Дорилфунуннинг истиқболли йўли
Бугун мамлакатимизнинг барча соҳалари чуқур ислоҳотлар майдонига айланган. Бу жараёнда ижтимоий соҳанинг асоси ҳисобланган таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида сўзламасликнинг иложи йўқ. Сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳал қилувчи босқичга кирганини эътироф этиш жоиз.
Президентимиз таъкидлаганидек: “Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси таълимдан бошланади десак, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда.
Жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирда янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Бугун янги Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамияти сафида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Мамлакатдаги ҳар бир соҳа замонга хос ва мос тарзда ривожлантирилиб, ҳар бир соҳада янгиланиш нафаси уфурмоқда.
Келинг, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида мухтасар тўхталайлик. Сабаби, кейинги йилларда юртимизда мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш, давлат-хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини ривожланган давлатлар даражасига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 50 дан зиёд янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, юртимизда олий ўқув юртларининг сони қарийб 130 тага етди.
Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Ўзбекистон Миллий университетида ҳам изчил амалга ошириб келинмоқда. Бинобарин, ҳозирги пайтда 93 та бакалавриат йўналиши, 81 та магистратура мутахассислиги бўйича 35 мингга яқин талабалар таҳсил олмоқда, шунингдек, 98 та докторантура ихтисосликлари бўйича 1000 дан ортиқ ёш тадқиқотчилар илмий иш билан шуғулланмоқда.
Сир эмаски, улкан илмий салоҳиятга эга Ўзбекистон Миллий университети таълимнинг деярли барча фундаментал йўналишлари бўйича Ўзбекистон олийгоҳлари учун республикадаги таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Таълим назорати, таълим сифати ва таълим натижадорлиги ҳақида сўз кетганда Ўзбекистон Миллий университети мисолида ёрқин фаолият юритилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Жумладан, 2023 йилда хорижий илмий тадқиқот марказлари грантлари ва хорижий илмий фонд маблағлари томонидан умумий қиймати 328 000 АҚШ доллари бўлган лойиҳалар бажарилди. Шу йили чоп этилган умумий нашрлар сони 3635 тани, жумладан, 821 та республика илмий журналларида, 1321 та халқаро илмий журналларда, 1493 та халқаро ва республика илмий анжуманларида чоп этилди. Шунингдек, 2023 йилда 97 та монография нашрдан чиқди.
Миллий университетимиз халқаро майдонда ҳам салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, QS халқаро рейтинг агентлиги натижаларига кўра, отахон университет дунёнинг ТОП-500 олий таълим муассасалари рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.
Бугун университетимизда 14 нафар академик, 250 дан ортиқ фан доктори ва профессорлар, 450 дан зиёд фан номзоди, фалсафа доктори ва доцентлар фаолият кўрсатмоқда, 1000 дан ортиқ ёш олимлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқда.
Президентимиз ташаббуси билан олий таълим ташкилотлари учун академик ва ташкилий, шунингдек, молиявий мустақилликнинг берилиши ҳамда Кенгашлар ваколатларининг кенгаяётгани таълим соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, сифатли таълим хизматларини таъминлаш ва бу борада ҳукуматимиз томонидан берилган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш орқали мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи салоҳиятли кадрлар тайёрлашга кенг имкониятлар яратади.
Олий таълим ташкилотларининг миллий рейтинги нуфузини ошириш мақсадида, миллий рейтингда сўнгги 3 йил давомида доимий равишда биринчи 3 та ўриндан бирини эгаллаб келаётган олий таълим ташкилотларига олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича академик ва молиявий мустақиллик бериш ҳамда мустақиллик мезонлари Европа университетлари ассоциацияси стандартларига мувофиқ қабул қилиниши каби устувор вазифалар белгиланди. Бу эса ўз навбатида бу соҳадаги халқаро амалиёт, шу жумладан, Европа университетлари ассоциацияси стандартларини ўрганишни тақозо этади.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, дунёда олий таълимнинг ўрни тобора ривожланиб бормоқда. Бугун жамиятимизда университетларга катта умидлар билан қараб, иқтисодиётнинг ўсиши ва билимлар жамиятининг шаклланишига ёрдам берувчи кенг кўламли вазифаларни бажаришни талаб қилади. Анъанавий таълим, илмий-тадқиқот ва инновация фаолияти билан бир қаторда олий ўқув юртлари мамлакат тараққиётида кенг иштирок этишга ва унинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлашга ундамоқда.
Олий таълим аста-секин бозор муносабатларининг тўлақонли субъектига айланиб, академик мустақиллик тамойиллари асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса унинг бошқарув тузилмасини фаол ўзгартиришга, функцияларни ўзгартиришга, янги молиялаштириш манбаларини топишга, янги таълим усулларини излаб топишга ва билимларни назорат қилишга ундайди. Олий таълим муассасаларининг фаолияти, бинобарин, уларни бошқариш тобора корпоратив тус олмоқда.
Кўпгина мамлакатларда олий таълим муассасаларининг ўрни ўзгариб бориши билан уларнинг Марказий ҳокимият органлари билан муносабатлари характери ҳам ўзгариб боради. Давлат назорати аста-секин камаймоқда. Ўтган ўн йиллик мобайнида, деярли бутун дунёда, олий таълим тизими рақобатбардошлигини ягона бир хил ўлчов сифатида намоён бўладиган, уларга янада эркинлик, динамизм, мослашувчанлик ва самарадорликни бериш мақсадида олий таълимни бошқаришда тизимли ва институционал даражада кенг кўламли ислоҳотлар кузатилмоқда.
