Кўҳна Хива “лазги” ихлосмандларига мезбон бўлди

Жорий йилнинг 25–30 апрель кунлари Хоразмнинг Хива шаҳрида “Лазги” II халқаро рақс фестивали бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Лазги” рақси ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда, балки хориж давлатларида ҳам машҳур. “Лазги” – дорул фано, яъни инсоннинг бу дунёга келиши ва бу ердаги ҳаётнинг фалсафасидир.

Президентимизнинг 2020 йил 28 сентябрдаги “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланган эди.

Хоразм вилояти жорий йилда иккинчи бор мазкур фестивалга мезбонлик қилди. Халқаро фестивалга юртимизнинг тажрибали режиссёрлари, бастакорлар, санъаткорлар, таниқли раққосалар, ижодкорлар, малакали мутахассислар жалб этилди.

Дастлабки кун Урганч халқаро аэропортида дунёнинг турли мамлакатларидан келган иштирокчилар тантанали кутиб олинди.

— Мен Бразилиядан келдим, – дейди санъатшунос, профессор Бруна Висенте де Соуза. — Ўзбек ва Бразилия рақслари ўзининг қадимийлиги, шўх ва ўйноқи ҳаракатлари билан ўхшаш. Айниқса, Хоразм рақсидаги жанрлар жуда жозибадор ва серҳаракатлилиги билан ажралиб туради. Хоразмни эса қадимий воҳа, маданият, санъат ва анъаналар маркази деб биламан. Ушбу ўлкага олдин ҳам келганман. Олийгоҳлардаги мусиқа ва санъат йўналишидаги таълим жараёни билан танишганман. Бизни ҳар сафар мана шундай иззат-икром билан кутиб олишади.

 

* * *

Хива шаҳридаги “Фаровон” меҳмонхонасида хорижий ва маҳаллий рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирокида “Хоразм “Лазги” рақси: Маданий диплома­тияни ривожлантиришнинг илмий-назарий, маънавий-маърифий тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди. Унда Буюк Британия, Франция, Тожикистон, Туркманис­тон, Қозоғистон, Беларус, Россия, Туркия, Қирғизистон, Сербия, Бразилия, Корея, Япония, Испания, Миср, Грузия, Ҳиндистон, Украина, Болгария, Қатар, Озарбайжон ва Ўзбекистон давлатлари офлайн ҳамда АҚШ, Австрия, Иордания, Мексика, Гана, Россия, Македония, Эрон, Хитой, Покистон ва Италия давлатларидан онлайн тартибда иштирокчилар қатнашдилар.

Конференция давомида Халқаро Туркий Маданият ташкилоти – “TURKSOY” Бош котиби Султан Раев томонидан ўзбек миллий рақс санъатига узоқ йиллар хизмат қилган ва халқимиз эътирофига сазовор бўлган фидойи устозлар Гавҳар Матёқубова, Зиёда Мадраҳимова, Карима Узоқоваларга “TURKSOY” кўкрак нишони топширилди.

 

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

— Ҳурматли Президентимиз “Илмга асосланмаган соҳанинг келажаги бўлмайди”, дея таъкид­лаганлар. Дарҳақиқат, ҳар бир ишда илмга таянилсагина кўзланган маррага, натижага эришиш мумкин. Бундан бошқа йўли йўқ! Шунинг учун ҳам ҳар гал фестиваль доирасида сиз каби қадрли зиёлиларимиз билан кечадиган илмий мулоқотларнинг аҳамияти беқиёс. Шу ўринда, муҳим бир янгилик ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида биз “Лазги” энциклопедиясини яратиш ниятидамиз. Бу орқали “Лазги” туркумининг яратилиш тарихи, ривожланиш даври, ижрочилари фаолияти тўлиқ очиб берилади.

 

Гавҳар МАТЁҚУБОВА,

Ўзбекистон халқ артисти, балетмейстер:

— Тарихи уч минг йилга бориб тақаладиган Хоразм асрлар мобайнида инсониятнинг маънавий ва моддий маданияти ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келганлиги маълум. Агар дунё харитасига эътибор билан қаралса, Хоразм икки катта чўл – Қорақум ва Қизилқум ўртасида жойлашгани маълум бўлади. Бу воҳада қадимдан ҳаётнинг гуллаб-яшнагани хориждан келган ҳар бир кишини  ҳайратга солади.

 

Маргарет ДЕЧЕНАУХ,

Франция халқаро жаҳон мусиқа ва рақс инс­титути директори ва асосчиси:

— Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг мусиқа ва рақс маданиятини хорижий мамлакатларда намойиш этиш ёки мамлакатингизга ташриф буюрган хорижий меҳмонларга юртингизнинг мусиқа ва рақсини кўрсатишда доимий равишда фойдаланиладиган “ташриф қоғоз”ларингиз борки, уларнинг ичида биринчилардан бўлиб “Лазги” мусиқаси, қўшиғи ва рақси туради десам адашмайман.

