Олижаноб камтарликнинг олий мақомлари
Бир қарашда “олижаноб” билан “камтарлик” сўзларининг бири осмонда-ю, иккинчиси ерда каби туюлади. Камтарликнинг моҳияти, ўрни, қиёфаси аксарият ҳолларда пойгакда, бир чеккада, эътибордан четда тасаввур этилади. Келинг, “юзта сизу биздан битта жиз-биз яхши”, — дейдилар.
Кечагина Франция пойтахти Париж шаҳрида якунланган “Олимпиада-2024” ўйинлари доирасида стадионлар, сув ҳавзалари, махсус кураш майдонларида бўлиб ўтган беллашувларда спортчиларнинг маҳорати, тажрибаси, ўзига хос услублари билан боғлиқ унутилмас воқеалар жуда кўп учради. Дунё ҳаётида катта воқеа бўлган бу анъанавий тадбирга ҳаваскору профессионал спортчилар йиллар давомида тайёрланиб, жисмонан чиниқдилар; ўзлари танлаган спорт турининг энг нозик, муҳим, ғалабага олиб борувчи сиру синоатларини ўзлаштирдилар; мусобақалар давомида буни намойиш этдилар. “Олимпиада-2024” янги номларни кашф этди, янги рекордлар қайд этилди. Ва яна бир юксак марра — мусобақаларнинг ҳужжатларида қайд этилмаса-да, дунёдаги қалб кўзлари равшан инсонлар томонидан холисанлиллоҳ, меҳру муҳаббат, ҳайрат, ҳавас билан эътироф этилди.
Бу ўзбек спортчиларининг, олимпиадада Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз дунёга таралишига сабабчи бўлган чемпион йигит-қизларимизнинг табиий, самимий, гўзал камтарликларидир.
Ижтимоий тармоқларда, айниқса, дзюдо бўйича афсонавий енгилмасдай ном қозонган Уте Абенинг елкасини (япон спортчисининг ўз услубида) ерга теккизиб, Янги Ўзбекистоннинг катта спортида янги саҳифа очган, курашнинг бу тури бўйича тарихимизда биринчи чемпион бўлган Диёра Келдиёрованинг юз-кўзлари ифодаси, нигоҳлари, ўзини тутиши, гапларининг оҳангию маъноси, кўзларидаги қувонч ёшларигача… ҳатто енгилиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмай татамига тушиб, рақибининг қўли баланд келганда, мағлублик юкини кўтаролмай бор овози билан дод-вой қилган рақибининг изтиробларини ҳам қалбига яқин олиб, журналистлардан унинг шаънига ўринсиз гаплар айтмасликларини сўраши… Диёранинг ўзбекона фазилатларининг ҳамма-ҳаммаси дунё афкор оммасини мафтун этди. “Ҳақиқий чемпион ким эди?” деб қўйган саволига ўзи: “Ғолиблик шоҳсупасида, кўпчилик орасида, берган интервьюларида камтару камсуқумлиги, инсонийлиги билан барчани мафтун этган Диёра ҳақиқий чемпион эди”, — деб жавоб берди чет эллик спорт ишқибозларидан бири.
Исмию жисмига монанд Баҳодир Жалоловнинг беллашувлардан холи пайтларда бошига кийиб юрган Марғилон дўпписининг ярашганини айтмайсизми? Йўқ, у миллийликни вақтинча намоён этиш учун эмас, дил-дилидан хоҳлаб, ўзига лойиқ ва муносиб дўппини танлаб олгани шундоқ кўриниб турибди (бу нозик жиҳатни биз, дўппи тикиб улғайган марғилонликлар яхши биламиз). Ижтимоий тармоқларда, жаҳон ахборот воситаларида унинг ҳаёт йўли, ғалабалари ҳақида айтилган, ёзилганлар йиғилса, қанча китоб бўларкин? Афсонавий Тайсонга тенглаштирилиб, айрим ихлосмандлар томонидан ундан ҳам юксак таърифу мақомга лойиқ кўрилган бу паҳлавон йигитнинг ҳамма билан мулоқоту суҳбатларда, ҳатто ўзини олқишлаб, табриклаб турган миллиардлаб мухлислар қаршисида ҳам икки қўлини кўксига қўйиб, самимий ва ишонч билан боқиб туриши олижаноблик ва камтарликнинг инсонийлик шоҳсупасига кўтарилгани эмасми?!
Ўзи эркак бўла туриб, аёлликка даъвогарлиги ҳамда олимпиада қўмитаси ташкилотчиларининг нохолисликлари билан майдонга тушган хитойлик Линь Юйтин билан ўзбек курашчиси Ситора Турдибекова жангида ғалаба ҳакамлар томонидан хитойликка берилган бўлса-да, минг-минглаб мухлислар бу адолатсиз курашда ўзбек қизининг орияти ғолиб бўлганини кўриб, эътироф этдилар…
Яна бир ажойиб воқеа: маълум сабаблар боис олимпиада кунлари Парижга тренери учиб боролмай қолган қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейидбек ўғлига ўзбекистонлик Акмал Ҳасанов секундантлик қилиши, муҳим йўл-йўриқлар кўрсатиши; Мунарбекнинг ярим финалгача кўтарилиши учун руҳий мадад, маслаҳатлар бериши ҳам овоза бўлиб кетди. Мунарбекнинг ютуқларидан Акмалжоннинг қувониб сакрашлари ҳақиқий ўзбекона бағрикенгликнинг соддаю самимий ифодаси эмасми? Қирғиз боксчи келажакда ўз жамоаси курашчисига рақиб бўлиб қолиши ҳам мумкинлигини билиб туриб, тантилик, мардлик билан уни қўллаб-қувватлашга ҳар қандай моҳир мураббийнинг-да маънавий салоҳияти етармидийкин? Шундай бўлди ҳам: Мунарбек финалда ўзбек ўғлони билан олтин медаль учун курашадиган бўлди. Шунда Акмал Ҳасанов энди унга секундантлик қилолмаслигини айтиб, қардош қирғиз боксчисига муваффақиятлар тилаб, унга ўзбекона чопон, дўппи кийдириб, белига чорси боғлаб қўйиши… бошқаларни билмадим, аммо мен учун “Олимпиада-24” ўйинлари иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари гултожи бўлди.
Замонавий дунёнинг “оммавий маданият” оқими сарҳадлари кенгайиб, унинг домига билиб-билмай тушиб қолаётганлар сони лаҳзалар сайин ортмоқда; кимларнингдир назарида чин инсоний фазилатлар “эскилик”, “замондан орқада қолиш”дек қадр-қиммати юпқариб, шу боисдан номуссизлик, қиёфасизлик, шармандалик, беҳаёлигу бевафоликларнинг овози айрим ҳудудларда эзгулик овозидан баланд келмоқда… Шундай мураккаб даврда икки дунё саодатига мушарраф этгувчи инсонийлик, камтарлик, бағрикенглик, олижанобликнинг гўзал зоҳирию ботинини қиёфаси, хулқу атворида намоён этмоқ, миллион-миллион кишилар қалбида бу фазилатларга ҳавас, муҳаббат уйғотмоқ ғолиблар ичра ғолиблик мақомидир, иншооллоҳ.
Муҳтарама УЛУҒОВА