Жаҳонгашта шоир
Шойим БЎТАЕВ
Менимча, шеър ёзмаган одам шоирлар билан ижодий учрашувларга бормагани маъқул. Нега деганда, ўзи азалдан беш-ўн қорабош йиғилдими, бас, бундай даврада шоирнинг ошиғи олчи. Байроқни илиб кетади. То ҳолдан тойиб, тили гапга айланмай қолгунча, бесамар вақт ўтказасиз.
Шоир билан бу сафарги учрашувимиз ҳам бошқаларининг бири бўлди. Ҳаш-паш дегунча навбатни олиб, даврага тушди. Унинг бироз изтиробли, гоҳ юқорилаб, гоҳ пастлаб, мастона тебранувчи овози ўтирганларни ўз таъсирига ола бошлади.
Сафарларга ўчман болалигимдан,
Файзи, кўрки бўлак ҳар қишлоқнинг ҳам,
Улкан шаҳарлари, даштлари билан,
Гулшан ўлкаларга чорлайди олам.
Давраларда баҳрибайт айтиб, “шуаролар машваратидан хушъу” топиб, тонготар суҳбат қурган ота-боболаримизнинг фарзандлари бундай давраларда оройиш топмаслиги, кўнгил мулкига сафар айламаслиги, дунё “ғавғо”ларидан кечмаслиги мумкинми?
Ошиқ аҳли асли,
Айрилиқсиз замон йўқ.
Ёнганда ҳижрон фасли,
Ҳайқириқсиз забон йўқ.
Юрак ўртанар ғамдан,
Не кўрмадим оламда.
Ёрдан айрилмоқлик ҳам,
Бор экан пешонамда…
Қарсаклар. Шоирнинг чеҳраси ёришади. Қоғозчаларда саволлар келиб туша бошлайди. Уларни сараларкан, мен томонга ўқтин-ўқтин назар ташлаб қўяётганини пайқагандек бўламан. Ўтирганлар шоирни қисти-бастига олади.
“Севганмисиз? Ҳозир ҳам севасизми? Ким у?”
Ана шунақа саволлар.
Шоир гапни узоққа олиб қоча олмайди. Бу ёқда рўзғор ташвишлари, бола-чақа, уйга қайтиши керак. У ёқда, парда ортида пинҳон тутилиши лозим бўлган кўнгил сирлари. Жар солгиси келса-да, ундай қилолмайди.
У камина томон ўгирилади.
— Азизлар, мана, даврамизда атоқли ёзувчи, бир қанча қисса ва романлари билан…
Навбат каминаи камтаринга тегади.
Шунда, бу халқ бор экан, адабиётга оташин муҳаббат билан қараб тургувчи шу қора кўзлар бор экан, адабиёт чироғи ҳеч қачон сўнмаслигини, гуркираб ёнаверишини сезгандек бўламан. Гулдурос давраларга гулдурос шеърлар керак деб ўйлайман.
Гап аввалини бекорга ижодий сафардан бошлаганим йўқ. Одам сафарда билинади. Мен ҳам шоирни сафарлар давомида кашф этиб бордим. У илҳом олгувчи манбалар қаердалигининг, юрагидаги чолғулар қачон, қайси ҳолатларда жаранглаб кетишининг гувоҳи бўлдим.
Анча йиллар бурун, жазирама ёз чилласи аэропортда елпиниб ўтирсам, бировнинг шодон оҳангдаги таниш овози қулоғимга чалинди.
— Э-э, тақсири олам, э-э, тақсири олам!
