Чархий домланинг шогирди
Ўтган асрнинг 50-70-йилларида ўзбек адабиётининг йирик вакиллари Ғафур Ғуломдан тортиб Миртемир домлагача Фарғона водийсига йўли тушса, албатта, Қўқонда тўхтаб ўтишар, шаҳарнинг донишманд шоири Чархий домланинг суҳбатини олгач, мўлжаллаган манзилига жўнаб кетишарди. Ана шундай инсоннинг шогирди бўлмоқ ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бориб-бориб, бу шогирдлик мақоми қайсидир жиҳатлари домлага ўхшаб кетадиган Носир Зоҳидга насиб этганида, домлани биладиганларнинг кўпчилиги: “Узукка кўз қўйгандай бўлибди”, дегандилар.
Шогирд расман икки йилча домла билан ош-қатиқ бўлган. Кейин бу яқинлик бир умрлик устоз-шогирдликка айланганди. Халқимизда “ўхшатмаса учратмас” деган нақл бор. Кўп жиҳатлари домлага ўхшаб кетадиган Носир Зоҳид ким ўзи? У илк учрашгандаёқ кўнглига тўғри келган кишини яхши кўриб қолса, Юнус Эмронинг “Бизга дийдор керак, дунё керакмас”, деган сатрларини дастурхонгача бир маротаба, дастурхон устида, ҳеч бўлмаса, икки маротаба такрорлаб қўяди. Кейин тамом. У сизни кўринмас ип билан боғлаб қўйганини, қадрдон дўстга айланганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Фарғона томонларга йўлингиз тушса, Чархий домланинг шогирдига учрамасдан борар манзилингиз сари йўл олмаслигингиз тайин. Баъзан кечикиб кетишингиз, сизни кутаётганлар хуноб бўлишлари ҳам мумкин. Хайрият, телефон бор. Кечикиш сабабини билганлар Носир Зоҳиднинг суҳбатини қўмсаб, Қўқонга яқинроқ бўлса, тезда даврага қўшилиб кетиши ҳам аниқ.
Носир Зоҳид билан Чархий домла ўртасидаги устоз-шогирдлик ҳақида алоҳида китоб ёзса бўлади. Ҳозирча бир воқеани эслаш билан кифоялансам.
Домла билан сўнгги учрашувга дўсти Усмонжон билан биргаликда борганлари ҳақида Носиржоннинг хотиралари:
— Ёнларида беш-ўн дақиқа ўтирганимиздан кейин домла секин паст овозда дедилар: “Мени ташқарига, сўрига олиб чиқинглар”.
Биз енгилгина бўлиб қолган шоирни кўтариб, сўрига тўшалган кўрпачага ўтқаздик. Домла Усмонжон томонга хиёл бурилиб дедилар: “Илтимос, ҳовлини бир айлантирсангиз”. Усмонжон устозни ёш боладай авайлаб опичлаб, гулзор олдига олиб борди. Домла гулларни, айниқса, қизил атиргулни яхши кўрарди. Очилган гулларга узоқ термулди.
Усмонжон домлани ҳовлида яна бир бор айлантиргач, сўрига олиб келиб ўтқазди. “Раҳмат, умрингиз узоқ бўлсин, — деб домла дуо қилдилар, кейин майин табассум билан: — Мана, чархи давворни ҳам айландик”, дедилар.
Мен устознинг бу сўзларини “мана, умр поёнига етди” деган маънода тушуниб, юрагим зирқиради.
Орадан кўп ўтмай, улуғ шоир фоний дунёни тарк этди…
Энди шу кунларда нақ “70 ёшли йигитча” мақомини эгаллаган шогирднинг ўткир қалами ҳақида сўз юритмоқни лозим топдик. У — шоир, у — ёзувчи, у — журналист, ўзи айтганидай, дийдор кераклигини амалда исботлаб яшаётган ҳақиқий инсон. Аллоҳ ҳаммага ҳам беравермайдиган иқтидор эгаси. Классик адабиётимиз вакилларининг ғазалларидан бир сатр бошлаб қўйсангиз бўлди, бир неча ғазалларни кетма-кет айта бошлайди. Бунисини энди ҳайрон қолдирадиган хотира, дейдилар.
Носир Зоҳид маълум бир давр Қўқон давлат педагогика институтида дарс ҳам берган. Шу олий даргоҳ катталари ҳушёрликни йўқотиб, анчагина ютқазганга ўхшайди. Ўшанда домла Носир Зоҳидни иш билан кўмиб ташлаб, бошқа жойга кетишига рухсат бермаганларида, катта олим бўлармиди? Энг асосийси, шу даргоҳни битирган талабалар: “Биз Носир Зоҳиддан сабоқ олганмиз”, деб ҳеч кимга гап бермай юришлари ҳам тайин эди. Балки олий даргоҳ раҳбарлари Носир Зоҳидни бизда доим катталар томонидан уқтириб келинадиган камсуқум, хуштавозе қолипга солиб бўлмаслигини тушуниб етгандир. Шунинг учун уларни ҳам айблаб бўлмайди.
Энди шоир Носир Зоҳид ҳақида. Унинг шеърлари анчагина. Лекин ғазаллари бошқача. Ҳамма ҳам Эркин Воҳидовдек атоқли шоир ғазалига мухаммас ёзавермайди. Халқимизнинг буюк шоири “Ёшлик” журналига бош муҳаррирлик қилган даврда Носир Зоҳид қўрқмасдан Эркин аканинг машҳур “Бир қадам” ғазалига мухаммас ёзиб, унинг ҳузурига боради. Танишадилар.
— Ўқинг, шоир, — дейишлари билан у мухаммасини бошлайди:
Ишқ йўлидан қайтмайин мен зору шайдо
бир қадам,
Пўя урдим қолғунича ўртада то бир қадам,
Мен томон ҳам лоақал қўй, эй нигоро,
бир қадам,
Иккимизнинг ўртамизда йўл, дилоро, бир қадам,
Шунчалар мушкулми қўймоқ сенга, зебо,
бир қадам?
Элимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов қўқонлик шоир боланинг мухаммасини охиригача эшитиб: “Укажон, раҳмат, устозингиз ким бўладилар?” — деб сўрайди.
— Чархий домла!
— Сабаби аён… Яна бир бор раҳмат, укам.
Ўша куни Носир Зоҳид машҳур шоирнинг дуосини олганди…
Носир Зоҳиднинг Бобур, Муқимий, Чўлпон каби буюкларнинг ғазалларига ёзган мухаммасларини ўқиган киши ҳар сатри пишиқ-пухта бу асарларнинг ўз-ўзидан пайдо бўлмаганлигига ишонч ҳосил қилади. Классик адабиётимизни анчагина биладиганлардан эканлигини кўз олдига келтиради.
Носир Зоҳид бир неча йил вилоят радиосида ишлаган. Қўқонда бўлган воқеаларни қандай бўлса шундайлигича ёритаман, деб қамалиб кетишига ҳам оз қолганди. Кейин туман, сўнг Алишер Ибодинов раҳбарлигидаги мустақил “Адолат йўли” ва раҳматли Қурбон Эшмат бош муҳаррирлик қилган “Солиқ ва дунё” газеталардаги фаолияти ҳам бир достон…
Бирданига Носир Зоҳид адабиётимиздаги саргузашт асарлар билан боғлиқ кемтикликни тўлдириш мақсадида шахт қилди. Бу иш қўлидан келишини исботлаб ҳам қўйди. Мамлакатимиздаги энг нуфузи баланд “Шарқ” нашриётида “Йигит йиғламасин дунёда”, “Қасос” деб номланган асарлари кетма-кет чоп этилди. Ўзини-ўзи ёзувчи қилиб олганларнинг китоблари пештахталарда сарғайиб, ўқувчисини кутиб ётганида, Чархий домла шогирдининг китоблари қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўзбекистон туманидаги машхур фермер Имомали Назаров “Зомин”га дам олгани борганидаги бир воқеани гапириб юради. Тушликдан кейин ташқарига чиқса, дам олиб ўтирадиган жойда икки аёл бир китобни талашаётганини кўриб, уларга яқинлашиб, тортишув сабабини сўрайди.
— Кутубхонадан олган китобимни аввал мен ўқисам, дегандим…
— Бир китобга шунчаликми? Ким ёзган экан?
— Носир Зоҳид!
