Янги Ўзбекистон асосчиси

Очиғини айтсам, юракдан гапирсам, ушбу ўйларни, мулоҳазаларни ёзишга шошмадим, лекин иккиланмадим ҳам. Чунки, бир қарасам… 2017 йилдан буён тез ва шиддат билан орадан 7 йил ҳам ўтибди. Мақсад эса мақтовларни қалаб ташлаш эмас. Тан олайлик, бугун замон ҳам бошқа, одамлар ҳам кечаги одамлар эмас. Ўзгарган. Қолаверса, Президентимиз ҳам мақтовларга, ҳамду санолар изҳор этилишига муҳтож эмаслар. Ёзишим боисига келсак, оддий: бу глобал дунёда, XXI асрда Ўзбекис­тоннинг ўрни қандай бўлади? Биз давлатимиз етакчисига ўз меҳнатимиз, ишимиз, фикрлаш даражамиз, муносабатимиз билан қандай, нечоғлиқ камарбаста бўла олаяпмиз? Ҳаммамиз ҳам юртимиз тинч, ҳаётимиз янада фаровон, тўкис бўлишини истаймиз. Аммо бу эзгу ниятлар фақатгина истак, хоҳиш билан рўёбга чиқадими? Асосий муддао ана шу ҳақда сўз айтиш, фикр билдириш.

Хўш, биз шу ўтган 7 йилда қандай масалаларни ҳал эта олдик? Бизни эртага нималар кутмоқда?

Албатта, бу тезислар юзага чиқар экан, ўз-ўзидан Давлатимиз раҳбарининг тимсоли пайдо бўлади. Риторикдек туюлган саволларга жавоб беришдан олдин эса, келинг, 2016 йилга қайтайлик. Яъни халқ сайлаган янги Президентга қандай мерос қолганди?

Биз инсонлар ўз номимиз билан унутувчимиз, табиатан кўп танқидчи бўламиз ва бу бугун удумга айланяпти, шекилли. Аммо танқидий қарашнинг яхши тарафлари ҳам борки, биз асос ва кечаги кунга ҳам объектив қарашимиз ҳалол ёндашув ва адолатдан бўлади. Шу тариқа, қуйидаги таҳлил ва кузатувларим 10 банддан иборат. Уларни Юртбошимиз таваллуд топган куни тонгда қоғозга туширган эдим. Гарчанд инсоннинг таваллуд куни қанча мақтов сўзлари айтилса ҳам эриш туюлмайди, бироқ менинг мақсадим ундай ҳам эмас. Ниятим шулки, кейинги ўтган 7 йилда кўрганларим, кузатганларим, ўзим шоҳид бўлган воқеа-ҳодисаларни қувваи ҳофизам орқали бир ўтказишдир. Албатта, ортиқча гап ва бўрттиришларсиз. Бундан аввал, келинг, кечаги кунимиз қандай эди, бир эсга олайлик. Зеро, улуғ адибимиз айтганидек, мозийга қайтиб иш тутмоқ хайрлидир.

  1. Бугун ишониш қийин, аммо…

Жанубий Кореянинг Сокчо шаҳридаги университетда дарс бериб, ҳам илм қилаётган юртдошларимиз Сирожиддин Жўраев ва Илҳом Ирисбаев билан бўлган суҳбатлардаги оддий гурунг­ларни эсга олдим.

Гурунгимиз “пропис­ка” ҳақида борганди. Бутун бош­­ли Кореяга сиғаётган йигитларимиз бир пайт­лар ўз юртининг пойтахтига сиғишмаганини эслашди.

Ҳа, бунга ишониш қийин, лекин бу ҳақиқат-ку. Бор-йўғи 7 йил аввал “прописка” деган тушунча бир мамлакат фуқароларини икки тоифага ажратмас эдими? Жанубий Корея, АҚШ ёки Туркия полициясидан қўрқмай юрган фуқароларимиз ўз юртларида ўзимизнинг “мелиса”ни кўрса оёқ-қўли қалтирарди. Охири Тошкент тамғасини (прописка) яшил паспортга босиб бериш нархи фалон минг долларгача борганини ҳам эшитганмиз. Ишоний қийин. Лекин кечаги кунимиз айнан шундай эди-ку!

  1. “ЗУҒУМ МАШИНАСИ” ПАРЧАЛАНДИ

Халқаро пресс-клуб сессиялари доирасида ўнлаб йирик тадбиркорлар, сармоядорлар билан мулоқот қиламан. Кўплари ўша даврнинг махсус хизматлари — совет НКВД ва КГБнинг меросхўри бўлмиш Миллий хавфсизлик хизмати ертўлаларида асоссиз ва сох­­та айбловлар билан ойлаб, йиллаб умрини ўтказишганини эслашади. Сирдарёлик забардаст бир дўстим Дилмурод ака, икки метр­лик алпқомат йигит “Жаслиқ” деган номининг ўзиёқ даҳшатли бўлган қамоқхонада 1,2-1,5 метрлик катакларда тикка туролмай бошидан кечирган қийноқларни эсласа, ҳануз хўрлиги келиб, кўзидан ёш қалқади. Ёки ўша вақтдаги погон таққан “азаматлар” кўзга кўринган тадбиркорларни бу ердан қочириб, Қора ва Ўрта Ер денгизлари соҳилларидан чақириб олиб қамашмагани учун миллионлаб долларни “суюнчи пули” каби тамагирлик қилишлари ҳам шунчаки тўқима афсоналар бўлмаган.

Энг ёмони, энг даҳшатлиси, барибир, ҳа, қанча вақтлар ўтган бўлса-да, гарчи юртимиз истиқлолга эришган дея кўкракни урган пайтлар бўлса-да, қайсидир маънода ёзувчилар, журналистлар, шоирлар, умуман, зиёлилар учун машъум 1937 ёки 1953 йилдаги қатағон, зуғум машинасининг шарпаси кезиб юрганга ўхшарди. Ишқилиб, миллатнинг ҳақсўзли, тўғрисўзли кишилари юрагида ана шундай хавотир, қўрқув ҳисси яшар эди, десак, хато бўлмаса керак. Ҳатто оддий одамлар ҳам девордаги “қулоқлар”дан қўрқиб телефонда пичирлаб, кўришганда имо-ишора билан гаплашардилар. Учта одам тўпланса, гап битта эди. Одатда, махсус хизматларга баҳо берганда, унинг кўринмаслиги, сезилмаслиги билан эътироф этилади. Бизда эса акси эди. Барча, ҳатто кўчада писта сотувчилар ҳам ўша ташкилотни пеш қиладиган бўлиб қолган эди. Бугун бу соҳада ҳам вазият тубдан ўзгарди. Энди ДХХ чиндан ҳам давлат хавфсизлигини ҳимоя қилмоқда. Бундай майда-чуйда масалаларга аралашмаяпти. Хуфиёна хизмат, аслида, шундай бўлиши керак.

  1. ЭКСПОРТ ВА ИМПОРТ

Ўзбекистонда яқин-яқинга довур бой-бадавлат одам бўлиш мумкин эмас эди, бу презумпциясиз айблов эди. Тадбиркорлар, ишбилармонларнинг тинимсиз қўрқув остида юриши — пулларининг чет давлатларга чиқиб кетишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, биз 20 йилдан бери мус­тақил бўлиб, бозор иқтисодиётига асосланган мамлакат қурардик.

Яқинда эълон қилинган Статистика агентлиги маълумотларига кўра, шу йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон жаҳоннинг 186 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб, ташқи савдо айланмаси ҳажмини 31,8 млрд АҚШ долларига етказган.

Экспорт — 13 млрд (5,5 фоизга ошган).

Импорт — 18,8 млрд (10,6 фоизга ошган).

  1. ИҚТИСОДИЁТ ЧИРОҚЛАРИ

 Юртимизда уй-жой учун ипотека ва турли бошқа кредитлар олиш азоб эди. Валюта конвертацияси эса саноқли “олғирлар” учунгина эди. Бу орқали биз нимага эришдик? Иш жойлари яратилмади, иқтисод турғун ҳолатга келди ва биз бошқа давлатларга арзон ишчи кучи етказадиган ўлкага айландик. Ҳозирги қурилишларни санаб кўзлари чарчаб кетганлар ўша пайтларни ёдга олиб турсин. Янги Ўзбекистон ҳақиқий қурилиш майдончасига айланганини қўшниларимиз ҳам эътироф этмоқдалар. Қурилиш бу янги иш ўринлари, қўшимча хизматлар билан бирга ҳақиқий иқтисод драйвери ҳисобланади. Илгари Тошкентда 3 та дом қурилса, карнай-сурнай чалиб, ТВ “жаннатдан хабарлар” дея эрта-ю кеч кўрсатар эди. Бугун қурилишда бир йилда 3,5 млн квадрат метр кўрсаткичига чиқдик. Ўзбекистонда Янги Тошкент, Янги Сирдарё, Янги Андижон, Янги Фарғоналар қурилмоқда.

