Мени ҳам тингланг…

“Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса, шу ерга бориб тушади”, деган ибора бор. Қачонлардир кимнингдир оғзидан бехосдан чиқиб кетган бу жумланинг умри жуда узун экан, шу кунларга ҳам етиб келди. Етиб келдигина эмас, ҳаёт шиорига айланиб кетди.

Жамиятда қиз фарзанд тақдири билан палахмон тошини қиёслаш қанчалик тўғри-нотўғрилигини билмайман-у, аммо бу ақида энди эскирди, шекилли. Майли, бу ҳақда бўлар-бўлмас фалсафа сўқимасдан мақсадга кўчайлик.

Атрофимда кечаётган воқеалар, гувоҳ бўлаётганимиз — турли аянчли тақдирлар бу масала ҳақида чуқурроқ фикр юритишга ундади. Келинг, бир неча ҳаётий мисолларни биргаликда таҳлил қилайлик.

Яқинда бир дугонам турмушга чиқиши маълум бўлди. Тўй олди у билан кўришдик ва анчагина суҳбатлашдик. Айтишича, куёв ўзидан саккиз ёш катта ва улар совчи орқали танишишган. Қизнинг норозилигига қарамай, ота-онаси уни шу йигитга узатишмоқчи экан. Дугонам анчагина сиқилиб қолган эди ва бир неча кундан сўнг турмушга чиқадиган қизга ҳеч ҳам ўхшамасди. Менимча, оила қураётган инсонлар бахтдан еттинчи осмонда учиши керак, аслида.

Яна бир опам эса ўзи ёқтирган инсон ҳақида ҳатто онасига гапиришга ийманади, бундан қўрқади. Чунки мавзу очилмасданоқ уни чегаралашган ва ўзлари топган тагли-тугли оиланинг фарзандига беришларини уқтириб келишган…

Коллежда бирга ўқиган курсдошим бўлар эди. Оила қуриш борасида у ҳам жуда катта муаммога дуч келди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, икки йил бурун онаси қазо қилган эди. Шундан бир йил ўтар-ўтмас дадаси ва аммалари қизни турмушга бериш пайига тушиб қолишди. Шундай ҳам қилишди. Бу тарафдан қизни қариндош­лари мажбурлашган, у тарафдан йигитнинг ота-онаси “шу қизга уйланасан” дея қисташган. Қиз-ку, тақдирим дея йигитга кўникишга ҳаракат қила бошлаган эди. Аммо тўйига бир неча кун қолганда, йигит унга: “Ота-онам мажбурлагани учун сенга уйланяп­ман, мендан ошиқча нарса кутма! Чидасанг шу, чидамасанг… “ деган сўзларни айтибди.

Буни эшитиб, бошимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Эрта-индин тўй, аммо қизнинг қалбига қулоқ осадиган одам йўқ. Ўзи кўриб-билиб туриб, “Чидасанг шу, чидамасанг… “ дея кўчани кўрсатиб юбораётган одам билан оила аталмиш муқаддас даргоҳга қадам босиб бўладими? Аллоҳ ўзи тўғри йўлга бошламаса, бу никоҳ оила бўладими-йўқми?

Ҳали мактаб ёшидаги қизни узатишмоқчи бўлишлари, кўриб-билиб туриб, қизини бой хонадонга иккинчи хотинликка беришмоқчилиги… Бу каби мисолларни санасам, анчагина давом этади. Лекин бу каби вазиятларда айбдор ким? Боласининг фикрига қизиқмаган ота-онами ёки гапларини ичидан ташқарига чиқара олмайдиган фарзанд?

Баъзи оилаларда қиз фарзанд паспорт олгандан сўнг “юк” сифатида қаралади. Гўёки уни эгасига бериб қутулиш керак ёки бўлмаса, “палахмон тошини” узоқроққа отиш керак. Шундай отиш керакки, борган жойидан қайтиб келмасин…

Шу он бир зум ўйга чўмасан киши: нима учун баъзи ота-оналар фарзандининг оила қуришга танлов қилолмаслигини билишади-ю, лекин билиб туриб турмушга беришади, уйлантиради?

Ёки мўъжиза кутишадими — у ёғи бизга қоронғи. Балки, ажримлар кўпайишининг туб негизи айнан шу муаммога бориб тақалар?

Бу яқин ўн йиллардаги муаммо эмас. Бундан авваллари ҳам ҳаётий маслагини анг­лаб етган барча инсонлар учун бу каби “тушунарсиз” вазиятлар кўп бўлган…

Шу ўринда машҳур ёзувчи Шукруллонинг “Тирик руҳлар” романидаги бир воқеа ёдимга тушади. Ўзбекистондаги биринчи ҳуқуқшунос Убайдулла Хўжаев ҳақидаги автобиографик романда ҳаётий ҳақиқатлар талайгина… Ҳозир юқоридаги мавзуга мисол бўладиган бир вазиятни эслатиб ўтмоқчиман. Асарда Убайдулла Хўжаевнинг ёш бўлишига қарамай, оқил ва тадбиркорлиги туфайли ҳатто Тошкентнинг манаман деган бойларидан бири Мирзакаримбой уни куёв қилмоқчи бўлади. Бироқ Убайдулла ҳаётининг бу тарзда бошланишини хоҳламайди. Қолаверса, Россияда ўқиш истаги биринчи ўриндалигини ҳисобга олиб, бу таклифни рад қилмоқчи бўлади. Қизга шу масала юзасидан хат йўллайди. Яъни у қиз билан бўлаётган воқеани келишмоқчи бўлади. Шунинг учун қизнинг фикри муҳим деб ўйлайди. Аммо анча вақт ўтиб ҳам қиздан жавоб мактуби келмайди. Сўнгра Убайдулла синглиси Иқболхонни қиздан хабар олиб келишга юборади. Шунда қиз қуйидагича жавоб беради: “Мен етимча эмас, менинг бошимда ота-онам бор. Улардан бемаслаҳат, ўзимча яширин, у кишининг мактубига бирор жавоб қайтармоғим одобдан бўлурмиди?” Унинг “андиша” билан айтган бу жавобидан қониқмаган Убайдуллани ўзбек қизларининг энг ўқимишли, маданиятли, илмли оиладан бўлишларига қарамай, ўз шахсий фикрларига эга бўлмасликлари, ўз баҳоларини қадрламасликлари ранжитади.

Бу ғарбча назария ёки замонавийлик эмас. Шу йил апрель ойи охиридаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизнинг доимий аҳолиси сони 37 миллион кишини ташкил этди. Шундан 18 миллион уч юз минг киши аёллар ҳисобланади. Бундан кўринадики, Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярми аёллар. Улар сайлаш ҳуқуқига эга. Аёллар турли иш қатламларида фаолият юритади, раҳбарлик лавозимларида ишлашади ва ҳатто катта-катта жамоаларни бошқара олишади. Шундай хулоса қилиб, мамлакат ривожининг тенг ярми аёллар қўлида экан деб, бемалол айта оламиз.

Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий ҳаё­тида аёл-қизларнинг ролини ошириш борасида жуда кўп саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Бутунжаҳон аёллар форумида: “Аёлларимиз жаҳон тараққиётига ҳисса қўшишга қодир, бизнинг вазифамиз эса бунинг учун қулай муҳит яратишдир. Энг қийин вазифа — аёлларимизнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканликларига ишонтиришдир. Олдимизда қийин йўл турибди, аммо бу шунга арзийди.  Аёлларимизга куч бағиш­лаш орқали биз миллатимизга куч берамиз, бутун инсониятни мус­таҳкамлаймиз!” — дея нутқ сўзлаган эди.

Мана шу фикрларнинг ўзиёқ мамлакатимизда аёлларга бўлган эътибор ва уларни янада фаоллаштириш учун қилинаётган саъй-­ҳаракатлардан дарак беради. Шунда ҳам энг муҳим вазифа барибир оилада қолади. Чунки қиз бола тарбияси ва уларга ишонч беришни ота-онагина бошлаб беради. Тарихда бўлгани каби ҳозирги аёл-қизларимиз орасидан ҳам Раъно, Кумуш, Хайринисо ва Марямдек қатъиятли, заковатли аёллар чиқсин! Қачонки мамлакатда аёл ўз фикри ва ўрнига эга бўлса, ўша мамлакат тараққиётда илгарилайди. Ўсиб келаётган авлод билимли ва оқила оналардан тарбия олади ва жамиятда комил инсонлар етишиб чиқаверади!

Дилдора ДЎСМАТОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − three =