Зойир Мирзаев отаси ҳақида китоб ёзди

(Тошкент вилояти ҳокимининг хотираларини ўқиб)

Очиғини айтганда, агарда довруқли мулозим ва арбоблардан қай бири китоб ёзибди, деб эшитсам, бирорта номдор ёзувчи ёзиб берган ёки ёрдамчилари қоғозга туширгандир-да, деб ўйлардим. Чунки уларнинг китоб ёзишга вақти йўқ ёки ёзганда ҳам эплаб қоғозга туширишига ишонмасдим.

Аммо… бўларкан. Арбоблар ҳам китоб ёзса эпларкан. Яқинда қўлимга тушган “Қаҳрида ҳам меҳр бор эди…” номли Зойир Мирзаев қаламига мансуб падари бузруквори ҳақидаги биографик эссе-хотира китобини ўқиб, катта амалдорлар орасида ҳам ўзи ёза оладиганлари бор экан-да, деган фикрга келдим.

Китобга сўзбоши ёзган таниқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Мардиев ўз фикр-мулоҳазаларини Самарқанднинг муаллиф туғилиб ўсган Жомбой таърифи билан бошлайди. Амир Темур ўз саркардаларини Жомбой қароргоҳларида жангга тайёрлаганини айтаркан, тарихнинг ўша жонли ва суронли саҳифаларини Алишер Мардиев кўз ўнгимизда худди кино лентасидек бир-бир намоён қила олади.

Зойир Мирзаевнинг оталари Тойир Мирзаев раҳбар бўлиб шаклланган воқеа ва ҳодисалар жуда ишонарли ва табиий тарзда ҳикоя қилинади. Оддий тракторчидан табелчи, бригада бош­лиғи, агроном, хўжалик раҳбари даражасига етган бу одам ўз орзу-умидларига фақат ва фақат ҳалол меҳнати ва яратувчанликка бўлган бетимсол иштиёқи билан етганига Алишер Мардиев бизни ишонтиради. Ўқувчини Зойир Тойировичнинг дадалари ҳақидаги ёзган китобини ўқишга руҳан тайёрлайди, қизиқтириб қўяди.

Алишер Мардиевнинг бу самимий дил сўзларидан сўнг китобни ўзга бир иқтидорли қалам соҳиби битмагани, аксинча, муаллифнинг ўзигина битиши мумкин эканлигига қатъий ишонасиз ва ниҳоят, мутолаага шўнғиб кетасиз.

Ҳа, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев китобни шахсан ўзи ёзганини биринчи саҳифаларданоқ англаб етасиз ва воқеалар реал ҳаётда рўй берганига, ҳеч қандай ёлғон, бадиий тўқималар баён этилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Албатта, Зойир ака бу асарни узоқ тайёргарлик кўриб, кейин юракдан  битганини хотираларни ўқиш давомида яққол сезиш ва ҳис қилиш қийин эмас.

Ота қадри

Биз ота ва уларнинг қадри ҳақида кўп гапирамиз. Лекин кам амал қиламиз. Муқаддас Қуръони каримдан, Алишер Навоий ва Машраб ғазалларидан ажойиб ҳаётий сатрларни мисол қилиб келтираркан, Зойир Мирзаев ота номини ҳақли равишда улуғлайди:

“Аслида инсоннинг умри, агар у солиҳ фарзанд тарбия қилган, яхшилик қилиб умр кечирган бўлса, бу дунёни тарк этганидан сўнг ҳам ширин хотира фарзандлар ҳаётида ҳам давом этаверади. Бизнинг йўқловимиз, хотирамиз, маънавий эҳтиёжимиз падари бузрукворимизнинг беҳуда умр кечирмаганини кўрсатиб турибди, бундан барчамиз фахрланамиз”.

Ҳақ гап. Зойир Мирзаев ўз умри давомида ана шундай саодатга эришганидан сўнггина отаси ҳақида китоб ёзишга қарор қилган. Ва айтиш мумкинки, бу савобли ва эзгу ишни маҳорат билан уддалаган:

“Шу сабабли биз сулоламиз вакиллари билан гапни бир ерга қўйиб, гарчи ижодкорлардай ёза олмасак-да, бу ёдномани яратишни ўз зиммамизга олдик. Ҳожи онамизнинг эслатмалари, кўрганларимиз, шунингдек, отамни яқиндан таниган замондошлари фикрларини ҳам жамлаб, қоғозга туширишга қарор қилдик”.