Шу “тақсири олам”ни ҳеч ким ундай айта олмайди. Айтмайди ҳам. Унинг “тақсири олами”да таниш одамини кўрганидан қувониб кетганлик мужассамлашади. Бир маҳаллар файласуф шоир Мақсуд Шайхзода биров билан кўришиб сўраша бошлаганда даромадни узоқдан олмаслиги учун “Ўзларидан сўрасак”, деб гап бошлар экан. Шоирнинг “тақсири олами”да дилкаш суҳбатга самимий ундов ётганидан унинг Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Абдусаид Кўчимов сингари биз ҳузурига юрак ютиб бора олмайдиган устозлар ҳузурида ҳам бемалол, эмин-эркин юрганига ҳавас қилар эдик. “Тақсири олам” туфайли уни кўрмаёқ кимлигини билдим, ичим юришди. Узоқ замонлардан буён кўришмагандек қучоқлаша кетдик.
— Йўл бўлсин-а, йўл бўлсин!
— Истанбулга!
— О-о, қандай зўр! — шоир ўзи жаҳонгашта бўлганидан биздек хонанишинларнинг ҳам у ёқ-бу ёққа чиқиб туришини ёқлаб хитоб қилди. — Бирга эканмиз!
— Билла-билла! — мен унга ўзимиз ўсган Туркистон тизма тоғлари этакларига сочилган қишлоқларнинг шевасини эслатдим.
— Юрган дарё! — шоир бу борада ўзининг улуғ дарё эканини ўзи яхши билганидан ваъдани қуюқ қилди. — Сизни бир Мармара денгизида айлантираман, оламни, кенгликни кўрасиз. Тўлқинлар жўш уриб, мана бу тўққиз қаватли бинодай устингизда ҳайқириб турганда, сувнинг ҳайбатини кўрасиз.
— Бу иссиқда сувдан гапириб, чанқовниям сувсиз қондирмоқчи бўласиз.
У чаққон туриб бориб сув келтиради.
— Денгиз бошқача! — у кулиб ҳам қўяди. — Бизнинг ҳам ўз денгизларимиз бор!
— Ғарқ қилмайдими? — сузишни қотиролмаганимдан ҳозирданоқ чўкиб кетадигандек унинг кифтидан тутаман.
— А, йўқ! — шоир қулочини кенг ёзади. — Ўзи қирғоққа олиб чиқиб ташлайди.
— Ўлик ҳолдами?
— Бир лофчи бор экан, — у гапни буради. — “Отам Ўрта Ер денгизини сузиб ўтган” деб мақтаниб қолибди. Унга иккинчиси: “Ўлик денгизни менинг отам ўлдирган”, дермиш.
— Ўзим айтган ҳангомани ўзимга қайтариб айтяпсиз.
— Э, сиздан эшитувдимми?
— Бунақа гапларни бошқа кимдан ҳам эшитардингиз?
— Ҳа, тўғри.
Шу орада самолётга чиқиш фурсати етгани ҳақида эълон қилишди. Гув этиб ўринларидан қўзғалган йўловчилар қаторида биз ҳам саномараста аэропорт хизматчиси етовида самолёт томон юрдик.
Кўп ўтмай, самолёт ҳаволади. Хушбичим стакандаги анвойи ичимликдан ҳўплай-ҳўплай, ястаниб ўтирарканмиз, аҳён-аҳёнда иллюминатордан ташқарига мўралардик.
Пастда булутлар…
Самода одамни ғалати кўтаринки туйғулар чулғаб олади. Қуйига қараб, ўзингизни ҳавода муаллақ қолдириб, аста-секин уча бошлайсиз.
Суҳбатни давом эттириш учун шоирга юзланаман:
— Кўп жойларда бўлгансиз.
— Ҳа.
— Европани забт этгансиз.
— Ҳа.
— Афғонистонда Саланг довонидан ўтаётганда рангингиз оқариб, калима ҳам қайтаргансиз.
— Э, буни қаёқдан биласиз?
— Эшитганман.
— Ҳамид ака сотибдилар-да!
— Сиздан Америка ҳам қолмаган.
— Америка зўр-да, ака!
— Нимаси зўр?
— Дунё тараққиётининг асоси нимада? — саволимга савол билан жавоб қайтаради у.
Билмаслигимни тан олиб кифт қисаман.
