Истeъдодлар жамланган маскан
Сўнгги йилларда миллий маданиятимизни, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Қолаверса, тараққиёт бойлик ёки куч-қудрат даражаси билан эмас, балки миллий маданиятнинг нақадар юксакликка кўтарилгани билан ўлчаниши ҳақида бежиз айтилмаган.
Шу боис мамлакатимизда ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги илғор тажрибалар асосида замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига давлатимиз томонидан устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган эзгу ишларнинг яққол натижаларидан бири, бу — Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг ташкил этилиши бўлди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг қорақалпоқ санъатига ва қорақалпоқ ёшларига бўлган эътибори ва ғамхўрлигининг ифодаси бўлиши билан бирга, санъатсевар ёшларимизга ўз истеъдодини намоён қилишлари учун улкан имкониятлар эшигини очди.
Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали яқинда ташкил топган бўлишига қарамасдан, шу кунгача филиал ҳаётида жуда катта ўзгаришлар амалга оширилиб, янги-янги марралар забт этилмоқда. Филиал ҳаётидаги ҳар бир кун янгиликлар билан давом этаётгани қувонарли ҳол. Ҳар бир профессор-ўқитувчи ва ходимлар ўз ишига жонкуярлик билан ёндашиб, филиалнинг янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқдалар. Жумладан, филиалнинг илмий даражасини юксалтириш мақсадида профессор-ўқитувчилар томонидан бир қанча ўқув ва илмий адабиётлар яратилди, шу билан бирга уларнинг илмий унвонлари ҳам сезиларли даражада ошмоқда. Жумладан, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали кенгаши тавсияси билан 3 та профессор, 5 та доцент илмий унвони Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқланди. Профессор-ўқитувчиларимиз ўзининг илмий ва ижодий ишлари билан биргаликда грант лойиҳалари устида ҳам иш олиб бормоқдалар.
Шунингдек, филиалда ўқув жараёни янада такомиллаштирилди ва филиал профессор-ўқитувчилари таркиби юқори малакали кадрлар билан таъминланди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, дирижёр Ҳикмат Ражабов, Ўзбекистон давлат консерваториясидан Абдуллоҳ Сайидхонов ва В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи бош ўқитувчиси Нодира Ражабова Тошкент шаҳридан келиб ёш истеъдод эгаларига таълим бериб келмоқда.
Филиалда таълим олаётган талабалар учун қулай шароитлар яратиш ва филиалнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мусиқа асбоблари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат консерваториясидан контрабас, фагот, тромбон, труба, туба, валторн, литавра каби 7 та мусиқа асбоби ва беш юзга яқин ўқув адабиётлари, ўн беш мингга яқин электрон китоблар олиб келинди. 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб 30 га яқин рояль ва фортепьяно харид қилинди ва барча хоналар мусиқа асбоблари билан тўлиқ таъминланди.
Филиалда профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг маҳаллий ва халқаро танловларда иштирок этишлари таъминланди, амалий машғулотлар билан самарали шуғулланишлари учун ҳамкорликдаги концерт дастурлари узлуксиз йўлга қўйилди, илмий-маърифий фаолият ва тарғибот йўналишлари бўйича филиал профессор-ўқитувчилари “Дўстлик” ордени, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози” фахрий унвони, “Маданият ва санъат фидокори”, “Ватан фидойиси”, “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда ишлаш, улар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Масалан, жорий йил март-апрель ойларида бир неча профессор-ўқитувчиларимиз билан биргаликда Қурманғози номидаги Қозоқ миллий консерваториясида, шунингдек, Т.Сатторов номидаги Тожикистон миллий консерваториясида бўлиб, бир қанча келишувларга эришдик. Бундан ташқари, филиалимизга жаҳоннинг турли мамлакатларидан таниқли мусиқачилар ташриф буюриб, талабалар учун маҳорат дарсларини ўтиб келмоқда. Жумладан, франциялик ва германиялик мусиқачилар Максим Зеккини фортепьяно (орган)дан ва Тео Бросс виолончель чолғу асбобидан, франциялик таниқли пианиночи ва бастакор Жоанна Гоодали иштирокида маҳорат дарслари ва концерт дастурлари юқори савияда ўтказилди.
Ўзбекистон давлат консерваториясидан таниқли устоз санъатшуносларнинг тез-тез ташриф буюриб, ўқитувчилар ва талабалар билан учрашувлар, маҳорат дарсларини ташкил қилиши бизни жуда қувонтиради. Маънавий-маърифий тадбирларимизга таниқли шоир ва ёзувчиларнинг ташрифи ёшларимизнинг маънавий олами юксалишига замин яратади.