Китобнинг “Энди отам ҳақида” номли бобидаги қуйидаги дил сўзларини ўқирканмиз, Зойир Мирзаевга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимиз янада ортса ортадики, асло камаймайди:

“Падари бузрукворим Мирзаев Тойир Ҳамдамович 1947 йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур (ҳозирги Жомбой) туманининг Тут қишлоғида туғилган, 1954-1963 йилларда Булунғур туманидаги Ленин номли 7-ўрта мактабни тугатгач, 1963 йилдан бошлаб механизатор, бригада табелчиси, қарийб 14 йил давомида “Коммунизм” колхозининг бир нечта бригадаларини бошқарган.

1981 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини тугатиб, хўжалик бош агрономи сифатида ишини давом эттирган. 1987 йилда Жомбой тумани “ХХII партсъезд” (ҳозирги “Дўстлик”) колхози раиси, 2002 йилдан шу тумандаги Охунбобоев номидаги хўжалик бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.

Онам Маҳкамтош Мирзаева билан биргаликда 7 нафар фарзандни дунёга келтириб, бизни ҳеч кимдан кам қилмасдан тарбиялашди, ҳаммамизни олий маълумотли қилишди. Оиламизда ўғил фарзандларнинг бирортаси тамаки ёки нос чекмасди, ҳозирда набиралар ҳам шу анъанага содиқ ўсаётганлигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Отам оила даврасида ёлғиз фарзанд бўлгани сабабли армияга бора олмаганини, оналари Қурбонойни қўшнининг ҳўкизи шохлаб майиб қилганидан кейин онасига қарашиб, вақтида ўқишга кира олмагани кўнглида катта армон бўлиб қолгани ҳақида кўп бора сўзлаб берарди.

Бизларга: “Отамдан ёлғиз қолган эдим, оғир пайтда ёнимда турадиган, далда бўладиган яқиним йўқ эди, Аллоҳга шукр, менга тўртта ўғил, учта қиз берди, ҳаммаларингни олий маълумотли қилдим, эл корига ярайдиган даражага етдингизлар. Сизлар ҳаётда ўз ўрнингизни топганингиз учун биз сизлар туфайли қишлоқнинг ибратли оиласи бўлдик, мени ва онангизнинг обрўйи ошаяпти, беҳисоб шукр”, дердилар фахр билан.

Ҳаёти давомида жуда кўп қийинчиликлар, адолатсизлик ва турли тўсиқларга учрагани, ёнида юрган, ҳатто даврадош бўлган, ўзига яқин олган инсонларидан ҳам жабр кўргани боис отам унча-бунча одамга ишонмасди. Бирор ножоиз гапирган ёки ҳаракат қилган кишига шу вақтнинг ўзида “муносиб жавоб” бериб қўярдилар.

Хуллас, китобни ёзишга киришдик, ўзимизча эплашга ҳаракат қилдик, борини борлигича баён қилдик, ўзгартирганларимиз, самимий сўкинишлар-у, дока рўмол қурийдиган муддатдаги келишмовчиликларга “кўп нуқта” қўйиб ёки “ҳуштак чалиб” ўтиб кетдик, баҳосини, албатта, китобхонлар беради”.

Иккинчи иқрор ва эътироф

Зойир Мирзаевнинг китобини ўқирканман, воқеа ва ҳодисалар силсиласида беихтиёр ўз отамнинг феъл-атворини кўргандек бўлдим. Китоб саҳифаларидан кейингиларига ўтарканман, муаллифнинг отасини тез-тез ўз отам билан солиштирадиган, баъзи жойларида ҳатто таққослайдиган бўлиб қолдим. Ва айтишим керакки, аксар ҳолларда муаллиф таърифлаётган воқеа ва ҳодисалар айни пайтда менинг отамга ҳам бевосита тааллуқлидек туюларди.

