Шукрона
Инсоннинг тақдири қалам билан, сўз билан боғланган экан, зиммасида жуда катта масъулият турганини ҳам асло унутмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг энг аввал яратгани ҳам қалам экани ва биргина “Бўл!” деган сўзи билан оламлар бунёд бўлгани, қалам ва сўзнинг залвори қанчалар буюк эканини ва бу буюк ҳақиқат бизларга қалам ва сўзнинг муқаддамлиги баробарида нақадар муқаддаслигини ҳам англатади. Шундай экан, қалам ва сўз билан жуда катта ишларни бажариш мумкинлигини ёдда сақлаш ҳар бир қаламкашнинг елкасидаги масъулиятдир. Ижод аҳли, айниқса, журналистлик касбини эгаллаган ҳар бир инсон жуда катта вазифани, бурчни елкасига олганини унутмаслиги керак. У ўзи яшаб турган жамиятнинг ички ва ташқи руҳоний ва жисмоний нопок ниятли кучларига қарши қўлида қурол сифатида қаламини ушлаб турган қўриқчидек бўла олиши зарур. Мана шу мақсадни кўнглига қаттиқ тугмаган бўлса, қаламини қўйиб, бошқа соҳа йўлидан кетгани маъқул. Ва жамиятнинг, даврдошларининг дардларига, муаммоларига, нимага эҳтиёжманд эканликларига жиддий эътибор қаратиши, қаламини айнан мана шундай вазиятларда ишлатиши, сўзини давр жароҳатларига малҳам бўла оладиган қилиб қўллаши керак бўлади. Зотан, қалам ва сўз омонатдир ва бу омонатга хаёлда ҳам хиёнат қилиб бўлмайди.
Мен ҳам тақдири қалам ва сўз билан боғланган ижодкорман. Имкон даражасида ўз олдимга қўйган мақсадларим ва бурчим устида хизмат қилишга ҳаракат қилиб келяпман. Инсоннинг қалам ушлашга илк иштиёқи қаламкашлар, яъни ёзувчи, шоир, журналистларнинг ижодий ишлари билан танишуви, яъни мутолаа ва кузатувлар жараёнида бошланади. Ва секин-аста ўзи ҳам шу қисматнинг бир бўлагига айланиб бораверади. Менинг ушбу фаолиятим кўпчилик ижодкорлар қатори, табиийки, газетадан бошланган. Бу пайтда ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Илк мақола ва шеърларим туманимиз газетасида босилиб чиққандаёқ энди шу йўлдан юришим кераклигини англаганман. Ҳали бола вақтимда уйимиз деворига осилган радиоузелдан таралаётган овоз ҳам мени мафтун этарди. Баъзида қизиқарли эшиттиришлар берилаётган пайтда қимир этмай тинглаб турардим ва бола тасаввурим билан шу кичкина қутичадан шунча овоз ва куй-қўшиқлар таралаётганини ҳайрат билан кузатардим. Буни қарангки, вақтлар ўтиб, касбий фаолиятим айнан радио билан чамбарчас боғланиб кетди. Илк чиқишларим туман радиосидан бошланган. Кейинчалик журналистика факультети талабаси эканимизда радиога бўлган катта қизиқишим Ўзбекистон радиоқўмитасининг “Машъал” радиоканалига бошлаб келган. Аммо икки йилдан сўнг фаолиятимни илм қилиш мақсадида ўзим ўқиган университетда давом эттира бошладим. “Маҳалла” радиоканалидаги фаолиятим эса асосан 2015 йилдан бошланди. Ва мамнуният билан айтишим мумкинки, бу орада ўтган давр менинг чин ижодкор сифатида қалам тебратишимга, ўзимдаги имкониятларни кўрсата олишимга катта замин яратди. Турли йилларда тайёрланган барча эшиттиришларим ижодимдаги катта мактаб, кейинги фаолиятимга пойдевор вазифасини ўтаган бўлса, охирги йилларда мунтазам тайёрлаб келаётганим “Маърифат чироқлари” ва “Дурлар дунёси” дастури том маънода менинг икки қанотимга айланди, десам, янглишмайман. Чунки бу эшиттиришларимни тайёрлар эканман, гўёки учардим. Ҳар бир сатр устида тўкилган ҳаяжонларим, меҳрим ва меҳнатим ўзимга ва Худога аён. Баъзида мавзулар баёнида шу қадар таъсирланар эдимки, ҳатто ишимни қўйиб кўз ёши тўкиб ўтирган вақтларим ҳам бўлган. Хўп, бу эшиттиришларим қандай мавзуларда эди?
