ўсиш жараёнини кузатмоқчи эдилар. Амалиётнинг бош мия жарроҳлиги тарихида инсонда илк бор қўлланилаётганидан, ўзидан олдин фақатгина Элжернон лақабли сичқончада синаб кўрилганидан, китобхон Чарлининг ўша қайдларини ўқиш мобайнида хабардор бўлади. Соддадиллик билан ёзиб борилаётган ушбу кечинмалардан ўқувчи кейинроқ яна бир нарсани тушунади. Бу операция учун нимага айнан Чарлининг танланганини! Ахир бемор ногирон бўлиб туғилганлиги учун ота-онаси томонидан воз кечилган, атрофини эса уни шахс – инсон сифатида қабул қилмайдиган одамлар ўраб олганди. Бир сўз билан айтганда, Чарли ўз атрофидагилар, ҳатто қалтис тажриба амалиётига қўл ураётган шифокорларнинг ўзи учун ҳам Элжернондан – лабораториядаги сичқончадан сира фарқ қилмасди.

Бироқ бу вақтда Чарлининг ўзи ҳаёт ва одамлар ҳақида мутлақо бўлак тасаввурда эди. Унинг биргина мақсади — ақлли бўлиш, ҳамма қатори қаҳва устида сиёсат, кино ва адабиёт борасида гаплашиб ўтириш, бу билан ўз дўстларини хурсанд қилиш. У ўзига бундай имкониятни берадиган жарроҳлик амалиётига танлаб олишаётганликлари учун шифокорлардан миннатдор бўлар, ўзининг тажриба қуёнчасига тенглаштирилаётганини эса тушунмасди. Қафасда ўсган қуш мушукнинг душман эканини билмагани каби, унинг тор ва тоза тасаввури ҳам душманлик, фириб ва ғараз деган тушунчалардан мутлақо холи эди. Ўз ҳисоботида новвойхонада бирга ишлайдиган шерикларининг бир сафар қаҳвахонага обориб ундан ишда полни қандай артишини кўрсатиб беришини сўрашгани, кейин столнинг устига чиқиб ўйнаб беришни талаб қилганлари, сўнг ёмғир ёғаётганлигини текшириб келиш учун кўчага чиқариб, қайтгунича ҳаммалари қочиб қолганини ёзар экан, шу тарздаги муносабатларга азбаройи кўникканидан, у ўзини бундан ортиқроғига муносиб эмас­ман дея иқрор келтирарди. Буларнинг барини дўстларининг эркалаши, ўзига бўлган эътибори, деб тушунар, ўзининг ношудлигидан эса ниҳоятда куйинарди. Тез орада ақлий салоҳияти ошса, дўстлари бундан жудаям хурсанд бўлишини, ўшанда улар ўзини ҳозиргидан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолиши мумкинлигини орзу қиларди. “Агар устингдан кулиш­ларига йўл қўйиб берсанг, сенинг дўстларинг кўп бўлади” – бу ақлан заиф Чарлининг маънавий тубан жамият устидан чиқарган беғараз хулосаси эди…

Шундай қилиб, бир қанча текширув ва илмий таж­рибалардан сўнг шифокорлар ўта қалтис ишга – Чарли билан боғлиқ жарроҳлик амалиётига қўл уришади. Амалиёт ижобий натижаларини намоён қила бошлайди – орадан маълум кунлар ўтиб, Чарлининг ақлий даражаси яхши томонга ўзгараётгани сезилади. “Чарли, – дейди бир куни унга ўзи ўқийдиган ақлан заифлар мактаби тарбиячиси Кинан хоним. – Агар кейинчалик, яъни кўп нарсаларни ўрганиб олганингдан сўнг баъзи одамлар ўзинг ўйлагандай яхши эмаслигини тушунсанг, хафа бўлма. Яхшиси, бунга эътибор ҳам берма. Яратган сенга қолганлардан камроқ нарса берган бўлса ҳам, аслида сен улардан фойдалироқ ишлар қиляпсан…”

Ҳа, Кинан хоним ҳақ бўлиб чиқади. Чарлининг ақлий даражаси қанчалик яхшиланиб, одамларнинг ҳаракатлари ортидаги мақсадни тушуна борса, унинг яшаши ҳам шунчалик қийинлаша боради. Ўтмиш билан боғлиқ хотиралари тикланиши баробарида қалбида оғриқ, изтироблар пайдо бўла бош­лайди. Шундай хотираларнинг бирида болакай Чарли уйидаги хоналарнинг биридан чақалоқнинг – синглисининг йиғисини эшитади. Уни бориб кўргиси, нимадир қилиб овутгиси келади. Бу хонага кириш ўзи учун тақиқланган бўлишига қарамай, олдига кириб, чинқириб йиғлаётган чақалоқнинг юзига ажаб­ланганча тикилиб қолади. Мана шу ҳолнинг устига тўсатдан келиб қолган онаси эса “Синглингга нима қилмоқчи эдинг?! Унга яқинлашма демаганмидим!” дея уни калтаклашга тушиб кетади. Болакай Чарли қалтираб-қунишар, қўрққанидан даҳшатга тушар, онасига ўзининг ёмон нияти йўқлигини тушунтириш у ёқда турсин, ортиқ бундай қилмаслигини айтишга ҳам қурби етмасди…

Ўтмиши билан боғлиқ шу каби хотираларини онгида тиклаган Чарли ниҳоят бир аччиқ ҳақиқатни анг­лайди. Болалигидан бошлаб ҳеч ким унга инсон сифатида муносабатда бўлмаганини! Шу пайт­­га қадар ҳали ҳеч ким, ҳеч қачон унинг туйғулари ва истаклари билан ҳисоблашмаганини! Бошиданоқ ҳамма унга сичқон ёки бир темир-терсак сифатида қараганини!..  Ҳаттоки ўзи яқин дўст деб ҳисоблаган, бунга жуда ишонган одамлари ҳам, у билан шунчаки устунлик ҳисси, аниқроғи – унинг устидан кулиш, ундан ақллироқ эканини ҳис этиш лаззати сабабли яқин бўлган. “Ғазаб ва шубҳа, –  деб айтади ривожланишнинг туйғулар билан боғлиқ босқичига етган Чарли буларнинг бари ҳақида, –  мен ўзимни қуршаб турган оламга нисбатан илк бора ҳис қилган туйғу бўлиб қолди…”

Чарли олдин қанчалик оми бўлса, энди шунчалик ақли ўткирлашиб борарди. У чет тилларини, ҳар хил илмий тушунчаларни қисқа муддатда ўзлаштириб оларди. Ундаги бу ўзгаришни эса биринчилардан бўлиб ўзи билан бирга ишлайдиган новвойхона ишчилари пайқайди. Ва… Ва улар буни қабул қила олишмайди. Кечагина ақлан заиф бўлган Чарлининг бугунги ақлий устунлиги ҳамкасбларида унга нисбатан ҳасад ва адоват уйғотади. “Чарлини ишдан ҳайданг, –  деб талаб қилишади улар новвойхона хўжа­йинининг олдига бориб, –  новвойхонада ё у қолсин, ё биз қолайлик!”. Ўтмишда Чарлининг марҳум тоғасига –  ўзининг яқин дўстига жиянини сираям ишсиз қолдирмасликка ваъда берган, шу пайтгача ўз ваъдаси устидан чиқиб келаётган новвойхона хўжа­йини ҳам, энди негадир Чарлининг ёнини олишни истамайди. Бироз иккиланишдан кейин, Чарлидан узр сўраб, уни ишдан бўшатишга қарор қилади…

Тўғри, бу билан Чарли пулсиз ё егуликсиз кўчада қолмайди. У ўзи ёрдамида олиб борилаётган илмий тажрибанинг ҳомийлари томонидан моддий таъминланган эди. Бироқ у қачонлардир омилиги учун камситган, таҳқирлаган одамларнинг энди ўта ақллилиги – даҳолиги учун ўзидан юз ўгираётганликларини кўриб, тушкун ўйлар гирдобига чўкиб кетади. Бу номукаммал инсоният на ўзидан қуйидагиларни, на ўзидан устунларни сева олмаслигига амин бўлиб, дунё кўзларига зимистон бўлади. “Хотираларим денгизига ботиб борар эканман, – дея надомат қилади у асарнинг бир жойида. – Руҳий муаммоларни ақлий муаммолар каби осонликча ечиб бўлмаслигини тобора кўпроқ англаяпман…”