— Китобда! — деди у. — Телевизорнинг, компьютернинг, радионинг ёки мана шу самолётнинг ҳам келиб чиқиш манбаи — кутубхона. Буни Америкада яхши билишади. Оммавий кутубхоналар шу қадар кўпки, бизнинг тижорат дўконларимизга ўхшаб саноғи йўқ. Бир куни кутубхонада нонушта қилиб, китоб титкилаб ўтирсам, узун қора лимузиндан биттаси тушиб келди. Устида футболка, оёғида кета. Хуллас, бизнинг қоровуллар унинг олдида пўрим. Келиб китоб олди. Уч соат ўтирди. Берилиб ўқиди. Битта бутерброд билан бир стакан оддий сув ичди, кетди. Бояги лимузин қаердандир пайдо бўлди. Бир ўзи минди. Узун мошин қўзғалди. Кутубхоначидан: “Ким бу?” деб сўрасам, миллиардер, ўттизта супермаркетнинг эгаси экан! Ё овло!
— Бу билан нима демоқчисиз?
— Ким ва қандай одам бўлишимиздан қатъи назар китоб ўқишимиз шарт демоқчиман. Бизда олий ўқув юртини битқазгандан кейин қўлига китоб олмайдиган зиёлилар бор. Мабодо, ўшалар қўлига китоб олиб қолса, “Ҳа, чаласи қолувдими?” дея кесатамиз.
— Эсингиздами, водий бўйлаб сафаримизда Шўрқўрғон қишлоғида Тўхтахон Раҳимова деган нафақахўр аёлникига борувдик?
— Ҳа, қаранг, жимитдеккина маблағига шахсий кутубхона очиб, қишлоқдошларига ҳадя қилганининг гувоҳи бўлгандик. Афсуски, шу нафақахўр аёл қилган ишни катта-катта бойларимиз қилмайди ёки қилишни истамайди. Лекин кутубхона бою камбағал, ёшу қари, олиму оми — ҳамма бош эгиши шарт бўлган саждагоҳ. Тараққиётнинг булоғи — кутубхона. Инсоният қандай яхши нарсага эришган бўлса, авваламбор, кутубхонадан миннатдор бўлиши керак.
Шунақа гоҳ енгил, гоҳ жиддий суҳбатлардан сўнг манзилга етиб бордик. Шоир илгари бу ерларга кўп келгани боис йўлбошловчилик вазифасини ўз зиммасига олди. Икки ҳафта мобайнида биз бу мамлакатнинг кўп жойларида бўлдик, ижодкор дўстлар орттирдик, улар биз олиб борган Тошкентнинг ўн беш кунда ҳам қотмайдиган, офтобдай кўзни қувонтирувчи патир нонларини кўз-пешоналарига суртиб, “ота юртимиздан мозор босиб келган” дейишганда, кўнглимиз ифтихор туйғуси билан қалқиб кетди.
Мен ўшанда ҳамроҳимнинг одамшинавандалигидан ташқари, миллий адабиётимиз, унинг ўзак масалалари ҳақида бағрикенглик билан қизғин ва самимий фикр юритишига гувоҳ бўлдим.
— Адабиёт ҳам ўзи бир олам, ўзи бир Ватан, — дейди у газета ўқиб бераётгандек. — Унинг ҳам ўз подшоҳи, ўз вазирлари, хизматкорлари, қўриқчилари-ю маликалари бор. Бу Ватанга жонни бериб хизмат қилмасак, худди ёт унсурдек четга улоқтириб юборади. Иқтидорсиз одам меҳнат қилаверса, адабиёт оламини қоғоз босиб кетади. Бу оламда шоир шаҳзода бўлиб юриши керак.
— Э, яшанг! — дейман хўрсиниб. — Софокл айтган: “Мен одамлар қандай бўлиши кераклигини кўрсатаман”, деб.