Бу гапни эшитган Имомали муаллиф билан яқинлигини айтиб, титилиб кетган китоб ўрнига ёзувчининг ўзидан олиб китоб жўнатишга ваъда бериб юборибди…
Носир Зоҳид АҚШда ишлаётган ўғли сабаб океан ортида ҳам бўлган. Ўша давлатда кўпроқ қолишига “Надомат” деган романи сабабчи. Шу ерда раҳматли машҳур адиб ва таржимон Мирзакалон Исмоилий эсимга тушди. Унга озодликка чиққанини айтганларида, қамоқхона маъмуриятидан шу ерда яна бир неча кун қолдиришларини сўраган экан. Мақсади, таъбир жоиз бўлса, буюк “Фарғона тонг отгунча” романининг сўнгги саҳифаларини ёзиб тугатиш бўлган. Носирбой АҚШда туриш муддати бироз ўтиб кетганини хаёлига келтирмаган.
Романни биринчилардан бўлиб ўқиган, ўша пайтдаги Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев катта мажлисда раҳбарларга қарата: “Сизлар қилмаган ишни бир ёзувчи амалга оширибди, шу асар асосида спектакль қўйса бўлмайдими?” деган таклифни ўртага ташлайди. Эртасига уйига вилоят Маънавият ва маърифат маркази катталари келишади. Тезда саҳна асари ҳам яратилди. Бу асарни кўргач, океан ортидаги бахт илинжидагиларнинг айримлари нияти ўзгаргани ҳам ҳақиқат. Ана, Чархий домла шогирдининг кучи.
Носир Зоҳид бир неча ой давомида АҚШда яшаётган ватандошлар хонадонларида бўлади. Одамлар турмуш тарзи билан танишади. Кўп нарса уни изтиробга солади, ўйлантиради. АҚШга сайёҳ сифатида бориб, пул топиш илинжида юрган юртдошларимиз билан учрашади. Ор-номус, ғуруридан воз кечиб бўлса ҳам азбаройи пул топиш учун хорижда юрганларни кўриб, қалби ларзага келади. Хуллас, ўша кўрган, билган воқеалар асосида “Надомат” романи ёзилади.
Асар қаҳрамонларидан бири Сурайё ва Собиржоннинг бахтли онлари. Сўнг орага “ола мушук” тушган кунлар… Ишқий муносабатлар узоққа бормайди. Тезда ҳаммаси ошкор бўлади. Шундан сўнг Сурайёнинг ўзга юртга бориши ва у ерда кўрган-кечирганлари… Пул топиш йўлидаги асар қаҳрамонларининг аччиқ қисмати… Ватан тупроғига зор бўлиб, кўз юмганлар тақдири… Буларнинг барчаси асарда ишонарли воқеалар орқали, юксак бадиий маҳорат билан очиб берилади.
“Бугун ишларим кўп”. Хаёлини бир жойга тўплаган Сурайё деразани қиё қилиб очиб қўйди. Ҳали нонушта тайёрлаш керак. Ундан кейин хўжайиннинг арзандаси Авраамни мактабга олиб боради. Сўнгра тушгача тўрт хонали уйни ёғ тушса ялагудек қилиб тозалаш, чангларни артиш — ҳаммаси унинг кундалик юмушлари. Ҳар ҳолда, буларга ўрганиб қолди. Лекин унинг учун энг оғир, азоблиси, хўжайиннинг баҳайбат итини сайрга олиб чиқиш…”
Ўқувчи шу сатрлар орқали океан ортидаги юртга борганларнинг ҳаёти ҳақида асар бошидаёқ аниқ тасаввурга эга бўлади. Романни ўқиш давомида турли тақдир эгаларига дуч келинади. Хуллас, асар қаҳрамонларининг тақдири, кечинмалар ўқувчини асло бефарқ қолдирмайди. Ўйлашга, фикрлашга ундайди. Муаллиф ўз қаҳрамонларининг аламли, аччиқ, армонли кунларини китобхон кўз олдига ишонарли тарзда келтирганлиги туфайли мақсадига эришган.
Биласизми, ростини айтганда, Носир оға билан яқиндагина танишгандек эдик. Ўшанда қирчиллама қирққа кирган ёзувчи йигит бугун 70 га ҳам қадам қўйибди. Давр шиддати туфайлимикан, 70 ёш ҳам “ўйинчоқ” бўлиб қолгандай. Ўша чаққон, илдам, серғайрат, сўзамол, аскиячи, шеърхон, ғазалхон. Адибнинг олдинда қиладиган ишлари кўп. Завқий домла ҳақида роман ёзишга киришган бизнинг Ҳожибува. Шўх-шодон давраларда Муқимийнинг “ашъори қабиҳалар”ини берилиб ўқиб, ҳаммани кулдириб ўтирадиган Носир Зоҳид баъзан ўз-ўзидан жим бўлиб қолади. У бу пайтда Завқий олами билан яшаётганлигини ҳамма ҳам билавермайди. Ўшандай пайтларда гапдош чин дўсти, уни тушунадиган ажойиб инсон, Аллоҳ раҳмат қилгур Маҳмуджон Умаров даврадошларига қараб: “Шоирга тегманглар, уни тинч қўйинглар”, дерди. Маҳмуджон умрининг охиригача шоирни тушуниб, уни авайлаб, керак бўлганида қўллаб яшади. Уларнинг яқинлигини кўриб ҳавас қилгандим. Маҳмуджондан айрилганда қўлига қалам олгиси келмай қолган кунларни кўрганман, “узлатга кетган кунларини” кузатганман.
Бу бевафо ҳаёт шундай экан-да. Бир бутун дарахт бўлсанг, яшнаб турган баргларингни саралаб узиб олгандай, тўкиб кетавераркан. Энди у кунлардан ширин хотиралар қолди. “70 йиллик юбилейда Маҳмуджон бўлгандами?” деган сўзларни шоирни билганларнинг барчаси такрорлашади. Буни ҳаёт дейдилар, деб кўникиб яшашга мажбурмиз…
Шоир, ёзувчи, журналист дўстимнинг 70 ёшга кирганига бир ўзим эмас, кўплар ишонмаса керак. Жуда ёш кўринади. Болаларча самимият, беғуборлик, баъзан қайсарлик бор. Шунинг учун бўлса керак, унинг болаларча аразлашига ҳам ўрганиб қолганмиз. Бир зумда ўтиб кетади. Шоир билан, яна Носир Зоҳиддай ижодкор билан яшашнинг қувончи-ю азобларига чидаган, энг асосийси, уни ҳамиша тушуниб яшаётган, турмуш ташвишларига шерик севикли рафиқаси Жамилахондан Чархий домланинг шогирдининг қарзлари кўп. Икки ўғил, икки қиз, ўндан ортиқ набиралар қувончини кўриб яшаётган бу жуфтликнинг бахтига кўплар ҳавас қилади.
Чархий домла ҳақида латифалар кўп. Домланинг шогирди ҳақидаги латифалар ҳам қолишмайди. Тагида ҳақиқати бор латифаларни айтиб қолсак, “Ибодинов тўқиган”, деб бор “айб”ни Алишер Ибодиновга тўнкайди ичида кулиб. Чунки ўзи ҳам бу ҳаётий ҳангомалардан маза қилиб юборади-да.
Масалан, кунларнинг бирида, салкам қирқ ери урилган қизил “Москвич”ини ҳайдаб, Найманча йўлида илҳоми келиб, севган қўшиғини куйлаб кетаётса, хаёл қурғур қўшиққа чалғитганми, йўлидан чиқиб қолган аравага урилибди. Зарба кучидан аравани тортиб кетаётган эшак ҳам қаттиқ ҳанграб юборган экан. Арава ишдан чиққан. Автомобиль дабдала. Шундан сўнг шоир салкам 40 кун гипсда юришга мажбур бўлади. Бу ерда айрим жойлари тўқима бўлсаям ҳақиқат бор. Чунки классик қўшиқларни унча-мунча чала ҳофизлардан қолишмайдиган даражада куйлай олади. Ўзи айтмоқчи “сал ишлов берилмаган” овози ширали эканлигига кўплар тан берган.
Яна “Ўткан кунлар” фильмидагига ўхшаш аравада Қўқонга қилган сафарини “Алишернинг тўқимаси”, деб ишонтиришга ҳаракат қилади. Шундай бўлса-да, Қўқоннинг олис Ҳиндистондан олиб келинган маҳобатли устунлари бор масжиди олдидан биргаликда ўтиб қолсак, Ибодиновнинг дўсти ҳақидаги ҳикоясини эслаб, яйраб кетамиз. Бир-бирини қувиб кунлар, ойлар, йиллар шундай ўтаяпти. Барчасига шукур!
Анвар АБДУВАЛИЕВ.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.