Олимликнинг машаққатли йўли

Кечагидек эсимда… Минг тўққиз юз етмиш бешинчи йилнинг ёз фасли. Ўқишга кириб, талаба бўлишдек орзу-ҳавас ила бир гуруҳ ёшлар Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ҳужжат топширганмиз. Абитуриентлар тенгдошлари билан танишгач, қайси вилоят, қайси шаҳардан, иш стажи неча йил, газеталарда босилиб чиққан мақолаларининг сони нечталиги билан қизиқишарди.

Бир куни кириш имтиҳонлари вақтини билиш учун факультетга бордик. Шу ерда икки-уч нафар аскар кийимидаги йигитларни кўрдим. Булар — ҳарбий хизматдан қайтиб, ўқишга ҳужжат топширган йигитлар эди. Уларнинг орасида аскар кийими ўзига ярашган, озғин, қош-кўзлари қоп-қора, хушсурат йигит ҳам бор эди. Кейин сўраб билдим, бу йигит Юсуфжон Ҳамдамов экан.

Одатда, тенгдошлар тезда тил топишади. Биз, яқиндагина ҳарбий хизматдан қайтган — бекободлик Комилжон Раҳмонбердиев, наманганлик Муҳаммадхон Акрамов, тошкентлик Отабек Бобожонов, қашқадарёлик Юсуфжон Ҳамдамов ва фарғоналик Анваржон Абдувалиев тенгдош эканмиз. Имтиҳонларгача учрашиб турдик. Уч-тўрт кун ичида Юсуфжонни оғир-босиқ, камтар, ҳадеганда, гапга қўшилавермайдиган йигит сифатида тасаввур қилдим. Орадан кўп ўтмай, хаёлимдан кечган ўйларим ўз исботини топди, ўқишга киргач, яна ҳам яқинлашиб кетдик.

Биз йиллаб кутган талабаликнинг олтин даври бошланди. Пойтахт Тошкент ва турли вилоятлардан келиб, ўқишнинг биринчи курсига қабул қилинган 27 нафар талабанинг бир-биримиз билан тезда тил топишиб кетишимиз жуда осон бўлди, десам янглишмайман. Курсимиз жамоаси Юсуфжон Ҳамдамовни курс сардорлигига сайлади. Биз устозларимиз профессор О.Тоғаев, Ғ.Саломов, Н.Комилов, О.Саидов, М.Худойқулов, А.Расулов, доцентлар А.Шомақсудов, Т.Пидаев, Ф.Насриддинов, С.Умиров, Б.Дўстқораев, С.Низомиддинова, Н.Абдуазизова ва яна бошқа биз учун азиз ва ҳурматли бўлган устозларимизнинг маърузаларини жон қулоғимиз билан тинглар, уларнинг ҳар бир сўзларини дафтарга туширишга ҳаракат қилардик. Шу касбни севиб танлаганимиз боисдир, аудиторияга кириб, сабоқ берган ҳар бир устознинг ўгит-маслаҳатлари биз учун жуда муҳим янгилик бўлиб туюларди.

Бир ойча ўқишга ҳам улгурмадик, бизни пахта териш учун Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига жўнатиб юборишди. Кенг майдонлар ўртасида қўққайиб турган барак (шийпон)ларда яшадик, иссиқ-совуқ кунларга ҳам чидашга тўғри келди. Пахта терими — бу ҳам синов майдони экан, қарийб уч ойлик меҳнат яқиндагина талабалар сафига қўшилганларни бир-биримиз билан яқиндан танишиб, феъл-атворимизни яхши билиб олишга имкон берди. Иложи борича бир-биримизга кўмаклашардик, кечки гулханлар атрофида эса кўплаб нозик дидли шоир, истеъдодларни кашф этдик. Юсуфжоннинг эса шу давраларда ажойиб овозга эгалиги, машҳур санъаткорлар Икромжон Бўронов ва Тожиддин Муродовларнинг ашулаларини қойилмақом қилиб ижро этишига гувоҳ бўлганмиз.

Пахта теримидан қайтгач, ўқишлар давом этди. Талабалар шаҳарчасидаги факультетимиз талабалари ва курсдошларимиз жойлашган учинчи ётоқхона доимо гавжум бўларди. Бир-бирини қувиб, кунлар ўта бошлади. Юсуфжон курс бошлиғи сифатида бизни жипслаштириб, бир-биримиз билан меҳр-оқибатли бўлиш, қўлдан келганча ёрдам бериш йўлида кўп ҳаракат қилиб, бунга ўзи биринчилардан амал қилар эди ва бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди. Тўғриси, биздаги аҳиллик, яқинлик, бир-биримизга ҳурматни кўриб, бошқа курслар жуда ҳавас қилишар эди. Курсбошимизнинг ўзи ҳам бошқаларга намуна бўлиш учун жиддий шуғулланар, кўп китоб ўқир, биз билан уч йил ўқиш давомида, меҳнатларининг самараси туфайли, имтиҳонларни нуқул “аъло”га топширди. Унинг илмга ҳаваси кучлилиги — астойдил ўқиши ва ҳаракатларидан сезилиб турарди.

Қадрдонимиз Юсуфжон Ҳамдамов учинчи курсни битиргач, ўқишини М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетига кўчириб, сабоқларини шу улуғ даргоҳда давом эттирадиган бўлди. Албатта, дунёда ўз ўрнига эга бўлган нуфузли бу олий даргоҳнинг талабаси бўлиб, унда ўқиш унинг узоқ йиллар давомида юрагида асраб юрган орзуси эди ва унга етишди. Қадрдон дўстимиз бизга Москвадан хат ёзиб турарди ва кейин ҳам ўртамиздаги алоқалар узилмади.

Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, биз курсдошлар, полапонлар улғайгач, инини тарк этиб, турли тарафларга учиб кетган қушлардек, ҳар ким ўз юртига равона бўлди. Юсуфжонни ҳам йўлланма билан пойтахт Тошкентга жўнатишди. Унинг мақсади газетада ишлаб, ижод қилиш эди. Эндигина унииверситетни битирган ёш журналистни республикамизнинг ўша пайтдаги биринчи газетаси саналган “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасига ишга таклиф этишади. Ҳали ишни бошлаб-бошламай, Юсуфжонни устозимиз (Худо раҳмат қилсин) доцент Анвар Каримов биз таҳсил олган факультетда яқинда очган “Телевидение ва радио” кафедрасига ўқитувчилик лавозимига ишга таклиф қилади. Нима қилиш керак? Газетада қолиб ишлай деса, устознинг кўнгиллари оғрийди, университетга ўтиб ишлай деса, ҳали тажрибаси йўқ. Кейин, ўша вақтларда кечагина университетни битириб, бирданига ўқитувчи бўлиб аудиторияга кириш камдан-кам ҳодиса ҳисобланарди. Ўқитувчи бўлиш учун кафедрада камида уч-тўрт йил лаборант бўлиб ишлаши, катта лаборант бўлиб ўзини кўрсатганидан кейингина, ўқитувчилик лавозимига ўтказишарди. Факультетимиздаги Б.Дўстқораев, Д.Бегимқулов, Тилак Жўрани ҳам университетни тамомлагач, бир неча йил тер тўкиб ишлаб, катта-кичик синовлардан ўтганларидан сўнггина, ўқитувчиликка ўтказиб, аудиторияга киритишган. Анвар ака Юсуфжонни дабдурустдан ўқитувчиликка таклиф қилиши бежиз эмас эди. Чамаси, устоз шогирдининг ўқишдаги ютуқларини билган, юриш-туришларини кузатган, ўзини обдан ўргангандан кейингина шу қарорга келган.

Ишнинг бошланиши ҳар бир ёш ўқитувчи учун қийин кечиши табиий. Янги фанлар бўйича тайёргарлик кўриш, аудиторияни ҳисобга олиш, икки тилда дарс ўтиш, шунчаки гап эмас эди. Хуллас, ёш ўқитувчи ўз устида ишлашдан эринмади. Тунларни тонгларга улаб, кўплаб китоб, дарсликлар ўқиди, конспект қилди, устоз­лардан керакли маслаҳатлар олиб, педагоглик ишини аста-секин йўлга қўя бош­лади. Ўқитувчилик билан бирга, ўзбек газета очерки масалалари мавзуси бў­йича илмий иш устида ҳам ишлай бош­лади. Аспирантурада ўқишнинг иложи бўлмади, факультетдаги ишларга боғланиб қолди. Илмий раҳбари — таниқли олим, профессор В.Д.Пельт эди. Ишининг ҳар бобини битиргач, почта орқали раҳбарига юборар, Владимир Данилович эса, ишни ўқиб бўлгач, почта орқали Тошкентга жўнатарди. Шу зайлда диссертациясини якунлади, ишини таниқли олимлар иштирок этган катта-кичик давраларда муҳокамалардан ўтказди.

Юсуфжон Ҳамдамов 1988 йилнинг ёзида ўзи таҳсил олган улуғ даргоҳ — М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети журналистика факультети қошидаги ихтисослашган кенгашда “Ўзбекистоннинг марказий ва вилоят газеталарида қишлоқ очерки (70-80 йиллар) (ривожланиши, муаммолари, жанр хусусиятлари)” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олишга эришди.

Ю.Ҳамдамовнинг ўз ишини яхши кўриши, астойдил меҳнат қилиши, ҳалоллиги, фидойилиги уни катта жамоага яхши инсон, жонкуяр педагог сифатида танитди. Ёш ўқитувчилар Б.Мамутов ва А.Халилов каби раҳбарият томонидан қандай топшириқ, муҳим иш бўлмасин, “лаббай”, дея ишга киришарди, шунинг учун факультет раҳбарияти, жамоа, катта-кичик олдида ҳурматга сазовор бўлди.

Астойдил қилинган меҳнатлар ўз самарасини бериши табиий. Ю.Ҳамдамов 2005 йил “Маънавият ва маърифат, миллий қадриятларимизни радиоэшиттиришда тарғиб этиш” номинацияси бў­йича Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ғолиби бўлиб, 1-даражали диплом ва эсдалик совғаларига сазовор бўлди.

Амалиётчи радиожурналист сифатида у 2007 йил республика радиосининг миллий истиқлол ғояси тарғиботига бағишланган “Талқин” муаллифлик эшиттириши учун Республика “Маънавият ва маърифат” марказининг “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Олимликнинг ўзига яраша шартлари, талаблари бор. Шулардан бири — китоб ёзиш, уни талаба-ёшлар, тадқиқотчиларга тавсия этиш. Ўзини шу соҳанинг бир вакили сифатида Юсуфжон Ҳамдамов ҳам китоблар ёзди, илмий мақолаларини чоп эттирди. Ҳа, у талабаларга сифатли, мазмунли сабоқ бериш билан бирга, “Замон ва мезон”, “Тараққиёт мезони”, “Ўзбекистон матбуоти ривожланишининг асосий тамойиллари (назарий категориялар эволюцияси)” монографиялари, “Радиожурналистика асослари”, “Аудиовизуал журналистика (“Радиожурналистика асослари” қисми) каби ўқув қўлланмалари нуфузли нашриётларда чоп этилган ҳамда юздан зиёд илмий мақолалари Германия, Швеция, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон каби хорижий давлатлар ҳамда республикамизнинг нуфузли илмий журналлари ва илмий тўпламларида босилиб чиққан.

Юсуфжон Ҳамдамов Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси гранти совриндори сифатида Малайзия, Германия, Франция, Голландия давлатларининг олий таълим муассасаларида малака ошириб қайтган ва олган тажрибаларини бўлажак журналистларга сабоқ беришда қўлламоқда.

Айтиш лозим, у нафақат журналис­тика бўйича таниқли олим, шунингдек, қалами ўткир публицист сифатида ҳам танилган, десак, муболаға бўлмайди. Унинг республика ОАВларида 500 дан зиёд мақолалари чоп этилган ва 30 дан ортиқ адабиётларнинг масъул муҳаррири бўлган. Унинг 1982 йил — эндигина ижод йўлига кириб келаётган ёш йигитчанинг Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул қилиниши ҳам бежиз эмаслигидан далолат беради.

Одатда, олимлар ўқиш, изланишдан тўхтамайдилар, ўқиш, тадқиқот олиб бориш, ўз соҳаси бўйича янгилик яратиш уларнинг аъмолларига ёзилган дейиш мумкин. Мақоламиз қаҳрамони ҳам изланишдан тўхтамайди, олдинга интилиб, илмнинг янги-янги қирраларини кашф қилишга ҳаракат қилади. Бунинг исботи сифатида айтиш лозим, Ю.Ҳамдамов 2022 йил “Ўзбек матбуоти ривожланишининг асосий тамойиллари, 1980-2013 йиллар (назарий категориялар эволюцияси)” мавзуидаги 10.00.09 — журналистика (филология фанлари) ихтисослиги бўйича диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. Бу йирик тадқиқотнинг муҳимлиги шундаки, журналистика назарияси бўйича журналистиканинг назарий категориялари масалаларига оид саноқли олимларгина иш олиб борган. Ўзбекистонда бу йўналишда йирик тадқиқот иши олиб борган ҳам бизнинг курсдошимиз Юсуфжон Ҳамдамов бўлганлиги билан фахрлансак арзийди.

Шу баҳона айтиб ўтай, бизнинг 27 нафардан иборат мўъжазгина гуруҳимиздан битта “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, икки нафар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” ва бир нафар “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлганлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Яна бир неча таниқли ёзувчи, шоирлар, қалами ўткир журналистлар чиқди шу гуруҳдан. Юсуфжон Ҳамдамов эса, гуруҳимиздан чиққан биринчи фан доктори ҳисобланади.

Халқимиз орасида “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, деган нақл бор. Каминанинг турли соҳаларда фидойилик билан ишлаб юрган кўплаб олим дўстлари бор. Уларнинг ҳаёти, машаққат билан эришган ютуқлари, олимлик даражасига етишишдаги ўзига яраша қийинчиликларини кўриб, кузатиб, жонли гувоҳи бўлиб, олим бўлиш унчалик ҳам осон эмаслигига кўп бор амин бўлганман. Жумладан, мақоламиз қаҳрамони Юсуфжон Ҳамдамовга ҳам олимлик даражасига етишиш осон кечмаган. Оддий оиладан чиққан, бирон-бир суянчиқсиз иккита университетда “аъло” баҳоларда ўқиган, ҳаракатчанлиги, тинимсиз изланиши, ўз ишини, илмни севиши унинг шундай юксак даражага етишига омил бўлди. Оиласи, фарзандлари билан ижарама-ижара сарсон бўлиб юриш, кичкинагина ойликка сабр-қаноат билан яшаш, ўзининг асосий иши, жамоатчилик ишларига улгуриш, жамоа, талабаларнинг қалбига йўл топиш — бу шунчаки осон иш эмас-да. Бу ютуқ, даражаларга эришишда, йўғини бор қилиб кўрсатиб, кам бўлса, ўрнини тўлдириб, қийинчиликларни турмуш ўртоғи билан баравар тортган келинимиз Марҳаматхонга тасаннолар айтсак арзийди. Дўс­тимизнинг шу даражага етишига уларнинг ҳиссалари жуда катта.

Вақтнинг ўтишини қаранг, кечагина биз учун муқаддас маскан — университет даргоҳида бир-бирларига гап бермай, гавжум аудиторияларда устозларининг сабоқларини тинглаб, фахр-ифтихор ила талабалик гаштини суриб юрган ёшгина йигит-қизлар бугун олтмиш ёшни босиб ўтиб, етмишни қаршилаб туришибди. Бизнинг қадрдон курсдошимиз, филология фанлари доктори, профессор вазифасини бажарувчи Юсуфжон Ҳамдамовнинг ҳам ўзимиз ўқиган қадрдон даргоҳда иш бошлаганига қирқ уч йил бўлибди. Бу шунчаки гап эмас. Қирқ йилдан зиёд ёшларга таълим-тарбия, билим бериш, зиё тарқатиш йўлидаги фидойилик. Энг катта савоб шу бўлса керак.

Ҳаётнинг ўзи шундай қурилган, йиллар давомида яхши-ёмон, хуш-нохуш воқеалар бошингдан ўтар экан. Муҳими, дўстимиз, ўзига маъқул бўлган ишини ва обрўсини, иборали қилиб айтганда, ана шу қутлуғ даргоҳдан топди. Ўқиди, ўз устида ишлади, тинимсиз изланди, кам бўлмади ва мақсадига эришди. Фарзандлари ҳам ота-оналари изидан бориб, уларнинг ишончини оқлашаяпти. Олим дўстимиз бир неча шогирдлар тайёрлади, ҳар куни келажагимиз бунёдкорлари, бизнинг давомчиларимиз бўлган ёшлар даврасида бўлади, уларга сабоқ беради, ўз навбатида, улардан куч-қувват олади. Инсон учун энг катта бахт — ўтган умрига ўкинмаслик, виждони олдида қийналмаслик, ўзи эккан ниҳоллари — шогирдларининг камолини кўриш бўлса керак.

Қадрдон дўстимиз Юсуфжон Ҳамдамов шу кунларда аҳил жамоаси, оиласи ва яқин дўстлари даврасида қутлуғ 70 ёшини нишонлаяпти. Тилагимиз — соғ бўлинг, ишлаб, ижод қилишдан асло чарчаманг. Ҳали сизни олдинда янги тадқиқотлар, ёзилажак китоблар, шогирдларнинг янги тадқиқот ишлари кутаяпти.

Алишер ИБОДИНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 3 =