Дилларни покловчи нур
Алишер Навоий асарларини юз бор ўқисангиз, юз бор ҳам янги маъно келиб чиқаверади. Агар китобхоннинг саводи, салоҳияти, савияси ҳазрат асарларини тушуниш даражасида бўлса! Халқимизда минг насиҳатдан кўра бир ибрат афзал, деган гап бор. Мир Алишер бутун ижодий, илмий, амалий ва ҳаётий фаолиятида ҳар бир айтган сўзи, ҳар бир битигига ўзи қатъий амал қилган улкан қалб соҳиби эди. Унинг ғазалларида, рубоийларида, достонларида куйланган халқнинг орзу-умидлари, маънавият ва маърифат, тафаккур, дунёвий ва диний умумлашмалар асносида шунчалик юқори чўққига кўтарилгандики, асрлар ошган сари бу ғояларнинг янги-янги қирралари олмос янглиғ ярқираб бормоқда.
Назм мулкининг султони:
Эй Навоий, дардлиғ назмингни аҳли
дард билур,
Дардсиз доғи бўлур они ўқуғон аҳли дард, —
деганда, минг карра ҳақ эди. Навоий асрлар ўтган сари янгиланиб, янада теранлашиб, янада замонавийлашиб бораверади. Чунки, унинг ҳаётий фаолияти ижоди билан ҳамоҳанг. Шоир тириклик пайтидаёқ “Хамса”сида илгари сурган ўлмас ғояларни қисман ўзи ҳаётга татбиқ этишга муяссар бўлган эди. Шоирнинг Ҳиротдаги мол-мулки, ерлари, боғлари бисёр бўлган. Ана шундан тушган даромаднинг жуда катта қисмини хайр-саховатга, ободончиликка, фаровончиликка, етим-есирларнинг бошини силашга, олиму уламолар, фозилу комиллар, талабаларга беминнат ҳомийлик қилишга бағишлаган. Мир Алишер ҳаётлик вақтида нафақат шеърлари, балки ўзининг ажойиб фазилати асносида етти иқлим аҳлининг ҳурмат-эътиборини қозониб, қалбига кириб борганини шу улуғ кунда яна бир бор эсламоқ жоиз деб ўйладик.
Айтиш жоизки, улуғ шоир бу ердаги олим ва талабаларга ўз ҳисобидан нафақалар тайинлаган эди. Кейинчалик ана шу мадрасаларни тугатган талабалар ичидан ўнлаб етук олимлар, фозиллар етишиб чиққанди. Улуғ шоир ва мутафаккир қурдирган Ҳиротдаги Унсия работи қисқа вақт ичида маданият ва маърифат ўчоғига айланган эди. Унсияда улуғ шоир истиқомат қиларди. Шу билан биргаликда ўзининг севимли шогирдларини ҳам шу ерга чорлаганди. Жумладан, Хондамир, Мирхонд каби буюк тарихчилар Унсия работидаги кутубхонадан фойдаланиб, ҳазрат Навоийдан маслаҳат ва йўриқлар олган ҳолда ўзларининг ўлмас асарларини яратганлар. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун жасоратлари, улар орқали илгари сурилган ғояларни шоир яшаган даврда амалга ошириш имкониятдан йироқ бўлса-да, буюк мутафаккир ҳаёт тарзи асносида илм-фан, маданият, юртга муҳаббат, адолат, садоқат ва олий инсонпарварлик ғоялари халқни зулматдан, риёдан олиб чиқишига қаттиқ ишонарди ва шу йўсинда амалий ҳаракат қиларди. Бунинг ёрқин бир мисоли сифатида Навоийнинг илми толибларга, фуқароларга кўрсатган кўмаги, юрт ободлиги учун чеккан заҳматларини айтиб ўтиш ўринлидир. Улкан ижодий ишлар, давлатни бошқаришдек масъулиятли вазифа зиммасида бўлганлигидан ташқари, у ана шундай хайрли юмушларга ҳам вақт топарди. Мир Алишер Хуросонда, Ҳиротда, Астрободда ва Тусда ўнлаб карвонсаройлар, кўприклар, ариқлар, ҳовузлар бунёд этганлиги тарихдан бизга маълум. Жумладан, Работи ишқ, Работи сангбаст ва Нишопурда Работи Деробод каби бир қатор карвонсаройлар бевосита шоирнинг саъй-ҳаракатлари билан бунёд этилган.