“Маърифат чироқлари” дастури концепцияси маънавий-маърифий, илмий-ижодий, адабий-бадиий, қисман диний мавзуларни қамраб олган. Ҳар бир мавзуни бугунги кун талаби билан, тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра танлашга ҳаракат қилдим. Барчамизга маълумки, биз яшаб турган айни давр ниҳоятда тезкор ва шу тезкорлиги сабабли хавфли ва қалтис ҳамдир. Яъни бундай тезкорлик билан ўтиб бораётган вақт чархпалагида инсон ўз қарашлари, фикрий мустақиллиги, эҳтиёжлари, кўникмаларида бир тўхтамга келиб олиши жуда қийин. Баъзилар бу ҳаётда ҳали ўзига нима кераклигини англаб етмасидан умри ўтиб кетмоқда. Мана шундай пайтда оммавий ахборот воситалари ёрдамга келиши ва инсон учун бу ҳаётда энг муҳим бўлган, қисқагина умри давомида нималарга улгуриб қолиши шартлиги ҳақида маълумотлар етказа олиши жуда муҳим. Бугунги долғали замонда инсоннинг инсон бўлиб яшай олиши энг катта муаммодир. Инсон ахлоқи, юксак тарбияси, меҳру оқибати, адолати, саховати, ҳиммати, бағрикенглиги, илми, иймони билан инсондир. Агар унда мана шу маънавий-маърифий, руҳоний фазилатлар бўлмаса, унинг бошқа ҳар қандай катта ютуқларни қўлга киритгани бекордир. Яъни инсоннинг инсонлик даврида, бу фоний дунёдаги қисқа умри давомида мана шу хислатлар унга пойдевор бўлиб улғаймас экан, ҳаётда турли бузғунчиликлар, урушлар, қон тўкишлар, адолатсизликлар авж олаверади. Ва дунёнинг тўрт томони мана шундай қалтис хавф остида турганда, инсон энг аввало нима учун яшаётганини тушуниб етиши керак. Барча ишлари учун ҳисоб ва жавоб борлигини билган, шу ҳақиқатга иймон келтирган инсон ҳеч қачон ёмонликларга мойил, ёвузликларга соҳиб чиқмайди. Мен эшиттиришларимдаги бош мавзуни айни мана шу муаммоларга қаратишга ҳаракат қилдим. “Маърифат чироқлари” дастурида тайёрлаган мавзуларим турли туркумлардан ҳам иборат бўлди. Хусусан, ўтган йиллар давомида Алишер Навоийнинг “Арбаъин” — “Қирқ ҳадис” асари таҳлили ҳақида шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Мирзо Кенжабек билан, юртимизда яшаб, турли улкан амалиётларга бош бўлган авлод вакиллари ҳақидаги “Саййидлар шажараси” мавзусида иқтисод фанлари номзоди, ижодкор опахонимиз (бугунги кунда марҳум) Маъмурахон Султонова билан, “Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари” мавзусида халқаро профессор Маҳмудхўжа Нуриддинов билан, домла Ҳиндистонийнинг илмий фаолиятлари ва яна турли мавзуларда филология фанлари номзоди Сайфиддин Рафиддинов билан ва яна шунга ўхшаш турли мавзуларда ўз соҳасининг етук мутахассислари билан суҳбатлар, мулоқотлар тайёрланиб, эфирга узатиб келинди. “Маърифат чироқлари” дастурига мутахассисларни жалб қилиш масаласида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси билан ҳам бир неча йиллар давомида ҳамкорликни амалга оширдик.
2021 йил январь ойидан эътиборан эса, “Маърифат чироқлари” дастурининг ҳар душанба кунги сонлари юртимизнинг буюк алломаси, улуғ шахслардан бири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг муносиб вориси, бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё муслима аёлларининг устозига айланиб бораётган етук олима Одинахон Муҳаммад Содиқ билан “Қуръони каримда аёллар масаласида келган оят ва ҳукмлар”, “Қуръони каримда аёллар зикри”, “Қуръони каримда аёллар учун буюрилган бурч ва вазифалар” кетма-кетлиги мавзусидаги туркум эшиттиришларимиз бошланди. Ушбу мавзулар давримиз, жамиятимиз учун ниҳоятда зарур бўлган мавзулардан бири бўлгани учун кенг тингловчилар оммаси томонидан жуда яхши кутиб олинди. Қолаверса, қуруқ насиҳат ва гап-сўзлардан холи, тоза бир сабоқ, гўзал йўл-йўриқлар асосида тайёрланган ҳар бир суҳбат, Қуръони карим оятлари, Ҳадиси шариф ривоятлари билан мустаҳкамланди, тингловчилар томонидан юборилган турли саволларга жавоблар берилди. Аёл ва қизлар ахлоқи масаласи бугунги куннинг энг оғир ва долзарб муаммоларини ўз ичига олади. Келажак тарбиячиси бўлган бўлажак оналар ўзларининг бурчи ва вазифалари нималардан иборат эканини билиши, билганда ҳам шунчаки эшитиш эмас, балки бу улар учун буюк Яратувчининг амри экани ниҳоятда ҳассослик билан тушунтириб берилиши тингловчиларимиз орасида яхши натижалар берди. Бу бизларга тинимсиз бўлиб турган телефон қўнғироқлари ва мурожаатлар орқали маълум эди. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг фарзанд тарбиясига бағишланган “Эй фарзанд” асари шарҳи ҳам “Маърифат чироқлари” дастурида Одинахон Муҳаммад Содиқ билан биргаликда тайёрланиб эфирга узатилди. Фурсатдан фойдаланиб, йиллар давомида “Маҳалла” радиоканали орқали тингловчилар оммасига мана шундай катта ва манфаатли мавзуларни кенг ва батафсил ёритиб бераётгани учун Одинахон Муҳаммад Содиққа чексиз миннатдорлик билдираман.