— Ҳамма нарса ниятдан бошланади, — бўш келмайди у.
Анқарада биз Афғонистондан борган пуштун, тожик ва ўзбек журналистлари билан танишдик. Шоир уларга саволлар берар, қўшни мамлакат аҳволи ҳақида, уларниям бошига офтоб кулар чоғлар келиши борасида куюниб сўзларди.
— Қаники сизлар ҳам буғдой экиб, бемалол деҳқончилик билан шуғуллансангизлар экан, — деди бир куни одатига кўра орзу қилаётгандек.
Улар шоирнинг бу гапига кулиб қўйишди.
— Сиз айтган деҳқончиликдан фойда йўқ, — деди улардан бири.
— Нега?
— Ўзини ўзи кўтармайди.
Шоир фаҳмламагандек кифт қисиб қўйди.
Уч кундан сўнг қулоғим остига шивирлади.
— Қурғур кўкнор дегани жуда чиройли гуллар экан, — деди у етилиб келаётган шеърининг сатрларини ўқиб бераётгандек. — Пушти, оқ, кўк, зангори, яшил, зангор.
— Буни сиз қаёқдан биласиз?
— Шунақа дейишяпти.
Индамай қўя қолдим.
Саргузаштларга бой сафар қариди. Қайтиб келгач, ўз иш-юмушимиз билан бўлиб анча фурсат кўришмадик.
Бир куни шоир телефон қилиб қолди. Салом-аликдан сўнг:
— Тақсири олам, кўринмайсиз-ку! — деди кўринмаётганимдан озор чеккандек.
— Юрибмиз… Фақир киши панада…
— Биз билан у ёқ-бу ёқларга бормай қўйдингиз-ку!
— Майда-чуйдага ўралашиб, бекорчиликдан қўл бўшамаяпти.
— Туркия эсингиздами? Ўшанда, сафар гашти бошқача бўларкан, энди тез-тез чиқиб турганим бўлсин, дегандингиз. Ё унутиб юбордингизми?
— А, йўғ-а.
— Ўзимизнинг вилоятлар ҳам Туркиядан қолишмайди.
— Тўғри.
— Ҳозир мамлакат бўйича китоб кўргазмалари бўляпти. Водийдаги вилоятларда ҳам шунақа тадбирлар бор. Сизни ёзиб қўйдим. Бирга борамиз.
— Йўғ-э, ишлар бор эди-ку.
— Қўйсангиз-чи!
— Хўп.
Эртаси куни тонг саҳарда йўлга тушдик. Мудроқ кўзларим тўла очилишга улгурмай қулоғим остида бугунги адабиёт, шеърият ҳақида янги ваъз бошланди.
— Ёзувчининг истеъдодсиз бўлишга ҳаққи йўқ, — ёғий қорасини кўриб қолгандек шоир шиддаткорона хитоб қиларди. — Кечирмайдиганлар ҳамиша топилади. Аҳмоқларгина ўз истеъдодсизлигидан азобланмаслиги мумкин.
Суҳбатимиз шу маромда давом этиб, Қамчиқ довонига етганимизни ҳам пайқамай қолибмиз.
Аввал Андижонда, кейин Фарғонада бўлдик. Дунёда байрамлар кўплиги, лекин китоб байрамлари бизнинг юртимизда ўтказилиши маънавиятга юксак эътиборнинг намунаси эканлиги тадбирларда иштирок этганлар томонидан бирдек эътироф этилди.
Бир кунда иккита-учта ижодий учрашув ўтказар, китобхонлар, шеърият ихлосмандлари шоирни олқишлар билан кутиб олар, давраларидан қўйиб юборгиси келмасди.
— Қаранг-а! — шоир завқли табассум қилди. — Бир-икки кунда шунча савобли ишларни қилиш мумкин экан-да? Шунча жойда шеър ўқиб чарчаб қоламанми деб ўйлагандим, юклатилган юкка қараб, Худо шунча куч-ғайрат, шижоат бераверар экан-да?!
