Шеърига ҳайкал қўйилган шоир

Атоқли адиб, таржимон, адабий тадқиқотчи
Матназар АБДУЛҲАКИМни эслаб
(Эссе)
XX асрнинг охирларида Хоразм адабий муҳитида ажиб бир жонланиш рўй берди. Ўша пайтда ижод қилган Рустам Назар, Шокир Бек, Жуманазар Юсупов, Йўлдош Эшмуродов, Юсуфжон Латипов, Исмоил Оллоберганов, Отабек Исмоилов, Баҳром Рўзимуҳаммад, Содиқжон Иноятов каби ижодкорларнинг республика матбуотида эълон қилинган илк асарлари адабий жамоатчилик, танқидчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Вақт ўтиб, ушбу ижодкорларнинг асарлари республика нашрларида узоқ ётиб қолмайдиган, эълон қилинганлари юқори баҳоланиб, баъзилари баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган бўлди. Натижада Хоразмда ўзига хос адабий муҳит яратилганлиги эътироф этила бошланди.
Вилоятнинг турли бурчакларида яшаб ижод қилаётган иқтидорларни кашф этиб, ўз атрофига тўплаган, уларнинг илк асарлари республика газета ва журналларида эълон қилинишига яқиндан ёрдам берган ва чинакам истеъдод эгаларига ҳақиқий устоз сифатида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, Хоразм адабий муҳитини янги поғонага олиб чиққан киши — устоз Матназар Абдулҳаким эди.
Матназар Абдулҳаким 1948 йилнинг 20 февралида Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида зиёли оиласида туғилди. Бўлажак шоирнинг падари бузруквори Абдулҳаким ота мадраса таълимини кўрган, арабий, форсий тилларни мукаммал билган, воҳанинг кўзга кўринган саводхон кишиларидан бири эди. Бироқ ХХ аср бошида рўй берган Октябрь тўнтаришидан кейин юртда барқарор бўлган мустабид тузум ўтган асрнинг 30-40 йилларида, кейин 50-йилларда яна бир карра Абдулҳаким отага ўхшаган саводли кишиларни эскилик қолдиғи сифатида таъқиб остига олди. Абдулҳаким ота, устоз Матназар Абдулҳакимнинг таъбири билан айтганда, “туркман ичига кетиб”, кейин юртнинг маърифатли кишилари қўллови билан жон сақлади.
Замон бироз тинчлангач, ўтган асрнинг 60-йилларидаги қатағонлардан омон ўтган Хоразм-у Тошовуз, Қорақалпоғистонда яшовчи, ўша пайтнинг тили билан айтганда, “ўткир муллалар” Абдулҳаким отанинг уйида тез-тез йиғилишадиган, навоийхонлик, бедилхонлик, огаҳийхонлик қиладиган бўлишди.
— Шундай кунлари акамнинг (“ота” Хоразм шевасида — Ш.М.) дўстларига хизмат қилиб, чой-пой ташиб турар эдим, — дея эслар эди ўша пайтларни Матназар оға кейинчалик. — Улар Бедил, Навоий ғазалларини мутолаа қилишарди.
Эслаётган воқеамиз: азалдан элимизда урф бўлган анъана — китобхонлик кечалари эди. Одатда, бундай китобхонликларда Абдулқодир Бедил ёки ҳазрат Навоий асарлари, ёхуд диний, фалсафий, илмий асарлар жамоа бўлиб ўқилар эди. Китобни, одатда, даврадагиларнинг саводи нисбатан сустроғи ўқир, у киши бирор нарсани тушунмаганида мутолаани тўхтатар ва даврадагиларга савол назари билан қарар эди. Бундай вақтда у кишига матннинг тушунмаган ери тушунтирилар ва яна мутолаахонлик давом этар эди.
Матназар оғанинг ёшлиги ана шундай китобхонликлар таъсирида ўтди. Устоз шоир ўша пайтлардан бошлаб шеър, арабий ва форсий тиллар, аруз оҳангларига “қулоқ қонди” бўлди. Шу муҳитда камолга етган ёш йигитнинг кўнглида бадиий сўзга, шеъриятга меҳр уйғониши табиий бир ҳол эди. Бу нарса уни оталар суҳбатида фаолроқ иштирок этишга, билмаганларини сўраб ўрганишга чорлар эди. Аммо ҳали бу дунёда ёш кўнгиллар англамайдиган сир-синоатлар ҳам мўл эди.
— Акам бундай китобхонликларда менинг фаол бўлишимни унча рағбатлантирмас эди негадир. Ўша вақтлари мен бунинг сабабини тушунмас ва ҳайрон бўлар эдим, — деб эсларди Матназар оға. — Кейин билсам, акам ҳам, унинг дўстлари ҳам араб ва форс тиллари, араб ёзувига асосланган эски ўзбек ёзувини билган саводхон кишилар бўлганлиги учунгина ХХ асрнинг ўтиш даври — 30, 40, 50-йилларнинг қатағон машинаси чиғириғига тушишган, бундан уларнинг ҳар бири нафақат жисмоний, балки маънан ҳам қаттиқ изтироб чеккан кишилар экан. Бундай саводхонлик қизил тузум томонидан турли тазйиқларга учрайди, деб ўйлаган оталаримиз бизларни шу йўсин бало-офатлардан сақлаган эканлар ўзларича.
Нима бўлганда ҳам ёш Матназарнинг қалбидаги адабиётга бўлган меҳр улғая борди. Илк қораламалари мактабда ўқиб юрган вақтларига тўғри келади. Матназар оға ижодининг илк намунаси ўзи ўқиётган мактабнинг еттинчи синфини битирувчилари олдида ўқиган шеъри эканлигини ўзига хос юмор туйғуси билан эслаб турар, мавриди келиб қолганда, ўша шеърини ўқишни хуш кўрарди. Бу шеърга устознинг меҳри бўлакча эди:
Хайр, хайр, еттинчи синф,
Хайр, ака-опалар, сизга.
Ўқитувчи, доктор, космонавт
Бўлиб хизмат қилинглар бизга.
Матназар оға ўрта мактабни битиргач, Таганрог педагогика институтига кириб, уни муваффақият билан тамомлади. Олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларида мумтоз ва замонавий рус, Европа адабиёти билан ҳам яқиндан танишди.
У пайтлар — ХХ асрнинг 60-70-йиллари қизил мафкура турмушнинг барча жабҳалари, жумладан, адабиётни ҳам ўз домига олган, ўша замонларда яшаб ижод қилган шоир-у ёзувчи фақат ва фақат ўша мафкурага хизмат қиладиган, ҳақиқий ҳаётдан жуда узоқ бўлган, қотиб қолган сиёсий қарашларни ифода этувчи асарлар ёзишга маҳкум эди.
— Ана шундай шароитда устоз Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” деб номланган миттигина китобининг ёруғ олам юзини кўриши ўзбек адабиётида жуда катта воқеа бўлди, — деб ўша вақтларни эсларди устоз Матназар Абдулҳаким. — Ушбу китоб ҳукмрон мафкура таъсирида димиққан, моғор босган қалбларга баҳор насимларини олиб келди, уни узоқ уйқудан уйғотишга хизмат қиладиган илк турткилардан бўлди.
Ҳар қандай чин истеъдод сингари Матназар Абдулҳакимнинг ҳам шоир сифатида шаклланиши осон кечмади. Тинимсиз мутолаа, ўз устида аёвсиз ишлаш — буларнинг бари устознинг шоир, адабиёт билимдони, кейинчалик нозиктаъб ва моҳир таржимон сифатида шаклланишига кўмак берди.
У Урганч туманидаги қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаганда ҳам, туман газетасида меҳнат қилганда ҳам, кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган пайтларида ҳам ўз ҳаётининг мазмунини адабиёт, шеърият деб билди. Ҳаётдаги қолган барча-барча нарсалар Матназар Абдулҳаким учун иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бошқа ўринларда эди. Ана шу меҳнатларнинг самараси ўлароқ, 1982 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида шоирнинг “Тиниқ тонглар” деб номланган биринчи китоби нашр этилди.
Бу китоб Матназар оғанинг катта адабиёт эшигини дадил тақиллатишидан дарак эди. Шуни ҳам айтиш керакки, Матназар ака ўз табиатига кўра ёқтирмайдиган сўзлар бўларди. Ана шундай сўзлардан бири “провинция” эди. Устоз бу сўзнинг ўзини эмас, балки ўша ўтган асрнинг 70-80 йилларида чекка-чекка ҳудудлар, қишлоқ ва овулларда умргузаронлик қилиб келаётган ижодкорларга нисбатан бироз менсимай ва беписанд қараш маҳсули — провинциал аниқламасини ҳазм қилолмасди. “Адабиётда провинция ва марказ, марказ ва провинция бўлиши мумкин эмас! Юртда марказлар кўп бўлиши керак, жумладан, адабий марказлар ҳам, — дерди Матназар ака. — Балки французларнинг машҳур “шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот этадилар” деган ибораси дунёга келган ўз даври учун тўғри бўлгандир. Чунки ахборот алмашинуви бевосита шоирларнинг ўзаро мулоқотлари, суҳбатлари, тортишувлари, мушоиралари орқали кечган. Аммо у вақтлар энди эртак. Бугун бошқа давр — ахборот асри, ахборот технологиялари замони. Ахборот алмашинуви бугун дунёдаги энг осон нарсага айланди. Шундай экан, қаерда яхши ижодкорлар яшаса, ўша ер адабиёт марказига айланади ва ижодий баҳсгина ким “марказ шоири” ва ким “провинциал шоир” эканлигини кўрсатади”.
У киши иқтидорларни қўллаб-қувватлашдан, уларни рағбатлантиришдан, боласи, невараси тенги ижодкорларнинг асарларига сўзбошилар ёзиб, уларни республика матбуотида ишлаётган таниш-билишларга тавсия этиш, лозим бўлса, уларни таҳририятларга шахсан ўзи элтишдан чарчамасди ва буни ажиб бир роҳатланиш, ҳузур билан бажарарди. Аммо ҳарфхўрларни, ўзининг ижоди ҳақида ўзи жуда юксак фикрда бўлган “адабиёт паразитлари”ни ёқтирмасди. Бу маънода Матназар ака жуда қаттиққўл ва шафқатсиз эди. У: “Адабиёт — муқаддас маъво, бу ер ҳар хил “қаланғи-қасанғи”лар учун макон бўлмаслиги керак”, деб ҳисобларди. Худди шу қоидаси учун Матназар оғани ёқтирмайдиган тоифалар ҳам бор эди, албатта. Улар Матназар Абдулҳакимнинг залворли обрўсидан, ўткир сўзидан чўчиб, буни ошкор қилмасликка интилар эдилар. Аммо киши ўз ботинидаги гапларни бутун умри давомида яшириб юролмайди. У ёки бу сабаб билан, ўзига жуда ишончли деб билган давраларида улар ўз зардобларини тўкиб қолганлари ҳақидаги гаплар устознинг қулоқларигача етиб қоларди баъзан. Шундай вақтларда Матназар оға ўзининг қайноқ хулқига қарши ўлароқ, жуда босиқлик билан қўл силтаб қўя қоларди. “Ўзи буларни истеъдодсиз этиб яратиб, худонинг ургани ҳам етади”, дер эди.
Улуғ манзилларни кўзловчи ҳар қандай киши каби Матназар оғанинг табиатига ҳам ҳар қандай майдакашлик, ипирисқилик ёт эди. Шунинг учун устоз ўзинингми ё ўзганинг олдига қайсидир мақсадни қўяр экан, ҳеч қачон шахсий, маҳаллий ёхуд тор соҳавий манфаатларни кўзламаган. Матназар оғанинг ҳар қандай фикри остида ғоят катта маслаклар, улуғ ғоялар ётарди. Дейлик, Матназар оға қайсидир ёш ижодкорни янги асарлар ёзишга, уни эълон қилишга ва тўплам ҳолида нашр этишга ундай бошласа ва шу йўлда ўзи ҳам кимнингдир ҳавасини, кимнингдир ҳасадини келтириб, шиддатли бир саъй-ҳаракатлар қила бошласа, билингки, ўша қалам соҳиби жуда иқтидорли ва у ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади.
Тинимсиз меҳнат, изланишлар вақти келиб Матназар оғани нафақат Хоразмда, балки ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бирига айлантирди. Бирин-кетин шоирнинг “Фасллар қўшиғи”, “Қор қўшиғи”, “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё”, “Ойдинлик”, “Ёлғиз япроқ” каби шеърий тўпламлари нашр этилди.
Матназар Абдулҳаким ўзбек тилининг ҳақиқий жонкуяри сифатида унинг бойишида шеваларнинг аҳамияти ҳақида ҳам кўп фикр юритарди. “Агар адабий тил бир денгиз бўлса, турли шевалар унга турли томонлардан қуйилиб, унинг ҳаётлигини таъминлаб турувчи ирмоқлардир”, дерди устоз. Шу маънода у Хоразм оғзаки адабиёти намуналарига ўзгача ихлос билан қарар, унинг ўйноқи оҳанглари Матназар оғани доимо тўлқинлантириб келарди. Ана шу таъсир остида ва адабий тажриба сифатида Хоразм шевасида ҳам шеърлар ёзди. Кейинчалик уларни “Бир қужоқ гул” номи остида бир тўпламга йиғди.
Матназар Абдулҳаким 1982-1997 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи сифатида фаолият олиб борган бўлса, 1997 йилдан эътиборан Хоразм Маъмун академиясида илмий изланишлар, мумтоз Хоразм адабиёти тадқиқи билан машғул бўлди. Хоразмда яшаб, форсий тилда ижод қилган Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, кейинчалик Муҳаммад Ризо Эрниёзбек Огаҳий каби азизларнинг асарларини ўзбек тилига ўгириш Хоразм Маъмун академиясидаги устоз фаолиятининг асосини ташкил этди. Шу даврда Матназар Абдулҳаким Мирзо Абдулқодир Бедил асарларининг таржимасига ҳам қўл урди. Мураккаблиги билан машҳур бўлган ушбу пирнинг асарларини ўзбекчага ўгиришга бел боғлаш Матназар Абдулҳакимнинг адабий жасоратидан яна бир дарак эди. Натижада “Табаррук ташриф” (Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил асарларидан иборат тўплам), “Ким агар озоддур” (Паҳлавон Маҳмуд асарлари), “Жамолинг менга бас” (Шайх Нажмиддин Кубро рубоийлари), “Такаллум” (Мирзо Абдулқодир Бедил асарлари), “Кўнгил кўзлари” (Муҳаммад Ризо Огаҳий асарларидан иборат тўплам), “Ҳақ файзи” (Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари), “Ой кетди, офтоб келди” (Муҳаммад Ризо Огаҳий асарлари), “Шавқингни ёд этиб” (Мирзо Абдулқодир Бедил, таржимонлар жамоаси билан биргаликда), “Ҳумо парвози” (Мирзо Абдулқодир Бедил асарлари) каби таржима асарлари дунё юзини кўрди.
Матназар Абдулҳаким мумтоз адабиёт вакиллари ижодининг теран томирлари, унинг фалсафий озуқа манбаларини тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. “Иймон туҳфаси”, “Ялдони ёритган нур”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” каби илмий асарлар ўша изланишларнинг меваси эди.
Матназар оғани бошқалардан ажратиб турадиган яна бир хислат — у кишининг ҳазрат Навоий ижодига бўлган беқиёс ихлоси эди. Ана шу ихлоснинг натижаси ўлароқ, Матназар оға бутун умр Алишер Навоий асарларини ўқиди, ўрганди, тарғиб қилди. Натижада ҳазрат Навоийнинг улкан ижодий меросининг зукко билимдонларидан бирига айланди.
Матназар оғанинг адабиёт, айниқса, шеър, шеърият масалаларида юксак ўлчовлари бўлиб, бу ўлчовларни ким томонидан бўлса ҳам бузишга йўл қўймасди. Агар ким ўша ўлчовларга шак келтирмоқчи бўлса, дарҳол “муносиб баҳосини” олар эди. Улар Матназар оғанинг яхши дўстлари, курсдошлари, ака ва ука, жўралари ҳам бўлиши мумкин эди. Шундай бўлса-да, уларнинг ҳеч қайсисига шеърият ўлчовларини бузишга изн йўқ эди.
Одатда, улкан ижодкорларга улар вафотидан сўнг эҳтиром кўрсатилиб ҳайкаллар қўйилади. Лекин ёзган шеърига ҳайкал қўйилган шоирлар дунёда жуда кам бўлса керак. Матназар Абдулҳакимнинг машҳур “Дарсдан сўнг” шеърига Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Бўстон шаҳрида ҳайкал ўрнатилган. Бежиз ўзбек шеъриятининг улкан вакили, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Матназар Абдулҳакимни “Адабиётимизнинг маҳактоши” деб атамаган эди.
Матназар ака умрининг охирларида неча йил хасталикдан дард чекди. Шундай бўлса ҳам, хаёлида фақат шеър, фақат адабиёт ва фақат ижодкорлар ташвиши эди. Хасталик зўрайган кунлардан бирида шифокорлар Матназар акага бундан бу ёғига энди ўз соғлиғини, ўзини кўпроқ ўйлаш зарурлиги ҳақида гап очишди. Матназар ака диққат билан тинглади, аммо индамади. Фақат қарашларидан бу фикр у кишига ёқмаганлиги англашиларди. Бу ҳақда эшитган кишилардан бири бир сўз билан устознинг хулқига энг ёрқин чизиқ тортди: “Бу фикр Матназар акага ёқиши мумкин ҳам эмас эди-да! Чунки бошқалар иложи борича узоқроқ яшамоқчи, Матназар оға эса иложи борича кўпроқ ишламоқчи”.
Ҳақиқатан, Матназар оға ҳали кўп ва узоқ ишламоқчи эди. Аммо тақдир экан. У худди шам каби умрининг охирги дақиқаларигача ёниб, атрофдагиларнинг йўлини ёритиб туришга ҳаракат қилди.
Шоирларни маълум маънода валийлар ҳам дейиш мумкин. Албатта, бу ерда ҳақиқий шоирлар назарда тутилмоқда. Матназар оғанинг ўзи ҳам бу ҳақда кўп гапирар ва “шоир ҳеч қачон ўзининг ўлими ҳақида ёзмаслиги керак, чунки шеър ваҳий ва бир куни у, албатта, амалга ошади”, дерди. Мисол тариқасида машҳур рус шоири ва Матназар оға катта ихлосманди бўлган Сергей Есенин ва унинг ўз ўлимини башорат қилиб ёзган шеърларини келтирар эди. Жумладан, қуйидаги сатрларни сел бўлиб ўқир эди:
Бир манзилга борурмиз кам-кам,
Бир манзилки, ҳаловат ҳоким.
Йиғиштирмоқ чоғи менга ҳам
Боқий йўлга дўкон-дастгоҳим.
Эй сиз, сулув, оппоқ қайинлар,
Эй сен, замин, боғлар, барханлар.
Кетаётган сафларга қараб
Юрагимга чўкар армонлар.
Мен ўзимча кўп ўйлар сурдим,
Ўз ҳақимда шеър айтдим талай.
Бахтлиманки, яшадим, кўрдим,
Бу дунёга келдим, ҳар қалай.
Бахтлиманки, севдим, интилдим,
Қулоч ёздим чечаклар аро.
Жониворларни укам деб билдим,
Бошларига урмадим асло.
Биламан, ул манзилда балқиб
Ётмас оққуш бўйин бошоқлар.
Кетаётган сафларга боқиб,
Шундан менда алам, қийноқлар.
Биламанки, ўшал маъвода
Бу кенгликлар бўлмас, шубҳасиз.
Шунинг учун менга дунёда
Яшаётган одамлар азиз.
Матназар Абдулҳаким қушдай беозор ва осмонни, чексиз кўкни беҳад севувчи инсон эди. Матназар оғанинг хоразмлик шоир Рўзмат Отаев хотирасига бағишланган “Видо” шеърини ўқир эканмиз, гўё устоз юқоридаги ҳамма гапларга ўзи якун ясагандай туюлади.
Қўлларимнинг патлари йўқлар,
Суякларим – қўрғошин йилик.
Мени бунча ёмон чорлайсан,
Жоним осмон, бу не кўргилик?
Самарлари узоқ куттирди
Умид билан эккан мевамнинг.
Кўчмоқдасан гумбазларига
Сендан улгу олган Хевамнинг.
Тун-кунларинг талашадилар
Ғамларимни – аламларимни.
Тортишарлар чексизликларинг
Поёни йўқ оламларимни.
Юрагимни тортар бир юрак
Мендан олис-олис ерларда.
Мен мисралар билан дардлашиб
Саргардонман ғариб шеърларда.
Ишқдан бўлак титроғим йўқдир,
Йўқдир шеърдан бўлак ҳеч ларзам.
Дўстларимдан бошқа ҳеч кимим,
Ердан – кўкдан бошқа ҳеч нарсам.
Дўст меҳрини парҳез тутмадим,
Нодўст дунё гарчи ғамхона.
Ўлдирса ҳам олдим-да едим
Луқма тутгач хаста ҳамхонам.
Сиз ҳам тутманг меҳримни парҳез,
Жоним тандан бўларкан жудо.
Меросдирман ҳаммангизга тенг,
Тенг кўрганни тенг кўрар дунё.
Кўрингизлар баробар баҳам,
Дардманд сўзим шеърники бўлсин.
Руҳим бўлсин сеники осмон,
Ва жасадим ерники бўлсин.
Дўстларимга бахшида бўлдим
Уммон эдим қолмай бир қатра.
Юрагимни тортган ошуфта
Юракники бўлсин хотирам…
Шуҳрат МАТКАРИМ.