Бу билан мен ҳаётимда иккинчи бора айни ҳолга туша бошлаган эдим. Биринчи марта атоқли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг “Диёнат” асарини ўқиганимда, адолат ва диёнат ҳаққи-ҳурмати, ҳатто ўз ўғлининг кўчирмачилик қилиб яратган илмий ишини тан олмаган профессор Нормурод Шомуродов образида кўрган эдим отам тимсолини. Мана энди таниқли давлат ва жамоат арбоби Зойир Мирзаевнинг ўз қиблагоҳи ҳақидаги маҳзун ва бетакрор, айтиш мумкинки, дилбар хотираларини ўқиб, яна беихтиёр ўз отамни қайта-қайта кўз олдимга келтира бошладим.

Муаллифнинг ютуғи шундаки, мутолаа чоғида ўзгача бир самимият охиригача сизни қўйиб юбормайди. Воқеалар ривожидаги табиийлик ва соддалик, катта-кичик тафсилотлар силсиласидаги — лўттибозлик ва ёлғондан тамомила йироқ бўлган софлик ва ҳалоллик, бор гапни қандай бўлса, шундай борича холис ва одиллик билан ёзиш санъати ва жасорати сизни ўзига ошно этади ва ҳоким ёзган асар худди бетакрор оҳанглардай юрагингизга оқиб кира бошлайди…

Бешафқат ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари

Зойир Мирзаев ота-онасининг аччиқ ва аламли қисмати ҳақида ёзаркан, уларни авайлаб-асрашга, воқеалар ривожини ўз обрў-эътиборини кўзлаб бузиб кўрсатишга йўл қўймайди. Мен муаллифнинг бу қадамини қўллаб-қувватлайман. Жуда кўп шу тарздаги китобларда муаллифлар ўзи ва ота-онасини кўкларга кўтариб мақтайди, хотираларини сиз мутлақо ишонмайдиган ортиқча таърифу тавсифларга, олқишларга тўлдириб ташлайди.

Ўз падари бузруквори ҳақида ёднома битишни ният қилган Зойир Мирзаев эса бу йўлдан бормайди. У ҳаёт ҳодисаларини қандай бўлса, шундайлигича бор бўй-басти билан қоғозга туширишга, ўқувчи билан чин юракдан, дилдан суҳбатлашишга ҳаракат қилади.

Масалан, муаллиф отасининг отаси, яъни бобоси Ҳамдам ака ҳақида ёзаркан, у кишининг уйланиш тарихини жуда ишонарли ва самимий тарзда ҳикоя қилади. Момоси Қурбоной аянинг олдинги турмуши бўлмаганини очиқ-ойдин баён этади: эри ўлиб, бир фарзанди билан тул қолгани боис, қишлоқ оқсоқолларининг таклифи билан Ҳамдам акага турмушга чиққанини ёзаркан, “одамлар нима дейди?” деб бундан истиҳола қилиб ўтирмайди. Бор гапни бўямай-нетмай, ижобийлаштирмай, қандай бўлган бўлса, шундайлигича бугунги замондошига тақдим этади.

Биз мактабда ўқиган пайтлар, собиқ совет даврида “реалистик адабиёт” деган бир гап бўларди: ҳаётдаги реал воқеа ва ҳодисаларни қандай бўлса, шундайлигича юлиб олиб, ўқувчига тақдим этадиган, аниқ воқеа ва ҳодисаларга асосланган — адабиёт.

Зойир Мирзаев ана шу йўлни танлайди. Авлод-аждодлари ўтмиши ва тарихини мажбуран ижобийлаштирмайди. Қандай бўлса, шундайлигича таърифлашга ҳаракат қилади. Ўқувчини алдамайди. Хотираномани ўқишда давом этамиз ва унда маълум бўладики, 1947 йилнинг январь ойида Қурбоной ая ва Ҳамдам ака хонадонида қўчқордек ўғил туғилади. Кейинчалик бутун Самарқанд музофотида раҳбар бўлиб танилган, бугунги Тошкент вилоятининг биринчи раҳбари Зойир Мирзаевнинг оталари Тойир Мирзаев шу тариқа дунёга келади.

Оиланинг катта фарзанди, муаллифнинг аммаси Мушаррафнинг 12 ёшда бетоблик боис бу ёруғ дунёдан кўз юмиши ҳам жуда таъсирли ва армонли тарзда ҳикоя қилинган.