Филиалимизда таҳсил олаётган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш мақсадида ташкил этилган “Халқ чолғулари” ансамбли, “Халқ чолғулари” оркестри ҳамда “Симфоник оркестр” республикамиз миқёсидаги тадбирларда, шаҳар ва туманларда ўтказиладиган махсус концерт дастурларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, улар синф концертларини ҳамда ўз жамоаларининг концерт дастурларини ўтказмоқдалар.
Талаба-ёшларимиз малакали устозлардан бебаҳо санъат сирлари ҳақида чуқур билим ва таълим-тарбия олиш билан бир қаторда, нуфузли халқаро ва республика миқёсидаги танловларда, фестивалларда муносиб қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Бунга мисол қилиб, кўплаб талабаларимизнинг ютуқларини айтсак бўлади.
2023-2024 ўқув йилида номдор стипендияларга эга бўлган талабаларимиз: мусиқашунослик йўналиши 3-босқич талабаси Гулжайна Оразалиева Ислом Каримов номидаги, академик хонандалик йўналиши 3-курс талабаси Моҳигул Гаипова Ибройим Юсупов номидаги, мусиқашунослик йўналиши 3-босқич талабаси Айзада Муратбаева Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендиати бўлиш бахтига эришдилар.
Академик хонандалик йўналиши 3-курс талабаси Моҳигул Гаипова 2023 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида ёш ижрочиларнинг VII халқаро танловида 2-ўрин соҳиби ва “Ёшлик баҳори” республика кўрик-танлови ғолиби; Нурмухаммед Эсемуратов 2023 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида ёш ижрочиларнинг VII халқаро танлови дипломанти; халқ чолғулари йўналиши 2-курс талабаси Айдана Жумамуратова 2023 йил сентябрь ойида Қозоғистон Республикаси халқ артисти Азидолла Эскалиев номидаги VI халқаро “Олтин дўмбира” номидаги якка дўмбирачилар кўрик-танлови 3-ўрин ғолиби; 3-курс талабаси Аббос Йўлдошев жорий йил Германияда бўлиб ўтган “Зимняя звезда” онлайн танловида Гран-при ғолиби, Азизбек Тилепбергенов 1-ўрин, Караматдин Турсинбаев 2-ўрин соҳиби бўлди; халқ чолғулари йўналиши 1-курс талабалари Азизбек Жеткербаев, Улбосин Матназарова, 2-курс талабаси Айдана Жумамуратовалар “Янги йил юлдузлари” республика кўрик-танловида Гран-при ғолиби бўлишди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилари республика фестивалида 2024 йил март ойида академик хонандалик йўналиши 3-курс талабаси Абат Алжанов “Энг яхши эркак овози” номинацияси ғолиби, 1-курс талабаси Дилназ Кеунимжаева “Энг яхши аёл овози” номинацияси ғолиби бўлишди.
Бугун санъатга қизиқувчи истеъдодли ёшларимиз жуда кўп. Улардан баъзилари аллақачон санъат соҳасида ўз ўрнига эга бўлиб улгуришди. Биз, устозлар ёшларга тўғри йўналиш кўрсата олишимиз, уларни истеъдоди бўйича йўналтиришимиз керак. Айтиш жоизки, Қорақалпоғистонда консерваториянинг очилиши истеъдодли ёшларнинг келажакда нафақат қорақалпоқ, балки ўзбек маданияти ва санъатининг ҳақиқий намояндалари бўлишига замин яратади. Келажакда ушбу даргоҳда билим олган ёшлар буюк устозларимизнинг муносиб ворислари бўлиб етишишига ишонамиз. Бунинг учун бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
Жорий ўқув йилида қабул квотамизни ошириш ва бу жараённи келгусида босқичма-босқич ривожлантириш ҳамда филиалда санъатнинг бошқа йўналишлари бўйича бўлимлар ташкил этиш, ўқув муассасамизнинг илмий мавқеини янада юксалтириш сингари кўплаб режаларни амалга ошириш ниятидамиз. Асосий мақсадимиз ёшларимизга сифатли билим бериш, уларни ўз касбининг етук мутахассислари, моҳир ижодкор бўлиб етишишини таъминлаш орқали миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшишдир.
Рудакий АЛЛАНБАЕВ,
Ўзбекистон давлат консерваторияси
Нукус филиали директори,
Қорақалпоғистонда хизмат
кўрсатган артист,
профессор.