Сизга айтар гапим бор…

Жалолиддин Сафоевнинг “Шароф Рашидов: сиз билмаган 11 ҳақиқат” китобини ўқиб…

Мамлакатимизда нашриётлар кўп. Китоблар ҳам чиқиб турибди. Ўқийдиганлари-чи? Шу ерга келганда саволлар ҳам бор. Лекин яқинда ҳушёр, китоб қадрини биладиган, ўқийдиганлар учун бир асар босмадан чиққани ҳам ҳақиқат. Китобча ёстиқдай қалин ҳам эмас. Қўлга олиб, бир бошласангиз, 2-3 соатда бемалол ўқиб тугатасиз. Асарга қизиқиб қолишингиз турган гап.

Жалолиддин Сафоевнинг ўзи айтганидай, “тарихни холис ўрганиш, англаш, таққослаш заруратини чуқур ҳис қилган ҳолда” қўлига қалам олган. Шу мақсадга қай даражада эришганини ҳам китобнинг сўнгги саҳифасини ёпгач, тушуниб олишингиз қийин бўлмайди.

Асар бир қарашда улкан давлат, сиёсат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳақида ёзилган. Лекин Рашидов баҳонасида айтилган бош­­қа катта гаплар ҳам бор. Муаллиф таъкидлаганидек: “Шароф Рашидов ўзбек халқига садоқат билан хизмат қилишдек шарафли умр кечирган. Халққа қилган меҳнати, жонини тиккан умри эвазига нима олди? Қандай яшади? Аждарҳо оғзидаги ҳаёти қандай кечганди? Умри поёнидаги сўнгги кунлар…” Бу кунлар азоби эса ўзгалар тилидан ҳам ёзилган, тас­вирланган. Хуллас, кичик асардан “катта” саволларга жавоб топиш мумкин.

Бугун ёши 50-60 дан ошганлар Шароф Рашидовни жуда яхши билишади. Кўплаб мухбирлар қаторида мен ҳам бир кун эрталабдан кечгача Шароф Рашидов билан бирга юрганман. Назарбекдаги зилзиладан сўнг жабр кўрган аҳолини бошпана билан таъминлаш, ёрдам бериш масаласи пайдо бўлганди. Бу иш бошида шахсан Рашидовнинг ўзи турган. У эрталабдан ишнинг қандай кетаётганини ўз кўзи билан кўрмоқ мақсадида Назарбекка келди. Вазирлар қаторига кўп эмас, 3 ё 4 нафар журналист ҳам қўшилдик. Ёз чилласи. Ҳаво иссиқ. Қурилиш майдони чанг, тўполон. Катта раҳбар ўша майдонга қараб юриш қилди. Қурувчилар билан суҳбатлар… Масалалар шу жойнинг ўзида ҳал қилинишига гувоҳ бўлдик. Ўша куни “Узколхозстрой” деган катта ташкилот раҳбари Эргаш Ашуровга айтган гаплари эсдан чиқмас хотирага айланган.

— Ака, вазир даражасидаги одамсиз. Бир зумда ёз ўтиб, куз келади. Одамлар янги уйларга кўчиб ўтишлари керак. Қурилиш материаллари билан вақтида таъминланмаса, қурувчилар бекор қолади, вақт кетади. Энг асосийси, одамлар сиздан, биздан хафа бўлишади. Аҳолининг уйидан чакка ўтиб турса, сиз билан биз қандай қилиб тинч ухлаймиз?..

Сўнг йиғилиш бўлди. Туман раҳбари билан худди ака-укалардай гаплашишлар… Одамлар фикрига қулоқ солиб ўтирган Рашидовнинг ўзгариб турган кайфиятини кўриб, юрт раҳбари бўлиш қанчалар оғирлигини сал-пал бўлса-да, кўз олдимга келтиргандим ўшанда. Шу куни бизлар, яъни вазирлар, катта-кичик раҳбарлар қатори мухбирлар ҳам чарчадик. Лекин Рашидов чарчаганини асло билдирмаганди.

Яна асарга қайтсам. Китобдаги 11 ҳақиқат орқали Ўзбекистон раҳбари бўлиб ишлаган инсоннинг курашларда ўтган умри, беҳаловат, ташвишли кунлари билан танишасиз. “Ўзингдан чиққан балолар”га ҳар қадамда дуч келиб яшаш қанчалар оғирлигини ҳис қиласиз. Андропов, Горбачев деганларининг асл қиёфалари ҳам кўринади. Муаллиф Андроповнинг қарашлари орқали ўз хулосасини ҳам билдиради.

“— Шўро давлати КГБсининг каттаси бўлган “чекист” халқимиз характерини яхши билган: миллат ва унинг элитаси ичида бирлик йўқ. Москвадан бошланадиган жазо операциясига бу халқ индамай, унсиз бош эгади ва бир-бирини албатта сотади!”

Бу фақат китоб муаллифининг ҳақиқатими? Яқин тарихимизни варақлаганлар бу асл ҳақиқат эканлигига шубҳа қилиши мумкинми? Йўқ! Ана бизнинг фожиамиз!

Юртимизга Гдлян-Иванов бошлиқ бир тўда қутирганлар келиб, 25 мингдан ортиқ юртдош­ларимизни чирқиратганда томошабинлар ким бўлди? Бир дастурхонда ўтириб, ош-нон еганлар эмасмиди?

Муаллиф 1960 йиллар охирида Озарбайжонда, 1970 йилларнинг бошида Грузияда бўлган воқеаларни эсга олади. Ўшанда халқнинг жипслиги ва қатъияти туфайли ўт аланга олмасдан ўчганди. Ёвуз кучларнинг попугини жипс халқ пасайтирган. Нега ҳеч бўлмаса шундан сабоқ чиқарилмаган? Рашидовни қўллаш ўрнига республиканинг “ичкариси” таслим бўлганди. Оқибатда эса “десантлар” баттар қутурди. Ўзимиздан чиққан хоинлар қашқирлар тўдасига қўшилиб, ҳаракат қилишди. Жабрини яна шу халқимиз тортди. Ўзбекистондагидай ишни қилса, Озарбайжон ва грузиннинг ўғриваччаси ҳам ори қўзғаб: “Қонунларни улар менсимаса, мен қараб тураманми?” — деб Гдлян – Иванов деганлари билан ўз йўли орқали “ҳисоб-китоб” қилармиди, деган хаёлларга ҳам борганман.

Шу ерда ўзим кўрган яна бир манзара. Буниси шаҳар марказида Шароф Рашидовга ёдгорлик очилган куни кўрган, кузатганларим. Тадбир бошланишидан олдин атроф ўраб олинди. Маросимни ўз даврининг катталаридан бири Исмоил Жўрабеков очди. Рашидовнинг қадрдони Динмуҳаммад Кунаев ва бошқалар гапиришди. Шу куни ўзбекнинг асл фарзандларидан бири Муҳаммад Юсуф ўз сўзини айтди. Унинг шеъридан парча:

 

Бу шундай бевафо дунё, бу ҳаёт,

Тунда туғишганинг тонгда етти ёт.

Балки тақдир шудир, балки шу қисмат,

Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.

Борингизда бизга бўлдингиз Ота,

Йўғингизда йўқдан қидирдик хато.

Беайб Парвардигор, дейдилар ҳатто,

Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.

Сизни адо қилди тўраларингиз,

Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.

Энди тупроқ сизни айласин эъзоз,

Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот…

Шоҳларга ҳамиша хушомад замон,

Кўзин ёғин ялар, сотарлар номин.

Шеърим ҳам тугади, ўзбекча омин,

Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот!

 

Ўша куни мени ўйлантиргани, айрим кимсаларнинг атрофга қараб: “Шу шеърини ҳозир ўқиши шартмиди?” деган гаплари бўлди. Ҳақ гапни қачон айтсин шоир? Улуғ зот руҳи аланг-жаланг қилганларни ҳам кечирармикан? Рози бўлармикан бизлардан?

Яна китобдан сатрлар:

“— Ўрта Осиёни забт этгунга қадар “оқ подшо” қўшинлари Кавказорти халқларини ҳам бўйсундирган. Бироқ бу ўлкаларда улар маҳаллий аҳолига нисбатан ҳаддидан ошиб, уларнинг миллий ғурурини топташга жазм эта олмаганлар. Бизда эса: юртимизни ишғол қилиш, ёппа қирғин, камситиш, хўрлаш, топташ, қадриятларни оёқ ости қилиш билан биргаликда кечган”.

Мана тарихий ҳақиқат. Жалолиддин ана шу ҳақиқатни айтиш баҳонасида “кўзингни оч, халқим!” демаяптими?

Ҳаёт теп-текис, равон йўлдан иборат эмас. Шундай экан, халқ бошига оғир кунлар тушганда миллат зиёлилари олдинда бўлмоғи шарт. Халқ дардини ўз дарди деб билган зиёлигина миллати берган нонни оқлаган бўлади. Катта амалдор Рафиқ Нишонов Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов халқ муаммосини кўтариб чиққанида қай даражада “қўллагани” бир мисол тарзида келтирилади. Ўшанда у киши Одил Ёқубовга: “Одил акамиз ҳам ҳиссиётга берилиб, кўп кераксиз гапларни айтдилар”, деган танбеҳи билан чекланган эканлар. Чўрткесар, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, миллат шаъни турганида ҳар нарсадан воз кечадиган адибнинг қайси гаплари “кераксиз” эди? Шу ерда ҳам миллат фарзандига вақт ажратишдан қизғанганликлари учун Одил ака қоғозга туширган гапларини айта олмаганлигини мухбирларга берган интервьюларида армон билан эслаганди. Яқинда улуғ адиб Одил Ёқубовнинг шу гапларини ижтимоий тармоқлар орқали яна бир бор эшитдим, кўрдим. “Ўша куни сайёрамизнинг буюк олимига тош отиб, миллатимизни уятга қолдирган қиздан бошқа ўзбек депутатлари бирлашиб, Одил акага вақт берилишини талаб қилсалар бўлмасмиди?” деган ўйга борасан…

Жалолиддин Сафоев Одил аканинг ўша машҳур чиқишини мисол келтириш билан яна ўз қарашларини билдиради: “Худо кўрсатмасин, юртимиз бошига иш тушса, халқаро минбарлардан хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қодир куч борми?” деган савол ҳар биримизни ўйлантириши керак дейди муаллиф.

Бугунги глобаллашув шароитида турли геосиёсий зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, давлатлараро низолар кўпайиши баробарида, ахборот хуружлари ҳам кенг тус олаяпти. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил 22 декабрда ўтказилган Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида ва жорий йил 12 январдаги Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, замонавий таҳдидларга муносиб кураш олиб бориш учун, аввало, ахборот маконида миллий контент яратиш зарурати, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатлар нуқтаи назаридан баҳо бериш лозимлиги, акс ҳолда, ташқаридан турли ахборот хуружлари кириб келишига, янгилик ва ахборотга эҳтиёжларнинг бошқалар томонидан тўлдирилишига сабаб бўладиган нохуш оқибатлардан огоҳ бўлишга даъват этди.

Демак, ҳар биримиз бугунги кун ҳақиқатларини билмоғимиз керак.

Китобни ўқиб тугатгач, охирги саҳифаларни очиб, қанча нусхада чоп этилганлигини билмоқчи бўлдим. Уч минг… Нега 30000 эмас? Нима кўп — учрашувлар, айниқса, ёшлар иштирокидаги турли тадбирлар, маънавият кунлари… Ана шу тадбирларда иштирокчиларга китобни мисол сифатида кўрсатиб: “Мана бу ҳақиқатларни билиб олинглар, ўйланинглар, мулоҳаза юритинглар”, дейилса, кўп нарсани ютган бўлармидик.

Асар хулосаси ҳам ўқувчини мулоҳаза юритишга ундайди. Худди Жалолиддин Сафоев миллатнинг содиқ фарзанди Шароф Рашидов сабаб “Сизга айтар гапларим бор” деб ёзгандай:

“Хуллас, ҳамма нарса ўзимизга, халқ бўлиб шаклланишимиз, миллий манфаатларимиз чегарасини аниқ англаб етишимизга боғлиқ. Энг муҳими эса барча соҳаларда малакали, замонавий билим-у илмларни эгаллаган кадрларни тайёрлаш, тарбиялаш ва уларга имкон бериш — ҳаёт-мамот ишига айланиши зарур. Шундагина ҳар қандай даврда миллий ғуруримизни сақлай ва асрай биламиз”.

Шароф Рашидов ҳаёти ва тақдири тўғрисида бир таниқли ижодкор томонидан ёзилган асардаги биз англаган ҳақиқатлар ҳозирча шу. Аслида, барча англаши керак бўлган ҳақиқатлар бу! Бугун бепарволик қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки замон шуни талаб қилаяпти.

Қадрдоним Жалолиддинга айтар гапим жуда қисқа. Исмнинг ҳам юки бор дейдилар. Айниқса, Жалолиддин деган исмнинг… Чарчаманг, иним!

Анвар АБДУВАЛИЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 12 =