Асарнинг охирги бобларида шифокорлар Чарлини Чикагога – илмий тажрибалар борасида ўтказилаётган симпозиумга олиб боришади. Бундан кўзланган мақсад соҳа мутахассисларини “Чарли-Элжернон” тажрибаси билан таништириш, нейрохирургиядаги улкан муваффақиятни оммага маълум қилиш эди. Йўлда шифокорлар сичқонча Элжерноннинг охирги пайтда ўзини жуда ёмон тутаётгани, кун бўйи тажриба машқларини бажармай уясида ётаётгани, баъзан машқларни бажарганда ҳам, бунинг эвазига бериладиган егуликдан воз кечаётганини гапиришади. Тажриба муаллифлари – доктор Штраус билан доктор Немур Элжерноннинг бу ишидан қанча кўп ташвишланса, унинг нега бундай қилаётганини бошқалардан кўпроқ англаётган, ҳатто ўз тани билан ҳис этаётган Чарли ўша шўрлик сичқончага шунчалик ачинади. Оғриқлари тобора авж олиб, ўзининг омилик пайтларини қўмсайди…

Симпозиумда эндиликда ақлий салоҳияти ўзидан бир неча баравар паст бўлган профессорлар Чарлига гўёки бир экспонатдай муомалада бўлишади. Улар Чарли ҳақида “Чарли-Элжернон” ёки “Элжернон-Чарли” амалиёти дея гапиришарди. Бу ҳам камдай, унинг шу пайтгача ўзи ҳақида ёзган барча ҳисобот-қайдлари ва сичқонча Элжернон билан биргаликда олиб борган тажриба машқларининг видео тасвирлари жамоатчиликка ҳавола этилади. Ушбу ҳисоботлар орасида Чарлининг оиласи томонидан хўрланганидан тортиб, ўзининг устидан кулган, мазах қилган танишларига юкунганларигача бор эди. Симпозиум иштирокчиларидан бирортаси бу билан бир инсоннинг туйғулари оёқости бўлаётганини, ўзга бир инсоннинг ўта шахсий, хусусий кечинмаларини муҳокама қилишаётганини, оломонга айланиб уни шахс сифатида ҳақорат қилишаётганини хаёлларига ҳам келтиришмас эди.

Симпозиум сўнгида тажрибанинг умумий хулосаси ва унинг аҳамиятини тушунтириб бериш учун профессор Немур сўзга чиқади. “Биз табиатнинг яна бир хатосини тўғрилаб, нуқсонсиз, қусурсиз одам яратдик, – дейди профессор ўз маърузасида. – Бизнинг олдимизга келишдан олдин Чарли Гордон катта шаҳарда ёлғиз ўзи, дўстларсиз, қариндошларсиз, энг аянчлиси, тўкис ҳаёт кечириш учун муҳим бўлган ақлий салоҳиятсиз яшарди. Унинг на ўтмиши, на ҳозири ва на келажакка бўлган ишончи бор эди. Қисқаси, Чарли Гордон ҳеч ким эди…” Тадбирнинг қолган барча иштирокчилари ҳам бу борада профессор Немур билан бир хил фикрда эканига шубҳа йўқ эди, албатта. Аммо Чарли, ушбу сўзларни тинглаб юрак-бағри тилка-пора бўлаётган Чарли “Мен ҳам инсонман! Мен ҳам шахсман! Менинг ҳам ўтмишим, ота-онам бор эди! Операция столига ётишдан олдин ҳам одам эдим-ку ахир!..” деб ҳайқиргиси, ҳўнг­раб-ҳўнграб йиғлагиси келарди…

Катта мазмун ва чуқур ҳиссиётларга бой бўлган мазкур асар Чарли Гордоннинг кейинчалик “Чарли-Элжернон” тажрибасини амалиётга жорий қилишга тўсқинлик қилувчи илмий камчилигини асослаши ва бу тажрибанинг фожиий жиҳатларини ўз умри мисолида кўрсатиб бериши билан якун топади. Бироқ асарнинг мен айтиб улгурмаган воқеалари, маълум қилинмаган жиҳатлари ҳали талайгина. Буни ўқувчи китобни мутолаа қилиш жараёнида ўзи тушуниб, амин бўлади деган умиддаман.

Байрам Али

Муаллиф ҳақида:

Байрам АЛИ – 1991 йил Қамаши туманига қарашли Чим қишлоғида туғилган. Асарлари рус, инглиз, тожик тилларига таржима қилинган. “Болангман, Дунё”, “Куз ёмғирлари” каби нас­рий китоблар муаллифи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + five =