— Савобли ишларимиз ҳали кўп, — дедим мен. — шеър сандиғингизнинг каттасини энди очасиз. Ҳозир Фарғона давлат университети филология факультетига борамиз. Ҳунарингизни кўрсатасиз!
— Ие, яна учрашувми?
— Ҳа, томоқни ҳўлланг, томоқни.
Кун пешиндан оққанда университетга кириб бордик. Талабалар, қўллари тўла гул, икки томонга саф тортиб, қатор туришибди. Шоир олдинда, таъзимда. Нуқул илжаяди. Ҳаш-паш дегунча шоирни даврада кўрамиз.
Диққат, диққат! Солинг қулоқ, осинг қулоқ!
Соғлиқ сақлаш вазирлиги этар огоҳ!
Ишқ вируси шаҳарда кенг тарқалмоқда,
Бу касаллик қўшиқларда таралмоқда.
Ифор сочиб, ниш урмоқда куртакларда.
Найза бўлиб, санчилмоқда юракларга…
Кетди. Талабалар гувранади. Чапак чалади. “Яна!” дея талаб қилади. Айниқса, “фалон қўшиқчи айтган фалон шеърингизни айтиб беринг”, дейдиганлар кўп. Шоир эринмайди, “мана шу охиргиси” дейди-да, яна давом этади.
Тобора даврамиз бўлаётир кенг,
Энди инсоният нотиғидирман.
Чунки мен тенглар ичра тенг
Мустақил диёрнинг шоиридирман!
Гап савол-жавобга келганда, шоир менга олазарак назар ташлайди. Хижолатга қўйиб, мақтайди. Мақтовига яраша, берилган саволларга ақллироқ жавоб қайтаришга уринаман. Аммо кўп гаплар талабаларга оғирлик қилади. Уларга шоир керак. Одамга алам ҳам қиларкан денг.
Учрашувлар жуда қизғин давом этади, мен ижодига кўпда эътибор қилмаган шоирнинг мухлислари ҳайрон қолдирарли даражада кўплиги завқимни келтиради.
Бу галги сафаримиз ҳам ниҳоятда хайрли кечди. Турли-туман одамлар, бетакрор табиат манзаралари… Энг муҳими, дилкаш, самимий ҳамроҳлар кўнглимни ўстириб юборди.
Қайтишимизда шоирга қараб, унинг бир маҳаллар айтган сўзларини ўзига эслатдим:
— Кенгликларга талпинар кўнгил…
— Тўппа-тўғри. Саёҳатнинг шуниси яхшики, уйга қайтганингда ҳам узоқ-узоқларга тикилганингда, Эйфель минораси, Тожмаҳал қасри ёки Бибихоним мадрасаси кўз олдингга келаверади, — деди шоир.
Хайрлашаётганимизда:
— Яқинда сиз туғилиб-ўсган юрт Ховосда бўлувдим. Поезд йўли ҳам, автомобиль йўли ҳам қадим-қадимдан мана шу ердан тўрт тарафга тарқалар экан-а! — дедим. — Сизнинг саёҳатга ўчлигингиз сабабини энди кашф этдим. Ҳақиқий ховослик экансиз. Дунёда бормаган мамлакатингиз қолмабди-я!
— Шундай бўлсин! Энди сизниям доим шерик қилиб оламан, — деди шоир.
— Ҳаммага китоб тарқатдингиз, бизгаям қолдими? — деб сўрадим.
У шоша-пиша сумкасини ковлаштираркан:
— Битта бор эди-я… — дерди.
Кейин топди, шекилли, хурсанд бўлиб:
— Мана-а! — деди.
Мен китоб муқовасига назар ташладим ва боядан буён сиздан сир сақлаб келаётган шоирнинг ўқловдай-ўқловдай ҳарфлар билан ёзилган исмини ўқидим: “МУҲАММАД ИСМОИЛ”.