Адолатпарварлик – инсонни севиш
Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур. Инсон бўстони саломатга, гулзори саодатга ҳаққоният йўли ила чиқур. Инсониятнинг илдизи ўлан раҳмдиллик, ҳақшунослик, одиллик каби энг яхши сифатларнинг оноси ҳаққониятдир…
Абдулла АВЛОНИЙ
Kun.uz ижтимоий тармоғида икки фарзандини ёлғиз ўзи боқиб тарбиялаётган аёл ҳақида ўқиб қолдим. У Чирчиқ шаҳрида арзон ижара уйда яшаб, фарзандларини ҳар куни Тошкент шаҳрига мактабга олиб бориб келиш заруратидан “Damas” машинаси сотиб олибди, ҳайдовчилик қиларкан. Жувоннинг ҳикоясида шундай сўзлар бор:
“Бир кун Тошкентдан Чирчиққача одам олдим. Ёнимдаги ўрин бўш эди, биттаси ўтирди, ўша пайтда эътибор бермабман – ичган экан. Йўлда кетар эканмиз, у менга гап ота бошлади. Бунақа вазиятда нима дейишни билмайман. Биринчидан, орқада болаларим, иккинчидан, ундан бошқа йўловчилар ҳам бор. Ўзимни кўрсатиб, бировни шарманда қилишга хоҳишим йўқ. Жим ўтиришини сўрасам, бирпас тинчийди ва яна бошлайди: эрим бор-йўқлиги, аёл бошим билан кира қилаётганим сабабига қизиқади. Сабр қилиб, тартибга чақирдим. Чирчиққа яқинлашганда ҳамма тушиб кетди. Машинада мен, болаларим ва ўша йўловчи қолдик. Шериги иккаласига у пул тўлаши керак эди. У пайтда шилқимлик учун жазо йўқ эди, яхшиямки, ҳозир шундай қарор чиқди. Манзилига етганда, “бўпти” деб тушиб кетяпти. Йўлкирани сўрасам, “Сизга пул бериш керакми?” – деди. Алам қилади – аёл бошингиз билан уни ура олмайсиз, болаларингиз олдида сўка олмайсиз, чунки у пайтда сиз ҳам ишлаб, ҳам болаларга она сифатида тарбия бераётган бўласиз. Жаҳлим чиқиб, “Лафз борми, йўл ҳақини беринг”, – десам, худди садақа қилгандай юзимга пулни отиб юборди. Ана ўшанда йиғладим.
Энг оғриқлиси нима, биласизми? Йўл давомида у менга гап отиб келаётганда, бирорта йўловчи “Ҳой, нима деяпсан?” демади. Бир аёл хўрланади, лекин атрофдагилар “менга нима?” дегандай жим кетишади”.
Ҳа, юқоридаги вазиятда оқ билан қорани ажратиш қийин эмас: шилқимликнинг ифлослигинию иш устида бўлган бир ожизани ҳимоя қилиш кераклигини эркаклик шаънига озгина даъвогарлар ҳам биладилар, аммо улар аввало тарбиясиз, номуссизнинг ихтиёрига қарши бориб, унинг кайфиятини бузгилари, ўзларига ортиқча гап орттиргилари келмайди ва кўзлари очиқ бўлса-да, қалб кўзларига парда тушади: “Менга нима? Қўлимдан нима келарди?” Кузатувчи эркакларнинг қарийб муштарак бўлган мана шундай муносабати “ардоғи”да безорилик етти газ сакрайди, эртага бундан ҳам “авжли гуллаб, мева тугса”, ажабмас.
Шунга ўхшаш вазиятларга деярли ҳар куни кўчада, бозорда, жамоат транспортида, таълим даргоҳларида, ишхонада, сайру саёҳат пайтида ҳам дуч келишимиз одатий бўлиб қолган. Бу қалбларимиз билан боғлиқ иллат десамми, касалликми… аксарият ҳолатларда оилалардан бошланади.
…Беш йил олдинги бир воқеа: Фарғона шаҳрида аёллар ўртасида Қуръон тиловати беллашувининг вилоят босқичи ўтказиладиган катта саройнинг ичкари, ташқариси, йўлаклари мухлис-томошабинлар билан тўлиб-тошган. Танлов бошланишига дақиқалар қолган. Шу пайт йиғилганлар орасини ёши улуғ бир аёл ёриб марказий саҳна томонга интилиб кела бошлади. У бир қўлида кўзи ожиза ёш жувонни етаклаб, иккинчи қўлида эса катта халтага солинган брайл ёзувидаги китобларни кўтариб олганди. “Бу жуда ажойиб аёл, – тушунтирди менга ёнимда турган вилоят отинойиси Ҳилолахон. – Ўзи бош бўлиб ожиза келинини мусобақада қатнаштирди. Ануви катта халтадаги китоблар – Қуръони карим. Келини туманда ғолиб бўлганди, мана, вилоят босқичига олиб келяпти”.
Мусобақа якунлангандан кейин ўша қайнона билан суҳбатлашишни ният қилдим. Нимагадир олдиндан дилимда: “Аёлнинг ўғлиям кўзи ожиз бўлса керак”, – деган фикр бор эди. Лекин гаплашганимизда маълум бўлдики, фарзанди ҳар жиҳатдан соғлом йигит экан. Фарғона педагогика университетининг тарих факультетида ўқиётганда, ўзбек тили ва адабиёти факультети талабаси – ҳозирги рафиқаси билан танишган, унга уйланиш ниятини онасига айтган экан. “Ўшанда боламдан битта нарсани, яъни ожиза хотин билан ҳаёти осон кечмаслигини айтиб, “кейин пушаймон бўлмайсанми?” деб сўрадим. Ўғлимнинг: “Она, аниқ биламанки, бу қизга мендан яқин бирорта эркак зоти йўқ. Менга шунинг ўзи кифоя”, – деди. Ўғлимнинг мана шу гапи розилигим учун етарли эди.
— Болаларим икккита фарзандли бўлишди. Ҳозир келиним мактабда ўқитувчилик қилади, – деди келини мусобақанинг вилоят босқичида ҳам юқори ўринлардан бирини эгаллаганидан қувониб, ҳаяжонланиб турган қайнона.
Бир тасаввур қилинг: кўзи умуман кўрмайдиган аёлнинг оила ва давлат ишларини бажариши осонми? Ўша келиннинг, ўзимизчасига айтганда, “Келин олиб орзу-ҳаваслар кўраман, энди роҳатда бўламан”, – деган ёши улуғ қайнонасига-чи? Кийим, юриш-туриш, сўзлашлари соддаю сипо бўлган ўша қайнонанинг гап-сўзларида фақат розилик, нур, гўзаллик кўрдим. Англадимки, уларнинг оиласида кимларнингдир хоҳиш-истаги эмас, адолат мезони устувор. Шу сабабли ўғли кўзи ожиз қизга уйланиш орзусини иккиланмай айтган. Тақдирнинг бу туҳфасидан оила аъзоларининг ҳаммаси шукронада.
Ҳар гал хонадоннинг ўтидан кириб, сувидан чиқаётган, “ойижон, нима ейсиз?” деб парвона бўлаётган келинига ҳам чимирилган, бир кулиб қарашниям раво кўрмаган қайноналарни кўрганда, юқоридаги воқеа ёдимга тушади.
Афсуски, оилавий келишмовчиликлар, ажримлар, фожиалар йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг сабаблари бора-бора енгил-елпилашиб боряпти. Бу сабабларнинг тўқсон фоизи асосида кимнингдир кимдандир норозилиги (ҳеч биримиз фаришта эмасмиз, албатта, аммо… М.У.) ётади. Баъзида оиланинг бузилишига-да олиб келаётган бундай норозиликлар нечоғли адолатли ёки адолатсиз эканини англаб турганлар ҳам кўпинча индамайдилар. Ҳатто топганини ичкиликка, ҳаром-ҳариш юришларга сарфлайдиган ёки сабаб-бесабаб хотини, болаларига тинмай зулм қиладиган эркакларни она товуқдай бағрига олволиб, қовоғини уйиб, қошини чимириб, бу ҳақда бирор кишининг “чурқ” этишига йўл қўймайдиган қайноналар йўқ эмас. Бу носоғлом вазиятни ислоҳ этишга журъатли, тадбиркор, таҳлилкор ё топилмайди, ё ёлғиз қолиб у ҳам индамаслар қаторига ўтади. “Жиловдорлар” ҳамиша кайфиятни қурол қилиб бошқаларни бошқарадилар. “Тикиш-бичишга эмас, мусиқага борасан, даданг шуни хоҳлайди”. “Болам, унақа овқат пиширмаймиз, бувингга ёқмайди”. “Мунча китобга ёпишволди бу келин, ўқиб шаҳар олиб берармиди?” “Отаси, келинингизнинг феълини биласиз-ку. Болаларини уришганда, аралашманг. Бўлмаса, аламини яна шу гўдаклардан олади”. “Вой, биз ҳам ҳомиладор бўлганмиз, бола кўрганмиз… Бу келин асабга тегиб мунча ётоқчилайди?..” – бунақа гапларнинг охири йўқ. Йиллар ва ҳатто умр бўйи шу каби кайфиятларнинг тутунли ўти ўчмайди… қанчадан-қанча орзу-интилишлар, қизиқишлар, иқтидорлар, ташаббуслар, чиройли фазилатлар унга қўшилиб “тутаб ётади, тутаб кетади”.
Оилаларда ҳаққоният илдизи қирқилиб-қирқилиб бориши, катталарнинг бунга розилиги; кимдир ёши улуғлиги, кимдир тили ўткирлиги, кимдир топармон-тутармонлиги, кимдир касалмандлиги, кимдир эркатойлиги боис гапини ҳар қандай ҳолатда ўтказиши улғайиб келаётган ёш қалбларни холисликка, тўғри сўзга, ҳамманинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган одил тўхтамга эмас, ҳукмрон кайфиятга (унинг нечоғли тўғри, фойдали, яхши оқибатли ёки аксинча эканлиги тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмай) сўзсиз итоат этиш сабоғини беради. Бундай муҳитда мулоҳазакорлиги “туғилмай ўлган”, ичидагини ошкор айтишдан маҳрум бўлган боланинг мустақил фикрлаши, ташаббускор бўлиши, ўзини ва ўрни келса бошқаларниям ҳимоя қилиши, бир ибора билан айтганда, жамиятда бағри бутун, қадру қадди баланд шахс бўлиб улғайишига нечоғли ишонч бор?
Оилада илдиз отиб барг ёзган бу “қалб иллати, касали” остона ҳатлаб мактабга, олий ўқув даргоҳлари, ишхоналарга кириб боради. Дунё ижтимоий фалсафасида аксиома сифатида эътироф этилади: адолат тамойилига эмас, қўли ёки тили узуннинг хоҳиши, кайфиятига оммавий тобелик ҳаётнинг ҳамма соҳалари тараққиётига энг хавфли “кишан”лардан биридир.
“Фақат инсонни севиш орқалигина адолатпарвар бўлиш мумкин”, – деб ёзади фаранг файласуфи.
…Бозор паттачиси ёки ички ишлар идораси ходими бозорда жавлон ураётган юзлаб пулдан пул чиқарарлар орасидан ўтиб, ҳовлисида пишган мевани челакка солиб чиқиб бир чеккада озгина пулга сотиб кетмоқчи бўлган онаси (отаси) тенги инсонни тергайди, бозордан сиқиб чиқармоқчи бўлади ва унга “кунда шунда”лар жўр бўладилар; дарс ўтишига тинмай халақит берган ўқувчисининг қулоғини тортиб қўйгани учун ўша ўқувчининг ҳаётда мактабга қадам босмаган отаси эртасигаёқ дарсни бузиб кириб келгани, ўғлига устозни тептиргани яшин тезлигида барча ота-оналарга тарқалиб, қумга сингигандек “сингийди”; синчалакдеккина жони билан ўз вазифасини қойиллатиб, жамоат ишларида ҳам энг фаол бўлган аёлнинг меҳнатини холис тақдирлаш вақти келганда, тоғдек эркаклар “тилларини ютиб” ўтирадилар; бошлиқнинг кайфиятини бузмаслик (аслида, ўз бошини омон сақлаш) учун битмаган ишлар деворлар, пардалар, ёлғон ҳисоботлар билан “ёпиб қўйилгани”га баъзан оммавий томошабин бўламиз… – яна мисолларми? Ўзингизнинг хаёлингизда ҳам шунга ўхшаш кўрган-кузатганларингиз жонланган бўлса, ажабмас. Бундай пайтда бурчак-бурчакда адолатсизлик бўлаётганини гапирадиганлар, муҳокама қиладиганлар, балки бир неча муддат ўзининг журъатсизлигидан виждони қийналиб юрадиганлар топилади. Аммо улар ўзларини оқлайдиган сабаблар (“тирикчилик, ишламасам, бошлиқ билан тил топишмасам бўлмайди”)га аста-секин “ўрнашиб оладилар”. Бундай “муҳокамалардан”, “виждон қийноқлари”дан жамиятга нима фойда, нима ўзгаради, нима яхшиланади? Бундай индамасликлар ҳаёт ҳикматларининг кўз олдингда поймол бўлаётганини олқишлаш, қўллаб-қувватлаш эмасми? “Тўхта, шу масала ёзилган ва ёзилмаган инсоний қонунлар, талабларга мувофиқ ҳал этилиши, элга нафи тегиши, ёлғон болаламаслиги, бу каби кўзбўямачиликларнинг олдини олиш учун камчиликни бор ҳолича тан олайлик-да, уни тузатайлик”, – дейдиган битта-яримта бўлса, унинг “нодонлиги”дан кулиб, сал нари юрадиганлар… эҳ-ҳе!
Айрим сатирик, юмористик асарлар қаҳрамонлари ишхона қабулхонасидаги котибадан: “Бошлиқнинг кайфиятлари қандай? Ҳозир кирсам, ишим битадими?” – деб сўраса, унинг аҳволига куламиз. Ўзимиз-чи? “Мана бу иш қанча тезроқ битса, олдинга юришса, шунча яхши: кўпчилик шундан манфаат олади (юз бериши мумкин бўлган салбий оқибатнинг олди олинади)”; “Мана бу жойда нохолислик рўй беряпти, шуни яхшилаб мулоҳаза қилиб кўрайлик” қабилидаги жонкуярлик билан раҳбарнинг қош-қовоғини ўйламай, дадил ҳаракат қилишга журъатимиз борми?
Бундан ўттиз беш йиллар муқаддам… асосан хотин-қизлар жамоаси бўлган бир идорадан ҳомиладорлик таътилига чиқишига икки ойгина қолган аёл ариза ёзиб ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлганини эшитиб қолдим. Қонун билан тақиқланган бу ҳолатдан ақлу идроким лол, ҳайрон эдим. Маълум бўлдики, раҳбар шуни хоҳлабди. Мен икки ойдан кейин кўзи ёрадиган, бутун вужуди меҳру ҳимояга муҳтож, ўша кунларда гулдан ҳам нозик бўлган аёл неча йиллик иш жойидан бадарға этилгани ҳақидаги буйруқни олиб ўша идоранинг узун йўлагидан ташқарига қандай чиқиб кетганини тасаввур қилолмасдим. Чидолмадим, уни кузатиб қолганларнинг баъзиларига ёрилдим: “Қандай қилиб индамай қараб қолдиларинг? Икки ойдан кейин таътилга чиқиб кетарди-ку, шуни сиз – аёллар аёл раҳбарингизга айтсангиз бўларди-ку!” Жавобига ким ерга қаради, ким елка қисди, “Менинг ўз ҳаётим, ташвишларим бор”, – деди яна кимлар. Ҳеч ким: “Ўзи сабабчи, ўзи айбдор”, – демади, чунки бу ҳайдалишнинг сабаби ходимнинг ишбилмаслиги эмас, балки раҳбарга қай бир жиҳати ёқмай қолгани эди.
Ўтган йили ижтимоий тармоқларда “Минг сўм беринг” номи билан машҳур бўлган етти яшар бола ёдингизда бўлса керак. Бола ўз номи билан бола… аммо уни ўртага олиб, “Минг сўм беринг, деб қўй” дея ўз кўнглини хушлаганлар, болани сўктириб “маза қилганлар”, боланинг туппа-тузук тиланчига айланганини кўриб завқланганлар, унга намойишкорона пул берган саховатпешаларни олқишлаб дуо қилганлар… “Бу кимнинг боласи? Ёш бола бозорда нима қилиб юрибди? Мактабга бормайдими?..” – на кўчадагилар, ижтимоий тармоқда бир неча кун айланган бўлса-да, на болаларнинг ижтимоий ҳимоясига масъул идоралар ходимларидан, на ижтимоий тармоқдаги фикрлар орасида бу каби савол эшитмадим. “Ахир бу болакай сен билан менинг фарзандимизга ўхшаган инсон-ку. Ўз жигаримизга шунақа “саргузаштни” раво кўрамизми? Унинг келажаги нима бўлади, тарбиясини тўғри йўлга солиш керак”, – деганлар, балки, бўлгандир, аммо мен учратмадим…
Юқоридагилар жамиятда ўзи бир ишни тузук-қуруқ эплаб уддалай олмаган одам – менинг фикрларим. Кўз юмиб бўлмас – кўриб, билиб турганларимизни ва уларнинг барчага ошкор оқибатларини ёздим. Ватан, келажак, ҳаммага бир мартагина бериладиган умримиз олдидаги бурчимиз, масъулиятимизни бажариш, мамлакатимиздаги барча (ҳа, барча!) инсон ҳаётдан кўнгли тўлиб яшаши учун ижтимоий адолат йўлига ғов бўладиган шахсий ожизликларни таҳлил этиб, улардан қутулмоқ сари интилмоқ қалбларимизга тонглар билан эгизак кириб келсайди!
“Яхшиликни очиқ чеҳрали кишилардан кутинглар”, – дейилади ҳадиси шарифда. Адолат ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин: нафрат, ғазабга тўлган, бемеҳр одамнинг адолат қилиши қийин.
Шавкатли Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, ғазал ва рубоийлари, мактубларида ўз-ўзини жиддий тафтиш этиши, хато-камчиликларини яширмай тан олиши ва улардан астойдил пушаймонликни ҳар гал ўқиркан, хаёлдан: “Мардлик билан адолатпарварлик қўшқанотга ўхшайди. Ҳиндистон тарихининг ҳинд халқи ва дунё ҳар жиҳатдан юксалиш даври деб тан олишига Бобурнинг ҳақпарварликдан қувват олган жасоратли бошқарув усули тамал тоши қўйган бўлса, ажабмас. Йўқса, Жавоҳарлаъл Нерудек файласуф ўз юртини босиб олиб, ҳукмронлик қилган Бобур мирзони “дилбар шахс” деб атармиди?” деган қувонч-ифтихор ўтади.
Мутафаккирлар айтганлар: “Адолатпарвар одамнинг ахлоқий хислатлари бемалол қонун ўрнини боса олади. Қонун – қонун бўлганлиги учун эмас, балки унда адолат акс этганлиги учунгина қимматлидир”.
Муҳтарама УЛУҒОВА