Санъатга бўлган ҳавас — ота мерос экан…

Мактабни аъло баҳоларга тугатаётган Тойирни бир куни отаси ёнига чақириб, унинг яхшигина қўшиқ айтиши боис, шаҳарда бир таниши борлигини, катта артист эканини айтиб, ўша билан таништириб қўйишга ваъда беради. Шаҳарга боришади ҳам. Тойир ака уникида яшаб ҳам қолади.

Лекин шаҳарда кўрган-кечирганлари, артист деганларининг ўзига хос бетартиб ва енгилроқ, яъни номақбул ҳаёт тарзи ёш Тойирнинг санъаткор бўлишидан кўнгли совиб, бу ердан яна ўз қишлоғига қайтишга қарор қилишига сабаб бўлгани холислик билан баён этилади.

Демак, оталаридаги санъатга бўлган бу ҳавас Зойир Тойировичга ҳам ўтган, шекилли, баъзи-баъзида жуда яхши овоз билан қўшиқ айтиб, хиргойи қилиб қолишлари бежиз эмас экан-да!

Албатта, буни — Зойир Тойировичнинг санъатга ошнолиги, иқтидор соҳиби эканлигини  мухлислари, яқин биродарлари янада яхши билсалар керак.

Ота ҳақидаги ёрқин хотиралар

Зойир аканинг боболари, Тойир аканинг оталари Ҳамдам бобо 54 ёшда вафот этган экан.

Тойир Мирзаев эса, яъни Зойир аканинг отаси 2020 йили 73 ёшида лаънати коронавирус хасталигидан дунёдан ўтган эди.

Яхши биламизки, ўшанда Зойир Тойирович Қашқадарё вилояти ҳокими эди. Оталарининг вафотини мен Канадада туриб эшитгандим ва эфир орқали таъзия изҳор қилгандим…

Китобда Зойир Мирзаевнинг оналари, укалари ва сингиллари ҳам азиз ва ардоқли оталари ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашганлар.

 

Оналари Маҳкамтош Мирзаева шундай дей­ди:

“…Раҳматли умр йўлдошим билан иккимиз ярим асрдан кўпроқ бирга турмуш қуриб, ўғил-қиз фарзандларни тарбиялаб, вояга етказдик. Уларни ўқитиб, оилали қилдик ва халқимиз хизматида бўлишига ҳисса қўшдик. Оллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, болалардан бир умр миннатдормиз ва розимиз, албатта.

Хўжайиним жуда яхши, мулоҳазали ва ҳар бир ишни етти ўлчаб, бир кесадиган, ким бўлмасин, барчага ёрдам берадиган, қўллаб-қувватлайдиган танти инсон эдилар. Фарзандларининг ҳаммасини меҳнатга, уни қадрлашга ва ҳалол-покиза ишлашга ўргатди. Ундан ташқари, ўзидаги бор одоб-ахлоқни, ижобий фазилатларни берди, ана шу масъулият билан яшади”.

“… Хўжайин билан ҳаммамиз, қуда-андаларимиз ва қариндош-уруғлар доимо иноқликда яшадик. Ҳеч маҳал ёлғон гапирмасдилар. Иккиюзламачилик, хўжакўрсинга ишлаш ва мунофиқликни жинидан ёмон кўрарди. Тўй-ҳашам ва бошқа тадбирлардан қолмас, аксинча, уларга бош-қош бўлишдан ташқари, қўлидан келганча ёрдам берарди.

Умр йўлдошим меҳр-оқибатли инсон сифатида барчамизга, айниқса, набираларга ишончли суянчиқ, ҳақиқий ғамхўр эдилар. Бобонинг яна бир ажойиб хислатларини айтиш жоиз. У киши санъатни жуда яхши кўрардилар, ўзлари ҳам баъзи-баъзида хиргойи қилиб турардилар”.

“…Хўжайиним басавлат ва важоҳатли кўринса-да, у киши ниҳоятда меҳрибон, бола феълли, нуронийсифат қалб қўри бор эди. Шундан бўлса керак, у барчамизга тоғдек қалқон ва чинордек тиргак эди. Илоҳим, жойларини жаннатдан қилсин, дейман. Охиратлари обод бўлсин”.

 

Кимё МИРЗАЕВА, катта келини (Зойир Мирзаевнинг умр йўлдоши):

“Мен Тойир ота хонадонига келин бўлиб тушганимда 19 ёшда эдим. Саломга чиқиб, таъзим қилганимни ҳали ҳам эслайман. Отамнинг кўзларидан шашқатор ёш оққанини кўриб, ҳайрон қолганман. Чунки отам ёлғиз фарзанд бўлгани учун ҳаёт йўлларидаги қийинчиликлар ана шу қувончли кунларда кўз олдиларидан ўтаётган эди. У киши қаттиққўл инсон бўлсалар-да, жуда содда, ишонувчан эдилар. Улардан ростгўйликни, меҳнатсеварликни, оилапарварликни ўрганганмиз.

Отам ёлғизликни хушламасдилар, доим олдиларида ҳамсуҳбат бўлишини хоҳлардилар. Тарихни яхши билардилар. Адабиёт билан ошно эдилар. Якшанба кунлари ошни биргаликда тайёрлардик. Камида уч килоча гуруч солиб, бутун оила йиғилиб, ошхўрлик қилардик. Ҳовлимиз болалар, неваралар билан тўларди. Гоҳида рўзғор юмушлари билан бўлиб, югуриб юрсам, қайнона ойимларга мийиғида кулиб: “Қурбонбиби онамга ўхшайди келининг”, дердилар.

Ота-онамнинг қайнота-қайнонам билан олдиндан борди-келдилари яхши бўлган. Меҳмондорчилик пайтида суҳбатлари охирига етмасди, жуда қадрдон эдилар. Оилага келин бўлиб келганимда, кўникиб кетишим қийин бўлмаган. Зеро, жуда қувноқ ва аҳил оилага тушганимни доим ҳис этганман.

Ёш эдик, ёзда қайнона ойимнинг қариндошлари Ҳусан ака тўй қилди. Аёллар битта столда, Сайёра опам билан иккимизнинг қўлимизда биттадан елпиғич. Узоқдан отамнинг норози қарашларини сезиб қолдик. Қайнотам маҳалла-кўй ичида камтар бўлишимиз лозимлигини қарашлари билан билдирар эдилар. Шу воқеадан ҳам келажак авлод ўрнак олса, арзигулик.

Қайнотам бизни, айниқса, миллий либосда кўрсалар хурсанд бўлардилар. Агар қайси биримиз спорт кийимида юрсак ёки калтароқ кўйлак кийсак, қайнонамга секингина айтиб қўярдилар, гап келганида уялтирардилар.

Отам — қариндошлар, қўни-қўшни тўй-маърака қилса, бутун оиламиз билан хизматда бўлишимизни тайинлардилар. Ўзлари бунга бош-қош бўлардилар.

Охирги маротаба қайнотамни кўргани борганимизда, қайта-қайта бизларни дуо қилдилар. Шунда ҳам ҳаётларининг сўнгги кунлари кечаётганини тушунмаган эканмиз. Дадам дунёдан ўтганларидан кейингина мен отамга қаттиқ суяниб қолганлигимни пайқаб, ич-ичимдан қаттиқ эзилдим”.

 

Ботир МИРЗАЕВ, Тойир отанинг ўғли (Зойир Мирзаевнинг укаси):

“Отам оиладаги бир давра суҳбатида мендан ёши катталарга ўзи айтганидай “мулойимгина” танбеҳ берар экан: “Отасига қулоқ солмайдиганларга кейинчалик боласи ҳам қулоқ солмайди”, дердилар.

Очиғи, олий ўқув юртига киргач, мен шу фикрни “Қобуснома”да ўқидим: “Ўз фарзандинг сенинг ҳақингда қандай бўлишини тиласанг, сен ҳам ота-онанг ҳақида шундай бўлғил, нединким, сен ота-онангга нима иш қилсанг, фарзандинг ҳам сенинг ҳақингда шундоқ иш қилур, чунки одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдур. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг, уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”.