  1. Таълим ва тарбия

Биз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласи бўлган таълим билан саноқли одамлар шуғулланар эди. Бизга кўп ақлли талабалар керак эмас эди. Чунки талабалар билим олган сари ўз ҳақ-ҳуқуқини билиб, талаб қила бошлашидан қўрқишарди. Шунинг учун олий таълим қамрови, талаб қанча юқори бўлмасин, 9 фоиздан ошмаган. Бугун бу кўрсаткич 43 фоизга етди. 2017 йилгача юридик университетга кириш “арзимаган” 50 000 АҚШ доллари эди. Яширишга ҳожат борми? Буни ҳамма биларди. Тест синовлари шунчаки театрлаштирилган томоша бўлиб, олий таълим ўчоқларига чинакам “бункер”лар ўрнатилар, у ерда эса, асосан, рўйхатга олинган, яъни олдиндан, асосан, “шапка”лар узатилган ёшларгина талабалик бахтига муяссар бўлишарди. Мабодо битта-иккита “адашиб” ўқишга кириб қолган бахти кулганлар бўлмаган бўлса?! Ундан сўнг яна зари ёки зўри борлар “ДП” деб аталмиш, яъни қўшимча қабулларга илашиб қолишлари учун барча саъй-ҳаракатларга тушар эдилар. 32 миллион аҳолиси бор юртда олий ўқув юртлари сони бор-йўғи 67 та эди. Бугун юртимизда давлат, нодавлат, хорижий университет ва институтлар сони 215 дан ошди ва улар турли йўналишларда таълим бермоқдалар. Ўзбек ёшлари дунёга янги қараш ва билим билан тик қарамоқдалар. Бугун ўқиш учун ҳеч ким таниш-билиш ахтармайди. Билим олишга иштиёқ бўлса, бас, шунинг ўзи кифоя!

  1. Мажбурий меҳнат

Эсингиздами, 2017 йилгача куз яқинлашгани сари одамларда, айниқса, мактаб, коллеж, лицей ўқувчиларида, талабалар, ўқитувчиларда кайфиятсизлик пайдо бўларди. Сабаби, барча ишини, ўқишини йиғиштириб, пахта теримига мажбурий сафарбар этилар эди. Мажбурий меҳнатни ҳаёт тарзимиз каби қабул қилар эдик. XXI асрда ҳам биз барчамиз пахтанинг қуллари эдик. Ҳамон эсимда, 2017 йил Президентимиз Халқаро меҳнат ташкилотининг раҳбари билан кўришганларида: “Ўзбекистонда энди мажбурий меҳнат бўлмайди”, деб ўз сиёсий иродаларини яққол кўрсатган эдилар. Ҳамон эсимда, Халқаро пресс-клуб сессияларида биз вилоят ҳокимларидан: “Мажбурий меҳнат бўладими?” деб сўраганимизда, улар: “Йўқ”, деб жавоб беришар эди. Бунга йўл қўйганлар эса қатъий жазоланар эди. Бугун буларнинг бари ўтмишда қолди.

  1. Сўз эркинлиги

Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли медиа олами вакиллари кўкрагига шабада тегди. Тўғри, биздаги сўз эркинлиги бугун АҚШ, Европа ёки Япония каби эмасдир. Бирданига бўш жойда бўлиши ҳам мумкин эмас. Ривожланганимиз сари вақт ўтиб, шу даражага ҳам чиқармиз. Олдинги вақтларда “Главлит” деган цензура тузилмаси матбуот қўмитаси таркибида расман бор эди. Бизнинг умримиз шу билан курашиб ўтарди. Улар айт­гани — айтган, дегани — деган эди. Қулоқ солмасак, кўзини тепага ишора қилиб, ўнг қўли билан чап елкасини силар эди ранги оқариб. Баъзи амалдорлар бироз “инакомыслящий” бўлиб қолишса, артистлар каби “зап­рет”га тушар эдилар.

Шубҳасизки, улар жамият ҳаётидан четлаштирилиб, тўй-маъракаларда одамлар уларга яқинлашишга қўрқар эди. Бу тоталитар тузумга хос иллат эди. Баъзи машҳур санъаткорлар, халқ артистлари, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлган таниқли адиблар, академиклар, ёзувчилар “сиқилганлар ва эзилганлар” касали бўлмиш — саратон метастазалари таъсиридан куйиб вафот этишди. Уларни ТВ ё матбуот саҳифаларига чиқарган журналистлар раҳбарлари бирпасда жувонмарг қилинарди. Бугунги баъзи медиалардаги бачканалик, танқидбозлик, ёлғон хабарлар, буллинг, бақир-чақирлар асло сўз эркинлиги эмас, лекин биз шуни ҳам қабул қилмоқдамиз. Демак, шу йўлни босиб ўтишимиз керак экан!

Қолаверса, сўз эркинлигига институционал ёндашган давлатдагина ихтисослашган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига тамал тоши қўйилади.

  1. Ўзбекистон ва жаҳон

Шимолий ва Жанубий Кореянинг чегаралари кесишган жойда, нақ 38-параллел ёнида туриб, беихтиёр кўз ўнгимга параллел аллегориялар келди: кечаги ва бугунги Ўзбекистон каби, биз йиллар давомида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни чет элга чиқаришга қўрқдик, хорижга нисбатан чекловлар қўйдик, улар бамисоли эски темир девор ичида ўсишлари керакдек эди. Бизда “ОВИР” деган бир бало бўларди, унинг чиғириқларидан ўтмаган одам хориж нималигини билмай, ҳар икки йилда янгилик бўлармикан деган умид ва хавотир билан яшаб ўтарди. Хорижни билмаслик учунми ё бошқа сабабдан, интернетимиз тезлигини ҳам пастлатиб қўйгандик…

Биз ҳатто ўзимизга яқин қўшниларимиз билан ҳам дўст бўлмадик, муносабатларни буз­дик. Ён, қардош республикаларга бориб-келиш жуда қийин бўлди. Ёхуд муқаддас динимиз арконларидан бири бўлмиш муборак Ҳаж ва Умра амалларига қандай азоблар билан рухсат олинар эди. Бугун халқимиз бу азоб-уқубатларни эслагиси ҳам келмайди.

Бугун мамлакатимиз 186 та мамлакат билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўз вақтида эса (2008 йиллар) шу ёпиқлик сиёсатимизни алқаб, жаҳон иқтисодий инқирози чегарамиздан қайтиб кетди, бизга таъсир қилмади деб ўзимизни овутиб юрганмиз. Аслида эса шунчаки дунёга фақат хомашё етказиб берувчи бир мамлакатга айланиб қолганимизни англамадик, шунинг сабабидан юртимизда АҚШ долларининг турли курслари амал қиларди — давлат курси, биржа ва қора бозор курси…

Бугун эса халқаро муносабатлар яхшилангани боис — Ўзбекис­тонга келувчи анчагина давлат фуқаролари учун виза режими бекор қилинди, ўзбек пас­порти учун ҳам мамлакатлар кириш визаларини олиб ташлашмоқда.

Кутилган тўй-у, кутилмаган аза бўлса ҳам ёнгинасидаги бир қадамлик қўшни қишлоққа ҳам, ўзининг энг яқин жигарлариникига ҳам бориб-келишнинг деярли иложи йўқ эди. Бугун эса, шукрки, Марказий Осиё, яъниким Туркистон мамлакатлари билан очиқлик сиёсатига йўл очилди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг маркази ва у ҳар 5 мамлакат билан ҳам чегарадош. Бизнинг чегаралар борасидаги сиёсатимиз ўзгариши эса бутун минтақага янги куч ва рағбат берди.

Ҳозирги кунда юз минглаб ўзбек ёшлари хорижда, дунёнинг сара университетларида таҳсил олишмоқда ва уларнинг кўзлари оловдек ёниб турибди. Улар — Ўзбекистон келажаги бунёдкорлари. Бугун борган сари дунё билан бизнинг ҳамкорлигимиз кучайиб бормоқда.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига қўшилиши билан туркий давлатлар оламининг тўлиқ янги қиёфаси пайдо бўлди. Бу жараёнда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёс, албатта.

  1. Муаммолар таҳлили ва ечими

Кимдир менга айтиши тайин: домла, нима, бугун муаммо йўқми? Жавобим: муаммолар қаерда йўқ? Барча давлатларда ўзига хос муаммолар бор. Америкада ҳам, Саудияда ҳам қалашиб ётибди. Ўзбекистонда ҳам муаммолар бор эканлигини ҳеч ким инкор этмайди. Асосийси, биз буни тан олишни ўргандик. Иш бор жойда камчилик бор деганидек, ўз камчиликларимиз устида ишламоқдамиз. Миллат ўзгармоқда, Ватан ўзгармоқда, халқимиз ўзгармоқда! Муҳими — шу!

