Бу ишқ мени кўтарди кўкка

Интизор РАҲИМОВА

Муаллиф ҳақида:

Интизор РАҲИМОВА — 1978 йили Урганч шаҳрида туғилган.

2022 йилдан буён Урганч тумани ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Шоиранинг қатор шеърий тўп­ламлари ва “Муаммоли таълимда адабиёт ўқитиш методикаси” номли монографияси чоп этилган.

Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.

АХТАРИНГ

 

Сиз мани ғамдин адо деб ахтаринг,

Бахтидин бўлган жудо деб ахтаринг.

 

Зулфини ҳар торина минг зори бор

Сурати гул, ман фидо деб ахтаринг.

 

Кўйида кечдим жаҳон ганжидан-у

Топмагай биздек гадо деб ахтаринг.

 

Чеҳраси хуршид мисол кўз олғуси

Шунча кўрк берди худо деб ахтаринг.

 

Сочлари сунбул каби қоши камон

Сийпаб ўтганми сабо деб ахтаринг.

 

Чалдиму ҳижрон куйини дам-бадам

Чиқмади ёрдин садо деб ахтаринг.

 

Интизори бўлғанимни билмади

Топдими ўзга сафо деб ахтаринг.

 

БОҒБОНИМ

Кўзимнинг равшани, жисм ила жоним

Ҳажринг ҳаддидан ошмиш, эй, боғбоним.

 

Ман хастангга қуёш янглиғ эврилким,

Жасадга меҳмондур руҳи равоним.

 

Фироқинг домида куймиш, нетайки,

Кўнгил отлиғ қушим, номеҳрибоним.

 

Фиғонимдан фалак бағри ёрулмиш,

Ғамхонага менгзар бўлди ошёним.

 

Дилим қулфин очиб билмайди ағёр,

Санинг номингни келтургай забоним.

 

Савдои ишқида ман зору сарсон,

Магарким бир қадам икки жаҳоним.

 

Интизорлик қисматимга битилмиш,

Карам айласанг, не бўлғай, хоқоним.

 

* * *

Хуш келибсиз, маккора дилдоримиз,

Шод бўлибмиз етганидан зоримиз.

 

Кўнглимиздан оқди қонлар, водариғ,

Кутгали етмасди энди ҳолимиз.

Гулга монанд рўйимизда зарди ранг,

Интизорлик бўлди бори коримиз.

 

Зулфинингиз зуннорига боғланди дил,

Бевафолик касб этибсиз, ёримиз.

 

Сийнамизда доғи ғамдиндир безак,

Бенасибмиз, икки дунё хоримиз.

 

Бир қаричдир само, гарчи ердамиз,

Чалди фироқ куйларини торимиз.

Бизда эмди зару зўрга на хоҳиш,

Бир ширин дийдорининг хушторимиз.

 

* * *

Ғарибжоним, суйганингдан дарак йўқ,

Юрагингни совуқ ера тутдингми?

Шоҳсанамнинг гул юзини гўрин даб,

Етти йилда заҳар-заққум ютдингми?

 

Кал дадилар, доладилар, урдилар,

Ширин жонинг на озорлар гўрмади.

Ўртамиза айрилиқнинг ўтини

Ёқиб гетган дилозорлар ўлмади.

 

Ғарибжоним, саройимда сафо йўқ,

Санам қиза буннан ортиқ жафо йўқ.

Нолишингни, койишингни истадим,

Дарагингни билдир, ўзга даво йўқ.

 

Гулди ғаним шодон бугун устимнан,

Гул юзимни ҳижрон дарди сўлдирди.

Вафоли ёримнинг ошди жафоси,

Ўлдирса Ғарибни ишқи ўлдирди.

 

Гал, ғарибим, саройимда сафо йўқ…

 

* * *

Ғурур деворидан секин

мўралаб,

Ўтмишимни кўрдим:

Ўтирар ўйчан…

 

* * *

“Ичимдаги ичимда”, ағёр буни билмасин,

Қилмиши макр бўлган дўст-ёр буни билмасин.