“Бошқарув” тушунчасининг тўлиқ кўламига қарамасдан, олий таълим контекстида ҳар доим университетларнинг мустақиллиги, академик эркинликлари ва институционал жавобгарлиги билан бевосита боғлиқ. Бугунги кунда олий таълимни бошқариш тизимларининг мустақиллиги, жамоавийлиги (коллегиаллиги) ва шаффофлиги бутун дунёдаги энг самарали фаолият кўрсатаётган таълим тизимларининг ажралмас хусусиятларига айланди.
Аксарият эксперт ва таҳлилчиларнинг ишларини умумлаштириб, институционал мустақилликнинг учта асосий шаклини ажратиб кўрсатиш мумкин: бошқарув, академик ва молиявий. Шу билан бирга штатлар комплектацияси эркинлиги, яъни кадрлар мустақиллиги университетнинг маъмурий мустақиллигига сингдирилади. Мазкур тасниф энг аввало америка олий таълим тизимига нисбатан қўлланилади.
Европа таълим маконида кадрлар муҳити институционал муҳитнинг мустақил элементи сифатида қаралади.
Aкадемик мустақиллик — академик дастурлар, таълимнинг усуллари ва йўналишлари, фанлар, даражалар бериш, тадқиқотнинг мақсад ва усуллари ҳақида қарорлар қабул қилиш;
Молиявий мустақиллик — молиявий маблағларни қабул қилиш ва тасарруф этиш, талабаларнинг таълим учун тўловлари бўйича қарорлар қабул қилиш, фойдани жамғариш;
Ташкилий мустақиллик — таркибий бўлинмаларни тузиш ва лавозимларни тасдиқлаш, шартномалар тузиш, мансабдор шахслар ва бошқарув органларини сайлаш;
Ходимлар (кадрлар) мустақиллиги — ишга қабул қилиш, рағбатлантириш ва иш ҳақини белгилаш.
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг эволюцияси ва бутун дунёдаги олий таълимнинг давлат сиёсатига боғлиқ ўзгаришлар университетларни ташкил этиш ва бошқаришнинг анъанавий шаклларини ўзгартириш зарурлигига олиб келиши тобора аниқ бўлиб бормоқда.
Ҳозирда аксарият мамлакатларнинг давлат таълим сиёсатида муайян ўзгаришларни ифодаловчи “олий таълимни тижоратлаштириш”, “олий таълимда менежмент” каби тушунчалар кенг қўлланилаётгани бежиз эмас.
Негаки, мамлакатлар ичида ҳам, давлатлар ўртасида ҳам университетлар ўртасидаги рақобат ўзгарди, янги мазмун билан тўлди. Агар илгари университетлар талабаларни маълум бир миқдорда жалб қилиши мумкин бўлса, бугунги кунда “академик глобаллашув” ва олий таълимни молиялаштириш қисқартирилиши натижасида олий ўқув юртлари пуллик асосда таълим олувчи талабалар учун курашда янада фаолроқ иштирок этиши ва тегишли қарорлар қабул қилиши зарур бўлади. Шу жумладан, энг иқтидорли ўқитувчиларни жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар учун тендерлар ютиб олиш.
Бу борада Европа университетлари ассоциацияси томонидан қайд этилган академик ва молиявий мустақиллик мезонларини келтириб ўтиш мумкин:
Академик мустақиллик мезонлари:
— олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби ва талабалар сонини белгилаш;
— академик дастурлар мазмуни ва таълим тилини белгилаш;
— мутахассисликлар бўйича таълим дастурларини яратиш ва ёпиш;
— таълим сифатини таъминлаш бўйича механизмлар ва тузилмаларни танлаш;
Молиявий мустақиллик мезонлари:
— захирани шакллантириш ва давлатнинг молиялаштириш профицитини сақлаш;
— таълим учун тўловни белгилаш;
— молиявий бозорларда қарз олиш ва инвестиция киритиш;
— акция ва облигацияларни чиқариш;
— университет эгаллаган ер ва биноларга эгалик қилиш ва уларни тасарруф этиш.
Сўнгги бир неча ўн йилликлар мобайнида олий таълимни давлат томонидан молиялаштириш тизими деярли бутун Европа майдонида ўзгаришларга юз тутди. Аввало, бу олий таълим институтининг иқтисодий ривожланишдаги ролининг ўзгариши ва натижада университетларга кўпроқ молиявий мустақиллик бериш зарурати билан боғлиқ эди.
Энг асосийси, жаҳондаги энг илғор таълим масканлари стандартларига мос ҳолда Ўзбекистон Миллий университетида сифатли таълимни яратиш, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, халқаро рейтинглардан мустаҳкам ўрин эгаллаш, таълим узлуксизлигини таъминлаш, мактаблар, профессионал таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик ўрнатиш, ривожланган мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик олиб боришдек катта мақсадлар йўлида дадил одимлаб бормоқда, дея ишонч билан айта оламиз.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган истиқболли вазифалар, ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.
Шуҳрат ТОШМАТОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув ишлари бўйича проректори,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор.