Олишув

Улуғбек ЖУМАЕВ

(ҳикоя)

Қаҳратон. Музлама. Совуқ суяк-суякдан ўтади. Қиш осмону заминдаги ҳукмронлигини кўкламга топширгиси келмайди. Шундай бўлса-да, шов-шов, шим-шим қуяётган ёмғир изғириннинг қаҳри-ғазабига бардош бера олмай чекинади. Ўрнини қор зарралари эгаллайди. Учиб-учиб, яйраб-яйраб, оппоқ, момиқ қор ерга қўна бошлайди.

Трактор моторининг бир оҳангда гуриллашидан бошқа ҳеч товуш қулоққа чалинмайди. Эсангелди фермер трактор муфтисини босиб, газ берди. Кабинада ўтирган бўлса-да, қунишди. Бадани жунжикди. Ойнадан ташқарига мўралади. Гарчанд қорни тўқ, усти бут бўлишига қарамай, ичи ташвиш сандиғидай. Бунақа об-ҳавода молларининг ҳоли не кечди экан? Ишқилиб оч, ваҳший бўрилар подага ҳужум қилмадимикан? Умуман олганда, дала-қирда яшаётганлар худди Эсангелдидек юраги қуш ҳадиги билан тепарди. Уни хаёл олиб қочди. Қишлоғига туташ тўқайзорда шоқоллар кўп бўлгувчи эди. Шоқол ҳар тун емиш топиш умидида ҳовли теварагида тентирарди. Аммо одамга яқин йўламасди. Инсон уни ўқ отиб ер тишлатиши мумкин. Қуёш ботиб чор- атрофни қоронғилик қоплаганда ёки тонг отар маҳалида жонивор тинмай “куйлайди”. “Куйлаши” қандайдир қийқириққа ўхшайди. Ўша куни қиш­лоқдоши Тулкибой чўпон туш пайтида дўнг устида чўнқайиб ўтирган шоқолни кўрган. У гўёки ўзини ўзи мана мен деб кўз-кўз қиларди. Шунда чўпон қўлидаги сўйилга кўзи тушган шоқол тумтарақай қочди. Сал жойга бориб таъқибчиси келишини кута бошлади. Мабодо чўпон унга яқинлашгудек бўлса, дастлаб биқинидан, сўнг оёғидан тишлаб олишни ўйларди. Йиртқичнинг маккорона илжайган турқи шундан далолат бериб турарди. Уни қувиб етган овчи калтак билан “сийлади”. Шоқол акиллаб, фарёд кўтариб, калтак зарбига бардош берди. Нарироқдаги шериклари жоним-отим ёрдамга шошилди.

Шоқоллар баъзида итларни кутиб ўтиради. Иблисларни аҳмоқ қилишни, азоблашни, тилини осилтириб ҳаллослаб югуришини томоша қилишни хуш кўришади. Борди-ю, йўлида майдароқ ит учраса, шоқол тўдаси уни бир зумда парча-парча қилиб ташлаши ҳеч гап эмас. Хуллас, сурбет шоқол теварак-атрофга томошага чиққан итнинг сайру саёҳатини боплаб бурнидан чиқаради, хумори ёзилади. Шунда ғолиблик шарбатини сипқорган шоқолнинг чакаги узоқ вақтгача тинмайди. Ҳовури босилгач, атрофига маккорона қараб қўяди. Аммо барибир тентакнамо ҳаракатларга узил-кесил чек қўйишни хаёлига келтирмайди.

Шоқолнинг туришини камина иблиснинг илжайишига ўхшатаман. У тишларининг оқини кўрсатиб емиш топиш илинжида узоқ изғийди. Шоқол галаси кучли, илдам ва жипс бўлади.Уларнинг ўз кучларини синаш учун имконияти етарли. Овози — беўхшов, думи тинмай ликиллайди. Шоқолнинг жуни тикка-тикка… Йиртқич бўридек ириллайди. Товуқ, ўрдак, қўй-эчки деганининг шўрини қуритади. Имкони бўлса, шоқол ўзини қўрага уради. Шериклари бирон кор-ҳол воқеликка кўчса, ташланишга шай алпозда ташқарида пойлоқчилик қилади.