Мен-ку дилим яросин малҳамини ишқ билдим,

Ишқимиз ўйин қилган дилдор буни билмасин.

 

* * *

Кўздин оққан бу кеча ғам қоришган ёш эмиш,

Бизга тараҳҳум даркор, меҳрингиз талош эмиш.

Зулму ситам кўргазур бошингиз бунча баланд,

Эмди қўл узсакмики, дилдор хўп бебош эмиш.

 

* * *

Ҳижрон озори қийнар, ёрнинг жафоси ошди,

Ичгач ишқ шаробидан, бизлардан ақл қочди.

Бегона бўлди ҳузур, ҳаловат кетмиш йироқ,

Имдодин истагандик, ранжу ғам эшик очди.

 

* * *

Деразамни қоқмоқда баҳор,

Хуш ифорин туяди димоғ.

Олам кияр сабзаранг чопон,

Гулбаргларин ўпади япроқ.

 

Уйғонади уйқу ўлимдан

Майса-гиёҳ, қумурсқаю мор.

Чуғурлашиб дунё хабарин

Сўйлаб берар қумрилар хушҳол.

 

Сийлаб ўтар мени ҳам баҳор,

Сийпаб ўтар мени ҳам баҳор.

Қалбимда жон бераётир ишқ,

Қўзғаб ўтар уни ҳам баҳор.

 

Бу ишқ мени кўтарди кўкка,

Бу ишқ мени тупроққа элтди.

Тутқазди бир маккор илкига

Ўртанди дил: қаёққа кетди?

 

Шу севгимиз бошга тож эди,

Ишқимизга дунё бож эди…

 

* * *

Хонамни тарк этдинг

Истар-истамас.

Мен ҳам хўрсинганча

Қолдим, ичикдим.

Ёддан чиқишингга

Етмайди кўзим,

Сеники бўлишга

Анча кечикдим…

 

* * *

Кўнглим,

ачинаман баъзида сенга

Ҳасадгўй касларнинг

бўлдинг нишони.

Ким ўртанса, тутдинг

Ҳиммат қўлингни,

Ҳар кимса йиқилса,

Бўлдинг ошёни.

Мунғайдинг

Дунёга сиғмадимми деб,

Дунё асли сенга

жо бўлган макон.

Кўнмадинг

ёзғитнинг ёмғири эзса,

Осмонга тикилдинг —

Келарми имкон?!

 

Сен нурсан,

суврати, сийрати гўзал.

Сен ошиқ дилларнинг

Пушти паноҳи.

Саодат изловчи,

Вафо кутгувчи,

Тоқатнинг

умрлик содиқ

ҳамроҳи.

 

Кўнглим,

Кела қолгин,

кўнглинг менга оч…

 

* * *

Жондан кечолдим-у, сендан кечолмам,

Ишқим тугунларин асло ечолмам.

Икки оламга тенг дуру жавҳарим,

Ишқинг шаробин бер, насянг ичолмам.

 

* * *

Ман ишқинг ўтида дили сўзонман,

Кечмишим аёнки, хасман, хазонман.

Тараҳҳум истарам, ёри жафокор,

Ўлмагимдин аввал ўлган бир жонман…

 

* * *

Сочларимга қўнмиш оқ гуллар,

Кўзларимга соғинч солди чанг.

Айни баҳор бошланган эртак

Тақдир билан қилаётир жанг.

 

Пешонага битилган ёзғит,

Ўлчови бор ҳатто кунимнинг.

Туғилмасдан бироз олдинроқ

Ёқасидан олдим ўлимнинг.

 

Шу умримга ишқинг зарпечак,

Шу умримда ғурур — душманим.

Сочимдаги гуллар кўнгилга

Санчилсинлар кутганим сайин.

 

Кўзларингни соғиндим, эркам..

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − five =