Мен нима ҳам дердим…
Ижтимоий тармоқлар ҳаёт сингари ҳар хил одам ва турфа фикрлиларга тўла. Бу ерда истаганча ёзиш, сурат ва ҳаётнинг айрим лавҳаларини жойлаш мумкин. Уларга изоҳлар ҳам одамларнинг ички дунёсидан келиб турлича бўлади. Масалан, яқинда ўзбекистонлик ошпаз Баҳриддин Чустий ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича Лондонда ўтаётган фестивалда иштирок этаётгани, ютуқлари ҳақида пост жойлади. Айримлар ўзбеклар фақат овқат ейишда биринчи, ошга тўпланганчалик тўплана олмайди, деб фикр билдирди. Хўп, бир юртдошимиз муваффақиятга эришибди, келинг, бирга олқишлайлик. Овқат тайёрлашда у биринчи бўлса, сиз ўз соҳангизда биринчи бўлинг. Сизни ҳам олқишлашсин.
Шу сингари ҳолатларда айрим одамлар жуда кўп салбий изоҳлар ёзишади. Ҳатто ўз соҳасининг усталари, олимлари бирор масалада фикр билдирса, саволларга жавоб берса, “Одамлар осмонга ракета учираётган бир пайтда…” деб ўша одамларни кулги қилишга интилади. Хўп, у одам ўз соҳасидан ташқарида гапирмади. Ўзинг ракета учир, ўзинг янги муваффақиятлар эшигини оч. Худди навбатда яна ким бирор нима деркан-у, ер билан битта қилсам, деб девор панасида турганга ўхшайди бундай кишилар.
Яқинда мамлакатимиз аҳолиси сони 37 миллионга чиққани ҳақида хушхабар ёйилди. Оилада ҳамиша фарзанд туғилганига хурсанд бўладиган, болажон халқмиз. Аҳоли кўпайгани мамлакатимиз учун бир ёруғ хабар сифатида қабул қилинди. Шу хабарлар ортида кимдир “Ўзбеклардан бирор киши Нобель мукофоти олганми?” деб изоҳ ёзди. Ҳар бир ўзбек дунёга келган фарзандини олим, оқил, ориф бўлсин, деб ният қилади. Шу йўлда ўқитади, билим беради. Ҳатто, мен кўрмаганни болам кўрсин, деб турли тўгараклар, спорт ва санъат мактабларига етаклайди. Шу туфайли бугун дунё ареналарида ўзбеклар шарафига тез-тез байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янграмоқда. Агар фарзандингиз Нобель мукофотини олишини истасангиз, изоҳларда қора чаплаб ўтирмай бирор йўналишда чуқур таълим берадиган мактаб ёки муассасага етаклаб боринг. Бунинг учун мамлакатимизда яратилган шароитлар мўл. Сизнинг фарзандингиз ютуғидан биз ҳам қувонайлик. Шу кичик ютуқдан бошлаб секин-секин юқори чўққиларга чиқаётган юртдошларининг шаштини сўндириш яхшимикан? Улар ўзлари ҳаётда шу одамчалик бир ютуққа эришмаган бўлишса-да, жон куйдириб қилган меҳнатлари самарасини кўрганларни танқид остига олишади. Улар катта ютуқларга эришишни осон деб ўйлайди. Ахир ҳар қандай улкан ютуқ кичик поғоналарни забт этиш орқали эришилади.
Тўғри, баъзан айрим одамлар бўлар-бўлмас ишларини ҳам мақтаниб ижтимоий тармоққа жойлашади. Аммо бу бошқа масала. Шундай салбий изоҳлар ёзиб ўтирадиган инсонларнинг ёзганларини ўқиб, севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг “Мен нима ҳам дердим?” номли шеъри хаёлимда айланади.
Ким кимга соҳиби санжарман дейди,
Сим симга мақтаниб – ханжарман дейди,
Қумурсқа ҳам ўзин аждарман дейди,
Мен нима ҳам дердим?
Бол берган қўлингга найзасин санча,
Қилган яхшилигинг билмаган қанча,
Оқилларин талар қанча тирранча,
Мен нима ҳам дердим…
Ижтимоий тармоқлар ҳамма учун минбар. Ўз саҳифасини ва изоҳларини қоралаётган ўзининг аслини кўрсатади. Шу имконият қўлингизда экан, чиройли гаплар билан танқид қилинг, яхши гаплар айтинг. Жим юриб пушаймон қилмадим, гапирганим учун пушаймоним кўп, деган экан оқиллардан бири. Шундай экан, сўзимизда ўзимизни акс эттирайлик.
Ҳулкарой ХУДОЙҚУЛОВА