  1. ЯНГИ ЙЎЛ — ЯНГИ СИЁСАТ

Айрим маҳаллий ва хорижий кузатувчи ва экспертларнинг башорати бўйича 2016 йил сиёсий иқтидорга келадиган инсон авторитаризм ва тоталитаризм “мурватларини бурашни” давом эттиради ва Ўзбекистонни қолган зиёлилар ва тадбиркорлар тарк этиши давом этади деган юзаки фикрлар ҳам йўқ эмас эди. Чунки биз шундай яшашга кўниккан эдик, бошқача тасаввуримиз йўқдек эди. Йўқ, бундай бўлмади, Президент Мирзиёев бу йўлдан бормади ва биз барчамиз бунга шоҳидмиз!

Яна бир-иккита мисоллар:

Бугун нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг барча шаҳарларида дунёнинг энг зўр автомобиллари сотилмоқда. 7 йил аввал-чи? Олсанг шу — фақат Андижонда ишлаб чиқарилган автомобиллардан харид қилишингиз мумкин эди. Уларга ҳам бир-икки йиллаб олдиндан пулини тўлаб қўйиш лозим эди. Агарда автомобиль нархи ошадиган бўлса (1-2 йил ичида, албатта, бир-икки марта нарх ошиши эса тайин эди) яна фарқини тўлаш керак бўлиб, бу ҳам етмагандек, 2-3 минг доллар “шапка”сини бериш одатий ҳол эди. Маошни ўзбек сўмида оладиган бечора халқимиз автомашинани фақатгина долларда харид қилиши қайси қоидага тўғри келар эди?! Долларни эса қаердан оларди, албатта, банклардан эмас, кўчадан — қаллоб чайқовчиларнинг қўлидан бир неча бор қимматига олишга маҳкум эди.

Нақд пул масаласи. Бу ҳамма катта-кичикни қийнаган, азобини бермаган эдими? Ҳатто бечора пенсионерлар пенсиясини 20-30 фоизга нақдлаштириб олиши мумкин эди.

Бундай бедодликлар, қишлоқларимизда 20 соатгача электр энергиясининг берилмаслиги, ичимлик суви, газ, бензин масалалари нечоғлиқ оғир муаммоларга айлангани ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак.

Энди мабодо кимнидир айблашдан ва танқид қилишдан олдин ўзингизга савол беринг. Сўнгги 7 йилда сиз ва оилангиз ҳаёти қандай даражада ўзгарганини холис таҳлил қилиб кўринг-чи. Холис ва адолат билан айтинг, юқоридаги одам ишонмайдиган бедодликларнинг сўнгги йилларда бутунлай йўқолгани, одамлар ҳам одамлардек яшаётгани, қалбидаги, юрагидаги гапларини ҳеч кимдан ҳайиқмасдан гапираётгани, гапира олаётгани нечоғлиқ улкан ўзгаришлардан дарак эмасми? Мамлакатдаги беқиёс эврилишлар-чи? Зеро Роббимиз ўз муқаддас каломида кўп бора таъкидлаганидек: “Тафаккур ва шукур қилмаймизми?!”

Шак-шубҳасиз, Ўзбекистонни дунё бежиз ўзгаришларга, ислоҳотларга юз тутган давлат сифатида тан олаётгани йўқ. Юқоридаги барча қора чизиқларнинг бартараф этилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий иродаси, жасорати, улкан хизматлари туфайли амалга ошди. Қолаверса, Президентимизни узоқ йиллардан бери билганим учун улардаги яна кўп­лаб ижобий фазилатлар қаторида одамийлик ва инсонларга ғамхўрлик хислатларига ҳам доимо тан берганман. Бунга яқинда ҳам гувоҳ бўлдим. 30 июнь — Ёшлар кунига бағишланган тақдирлаш маросимига келган ногиронлар аравасидаги тақдирланувчини эълон қилишди ва марказга олиб чиқишди, Президентимиз мукофотни кўкрагига тақиб бўлганларидан сўнг аравани ғилдиратиб олиб бориб, ўзлари меҳр билан яна жойига кузатиб қўйдилар. Шавкат Мирзиёев билан яқиндан ишлаганлар, у қаерда бўлмасин, олий таълим масканими, туманми, вилоятми ёки Бош вазир сифатидами, ҳамкасблар ва уларнинг оила аъзоларига эътиборда бўлганликлари ва ёрдамларини аямаганларини доимо эътироф этишади.