* * *

“Лазги” халқаро рақс фестивалининг тантанали очилиш маросими “Ичан қалъа”нинг Карвонсарой дарвозасида бўлиб ўтди. Унда фес­тиваль қатнашчиларидан ташқари давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, хорижий сайёҳлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тарихий майдон узра турли давлатлар байроқлари ҳилпиради. Сўнгра очилиш маросимининг бадиий қисми бошланди. Унда турли миллат ва халқларнинг ўзига хос куй ва қўшиқлари янгради. Жозибадор рақслари ижро қилинди.

Фестиваль доирасида рақс танлови ўтказилиб, унда хорижий ва маҳаллий иштирокчилар ижодий беллашди. Иштирокчилар чиқишларини баҳолаб бориш бўйича халқаро ҳакамлар ҳайъати таркиби шакллантирилган бўлиб, унда 5 та (Франция, Миср, Бразилия, Корея, Қозоғистон) хорижий давлатдан ҳамда Ўзбекистон (2 нафар) дан ҳакамлик қилишди. Шунингдек, II “Лазги” халқаро рақс фестивали дои­расида хорижлик мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий учрашув ва маҳорат дарслари, концерт томошалари ва “Хоразм лазги рақси” санъатига оид кўргазмалар ташкил этилди.

* * *

Албатта, ҳар бир нарсанинг бошланиши бўлганидек, якуни ҳам бўлади. Нуфузли фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими ҳам “Ичан қалъа”нинг Карвонсарой дарвозаси мажмуасида ўтказилди.

Узоқ кутилган ҳаяжонли натижалар эса қу­йидагича бўлди: Ўзбекистон Давлат филармониясининг “Навбаҳор” ашула ва рақс ансамбли раққосаси Фотима Нарзуллаева ҳамда Ўзбекис­тон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлинмаси раққосаси Оксана Давлетова “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси”; Туркманистон Рес­публикаси Тошовуз вилояти “Дессан” рақс ансамбли ва Беларусь Давлат маданият ва санъат институти “Энг яхши жамоавий рақс”; Грузиянинг “Эрисиони” Давлат миллий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Сербиянинг “Болқон афсонаси” жамоаси “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”; Япониянинг “Тошиба” халқаро уюшмаси ижодий жамоаси “Номоддий маданий мерос тарғиботи учун” рағбатлантирувчи ўринларига муносиб кўрилди ҳамда улар Хоразм вилояти ҳокимиятининг махсус қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Ўзбекистон давлат филармониясининг Бухоро вилояти бўлинмаси қошидаги “Бухоро мавжлари” рақс ансамбли эса Халқаро туркий маданият ташкилоти – “TURKSOY”нинг махсус мукофотига лойиқ кўрилди.

3-ўрин совриндорлари: Бразилиядан ташриф буюрган Бруна Виcенте де Соуза — “Энг яхши яккахон рақс” ижрочиси; Испания рақс жамоаси ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг “Лазги” ашула ва рақс ансамбли — “Энг яхши жамоавий рақс” ижрочиси; Туркиянинг “Инегўль” халқ рақслари ансамбли — “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номинациясини қўлга киритди.

2-ўрин совриндорлари: Корея Республикасидан Алам Ҳан ҳамда Корея Миллий рақс гуруҳи — “Энг яхши яккахон рақс” ижрочиси; Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси Файзи Гаскаров номидаги Давлат академик халқ рақс ансамбли ҳамда Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган “Лола” рақс ансамбли — “Энг яхши жамоавий рақс” ижрочиси; Қирғизис­тон Рес­публикаси “Шаттик” халқ рақс ансамбли — “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номина­циясига лойиқ кўрилди;

1-ўрин соҳиблари: Ўзбекистон давлат филармониясининг “Шодлик” ашула ва рақс ансамбли балет артисти Ислом Ҳайдаров — “Энг яхши яккахон рақс” ижрочиси; Озарбайжон давлат филармонияси Давлат рақс ансамбли ҳамда Қозоғистоннинг “Казина” халқ рақс ансамбли — “Энг яхши жамоавий рақс” ижрочиси; Россия Федерацияси Давлат филармониясининг “Огоньки” рус рақси ансамбли — “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номинацияси соҳиби бўлди.

Энг олий мукофот — “Гран-При” Ўзбекистон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлинмасига насиб этди.

Маълумот ўрнида:  “Гран-При” мукофоти –  7 000 АҚШ долларини ташкил этади. 1-2-3- ўринларни қўлга киритганлар мос равишда ҳар бир йўналишда 3 та номинация: “Энг яхши яккахон рақс” ижрочиси; “Энг яхши жамоавий рақс” ижрочиси; “Энг яхши саҳналаштирилган рақс” номинацияси бўйича 5 000, 3 000, 2 000 АҚШ доллари миқдорида мукофотланади.

Шундан сўнг ёпилиш маросимининг бадиий қисми бошланди. Унда турли миллат ва халқларнинг ўзига хос куй ва қўшиқлари янгради. Жозибадор рақслари ижро қилинди. Таниқли хонанда ва раққосалар томонидан ижро этилган “Лазги” қўшиғи йиғилганларни рақсга чорлади. Мухтасар айтганда, фестивалнинг ёпилиш маросими ҳам чин маънодаги мусиқа ва санъат байрамига айланиб кетди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Тошкент – Хива – Тошкент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + twenty =