Турк назмида чу мен тортиб алам
Айладим ул мамлакатни якқалам, —
деганда, нафақат шоирнинг шеърият ва тафаккур борасидаги эришган ютуқлари, балки амалий жиҳатдан эл-юрт учун ўз даврида қилган ибратли ишларини ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарга Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаски, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”, дея унинг бу борадаги юксак фазилатларига юқори баҳо берган эди. Ҳазрат Навоий маънавият, маърифат аҳлининг ҳурмат-эътиборини шоир сифатида ҳам, давлат арбоби сифатида ҳам, оддий фуқаро сифатида ҳам ҳамиша ўз ўрнига қўйиб келган. Ўз даврининг машҳур шоири Қосим Анвар ва Нишопурда улуғ олим ва шоир Фаридиддин Аттор қабри устига муҳташам сағана қурдирган. Машҳадда кўпгина чўлу саҳроларни, қишлоқларни обод этган, анҳорлар қаздириб, сув келтириб, боғ-роғлар барпо қилган. Хусусан, Астрободда қисқа вақт ичида жуда катта ободончилик ишларини амалга оширганки, бундан оддий халқнинг маъмурлиги хуррам бўлган. Шу билан биргаликда Мир Алишер қаллобликка, риёкорликка, худбинликка, бадбинликка, разолатга сўнгги нафасигача тиш-тирноғи билан қарши бўлган ва имкон даражасида кураш олиб борган. Айниқса, айрим шоир, олимларнинг қаллоблигига чидай олмаган:
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзини-ю халқни гумроҳ этар,
Олим агар жоҳ учун ўлса залил,
Илми анинг жаҳлига бўлгай далил.
Дарҳақиқат, оддий фуқаронинг хатоси, ғарази халқ учун, юрт учун ҳеч нарса эмас. Лекин олиму уламо илмни, ҳунарни шахсий манфаати, мансаб ва мартабаси учун ишлатса, уни мол-мулк тўплашга, ўткинчи, сохта шуҳрат қозонишга, хазинасини бойитиш йўлида воситага айлантирса, у ўзини ҳам, халқини ҳам, юртини ҳам инқирозга, таназзулга маҳкум этган бўлади. Бундай сохтакорликдан Мир Алишер нафрат ва ачиниш ила надомат чекади.
Хулоса ясаб айтганда, улуғ шоирнинг нафақат ижоди, балки шахсий ҳаёти ҳам бугунги зиёлиларимизга, олим ва уламоларимизга, раҳбар ва арбобларимизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шоир, олим, арбоб ёки уламо сўзи, битиги, насиҳатлари билан эмас, балки ҳаётдаги қилаётган иши, ибрати билан ҳам эл-юрт олдида намуна бўлмоғи лозимлигини ҳазрат Навоий ўнлаб битикларида таъкидлаган ва бунга ўзи қатъий амал қилган. Шу ўринда даҳога бағишланган ушбу шеърни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим.
ҲАЗРАТ НАВОИЙ
Туркий чўққиларда вулқонлар ёнди,
Асрий орзуларга бу кўнгил қонди,
Мудроқ қавмларинг аста уйғонди,
Баъзи бир оғалар инидан тонди,
Бугун Сиз кераксиз, ҳазрат Навоий.
Гоҳ етиб, гоҳида етмаган нолам,
Бахтли авлодингиз тан олган олам,
Зўр достон битмоққа ожиздир болам,
Мовароуннаҳрни қилиб якқалам,
Бугун Сиз кераксиз, ҳазрат Навоий.
Туғлимиз, туғронмиз, шавкату шонмиз,
Туркий улуслармиз, асли бир жонмиз,
Ватан абадийдир, бизлар меҳмонмиз,
Шуни ҳам англамай баъзида қонмиз,
Бугун Сиз кераксиз, ҳазрат Навоий.
Ҳақ деган, ҳақ юрган йўлда толмади,
Илмда сохталик ҳамон ўлмади,
Сохта уламодан кўнгил тўлмади,
Китоб битмаган ҳеч авом қолмади,
Бугун Сиз кераксиз, ҳазрат Навоий.
Беш асрки ўзлигин англаган пир — Сиз,
Мантиқ Каъбасида меҳробу ҳур — Сиз,
Илоҳий қуш тилин тиллашган дур — Сиз,
Адашган дилларни покловчи нур — Сиз,
Бугун Сиз кераксиз, ҳазрат Навоий.
Сафар ОМОН.