Вазирлар Маҳкамасининг бир ҳайдовчиси сўзлаб берганди: “Эндигина Бош вазир билан Тошкент вилоятидаги ишчи сафардан пойтахтга келгандим ҳамки, бирданига қорин бўшлиғимда оғриқ пайдо бўлди. Шунда гараж мудирига мазам йўқлигини айтиб, шифохонага кетдим. Касалхонага борсам, кўричагингиз очилиб кетган, деб дарров жарроҳлик бўлимига олишди ва тезкор операция қилишди. Операциядан сўнг кечки пайт реанимацияда ётсам, хонага бош шифокор келиб, Ҳукумат раҳбари менинг аҳволимни сўраётганларини айтди ва: “Нима муаммо бор, ҳаммаси яхшими?” деди. Ўша вақтда Бош вазир лавозимида фаолият олиб борган Шавкат Миромонович бетоблигимни билиб, менинг аҳволим билан қизиққан эканлар. Биласизми, жуда хурсанд бўлдим, ғурурландим шу инсон билан бир жамоада ишлаганимдан.

Эшитишимча, бундай ҳолатлар кўп бўлган, яқинларимизнинг яхши-ёмон пайтида ҳам уларнинг қўллаб-қувватлашларини доимо сезганмиз. Билганманки, демак, мен Бош вазир учун оддий инсон эмасман. Улар билан бирга ишлаган ҳар бир инсон худди шундай, Шавкат Мирзиёев ўз қўл остидагиларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳечам бефарқ бўлмаганлар”, — деб ёдга олади Фарҳоджон ака.

Яхшилаб кузатган одам Президентнинг ўзига хос харизмасидан ташқари, одамлар қалбида илиқлик уйғотувчи одамийлик хислати юксак даражада эканлигига гувоҳ бўлиши мумкин.

Энди Ўзбекистон Президенти сифатида Шавкат Мирзиёев бутун халқимизнинг, ватандошларимизнинг ҳаётини, турмуш даражасини тубдан яхшилаш миссиясини ўз зиммасига олгани яққол сезилиб туради. Бекорга Президент сайлов кампанияси “Инсон қадри учун” шиори остида ўтмади. Ўзбекистон Президенти фаолиятининг бош мезони — Халқ ғами билан яшашдан ортиқ бахт йўқ!

 

P.S. Ўзбекистон — Президент бошқарувидаги демократик, яъниким халқ ҳокимиятига асосланган давлат. Бизнинг одамлар: вазирлар, катта-кичик ҳокимлар, турли раҳбарлар, олимлар, тадбиркорлар, зиёлилар, шифокорлар, муаллимлару ўқитувчилар, фермерлар, ёшларнинг турли қатламлари ва аввало, талабалар, оддий ишчилар, ҳайдовчилар, фаррошлар бунга астойдил ишониб инонсалар, Махатма Гандининг “Ҳар бир халқнинг тақдири ўз қўлида” деган ақидаси амалга ошади. Шундай экан, биз Президент ислоҳотлари томошабини эмас, фаол иштирокчиси бўлсак, бизда дахлдорлик ҳисси бўлса, холисларда ўз вазифасини ва ишини виждонан бажариш туйғуси бўлса, яқин орада ютуқ ва зафарларимиз янада кўпаяверади. Ўзбекистон ҳам Сингапур каби коррупция ва бош­­қа иллатлардан холи бўлган давлатга айланади. Бундай дейишимнинг сабаби оддий — баъзида мен учратадиган фуқароларимизда ҳамма ишни Президент ё бошқа раҳбарлар қилиб бериши керак деган нотўғри ҳаётий ёндашув мавжуд.

Бунинг учун барчамиз бирга бирлаша олишимиз керак!

Юртбошим — Президентим билан ҳамиша фахрланаман. Бошлаган хайрли ишларингиз бардавом бўлсин, 3 000 йиллик ўзбек давлатчилиги тарихида ўчмас из қолдиришдек шарафли вазифангизда узоқ умр ва соғлиқ-саломатлик тилайман, менинг Президентим!

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,

Қорақалпоғистонда

хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − six =