Ўзим ота бўлгандан кейин бу фикрларнинг мағзини ва энг муҳими, отажонимнинг қадрини англаб етаяпман. Оиланинг кичиги бўлганим учун отам мени кўпроқ эркалар, ҳар куни ишдан келганларидан кейин ҳузурига чорлаб, бағрига олиб, ширин сўзлар айтар ва: “Сени ҳеч ким хафа қилмаяптими?” деб сўрарди. Шу билан бирга: “Болам, ака-опаларингнинг айтганини қил, улардан ўрнак ол, агар биргаликда ҳаракат қилсанглар, яхши бўлади”, деб насиҳат ҳам қилардилар.

Падари бузрукворимнинг яна бир ажойиб хислати бор эди — сулоламиз тарихини, аждодларимиз қилган савобли ишларни, кўрган қийинчиликлари-ю, бошидан ўтказган воқеа-ҳодисаларни бизга такрор ва такрор сўзлаб берар, биз эса завқ билан тинглардик. Тўғриси, мен отамни ҳеч қачон ўлмаса керак деб ўйлардим, ҳатто ўшандаги қизиқ гапларини, насиҳатларини ён дафтаримга ёзиб ҳам қўймаган эканман.

Аммо энди англаб турибманки, отамдан кўп нарсаларни ўрганган эканман, бу хислатлар бугунги кунда ҳаётимда жуда асқатаяпти.

Отамнинг кийинишига ҳаммамиз ҳавас қилардик. Онам оддий бўлса-да, дазмолланган, тоза либосларни кийдириб чиқарардилар. Дўппиларини бошдан қўймас эдилар, ҳаттоки бошларида дўппи бўлмаса, дастурхонга дуо ҳам қилмасдилар.

Менинг ўйлашимча, отамдек дўпписини қадрлаган инсон бўлмаса керак.

Инсоннинг умри ўлчовли эканлигини билсак-да, қадрдонларимиз оғриб қолса ёки оламдан ўтса, чин дилдан қайғурамиз, айниқса, отамиз учун. Отам ковид тарқалганидан сўнг, унга чалиниб, соғлиғини йўқотди. Опаларим, акаларим, барчамиз безовта бўлиб қолдик. Негаки, эл ҳурматидаги отажонимнинг салоҳиятигагина эмас, балки доимо бизни яхшиликка ундаб туришига, кўмаги, мададига суяниб қолгандик…”

*  *  *

Албатта, бундай хотиралар, ҳаётий ҳикматларга тўла ҳикоялар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Зойир Мирзаев китобида оталари ҳақида одамнинг юрагида яшаб қоладиган ҳаётий хотираларга кенг ўрин беради. Хусусан, у кишининг шеъриятга ихлосмандлиги кишини янада хурсанд қилади. Ахир адабиётга, санъатга ошуфта қалб ҳеч қачон бировга ёмонлик қилмайди. Аксинча, ҳамиша эзгуликка интилади.

Китобни ўқиш ва уқиш жараёнида мен яна бир нарсага амин бўлдим: Зойир Мирзаевдаги оддийлик, соддалик ва ҳалоллик унга отасидан ўтган экан.

Ҳа, бировга яхшилик қилиш, унинг дарду ҳас­ратларига қулоқ тутиш, оғирини енгил қилиш каби фазилатлар ҳам айнан отасидан у кишига мерос қолгани бугун энди бизга сир эмас.

Яна бир гап: китобни ўқиб, анча ўйга толдим. Юқорида айтганимдек, болалик чоғларим, ўз ота-онам, боболарим, момоларим, уларнинг оддий, лекин ҳалол ризқ-рўз топиб яшаб, ишлаганлари беихтиёр кўз олдимдан ўтаверди. Чунки Зойир Мирзаевнинг ушбу китобини мутолаа қилиш асносида оддийлик, ҳалоллик ва эл-юрт олдидаги ҳар бир инсоннинг бурчи, майли, у бугун ким, катта раҳбарми ёки оддий инсон — барибир, одамларга керак бўлиб яшаш катта бахт деган улуғ бир фалсафани такрор уққандек бўлдим. Муаллифнинг оддий, жайдари, бироқ ҳаёт деб аталмиш буюк мактабдан чиқарган хулосалари қалбимга жо бўлди.

Исмат ХУШЕВ,

“Дунё ўзбеклари” интернет нашри

бош муҳаррири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 14 =