Болалигидаги бир воқеа эсида. Ташқари зим-зиё. Тун одамни ютаман дейди. Шамол эсиб турибди. Бу паллада уйдан муқим бошпана бўлмайди. Уй ичкарисига қатор қилиб тўшак солинган. Шунда ташқаридан йиғи эшитилди. Уни чақалоқ овозидан фарқлаб бўлмайди. Қўрқиб кетган онаси: “Тура қолинг, дадаси, кимдир чақалоқ қолдириб кетганга ўхшайди. Қора совуқда тўнғиб қолмасдан бурун уйга олиб келинг”, дейди бетоқат бўлиб. “Кампир (негадир отаси онасини ёш бўлса-да кампир деб атарди), бесаранжом бўлма, бу овоз шоқолники. Жонивор оҳу зорини, аламу ситамини йиғига қориштириб юборади. Буни билмаган, сезмаган одам йиртқич макрига алданиб қолиши мумкин”, деди отаси. Онаси бу гапни эшитгач: “Хайрият-а!” дея кўйлаги ичига тупуриб қўйди.

— Айёрликда, фириб беришда ҳеч бир йиртқич шоқолга бас кела олмайди, — дея отаси ҳикоясини бошлади. — Ўшанда қиш эди. Жуванамиз ҳовлида арқонсиз юрарди. Бундан хабар топган шоқол галаси бузоқ онасидек “мў-мў”лаган овоз чиқариб ёнига чақиради. Бузоқча шаталоқ отиб борса, қаршисида йиртқичлар… Оёқлари қалтираб, ўзини йўқотиб қўяди. Шунда шоқоллар уни тилка-пора қилиб ташлайди.

Эртасига отаси бир неча киши билан шоқоллар пайига тушди. Аммо уларни йўқота олмади. Товуқ, ўрдак, курка, қўзи-улоқ, бузоқчага ҳужум қилишни қўймадилар. Қайдан бу ерга келибдилар? Семиз тўқли ўзига тортдимикан ёки очлик ҳиссиёти суд­раб келдимикан? Шу янглиғ ўйлар отасига тинчлик бермади.

Шу тобда кўнгли қандайдир нохуш воқеа шарпасини сезганди. Хаёлидан ўтганди…

Қўли трактордан бўшагач, қамишзор ичида ўтлаб юрган моллардан хабар олмоқчи эди. Тракторнинг фил хартумига ўхшаш чўмичи силкиниб, шақиллаган овоз чиқарди. Бунга эътибор бермади. У ер музламай туриб уйга етиб олишни ўйларди. Шунда туянинг ўркачини эслатувчи тўлқинсимон қир-адирлар адоғида ҳангисини қичаб келаётган ўғлини кўриб хавотири ортди. Трактор юришини секинлатди. Эсангелди тракторни қир пастида тўхтатди. Пастга сакради. У ўғли қўлидан хуржунни олиб, кўздан кечирди. Ичида арқон, пичоқ, қотган нон бор экан. Ўт ёқиб исинди. Нонни оловга ташлаб еди. Сўнгра ўғлини тракторда қиш­лоққа жўнатди. Ўзи эса сигирни излаб кетди. Эшакда йўлга чиқди. Юриш осон эмасди. Ҳангини ҳилалади. Қулоғи чимирилган хўтик йўрғалаб кетди. Оролча унча узоқ эмас. Тез бориб, тез қайтади. Эҳтимол, моллар оролча теварагидаги қамишзорда ўтлаб юргандир, хавф деярли йўқ. Хавотирланмаса ҳам бўлади. Даштдаги баланд-паст тепалар, уларнинг эгардай ботган оралиқлари унга яхши таниш, қадрдон манзиллар эди. Бир маҳаллар болалигида тенг-тўшлари билан шу ерга келиб ялпиз терарди. Ялпиздан онаси мазали кўк пичак ёпарди. Унинг хушбўй ҳиди димоқни қитиқлаб, иштаҳани очиб юборарди. Шу тобда Айдаркўлнинг сутдай қор босган далаларидан ўтиб, манзили сари шошарди.

Қуёш барханлар ортига ботди. Борлиқ қоронғилик бағрига чўмди. Кўк чаманида сон-саноқсиз юлдузлар порлади. Сигир оролчада бўлиши керак. Эҳтимол, уйда бузоғи маъраётгандир. Эшаги қамишзор ичига шўнғишга ҳозирлик кўра бошлади. Атрофга олазарак қараб чиқди. Милт-милт қилиб турган юлдузлардан бўлак ҳеч нарса кўзга ташланмайди. Қишлоққа эса, эҳҳе, ҳали қанча бор. Йўлда жимжитлик ҳукмрон. Мана, қамиш ўсган оролга оз қолди. Ҳадемай етади. Қамишзор Айдаркўл бўйида. Кичик оролчада жойлашган. Тик ўсган қамиш-қиётзор оралаб юриш осон эмас. Қамишзор ичи ит бўйидан баландроқ буталар билан қопланган. Салгина эҳтиётсизлик қилинса, қўлинг ва юзинг кесилади. Ўттиз-қирқ чоғли қорамолнинг мўлагани эшитилди. Эсангелдининг кўнглида умид чироғи ёнди. Пода ичида говмиш йўқ экан. Эҳтимол, ичкаридадир? Сезгирлиги иш берди. Нигоҳи уч-тўрт йилтиллаган кўзларга қадалди. Булар қамиш ичига ин қурган шоқоллар. Ов қилиб жон сақлайди. Дарҳол сў­йилни қўлга олди. Йиртқични уришга шайланди. У жойидан жилиши билан шоқоллар тиш қайраб кела бошлади. Тракторчи калтакда бир шоқолни қарсиллатиб солди. Орқадан учтаси келиб пўс­тинидан тишлади. У гир айланиб уларни яқинига йўлатмади. Йиртқичлар келишиб олгандек гоҳ ўнг, гоҳ сўл томондан жуфт-жуфт бўлиб унга отиларди. Тўдадан эсон-омон чиқиши гумон. Бўш келмади. Калтак сермади. Иккита шоқолни уриб ер тиш­латди. Йиртқичлар ғазабга минди. Қалин, зич қамишзор ичида жунлари тиккайиб, ириллаб, инсон билан юзма-юз бўлиб турган шоқол галаси ҳадеганда чекинишни хаёлига ҳам келтирмасди. Тракторчи ёмон аҳволга тушганди. Йиртқичлар бурда-бурда қилиб ташлашига бир бахя қолди. Увиллаши беўхшов чиқиб, думининг учи тинмай ликилларди. Агар пода етиб келмаганида ҳолига маймунлар йиғларди. Бўкириб талвасага тушган моллар шоқолни зўр бериб сузмоқчи бўларди. Йиртқичлар тумтарақай қочдилар. Улар изидан пода қувиб кетди.

Ботир, қўрқмас моллар подаси Эсангелди тракторчини шоқоллардан сабр-матонат билан қўриқлаб, ажал таҳликасидан асраб қолди. Ажаб­товур ҳолат. Шоқоллар қочиб кета туриб ҳам орқасига тисланиб, ириллаб, одамни нимта-нимта қилиб ташлаш шаштидан қайтмасдилар. Фақатгина моллар оёқлари остида қолиб ҳалок бўлишни истамасдилар.

Эсангелдининг пешонасида совуқ тер ялтиллади. Кўкда ёқут қамар жилва қилади. Шунда у руҳи енгиллашганини сезди, юзида табассум ўйнай бошлади. Бу пайтда осмонда ғуж-ғуж юлдузлар чарақлаб ётарди. Содир бўлган воқеани эслаб тишлари ғижирлади.

Табиат қизиқ. Баъзида қийин ҳолатда жонивор инсонга кўмакка келади. Айдаркўл бў­йидаги Дўнгалак овулида истиқомат қиладиган Эсангелди фермернинг жонини моллар сақлаб қолди. Чиндан ҳам ўша куни моллар ўзлари англаган, истаган ҳолда инсонга яхшилик қилиб қўйган эдилар. Эсангелди оға бу яхшилиги учун подани нима билан хурсанд қилишни, кўнглини олишни билмай қисинарди. Ўзига ҳеч панд бермаган моллар учун хайрли амал қилишни дилига тугди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − one =