“Маърифат чироқлари” дастуридаги яна бир катта лойиҳамиз бу ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул аброр” асари шарҳига бағишланган. Ушбу дастуримиз ҳам 2020 йилнинг ноябрь ойида бошланган ва ҳафтанинг чоршанба кунлари эфирга узатилади. Ёш иқтидорли навоийшунос тадқиқотчи Акром Малик билан биргаликда тайёрлаб келинаётган ушбу эшиттиришларимиз ҳазрат Навоийни янгидан танишимиз ва англашимизда жуда катта ёрдам бермоқда. Навоий ижодиёти ҳақида гапирилганда ҳали бу уммоннинг неча-неча дуру жавоҳирлари, хазиналари сирлигича тургани, ўқувчи бу уммонга қанча шўнғигани сари янада чуқурроқ кириб боравериши ва битмас-туганмас маънавий бойликларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида гап боради. Ёш навоийшунос Акром Малик ушбу вазифани жуда яхши уддалаётгани ва билганларини, топган хазиналарини “Маърифат чироқлари” дастури тингловчилари билан ҳам баҳам кўраётгани жуда қувонарли. Акром Малик “Ҳайрат ул-аброр” асарини шунчаки шарҳламайди, балки ҳар бир бобда қаламга олинган мавзуларни бугунги кун нуқтаи назари билан ёритиб беради. Ҳазрат Навоий инсониятнинг азалий дарди ва муаммоларига қандай ечим топгани ва бугунги кун ҳасратларини ушбу малҳамлар билан қандай даволаш мумкинлигини ҳам баён қилади. Шунинг учун ҳам тингловчиларимиз орасида Акром Малик тадқиқотларига қизиқувчи мухлислар сафи ортиб бормоқда. Ёш навоийшунос тадқиқотчининг келажакда Навоий ижодиёти хазинасининг энг муносиб ворисларидан бири бўлишига шубҳа йўқ.
Фаолиятимнинг иккинчи қаноти “Дурлар дунёси” дастуридир. Ушбу дастур ҳам радиоканалимиз раҳбари Фахриддин Абдураҳимов бадиий раҳбарлигида радиоканалимизда узоқ йиллардан буён тайёрланиб келинади. Уч ярим йил давомида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол таржимаси асосидаги мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг олти жилддан иборат муҳташам “Маснавийи маънавий” асарини назмдан насрий баёнга ўгириб, тингловчилар учун содда ва тушунарли тилда тақдим қилиб келдик. 27 минг байтдан иборат “Форсий Қуръон” ҳамда “Комил инсон йўриқномаси” дея таъриф берилган ушбу асарлар мажмуаси ҳам тингловчилар эътиборига тушди, эътирофига сазовор бўлди. Қолаверса, ушбу асарнинг бирор байтини қолдирмай, ҳижжалаб ўқиш ва тушунишга ҳаракат қилиш ва буни кенг тингловчилар оммасига ҳавола қилишнинг жуда катта масъулияти ва юки бор, албатта. Энг муҳими эса ушбу маънавий дурдонадан баҳраманд бўла олганимиз бўлди. Бунинг учун беҳисоб шукроналаримиз бўлсин. 2021 йил январь ойидан бошланиб, 2024 йил апрель ойигача давом этган ушбу лойиҳамиз радиоканалимизнинг улкан хазинасига айланди, десам, янглишмасам керак. Режиссёр Лолажон Шодиева ҳамда диктор Шокир Юсупов ҳам бу жараёнда тенгма-тенг елкадош бўлдилар. Соғ бўлишсин.
Бугунги кунда “Дурлар дунёси” дастури шайх Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асари асосида тайёрланмоқда. Умид қиламизки, ушбу асар ҳам тингловчиларимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллайди.
Келажакда яна янги лойиҳалар, режалар устида ишлаш ниятимиз бор.
Қўлига қалам тутган барча касбдошларимни, барча ижод аҳлини касб байрамимиз билан табриклайман, аввало, мустаҳкам соғлиқ, кенг қалб, чуқур илм ва ўз касбига бўлган адолатли муҳаббатни тилаб қоламан. Қалам ва сўзга соҳиблик юзингизни ҳамиша ёруғ қилсин.
Умида ҒАФФОРОВА,
журналист, “Маҳалла” радиоканали
“Маънавий-маърифий, кўнгилочар ва
мусиқий дастурлар муҳарририяти”
бўлим мудири,
“Олтин қалам” ХVIII Миллий
мукофоти учун халқаро танловнинг
радио йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби.