Мени деб очилмиш бахтнинг чиройи…

Санобар МЕҲМОН

 

ЖУНУН МЕВАЛАРИ

Жуда баланд парвозлаганда у ёзганидаки:

 

Тариқатлар чарчатди мени,

Маърифатлар чарчатди мени…

 

Бу жунуний иқрорга ишонмай бўладими?

Руҳи Ишқ билан оғриган шоиранинг шеърлари менга негадир Фуруғ Фаррухзодни эслатгандек бўлаверади. Эҳтимол, уларнинг ҳар иккиси ҳам ўта дардли, Ишқпараст бўлганлиги учундир. Фуруғнинг бошдан охир ишқий шеърлари бир қарашда сой тубида ётган харсанглардай вазмин кўринса-да, ички бир шиддат билан ёзилганини ҳис этиб турасан. У ўта саркаш. Санобар Меҳмонда эса ажиб бир туркий орифона жўшқинлик бор. Унинг ёзганларини беихтиёр куйлашинг мумкин.

“Май бўлким фақат, аҳли жунун нўш айласин”… Бу Санобар номли ошиқнинг шиори.

У қандай ёзишни билади. Туйғулари, ҳиссиётлари анъанавий шеър қолипларига сиғмай қолганда, шеърнинг темир андозаларини бузгани рост. Бу саркашлик унинг беғубор шеърларига ярашади. Унинг дил оғриқлари ўта самимий ва қайноқ.

Домла Нажмиддин Комил ҳали ҳеч ким пайқамаган талабанинг шеърларини суриштиради. Дафтар ҳошияларида, китоб муқоваларида узуқ-юлуқ ёзилган шеърларни кўчириш ажойиб шоир Асқар Маҳкам чекига тушади. Бу ўзига хос мужда эди.

Шундан сўнг Санобар: “Ўн йиллар шеърдан узоқлашдим”, деб ёзади. Ишонгимиз келмайди. Аксинча, у шеър оламининг ичига янада чуқурроқ кирган. Ошиқнинг ўн йиллик сукути камида саратонда момақалдироқ гумбурлашини эслатади.

Бугун Санобар бир-биридан жўшқин, бир-биридан дардли шеърлари асносида мухлислар кўнглига кириб бораяпти.

Алишер НАРЗУЛЛО

 

* * *

Гул этар, гулгун этар,

Қатлимни чарх беун этар.

Бунча мани афсун этар —

Ҳийлоя ошиғ бўлмишам.

 

Қонимда қайнар сўзлари,

Жонимда ўйнар гизлари.

Воҳ-воҳки жоду кўзлари —

Ялдоя ошиғ бўлмишам.

 

Айт, кимни бу дард йиқмагай,

Дўст банда ҳеч йўлиқмагай.

Ҳаргиз саводим чиқмагай —

Имлоя ошиғ бўлмишам.

 

Куйдим боқиб, куйдим боқиб,

Суйдим боқиб, суйдим боқиб,

Сўнг мавжида кетдим оқиб —

Дарёя ошиғ бўлмишам.

 

Воҳ, қандай бу ишқ нобино

Қилди, ақли-ҳушдин жудо.

Махтумқули, айланг дуо —

Тарсоя ошиғ бўлмишам.

 

Бағрингни оч, йиғлай тўйиб,

Ёр нақш чекар, дилни ўйиб.

Дод!

Шунча боғларни қўйиб —

Саҳроя ошиғ бўлмишам…

 

Ҳажрида ёнганда жим,

Келди фалакдин минг илм,

Эй, Санобарким, қадим —

Савдоя ошиғ бўлмишам.

 

* * *

 “Ёр-эй”,  дедим, ёрлиққа

Имо мени келтирди.

Бу қадимий борлиққа

Худо мени келтирди.

 

Келдим, ўртаниб келдим,

Сенга ўрганиб келдим,

Мен сени таниб келдим,

Видо мени келтирди.

 

Бошдан-оёғим жунун,

Бошдан-оёғим фунун,

Сендай беморим учун

Шифо мени келтирди.

 

Мен келдим, розим билан,

Дилда Ишқ созим билан,

Қадимий нозим билан

“Ҳавво” мени келтирди.

 

Сени севганим ёлғон,

Бу дард қилди саргардон,

Қолу балодан қолғон

Савдо мени келтирди.

 

Келдим, билмасдан келдим,

Сенга келмасдан келдим,

Мен ахир ошиқ эрдим,

Бежо мени келтирди.

 

Мен чекдим риёзатлар,

Сен қилдинг маломатлар,

Бу сирли холу хатлар —

Имло мени келтирди.

 

Кел энди, эй Саййидим,

Кўнглинг кўнгил уммидим,

Қабул бўлгач сужудим —

Дуо мени келтирди.

 

Ҳамд айт, Тангри —Ҳотамга,

Ёш тўлдирди дийдамга,

Сендай ношуд одамга —

Ато мени келтирди.

 

Қолу балодан қолғон

Савдо мени келтирди,

Сени сенга танитсин деб —

Мавло мени келтирди!!!

 

* * *

Рангин дунёнгизда менга нима бор,

Кийганим адрасми ё ипак шойи?

Руҳимда йиғлайди дарвешона мунг —

Мен бир хиргойиман, ҳазин хиргойи.

 

Ишқим Худойимга битган мактубим,

Бошимда минг савдо, дилбар савдойи.

Кел, менга шивирла, азизим —

Мен бир хиргойиман, гўзал хиргойи…

 

Сен билан биргаман, эй покиза сўз,

Гарчанд, юрагимда сукут анвойи.

Ҳаргиз англамадинг, сезмадинг, афсус —

Мен бир хиргойиман, қадим хиргойи.

 

Менсиз сабил қолар куйларинг, эвоҳ,

Оҳангинг алмойи-алжойи.

Тангрим сенга мендан берганди сабоқ —

Мен бир Хиргойиман, буюк хиргойи.

 

Ям-яшил тил билан роз айтди Баҳор,

Ғунчаларга ёқди шамолнинг пойи.

Бунча “нағма”ларга, айтгин, нима бор —

Мен бир хиргойиман, содда хиргойи.

 

Кўзларимда йиғлар гўзал ҳодисот,

Мен хусннинг шоҳи, меҳр гадойи.

Бағримдан қон янглиғ куй сизар ҳайҳот —

Мен бир хиргойиман, буюк хиргойи.

 

Шаклидан минг чандон гўзал шамойил,

Руҳида базм этар сирлар анвойи.

 

Сиз бир куйлаб кўринг, дегайсиз қойил —

Мен бир хиргойиман, суюк хиргойи.

 

Чиғаноққа кириб, дурга айланган,

Зулматни маҳв этиб, нурга айланган.

Сўнгра ерга тушиб,

шеърга айланган —

Мен бир хиргойиман, нафис хиргойи.

 

Бир нурман, фалакдан ерга ёғилган,

Мени деб, очилмиш бахтнинг чиройи.

Сенинг ҳажринг билан руҳим бўғилган —

Мен бир хиргойиман, мунис хиргойи.

 

Сен сира ўксима, девона дилим,

Бир қўшиқ бўламиз, ишқдай анвойи.

Пичирла, севгилим, куйла, севгилим —

Мен бир хиргойиман, латиф хиргойи.

 

Нафас янглиғ ютдим ишқингни қойим,

Руҳимга шавқ келмиш, сирли-ёввойи.

Бир буюк авжларга кўтар, Худойим —

Мен ҳам хиргойиман, сокин хиргойи.

 

Бир суюк мавжларга кўтар, Худойим —

Мен бир хиргойиман, буюк хиргойи.

 

* * *

Мен осмон, сен осмон, ердир аролиғ,

Жонимни берайму кўзи қаролиғ,

Бу не ҳижрон бўлди, бу не жудолиғ —

Худо иккимизни бирлаштирарму?

Найқамишлар каби сирлаштирарму?

 

Сен кетма, кетмоғинг аён бўлса-да,

Ортингдан кетурман

қаён бўлса-да,

Бу замон айролиғ замон бўлса-да —

Тангрига айт, бизни бирлаштирсин-да,

Найқамишлар каби сирлаштирсин-да.

 

Мен келдим, хазондай сарғариб келдим,

Билмайсан, бир мушфиқ, бир ғариб келдим,

Дунёга мен сени ахтариб келдим —

 

Энди Оллоҳ бизни бирлаштирмасму?

Найқамишлар янглиғ сирлаштирмасму?

 

Шу дамдан ўзгаям дамим бор мани,

Кўзингдай қоп-қора ғамим бор мани,

Кел, тўлдир, минг битта камим бор мани —

Кошки, Худо бизни бирлаштирсайди,

Найқамишлар мисол сирлаштирсайди!

 

Ишқимни ишқингга белаб оларман,

Ҳажрингда васлимни элаб оларман,

Мен сени маҳшардан тилаб оларман —

Раббим, охиратда бирлаштирганда,

Найқамишлар каби сирлаштирганда.

 

Кет, чарх! Менга сендай гардун керакмас,

Ишқ керак, ўзга ҳеч мазмун керакмас,

Менга сен кераксан,

Мажнун керакмас —

Лайлолар ҳолидан сирлаштиргайму?

Парвардигор бизни бирлаштиргайму?

 

Мен осмон, сен осмон,

ердир аролиғ,

Жонимни берайму, кўзи қаролиғ…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − nine =